20 – 30 ёшлардаги ҳамюртларимга (5)

Инсон фитрати яхшилик ва эзгулик истайди. Бундан инсоннинг баҳри очилади, қалби қувонади, шуури тиниқлашади. Ёмонлик эса бунинг зиддини ўртага чиқаради. Ундан инсоннинг қалби қораяди, кўнгли бузилади, дунё кўзига тор бўлиб кўринади

20 – 30 ёшлардаги ҳамюртларимга (5)
38 views
15 January 2013 - 11:59

Комил инсон истаманг…

Инсон фитрати яхшилик ва эзгулик истайди. Бундан инсоннинг баҳри очилади, қалби қувонади, шуури тиниқлашади. Ёмонлик эса бунинг зиддини ўртага чиқаради. Ундан инсоннинг қалби қораяди, кўнгли бузилади, дунё кўзига тор бўлиб кўринади

Яхшиликни ҳам ёмонликни ҳам инсонлар амалга оширадилар…

Ёмонларнинг (имонсизларнинг, мунофиқларнинг ва ҳк) юзи қурисин, Аллоҳ ҳеч кимни уларга дучор қилмасин, машҳур ёзувчи Абдулла Қодирий айтгандек “Ёмондан хазар лозим…”

Аммо яхшиларчи? (мўминлар, муҳсинлар ва ҳк). Яхшилар фариштами? Яъни, улар мукаммал, баъзилар (масалан, сўфилар) иддоа қилганлари каби “комил” инсонларми?

Комил мукаммал, хато ва гуноҳдан узоқ деганидир. Ажабо, инсонларнинг энг яхшиси бўлган мўмин -мусулмонлар орасида бундай “фаришта” инсонлар топиладими? Йўқ, топилмайди…

Расулуллоҳ (сав) машҳур ҳадисларида шундай деганлар:

“Одам болаларининг барчаси хатокордир. Хатокорларнинг энг яхшиси тавбакорлардир…”

Бунинг сабаби бутун инсонларда нафс борлигидир. Нафснинг маъноларидан бири унинг яхши ва ёмон истакларнинг манбаси бўлишидир. Қуръони Каримнинг Юсуф сурасининг 53 оятида шундай дейилади:

“ Ва ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка кўп ундовчидир. Албатта, Роббим мағфиратли ва билгувчидир», деди..” (Юсуф сураси 53 оят)

Ёмонлик аҳиллари (имонсизлар, мунофиқлар ва ҳк) нафси аммора аҳилларидир. Уларнинг борлиғида нафснинг мана шу ҳоли ҳукмрон бўлади. Шу туфайли улар зулм, ёмонлик, ёвузлик, гуноҳ йўлларини танлайдилар. Бу қилган ёмонликлари туфайли қалблари қораяди, фитратларидаги имон томири улғаймайди, ақллари эса нафси амморанинг (ёмонликка ундовчи нафснинг) хизматида бўлади. Бундай ақл аросатда қолган ақлдир, у бу ҳолида Ҳақ ва ботилни бир -биридан ажрата олмайди, аксинча ёмонлик ва фитна йўлида нафси амморага хизмат қилиб, турли ёзувлик режаларини тузади ва натижада бундай нафс ва ақл эгаси инсон зулм машинасига айланиб қолади. Унга насиҳат кор қилмайди ва шайтон бундайларга қилаётган ёмонлик ва зулмларини яхшилик, дея кўрсатади…

“Мен, дейди бундай нафси аммора эгаларидан бири, халқни боқаяпман ва қўрияпман. Мен бўлмасам бу халқ қандай яшайди…”

Бу сўзлар кибр тўла, ёлғон ва зулм сўзларидир. Чунки халқни бир одам боқа олмайди ва қўрий олмайди. Халқ Холиқи берган ризқ билан тўяди, уни Холиқи қўрийди. (Албатта инсонлар қадарларида ўзларига белгиланган ризқларини қобилиятлари даражасида меҳнат қилиб топадилар ва Холиқ уларни қўриши учун чора-тадбирлар қиладилар). Халқни мен боқаяпман, деган одамнинг вазифаси халққа хизмат қилиш эди, аммо у ўзини бутун халқдан устун қўяди, бу билан кибрланади, ўзини дунёнинг устуни, мен бўлмасам бу устун йиқилади ва инсонлар мангу қоронғуликда қолиб кетадилар, дея ўйлайди. Аслида шайтон унга шундай васваса қилади, чунки у бўлмаса халқ ёруғликка чиқишини бу золимнинг ўзи билмайди…

Бу золимнинг зидди бўлган, яъни адолат истаётган инсон комил инсон бўла оладими? Афсуски бу саволнинг жавоби ижобий эмас. Золимларга қарши турадиган олимлар, зиёлилар, курашча инсонлар ҳам хато ва гуноҳлардан пок эмасдирлар. Бошқача сўз билан айтганда бу дунёда Ҳақнинг борлигини аниқ бўлгани каби, ботилнинг борлиги ҳам аниқдир. Шунинг учун ҳам масала бу дунёни “фаришталар” дунёсига айлантириш масаласи ҳисобланмаслиги керак. Чунки фаришталар бу дунёнинг аҳиллари эмаслар. Бу дунёнинг аҳиллари инсонлар ва уларнинг хизматига берилган еру кўк ва уларнинг орасидаги барча жонзот ва нарсалардир. Ер юзида яхшиликнинг ёмонликдан устун бўлиши ёмонликнинг тамоман йўқ бўлиши эмас, айнан яхшиликнинг ундан устун бўлишидир. Ёмонлик унинг ижодкори шайтон билан бирга бир бурчакка ҳибс қилиниши керак. Чунки шайтонга қарши ўлим жазосини ишлатиб бўлмайди, уни ўлдириб бўлмайди…

Инсонлар бошқалардан мамнуниятсизликларини гоҳида шундай ифодалашга уринадилар:

“У ўпоқдир, бу чўпоқдир, у новчадир, бу йўғондир…”

Бундай дейдиган инсоннинг ўзичи? Асл масала ҳам шу ердадир, инсоннинг табиати ўзига эмас, бошқаларга баҳо беришни яхши кўради. Агар инсон ойнада ўзига яхшилаб разм солса, шундай ўпоқликлар, шундай чўпоқликлар кўрадики, унинг бошқаларга баҳо беришга на вақти нада дармони қолади…

Инсонлар тан олиши керак бўлган асосий ҳақиқат Ҳақ йўл, адолат, яхшилик, инсон қандай эркинликларга эга бўлиши керагу қандай эркинликларга эга бўлмаслиги керак, деган асосий масалаларни ўзларича ҳал қила олмасликларини тан олишларидир. Чунки булар ақл излаб топа оладиган масалалар ҳисобланмайди. Агар бу иш ақлнинг ўзигагина берилса, ўртага мингларча Ҳақ йўл, адолат, яхшилик, ҳуқуқ турлари чиқади. Чиқади эмас, чиққан ҳам. Инсониятнинг тарихи ва бугунига қарасак бу ҳақиқатни яққол кўришимиз мумкин:

“Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, Китобга (Қуръонга), Пайғамбарларга иймон келтириш ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга бериш, намозни қоим (тўғри) қилиб ўқиш, закот беришдир. (Яна яхшилик) Аҳд қилганда аҳдига вафо қилиш, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилишдир. Мана (шундай яхшиликларни қилувчилар) содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир.” (Бақара сураси 177)

Демак, яхшилик соҳиблари мана шундай кишилардир. Масалан, намоз ўқиш яхши амалларнинг асосийларидандир. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз (сав) “”
Энг яхши амал ўз вақтида ўқиладиган намоздир”, деганлар…

Бугун шундай атрофга разм солсак яхшиликдан, адолатдан, эзгуликдан  бонг ураётган қанча инсонларни кўрамиз. Аммо улар бенамозлар, яъни асосий яхшиликдан ўзлари маҳрумлар…

Бақара сурасидаги 177 оятда марҳамат қилинган яхшилик эгаларига келадиган бўлсак, уларнинг ўз сафдошларини “ўпоқ ва чўпоққа” чиқаришга асло ҳақлари йўқ. Ҳадиси шарифда айтилгани каби улар (мўмин- мусулмонлар) бир -бирларининг айбларини яширадилар ва бир бирларига тиллари ва қўллари билан зарар бермайдилар…

Бугун дунёда афсуски яхшиликнинг эмас ёвузликнинг тарафдорлари ҳукмрондир. Бугун шайтон ҳибс қилинган эмас, аксинча ҳар томонда малайлари билан от чоптираётган кундир. Бугун инсонлар саройларини ва уйларини мукаммал иншоат қилдик ва уларга дунёнинг энг мукаммал қулф ва калитларини осдик, дея ўйлаётган кундир. Аммо бу уй ва саройларни шайтонлар босиб олганидан афсуски уларнинг хабарлари йўқ…

Бугун инсоният тарихда ҳеч қачон бўлмагани каби адолатга муҳтож. Адолатнинг зидди зулм, яъни ҳақ эгаларига ҳаққини бермасликдир.

“Аллоҳ адолатни, яхшиликни, қариндошларга (мол мулкдан ва бошқа йўллар билан ёрдам) беришни амр этади ва фаҳшу мункар ҳамда (яхшиликка) исёндан қайтаради” (Наҳл сураси 90)

Агар адаолатни таърифлаш масаласи ҳам инсонларга берилганда эди, ўртага минг хил адолат шакли чиқарди. Бу эса адолатсизликнинг чўққиси бўларди. Шунинг учун ҳам инсониятни яратган Аллоҳ таоло адолатнинг мезонини ҳам белгилаб бергандир:

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг. Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалингиздан харабдор зотдир.” (Моида сураси 8 оят)

Демак, бировни ва ҳатто бир қавмни ёмон кўриш ҳам яхшилик аҳилларини (мўмин -мусулмонларни) адолатсизликка етаклай олмайди. Инсонлар эса фақат ўзлари яхши кўрадиганларга нисбатан адолатни бўлишни истайдилар, қолганларга зулм қилишни маъқул иш деб биладилар…

Зулм инсонларга, махлуқлотга ва бошқа мавжудотларга ўз ҳақларини бермасликдир. Зулмнинг “чўққиси” Аллоҳ таолонинг Ҳаққини унга бермаслик, яъни Унга тавҳид билан эмас, ширк билан бандалик қилишдир. Яна зулм инсонларнинг эътиқодига, жонига, ақлига, мол мулкига, номусу шарафига, ирсига (наслларига) тажовуз қилишдир. Демак, адолат ҳам аввало инсонларга мана шу ҳақларини таъминлашдир. Дўст бўлсин, душман бўлсин, мана шу ҳақларга эга бўлиши керак. Бу қоидага ботил аҳилларини Ҳақга даъват қилиш ва улар дунёда фитна фасод чиқариб, инсонларга зулм қилганида уларни куч билан тўхтатиш албатта кирмайди..

Зулмнинг энг даҳшатлиси инсоннинг ўз нафсига зулмидир. Яъни, нафснинг шаҳватини (ейиш, ичиш, мол мулк ортириш, жисмоний шаҳват ва ҳк ларни) ҳаром йўллар билан қондиришдир. Бундай золимлар икки йўлдан зулмга киришадилар: ботинларида нафсларига зулм қиладилар, зоҳирларида бошқа инсонларни қийнайдилар…Ҳақиқий золимлар мана шу золимлардир…

Бу гапларни ёзишимга сизларнинг ёшингиздаги бир укамнинг шу сўзлари сабаб бўлди:

“Бизлар (мўмин -мусулмонлар) бир -биримизнинг камчиликларимизга қарамай бирга бўлишимиз керак”.

Нақадар катта ҳақиқат бу. Бу ҳадиси шарифда айтилгани каби мусулмон кишининг биродарининг камчилигини яшириши, унга тили ва қўли билан зулм қилмаслигини ифодалаган ҳақиқатдир…

Эй, менинг ёш дўстларим!

Бу дунёда комил инсон изламангиз! Зеро, инсон фарзанди хато ва гуноҳлардан пок бўла олмайди. Масала, яхшилик аҳилларининг Ҳақ йўлда собит қадам бўлишлари, бу йўлда бирга бўлишлари, адолат тарафида туришлари ва унинг учун курашишлари, бир бирларининг хатоларини яширишлари ва кечиришлари масаласидир. Энг муҳими ҳар биримизнинг нафсимизни сўроққа тутиб, тавба тааззурини унутмаслигимиздир…

Шунда комил инсон эмас, мўмин инсон бўла оламиз…

Аллоҳ рози бўлсин!

Намоз Нормўмин
14.01. 2013