Қозоғистонга борган ўзбеклар орасида қулликка тушиш ҳоллари кенг тарқалган

Остонада бир йилдан бери меҳнат ҳақини ололмаётган ўзбекистонлик муҳожирларнинг иши билан нодавлат ташкилотлари қизиқа бошлаган.

Қозоғистонга борган ўзбеклар орасида қулликка тушиш ҳоллари кенг тарқалган
98 views
17 January 2013 - 14:57

130117115141_kazakh-uzbek-migrants_304x171_bbc_nocreditОстонада бир йилдан бери меҳнат ҳақини ололмаётган ўзбекистонлик муҳожирларнинг иши билан нодавлат ташкилотлари қизиқа бошлаган.

“Мигрантларга ёрдам бериш маркази” меҳнат муҳожирига кийим-бош олиб келган ва иш берувчи билан мулоқотни бошлаган.

Наманганлик Абдуғани Зоиров (исми ўзгартирилган) ҳолидан Остонадаги мигрантларга кўмак кўрсатиш маркази хабар олган.

56 ёшли Абдуғани ака бир йилдан бери маошини ололмай, Остонадаги қурилишларнинг бирига ўрнатилган контейнерда яшаб келаётган эди.

Касби ҳайдовчи бўлган бу ва яна ўзбекистонлик Оллоёр Султонбоев 4 мингдан 9 минг долларгача бўлган иш ҳақини ололмаган.

“Ҳақиқатан ҳам менинг ботинкам тешик. Оёғимни уларга кўрсатдим. Дўконга чиқиб келгунимча ўзига намни тортиб олади. Мана бу ерда қуритиб оламан. Иккита светир, битта жемфир, битта яхши чиройли туфли олиб келишибди. Сизга руҳшунос ҳам керак бўлиб қолибди, дейишди. Мен керак эмас, ўзимни ўзим тинчлантира оламан”, – дейди Абдуғани Зоиров.

Мигрантларга кўмак кўрсатиш маркази, Абдуғани акани бошқа жойга чиқариш таклифини ҳам айтган, аммо у киши бундан бош тортган.

Таҳдидлар

Меҳнат муҳожири бошқа ташкилотлардан ёрдам сўрашни бошлаши билан, иш берувчи унга турли йўллар билан таҳдид қила бошлаган.

Мигрантларга кўрдам кўрсатиш маркази ҳуқушуноси Алтинбек Бейсеннинг Би-би-сига айтишича, айни дамда иш берувчи билан музокара давом этмоқда.

Ободонлаштириш фирмасининг бошлиғи меҳнат муҳожирларига ўз вақтида пулини берганини даъво қилмоқда.

“Иш берувчининг айтишича, Зоиров ишламаган ва ётган. Бу ерда ишлатиб қўймаслиги учун, унинг номига Ўзбекистонга 1700 доллар юбордик, деб айтаяпти”, -дейди Алтинбек Бейсен.

Абдуғани акага кўра, иш берувчи унга 4 минг доллар бериши керак. Ва бир оз пулни Абдуғани аканинг ўғли номига юборишдан бош тортган. У Ўзбекистонга етиб боргунча, иш берувчи ушбу пулларни қайтариб олиб қўйишидан чўчимоқда.

Иш берувчи билан боғланишнинг имкони бўлмади, аммо ҳуқуқшунос билан гаплашганда иш берувчи яна бир меҳнат муҳожири Оллоёр Султоноевга ҳамма маоши вақтида берилганини даъво қилган.

Мигрантларга кўмак бериш маркази, иш берувчи меҳнат муҳожирларини рози қилмаган тақдирда уларни ноқонуний равишда ишга жалб қилган, дея прокуратурага ариза топширишини билдирди.

Бундай ҳолатда иш берувчи катта жаримага тортилиши мумкин.

Муҳожирликнинг аччиқ нони

Абдуғани ака 2012 йилнинг январ ойида қурилиш машинасини ҳайдаш учун Остонага ишга келади. Бу вақтда иш берувчи уни турли машина бошқаришдан тортиб, сувчи қилиб ҳам ишлатади, аммо маош бермайди.

Келган вақти Абдуғани акага мошина ҳайдагани учун 100 минг танга ёки 660 доллар ойлик маош беришни ваъда қилишган.

Иш берувчи меҳнат муҳожирнинг паспортини ҳам олиб қўйган.

Абдуғани акани Остонага ангренлик таниши 65 ёшли Оллоёр Султонбоев бошлаб келган.

Оллоёр ака Остонадаги ободонлаштириш билан шуғуланадиган хусусий фирмада икки йил ишлаб яхшигина фойда топган. Ойига минг доллардан маош олиб, булдозер сурган.

“Ангренда бундай маош берадиган иш йўқ. Бу ерда минг доллар олган бўлсам, Ангренда ҳеч ким бунча бермайди. Конда ишлаганимда 300-400 минг сўм олардик, уни ҳам берса”, – дейди Оллоёр оға.

Ўзининг сўзларига кўра, Оллоёр ака 1 йил давомида бир кун ҳам ишсиз ўтирмаган, корхона раҳбарининг топшириғи билан бошқа корхонанинг ишини қилган ва ҳисобга миллион-миллион пул туширган.

“Ойига 1,5 миллион танга пул ўтказиб турдим. Туркларда 9 ой ишлаган бўлсам, 12 миллионга тангага яқин пул ўтказдим. Аммо менга пул беришмади, пул тўғрисида гап ҳам бўлгани йўқ”, – дейди Оллоёр оға.

Иш берувчининг қўлида 40 дан ортиқ одам ишлайди, аммо бирортаси билан ҳам меҳнат шартномаси тузилмаган. Оллоёр Султонбоев иш берувчи ундан 9 минг доллар қарздор эканлигини айтади.

Кузатувчилар Қозоғистонда меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ муаммо бот-бот учраб туришини айтишади.

Уларга кўра, Қозоғистон ҳукумати муҳожирларнинг муаммосига жиддий эътибор қаратмайди.

Қозоғистонга ҳар йили юз минглаб ўзбеклар мавсумий ишлар учун боришади.

Уларнинг асосан иншоотларда меҳнат қилишлари айтилади.

Қозоғистонга бораётган ўзбек фуқаролари орасида қулликка тушиш ҳоллари кенг тарқалган.

Ўзбекистонлик муҳожирлар қозоқ иш берувчилари, шунингдек, милициясининг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан шикоят қиладилар.

bbc.co.uk/uzbek