У.Ҳақназаров: Гулнора Каримова нима учун Рамзан Қодиров билан учрашди? (2)

Бугунги мақолада ҳокимиятни И.Каримовдан Гулнорага топшириш ниятига қарши Р.Иноятов бошлиқ Тошкент кланининг махфий режаси ҳақида маълумот берамиз.

У.Ҳақназаров: Гулнора Каримова нима учун Рамзан Қодиров билан учрашди? (2)
245 views
20 January 2013 - 14:24

Мақоланинг 1-қисми, 3-қисми

 Усмон Ҳақназаров
сиёсатшунос

Р. Иноятовнинг “Заҳирадаги режа”си

Ўтган мақолаларимизда биз “оила”нинг мамлакатдаги ҳокимиятни И.Каримовдан қизи Гулнорага топшириш ниятига қарши Р.Иноятов бошлиқ Тошкент клани махфий режа тайёрлаётгани ҳақида айтган эдик. Бугунги мақолада эса биз мазкур махфий режанинг янги тафсилотларини маълум қилмоқчимиз.

Р.Иноятов режасига кўра, расмий президентлик сайловлари арафасида ёки ундан кейиноқ Тошкент клани Россия тарафининг қўллови билан “оила”нинг ҳокимиятни Г.Каримовага ўтказиш режасига халал беришга уриниш қилади. “Заҳирадаги режа”га кўра, Ислом Каримовнинг ё Гулнора Каримованинг, ёки бутун “оила”нинг  “ҳалокати”дан сўнг Фавқулодда қўмита тўпланади, ва давлат бошқарувини вақтинча парламент спикерига топширади. Муваққат ҳукуматнинг олти ойлик  фаолиятидан сўнг навбатдаги президентлик сайловлари ўтказилиши керак, ва унда Р.Иноятов тўдаси кўрсатган номзод иштироки ва ғалабаси кутилади.

Тошкент клан-тизим бирлашмаси Ислом Каримовдан ёки Гулнора Каримовадан бўшаган президентлик лавозимига ўз номзодини кўрсатади. Биздаги тахминий маълумотларга кўра, Р.Иноятовнинг бўлажак номзоди ҳозирча яширин ва пайт пойламоқда. Фақат шу нарса маълумки, бу шахс Ўзбекистон парламенти қўмиталарининг бирида ишлайди. Бу тушунарли: чунки Ўзбекистонда барча депутат ва сенаторлар фақат МХХ раиси Р.Иноятов рухсати билангина сайланади.

Шуни аниқ тахмин этиш мумкинки, муҳтамал номзод шубҳасиз Р.Иноятов ҳамда умуман Тошкент клани қўлида қўғирчоқ президент бўлади.

МХХ нинг №1 кабинетида ишлаб чиқилган “Заҳирадаги режа”нинг асосий нукталаридан бири яна шуки, мазкур амалиётда Ўзбекистон махсус хизматлар етиштирган ва бошқариб келаётган диний-экстремистик ва террористик ташкилотлардаги иттифоқдошларининг иштироки бўлади. Шундай қилиб…

Ўзбек ҳукумати хизматидаги экстремизм ва терроризм

“Захирадаги режа”га кўра, ўзбек махсус хизматлари назоратида бўлган “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати”, “Туркистон Исломий ҳаракати”, “Исломий Жиҳод Иттифоқи”, “Ҳизбут Таҳрир” каби диний-экстремистик ва террористик ташкилотлар Ислом Каримов ё Гулнора Каримова ёки бутун “оила”ни жисмонан йўқ қилишни амалга оширади.

Назорат остидаги диний жангарилар, Каримов оиласини йўқ қилишда иштирок этиши ёки этмаслигидан қатъи назар, Р.Иноятов бошчилигидаги гуруҳ,  юқорида санаб ўтилган ташкилотларнинг жангарилари ва фаолларини, президент қотиллари сифатида эълон қилади.

Ўзбек махсус хизматлари Ўзбекистон ичида диний-экстремистик ташкилотларнинг бўлим ва тармоқларини ташкил этишда қатта тажрибага эга эканини кўпчилик билмайди. Кўплаб мамлакатларнинг разведкалари, Ўзбекистон МХХни, террорчи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириб туришда гумон қиладилар, чунки, бу ташкилотларнинг мамлакат ичида амалга оширган террористик амаллари ҳар доим ҳам ўзбек ҳукуматининг манфаатларига хизмат қилиб келган. Террорчиларнинг ташқи алоқалари эса, Тошкентдаги шахс орқали амалга оширилган. Қизиғи шундаки, МХХ бу алоқадор шахсларга хўжакўрсинга бўлса-да қидирув ҳам эълон қилмаган.

Шунинг учун, масалан, Германия махсус хизматлари, Тошкентнинг, ўзбек махсус хизматларида, гўёки, Ўзбекистонда ёки Афғонистонда ҳаракат қилаётган у ёки бу террорчи ташкилот, ёинки, яна бошқа бир жиддий вазият ҳақида маълумотларга эга дея берган баёнотига аллақачон ишонмай қўйган. Ҳозирча Каримов фақат, Оқсаройдаги ҳамтовоқларининг сўзларига ишонаётган америкаликларни алдай оляпти холос. Бунга ишонч хосил қилиш учун, АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги бошлиғи Мартин Демпсининг, 2008 йил август ойидаги Тошкентга ташрифини эслаш кифоя. Ўшанда, у, Афғонистон бўйича ўзбек махсус хизматларининг разведка маълумотларидан фойдаланишни кўзда тутувчи 200 миллион долларлик битимни имзолаган эди.

Бугунги кунда, ташқи разведка Ўзбекистон МХХнинг энг кучсиз бўғини эканлигини, бу бўлим, масалан, Обид қори Назаровнинг турар жойини ҳам ўзи аниқлай олмаслигини, ёки, мамлакат ташқарисида яшаётган режим мухолифларини изсиз жисмонан йўқ қила олмаслигини америкаликлар билишмайди, ёки билишни исташмайди.

Ўзбек “чекист”ларининг жанговар тайёргарлиги ҳақида гапирмаса ҳам бўлади, улар 2000 йил бошида Сурхондарёнинг Узун ва Сариосиё туманларига Тожикистон томондан ёриб ўтган атиги 20 чоғли жангарига ҳам бас кела олмаганди. Икки йил аввал эса, Исломий Жиҳод Иттифоқи ташкилотининг ўнлаб аъзосини зиндонбанд қилгани ҳақида Ғарб махсус хизматлари олдида мақтанган Иноятовнинг “идора”си, ўзининг немис ҳамкасбларига атиги биттагина жангарини сўроқ учун топшира олган холос. Ҳаттоки мана шу ягона жангари ҳам Ўзбекистонлик эмас, балки Тожикистон фуқароси эди. АҚШ ҳукумати бугунги кунга келиб Ўзбекистон МХХ ғоявий асосга эга бўлмаган, тижорий “олди-берди” ташкилотга айланиб бўлганини ё билмаяпти ёки билишни истамаяпти.

Бугун ўзбек ҳукумати ва унинг махсус хизматлари, терроризм ва экстремизга қарши кўтарилган Америка байроғи остида, ўзларининг океан ортидаги иттифоқчиларига қалбаки ва аслида ёлғон разведка маълумотларни бериб, Вашингтоннинг молиявий ёрдамига оч кўзларини тикишган.  “Ўзбекистонда диний экстремизм ва терроризм даҳшатли равишда урчиб бораяпти!” дея америкаликларни ишонтириш мақсадида,  Ўзбекистон МХХ “диний экстремизм” ва “терроризм” моддалари бўйича “қўлбола” жиноий ишларни конвейер усулида ишлаб чиқараётган ўзига хос комбинатга айланиб бўлган.  Олиб-сотарлик ва товламачиликнинг энг яхши анъаналарига содиқ қолган ўзбек ҳукумати, диний экстремизм ва терроризмга қарши деб аталаётган курашни ҳам, Оқ Уйдан пул ундиришнинг ўзбекча бизнесига айлантириб олдилар.

Р.Иноятов “идора”сининг бугун қўлидан келаётган бирдан-бир ҳунари – мамлакат ичида турли ғаламисликларни қўзғаш, Тожикистон ва Қирғизистон чегараларида ясама ғавғолар келтириб чиқариш ҳамда чегараолди ҳудудларда бетон тўсиқлар яратиш учун бюджетдан пул ундириш холос. Ва улар яна Ўзбекистон ичида диний экстремистик ва террористик ташкилотларнинг бўлимларини ҳам ташкил қила олишга қодирлар. Масалан «Ҳизбут Таҳрир» каби. Шундай қилиб…

Ўзбек ҳокимияти қандай қилиб мамлакатда “Ҳизбут-Таҳрир” тармоғини тузди?

Республикада диний-экстремистик ва террористик ташкилотлар тармоғини вужудга келтириш бўйича ўзбек ҳукуматининг товламачилигига ёрқин мисол,  90-йилларнинг ўрталарида “Ҳизбут-Таҳрир” халқаларини тузиш бўлди.

Ўзбекистон ва Исроил махсус хизматларининг “Ўзбекистонда Ҳизбут-Таҳрир” номли қўшма лойиҳаси 1995 йил бошланган. Мазкур лойиҳанинг Ўзбекистон тарафидан мувофиқлаштирувчиси – давлат маслаҳатчиси В.Бронштейн ва ГУИН муовини Михаил Гуревич, бош ижрочилари эса – МХХ ва Ўзбекистон мусулмонлари Диний бошқармаси бўлган. Ушбу лойиҳа доирасида “Ҳизбут-Таҳрир”нинг энг сўнгги диний адабиётларини ўрганиш ва партиянинг Иорданиядаги аъзолари билан алоқалар ўрнатиш учун юборилган мутахассислар – Филология фанлари доктори Ҳамидулла Кароматов (кейинчалик – Ўзбекистон Бош Вазири ўринбосари) ва Тошкент шаҳрининг ҳозирги имоми Анвар Турсунов эди. Кароматовнинг вазифаси, асосан, А.Турсуновнинг иорданиялик “Ҳизбчилар” билан бўладиган музокараларида таржимонлик ҳамда “Ҳизбут-Таҳрир”нинг энг сўнгги диний адабиётлари билан танишиш, уларни Ўзбекистонга келтириш ва ўзбекчага таржима қилиш эди. Турсунов эса партиянинг Иордания шуъбаларидан бирига аъзо бўлиб кириб, кейинчалик Ўзбекистон пойтахти ва вилоятларда “Ҳизбут-Таҳрир”нинг яширин тармоғини тузиш эди. МХХ “эмиссар”ларининг Иорданиядаги ишига “Ҳизбут-Таҳрир”нинг иорданиялик шуъбалари фаолиятини назорат этиш учун Исроил махсус хизматлари тарафидан ёлланган араблар ёрдам берди.

Уч ойлик сафардан сўнг Ҳ.Кароматов ва А.Турсунов Тошкентга қайтиб, “Ўзбекистонда Ҳизбут-Таҳрир” қўшма лойиҳаси доирасидаги ўз вазифаларига киришди. Масалан, араб тили мутахассиси бўлган Ҳ.Кароматов янги адабиётларни таржима қилар, А.Турсунов эса бошланғич партия бўлинмаларини тузар эди.

ma-02

Музаффар Авазов 2002 йил августида “Жаслиқ”да қайноқ сувда қайнатиб ўлдирилган.

Топширилган вазифани бажариш учун А.Турсунов (унинг фаолияти тўлиғича МХХ тарафидан мувофиқлаштириб турилган) алоҳида ёш ва истеъдодли мусулмонларга “янги ғоялар”ни таклиф эта бошлади. Шундай қилиб, Ўзбекистон ва Исроил махсус хизматларининг тузоғига, асосан ёшлар орасидан, илк ўзбеклар мусулмонлар туша бошлади. Уларнинг энг машҳурларидан бири Ҳафизулло Носиров (Сурхондарё вилоятидан) эди, кейинчалик у “Ҳизбут-Таҳрир”нинг Ўзбекистон бўйича амири бўлган ва қамоққа ташланган. Бу тузоқнинг илк қурбонлари сифатида Тошкентлик Музаффар Авазовни мисол келтириш мумкин. М.Авазов кейинчалик (2002 йил августида) дунёга машҳур “Жаслиқ” концлагерида қайноқ сувда қайнатиб ўлдирилган.

Ўзбек махсус хизматлари тарафидан амалга оширилган лойиҳа жуда тез авж ола бошлади, ва “ўта яхши” натижалар бера бошлади. Бор-йўғи икки-уч йил ичида Ўзбекистоннинг барча вилоятларида “Ҳизбут-Таҳрир” халқалари тузилди. Шуни ҳам эслатиб ўтамизки, ўзбек махсус хизматларининг топшириғи бўйича А.Турсунов маҳаллий амирлардан ҳар ойда партия тармоғи ҳақида маълумотларни: янги аъзоларнинг исм ва адресларини етказиб туришни талаб этарди. Шундай қилиб, ўзбек махсус хизматлари мамлакатда “Ҳизбут-Таҳрир”нинг “туғилиши ва ривожланиши”ни тўлалигича назорат этди ҳамда бўлажак репрессиялар учун бу партияга кирган инсонларнинг “қора рўйхат”ини туздилар.

1997-1998 йиллардаёқ ИИВ органлари Тошкентга жойларда беш, олти нафар кишилардан иборат бўлган тўгараклар пайдо бўлиб, аҳолини яҳудийларга ҳамда сионизмга қарши курашга даъват этаётгани ҳақида тезкор маълумотлар юбора бошлади.  Ўша даврдаги ИИВ раҳбари бўлган Зокир Алматов президент Ислом Каримов ва Республика Хавфсизлик  Кенгашига  мамлакатда тезлик билан “шу пайтгача маълум бўлмаган бир диний партия” ғоялари тарқалаётгани ҳақида бир неча бор ҳисобот берди.

Аммо президент Каримов бундай огоҳлантиришларга ҳар сафар деярли бир хил жавоб берарди: “Хавотирланманг, Иноятов ҳаммасини ўз назоратида тутмоқда. Яна бир-икки йил ўтсин, бу партиянинг аъзолари кўпайсин, шунда бир кундаёқ “улкан хирмон йиғамиз”.  Бу Каримов режимининг “ҳизбутчиларни” оммавий қамоққа олишларни бошлаш учун бир баҳона кутаётгани ҳақидаги очиқ баёнот эди.  Ва маълумки, кейинчалик бундай баҳона Рустам Иноятовнинг ”контораси” томонидан саҳналаштирилган 1999 йилнинг 16 февраль воқеалари бўлди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон ҳукумати президент Ислом Каримов, ҳамда махсус хизматлар раҳбари Рустам Иноятов раҳнамолигида Ўзбекистонда “Ҳизбут Таҳрир”  партияси тармоғини тузиб, мисли кўрилмаган фитнани, ўзбек халқига қарши энг улкан жиноятни содир этди. Бу жиноят айниқса ўзбек миллатининг асллари – иқтидорли диндор ёшларга қарши қаратилди.  Ажабланарли томони шуки, Ўзбекистон ва Исроил махсус хизматларининг қўшма лойиҳаси бўлган “Ҳизбут Таҳрир” амалиёти бошланишидан олдин, Каримов ҳукумати ўрта мактабларда, ўрта махсус ва олий таълим мактабларида, шунингдек, хусусий дарсларда диний илмларнинг ўқитилишини таъқиқлаб қўйди. Бундан ташқари, давлат нашриётларида диний адабиётларнинг нашр этилиши кескин қисқартирилди.

Бу шароитда Ислом дини билан қизиқувчи ва диний илмларга ташна бўлган ўзбек ёшлари учун динни “Ҳизбут Таҳрир” халқаларидан ўрганишдан бошқа чора қолмасди. Бошқача қилиб айтганда, ўзбек ҳукумати Ислом илмини ўрганиш мумкин бўлган кўплаб манбаларни йўқотиб, фақат битта манба, ўзи қўйган тузоқ “Ҳизбут Таҳрир”нигина қолдирганди. Кейинчалик у ерга Исломни излаб келган ёшларни шафқатсиз жазолаш учун.

“Ўзбекистонда Ҳизбут Таҳрир”  Ўзбекистон-Исроил қўшма лойиҳаси иккала давлат ҳукуматига иқтидорли ўзбек ёшларини аниқлаш ва келгусида уларни турмаларда йўқ қилиш учун зарур эди.  Яъни,  “Ҳизбут Таҳрир” Ўзбекистон ва Исроил махсус хизматларига ишловчи репрессия тузоғи вазифасини ўтади ва ҳозир ҳам  ўзбек ёшларининг Исломга қизиқиши ва диний илмларни эгаллашдаги имконият даражалари аниқлашда ўзига хос лакмус қоғози вазифасини ўтамоқда.

Нима учун тузоқ сифатида айнан “Ҳизбут Таҳрир” танланди? Чунки бу партия мафкурасининг асосида Оқ Уйни қўрқитувчи ғоя бўлган яҳудийлар ва сионизмга қарши ғоя ётарди. Бошқача қилиб айтганда, Ўзбекистонда “Ҳизбут Таҳрир” тармоғини ташкил этаркан, ўзбек ҳукумати келажакда бу партия аъзолари исломий илмларни эгаллаш эмас, балки антисионизм ғояларини юқтиришларини олдиндан биларди.  Мамлакатда бундай партиянинг мавжуд бўлиши Ўзбекистон ҳукуматининг муддаосига кўра, мамлакатда “антисионизм ва диний экстремизмга қарши кураш” учун Оқ Уйдан моддий маблағ ундиришга хизмат қиларди.  Хуллас, “Ўзбекистонда Ҳизбут Таҳрир” лойиҳаси – бу нафақат сиёсий, балки тижорий лойиҳа ҳам эди.

Энди эса, каримовлар оиласи ҳокимият жиловини отадан қизига топширишни режаларкан, ўз келажаги ҳамда бизнеси келажагидан ташвишланаётган Иноятов хунтаси ўз қўлостидаги диний-экстремистик ва террористик гуруҳлар воситасида “оилани” йўқотишни режаламоқда. Ҳозирча Иноятов гуруҳи “Заҳирадаги” режанинг бошланғич босқичини амалга оширмоқда. Шундай қилиб…

(Давоми)