Ўзбекистонда мустақил журналистларга эҳтиёж бор, аммо хоҳиш йўқ

Сўхда нима бўлаяпти? Бу масалада Ўзбекистон аҳлининг анча қисми бош қотираётган бўлса ҳам керак. Аммо нима бўлаётганлигига аниқ жавоб йўқ.

Ўзбекистонда мустақил журналистларга эҳтиёж бор, аммо хоҳиш йўқ
29 views
21 January 2013 - 12:39

indir (14)Сўхда нима бўлаяпти? Бу масалада Ўзбекистон аҳлининг анча қисми бош қотираётган бўлса ҳам керак. Аммо нима бўлаётганлигига аниқ жавоб йўқ. 21 январь кунида Озодлик радиоси сўхлик “Садои Сўх” (Сўх овози) газетаси журналисти Нигора Неъматованинг радиога қўнғироқ қилиб у ердаги вазиятни, айниқса Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги вакили Жениш Раззоқовнинг ёлғон гапираётганлиги ҳақида сўзлаганини билдрди ozodlik.org. Аммо бу гаплар нечоғлик ишончлик эканлиги кўпчиликни ўйлантириши табиий. Негаки, “Садио сўх” газетаси Сўхдаги маҳаллий ҳукумат нашри бўлиб, у фақат Ўзбекистон ҳукумати қизиқишларини акс эттирадиган нашрдир.

Албатта бизда Нигора Неъматова ёлғон сўзлаяпди дейишга асос йўқ, аммо Қирғизистон томони ҳам “фаришта” эмаслигини, у ерда Бакиев ҳукумати ағдарилганидан сўнг фашистик кўз қарашдаги ҳукумат пайддо бўлганлигини унутмаслигимиз керак. Қирғизистон ва қирғиз милати бугун ўзбекларга нафрат билан қарайдиган мамлакат ва миллат  экан, уларнинг ёлғонларга зўр беришлари учун ҳам етарлик баҳона бор. Шундан келиб чиқиб “Садои сўх” газетаси журналисти рост сўзлаганлигига ҳам ишониш мумкин албатта.

Ўзбекистон диктатура салтанати ва унда ҳукумат отадан қизига ўтиши жараёни бораяпти. Ҳар неки, шундай бўлишига ўзбекларнинг кам деганда 90 фоиз ишонади. Бунда ўзбек-қирғиз келишмовчилиги атайлаб яратилинаётган бўлиши мумкинлигини ҳам диққатимиздан фориғ қилмаслигимиз лозим. Ахир 2010 йилнинг ёзида Қирғизистон жанубида кечган қонлик воқеаларнинг ўзини хотирлаб кўрсак ҳам, Каримов ҳукумати ўзбеклар тақдирига бефарқ бўлганлиги ёдимизга келаверади. Каримов клани учун ўзбекнинг тақдири эмас, кўпроқ ўша кланнинг тақдирига қизиқарлироқ  эканлигига исбот излаш ҳам шарт эмас. Аммо Сўхдаги аҳоли, ёки Ўзбекистон ҳарбий кучлари ёппасига Каримов клани вакиллари деб қараш ҳам ғирт аҳмоқлик бўларди.

Демак, Марказий Осиёдаги бу икки давлат янги бир фалокат олдида турибди ва бу фалокат содир бўлса, унда фақат  халқ жабр кўради.  Ҳар икки томондаги коррупцион ҳукуматларга заррача бўлсин зарар етмайди. Балки бу икки мамлакат орасида қуроллик тўқнашув содир бўлар, яъни уруш. Албатта йўқ! Гарчи Ўзбекистоннинг ҳарбий қуввати Қирғизистонни чил парчин қилиб ташлашга ҳам етсада, Ўзбекистон томони бунақа урушга чиқа олмайди. Сабаб эса оддий –  Қирғизистон тарафида Россия армияси туради.

АҚШ ни Ўзбекистон иттифоқчиси деб қарайдиганлар ва кези келганида АҚШ ҳарбийлари Ўзбекистон тарафида туриб жавоб беради деб ҳам умид қилувчилар бордир.  Лекин бундай эмас, бу нотўғри қараш! АҚШ Ислом Каримовнинг иттифоқчиси ва асло Ўзбекистоннинг эмас. Кейин АҚШ на Каримов учун ва на Ўзбекистон учун Россияга қарши бормайди. Бундан чиқди ўзбеклар ва ўзбекистонликлар янги бир шармандалик мағлубият олдида турибди деб қарасак ҳам бўларкан.

Бу мағлубият ҳали олдинда экан, у балки содир бўлар, балки йўқ, лекин ҳар ҳолда Марказий Осийда таранг бир вазиятни ушлаб туриш кимларгадир керак эканки, шндай бўлаяпти. Истаб, ёки истамай ҳукуматлар шу ўйинга тушиб қолишаётганга ҳам ўхшайди.

2005 йилнинг 13 май кунида Андижонда содир бўлган қонлик воқеалар Ўзбекистонни мустақил журналистлари бўлмаган мамлакатга айлантирди. Ҳар неки, сон ҳиҳатидан оз бўлган мустақил журналистлар мамлакат ичкарисида фаолият олиб бориб, вазиятдан дунёни огоҳ этиб келишаётганди. Масалан, Озодлик, Би-Би-Си радиолари Тошкентда ўз бўлимларига эга эди. Бундан ташқари турли туман халқаро матбуот агентликлари билан ҳамкорлик ўрнатган журналистлар ҳам оз эмасди. Ва дунё мамлакат ичкарисидаги воқеаларни уларнинг нигоҳлари билан кўриб борарди. Бугунчи?

Бугун Қирғизистоннинг қамалида қолган Сўхда нима бўлаётганини ёрита оладиган мустақил журналистга эҳтиёж сезилаяпти, лекин қани ўша мустақил журналист? Сўхлик журналист Нигора Неъматованинг Озодлик радиосига берган хабари ёлғон эмас, у рост сўзлаяпти, лекин у ҳукумат тарафи қизиқишларинигина ифода этадиган газета мухбири бўлгани учун ҳам, унинг берган маълумоти қабул қилинсада, жиддий дея кўрилмайди.

Ўзбекистон диктатура салтанати дедик ва бунга шубҳа йўқ. Бироқ бугунги кунда ҳукумат айни ўша ўзи қувиб юборган мустақил журналистларга эҳтиёж сезаяпти. Акс ҳолда Нигора Неъматованинг Озодлик радиосига қўнғироқ қилишига ҳожат ҳам бўлмасди.

Тўлқин Қораев
Швеция