ФСБ Юрий Жуковскийни яширишга бошлади

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) 2012 йил февралида Швециянинг Стромсунд шаҳрида таниқли ўзбек имоми Обидхон қори Назаровга суиқасдда гумонланган шахсни қўлга олгани ва Швецияга экстрадиция қилишга тайёргарлик кўраётганини расман тасдиқламаган.

ФСБ Юрий Жуковскийни яширишга бошлади
51 views
22 January 2013 - 11:28

killer-300x223Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) 2012 йил февралида Швециянинг Стромсунд шаҳрида таниқли ўзбек имоми Обидхон қори Назаровга суиқасдда гумонланган шахсни қўлга олгани ва Швецияга экстрадиция қилишга тайёргарлик кўраётганини расман тасдиқламаган.

Обидхон қори Назаровни отганликда гумонланган Юрий Жуковский исмли шахснинг 2012 йил октябр ойида Москвада ҳибсга олингани ҳақидаги швед матбуотида пайдо бўлган хабарлар ортидан “Озодлик радиоси” 12 октябр куни Россия ФСБсига юборган расмий сўровномага ниҳоят жавоб олганини хабар қилди.
Россия Федерал хавфсизлик хизмати матбуот маркази бўлими ходими Кристина Антонова бўлим раҳбари Николай Захаров номидан “Озодлик”ка берган расмий жавобида “идора бу ҳақда ҳеч нарса билмаслигини” айтди.
“Озодлик” сўровномасида ҳозиргача шифохонада кома ҳолатида қолаётган Обидхон Назаровни отган шахснинг Россияда ҳибсга олингани қанчалик ҳақиқат эканлиги, унинг кимлиги, Швецияга экстрадиция қилиниши ёки қилинмаслиги ва у қайси давлат фуқароси экани каби саволлар берилган.
Айни пайтда, Швеция прокуратураси ҳам бу ҳақда ҳануз жим. Бу ишни тергов қилаётган прокурор Кристер Петерссон ўтган йилнинг 16 октябрида “Östersund posten” газетасига берган интервюсида Юрий Жуковскийнинг Россияда ҳибс этилганини на тасдиқлай олиши ва на инкор эта олишини билдирган.
ФСБ 2012 йилнинг феврал ойида Швециянинг Стромсунд шаҳрида имом Обидхон қори Назаровни отганликда гумонланган шахсни қўлга олинганини аксар Швеция нашрлари хабар қилган эди. Обидхон қорига суиқасдда айбланаëтган шахс Швеция полициясида қайд этилган телефон аппаратидан қўнғироқ қилганидан кейин қаердалиги аниқланиб, Россия хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олингани айтилган эди.
Гумонланувчи 34 ёшли Юрий Жуковский Швецияда Ўзбекистон фуқароси паспорти ва Россия Федерациясида берилган ҳайдовчилик гувоҳномаси билан юргани, жиноятни содир этиб, Россияга қочиб кетгани ва кейинчалик Россияда ҳибсга олингани хабар берилганди.
Мутахассисларга кўра, агарда Жуковский ҳақиқатан Ўзбекистон фуқароси бўлса, Швеция ҳукуматига экстрадиция қилиниши мумкин, агарда у Россия фуқароси бўлса – берилмаслиги аниқ.
Швециядаги нуфузли нашрлардан бири “Expressen” газетасининг мухбири Майк Оландер Обид қорига суиқасд қилган шаxс ушлангани ҳақидаги маълумотни ўта ишончли манбадан олганлиги ва хабар бир неча манбаа орқали тасдиқланганидан кейингина эълон қилинганини айтган. Оландер Швеция ва Россия ўртасида Жуковскийни экстрадиция қилиш борасида сўзлашувлар бораётгани ҳақида ҳам хабар қилганди.

Ўтган йилнинг май ойида Швеция полицияси имомни ўлдиришга уринган шахсга ëрдам берганликда айблаб, Ўзбекистоннинг икки фуқаросини қўлга олди. Бундан бир неча кун олдин Тошкентда президент Каримов Швеция элчисини қабул қилган ва “бир қатор муҳим масалаларни” муҳокама этганидан сўнг, эр-хотин Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар 2012 йил июл ойидаги маҳкамада, эҳтимолий қотилга билмасдан ёрдам бергани важидан озод қилинганди.

Бу сафар ҳам мазкур тергов ишига “юқоридан” аралашув бўлмаганига бирор далил йўқ.

ЎХҲ хабар маркази