Диктатор ҳукуматини қўрқитган сўзлар

Диктатор ҳукуматини қўрқитган сўзлар
62 views
28 January 2013 - 9:12

Яқинда сиёсатдан хабардор, муҳожиротдаги дўстларга ижобий муносабатдаги бир инсон сизга гапим бор эди, деб қолди. У интернетни яхши тушунар, мухолифат сайтларини доим кузатиб борарди. Мавзу ҳасад ва унинг акс таъсири, золим ҳукуматнинг оромини бузувчи Сўз ҳақида эди.

…Хуллас, “шеър” ёзиб юрадиган бир таниши “хизмат”дагилар билан ўралашиб ўз бошига бир бало орттирган экан. Шу, Эрк партияси раҳбари Муҳаммад Солихга нисбатан халқнинг нафратини уйғотадиган бир жиддий айб топишни талаб қилишибди ундан. “Солиҳнинг битта-ю, битта жиддий хатоси ҳам шу – “Эрк”дан бўлак бирор айбини эшитмадик”, деса хизматдагилар, “топасан, топмасанг ясайсан, деб “ясаш воситалари”ни ҳам тайин қилишибди. Ишқилиб, бугунги Муҳаммад Солиҳ ХУ-ХУ1 асрда яшаб ўтган Муҳаммад Солиҳнинг номини ўғирлаганини исбот қилолса, олам гулистон экан.

“Шoир”имиз ҳам унча-бунчага таслим бўладиганлардан эмасди, ҳар ҳолда Муҳаммад Солиҳнинг исми, зоти ўзиники эканини яхши билганлиги учунми, ноқулайликдан жиққа терга тушиб, буюртмачиларга тушунтиришга ҳаракат қилибди. Ҳар иккала Муҳаммад Солиҳ ҳам Хоразмда туғилган. Бир қизиқ жойи, хоразмликларнинг ўзаро сўзлашув тили адабий тилдан мутлақо фарқ қилади. Туркман, озар, турк, татар… тилларига деярли асосдошдир. Қадимда Хоразм миллий давлатчиликнинг зарур элементлари ҳисобланган ўз тили, имлоси, ёзуви, пулига эга қудратли давлатлардан бўлган. Ҳозирда ҳам Ватанимизнинг турли вилоятларида яшовчи аҳолининг катта қисми соф хоразмча сўзлашувни эшитганда “бу қандай тил?” деб ҳайрон бўладилар… Шундан бўлса керак, улар ташқаридан келган сўз, исмларни ҳам ўзларига мослаштириб олаверганлар.

“Солиҳ”ни бирлари Солий деса, яна бирлари Салай, “Муҳаммад Амин”ни осонгина Мадамин дейди қўяди. Солиҳни бу тарафлама айблаб бўлмайди, исми ҳам тахаллуси ҳам ўзиники, дебди.

Буюртмачилар: “Қанақа ижодкорсанлар, тайёр нарсани юмалоқ-ёстиқ қилолмайдиган? Бизга унинг шеваси-ю, адабийчаси эмас, паспортидаги исми муҳим. Паспортида Салай Мадаминов бўлгач, ўша тайёр далилни қаттиқ ушлайсиз. Шеърларини ўрганасиз. Агар У “Шайбонийнома”ни ёзган Муҳаммад Солиҳнинг исмини ўзлаштирмаганида ижоди икки пулга арзимаслигини исботлаш керак. Вот, где унинг ишкалли томони, тамом-вассалом”, деб гапга нуқта қўйишибди.

Бир ёлғонни қирқ маротаба такрорласанг ростга айланади, деб кўрсатма берган маслаҳатчилар ёлғонлар-у, туҳматлари ошган сари аксига олиб, одамлар “Шайбонийнома” достони билан кейинги Муҳаммад Солиҳнинг шеърлари ва мақолаларини интернет сайтларидан олиб, таққослаб ўқийдиган бўлдилар. Энди натижани қаранг, мухлислар (“Шайбонийнома” муаллифи) Муҳаммад Солиҳга Аллоҳдан раҳмат, “Эрк”чи Муҳаммад Солиҳга эса узоқ умр, ишларига муваффақиятлар тилаб дуо қилишмоқда. Яна бир янгилик кейинги, яъни бугунги ёш авлод Муҳаммад Солиҳнинг дастлабки сиёсий фаолияти – “Эрк” партиясини тузиш ва Ўзбекистонда вақтида олиб борган ишларига ҳам қизиқмоқдалар. ЎХҲ сайтида мухолифатчилар тарихидан, ватанпарварлар ҳаёти ва фаолиятидан материаллар ёритиб борилса, фойдадан холи бўлмасди, қизиқувчилар бегоналардан, айниқса, душманлардан эшитиб юргандан кўра, деб сўзини тугатди суҳбатдошимиз.

Фасодчиларнинг шунча уринишлари бекор кетибди-да. Лекин “исм ўғирлаш, плагиатлик” билан қизиқувчи туҳматчиларнинг тарихий номларга “қизиқишлари”ни ҳисобга олиб, уларга ишлаганга яраша ишлашлари, балки эсларини йиғиб олишларида фойдаси тегар, деган ниятда чўлпига илинадиган мавзу таклиф этамиз. Мавзу жиддий, ҳатто илмий ишга айлантириб юборишлари ҳам мумкин. Демак:

Алишер Навоий замонига назар. Алишер Навоий замонасида бобомизнинг “Мажолис ун-нафоис” асарида номлари келган адаш тахаллусли шоирлар ижодини ўрганиб, “плагиатлар”ини аниқлаш шу кунгача бир кимсанинг хаёлига келмаган экан.

Ул замоннинг КГБси ва МХХларида сотқин шоирлар, ҳасадгўй мухолифлар ишламаганлиги кўриниб турибди. Афсус, асримиз фасодчилари ўша замонда яшаганларида борми, анча-мунча танилиб қолган бўлардилар. Масала долзарб бўлишига қарамай, беш асрдан ўтиб ҳам бу мавзуда на адабиётшунослар, на ҳуқуқ-тартибот, на миллий хавфсизлик идоралари ўйлаб кўрмабди. Бунинг устига ҳазрат Навоийдек буюк зот плагиатларни фош қилиш ўрнига уларни олий давраларнинг “Мажолис ун-нафоис”– нафис мажлислар”ида мақташлари ғалат. “Пора-мора”га хаёл кетдими, астағфируллоҳ, Худо кечирсин. Бу ишда қандай сир бўлиши мумкин? Мавлоно Фахрий, Фиғоний, Хизрий, Биҳиштий… каби адашларнинг ижодлари аралашиб кетмадимикан, исмларида “плагиат”лик йўқмикан? “Алай-балай”часига айтганда, бу ишга панжа орасидан қаралгани маълум. Балки ҳамма гап Навоий бобомиздадир?! Давлат миқёсида имкониятлари бор эди, сал кам подшоҳ эдилар. Учта- тўртта югурдакка топшириқ берсалар етарли эди: “Қани ўрганинглар-чи, қайси Фахрий ҳақиқий, Биҳиштийларнинг қай бири биҳиштий-у, қай бири “дўзахий?” деб.

Муқимий ва Муҳаммад Алининг адашлари
Нима бўлганида ҳам ўтган ўтди, кетган кетди, деб ўтиришни замон кўтармайди. Қанча Ҳасадий, Фасодийларга иш топиб бериш керак. Лекин ишлайман деган кимса иш топади. Масалан, шоир Муҳаммад Али ХУ асрда яшаганми ё бизнинг асримизда яшаяптими? Х1Х асрнинг биринчи ярмида яшаб, ижод қилган Муқимийдек буюк зот қандай қилиб Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис”ига кириб қолди экан? Балки кейинги Муқимий аввалги Муқимийнинг тахаллусини олгандир, ижодидан фойдалангандир, шеърларини кўчириб ўзиники қилиб олгандир?! Буларнинг ҳисобини қиладиган, ўрганадиган биров борми?

Диққат!!!

Давримиз фасодчилари ўз хулосаларини беришлари учун “плагиат”лиги тасдиқланган яна бир қизиқ маълумот, “нафис мажлислар”дан, яъни: “Мавлоно Саккокий– Мавороуннаҳрдандур. …Мавлона Лутфийнинг барча яхши шеърлари анингдурким, ўғурлаб ўз отиға қилибдур. Ул ерларда бу навъ ўхшаши йўқ, мазасиз муқобаралар гоҳи воқеъ бўлур…” ( қисқартириб олинди)”.

Ана энди Навоийдек ҳар ишда адолатли ҳазрат ўша вақтдаёқ Мавлоно Саккокийнинг ижодини йўққа чиқариб юбориш имконига эга бўла туриб, нега бу ишни амалга оширмаганини қандай изоҳлайсиз? Ёки у замонларда муаллифлик ҳуқуқи ҳақида қонун йўқмикан? Аммо ҳар қандай “ўғри қўл кесилишга маҳкум”лиги-чи?..
Шундай қизғин масалалар турганда баъзи “алай-балай”чи шоирлар ўзини ўзи еб юрмай, юқоридаги саволларга жавоб изласа бошқаларга ва ўзларига ҳам манфаати тегиб, савобга мушарраф бўлардилар.

ЎЗИ ва СЎЗИ бир Муҳаммад Солиҳ
Буюртмачилар олдида ўзини кўрсатадиган натижага эришолмаган “алай-балай”чи дард устига чипқон дегандай, Мақсуд Бекжоннинг “миллат шоири” иборасидан адойи тамом, бир нарсалар қоралаган бўлибди.

“Мен сўзларни енгиб яшайман,
Ишим шундай – сўзларни енгмоқ.
Қорни тўқ,
Боши бўш
Мешчан сўзларни
Агар сен ҳам енгмоқчи бўлсанг,
Уларни айтма бир иложини топ.
Лаззатлана бил,
Айтмай, чидаб яшаганингдан,,,
…”Булар-чи?” дейсанми?
Бу сўзлар-мени енгган сўзлар,
Илож йўқ…

Бу “програм шеър”ни, камина кимга ўқиб берса, шеъриятдан узоқ, чаласовод кишилардан ҳам, “вей, бунақа шеърни манам ёзоламан”, каби хитоблр янгради!” деб қувонганидан олтин топган қулдек ўзидан кетиб қолибди эмиш.

Аввало, “Вей, бунақа шеърни манам ёзоламан”, дегувчилар бўлса, ёзсинлар, Муҳаммад Солиҳ каби буюкликка эришсинлар, орқасидан неча айғоқчи-ю, пойлоқчи тушишини кўрсинлар. Ана шунда Эрк ва Ҳақиқат душманлари– Диктатор ва унинг ҳукумати “бунақа шеър”даги ШЕРдан нечоғлик қўрқишлари боисини англаб етардилар.

Мазкур шеърга келсак, умуман ҳар қандай шеърни тушунтириб бўлмаслиги ҳаммага маълум. Ҳар бир ўқувчи шеърни ўз иқтидори даражасида ҳис қилади, шеър қалб билан англанадиган туйғу, дейишади. Оддий, илмсиз бир киши учун “сўз” “мен сув ичмоқчиман, дам олмоқчиман”, каби истакни ёки бирор нарсага нафратни ифодалаш воситаси бўлса, тафаккур қилгувчи учун эса “Сўз” ҳикматдир. Навоий бобомиз “Тенгрики, инсонни қилиб ганжи роз, Сўз била ҳайвондин анга имтиёз”, дебдурларким, тушунмаган киши учун биз назарда тутган СЎЗ, мисоли, “Хинзир (чўчқа)нинг бўйнига маржон тақиш” билан баробардир.

“Мен сўзларни енгиб яшайман,
Ишим шундай – сўзларни енгмоқ.
Қорни тўқ, Боши бўш, Мешчан сўзларни
Агар сен ҳам енгмоқчи бўлсанг,
Уларни айтма, бир иложини топ.”

Бу ерда СЎЗ қорнидан бошқа қайғуси йўқ, боши бўш, еб тўймас, фасодчи бир кимсалардир. Уларни енгиш учун у “СЎЗ”ни оғизга олмаслик кифоя. Агар сен ҳам уни енгмоқчи бўлсанг, донолар айтганидай “тентак билан тенглашма”, унинг борар ери бўлак, сенинг юрар йўлинг бўлакдир. СЎЗ бу инсон, Сўз олам, СЎЗ Ҳақ, СЎЗ Қуръондир.

“…Албатта ал Масиҳ Ийсо бинни Марям фақат Аллоҳнинг пайғамбари ва унинг Марямга етказган СЎЗи ҳамда Унинг томонидан бўлган руҳ (соҳибидир) холос. Бас, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирингиз…” Нисо, 171. (А.Мансур таржимасидан қисқартириб олинди). Шул боис ҳам Ийсо (ас)нинг яна бир унвони Калиматуллоҳ, яъни Аллоҳнинг Сўзи, калимаси демакдир. Оятдаги Сўз шунчаки Сўз эмас, у Яратганни таниш, ҳалол яшаш, жаннат йўли ҳақидаги Сўз– Илм (Инжил)дир. Муҳаммад Солиҳ назарда тутган СЎЗни ҳар ким ўз ҳолича англар экан, бундай шеърларни “шартта ёзиб ташлайдиганлар”ни тушуниш мумкин, аммо озод СЎЗ билан мутъе, қул СЎЗни фарқламайдиган зиёлиларни эса кечириш гуноҳ, ҳатто жиноятдир. Чунки миллат бошига чиқиб олган “қорни тўқ, боши бўш, мешчан Сўзлар” жамиятнинг зараркунандалари, миллатнинг кушандаларидирлар. Муҳаммад Солиҳ каби ўз “Сўз”ларига эга халқ бир кун бўлмаса яна бир кун, албатта, “Сўз”га – том маънодаги Мустақилликка етишмоғи ҳам ҳақиқатдир.

Муҳаммад Солиҳ шеърларида сўзни ҳис қилган ўқувчи шеърни тушунади, ёки аксинча, Сўзни тушунган киши шеърни ҳис қилади. Гарчи юқоридаги шеърда Ватан, Эрк, Муҳаббат сўзлари айнан ишлатилмаса ҳам ҳақиқий шеърхон “қорни тўқ, боши бўш, мешчан сўзлар”га нисбатан ичида катта нафратни ҳис қилади. Улар шунчаки сўз эмас, ярамас, найрангбоз, сотқин бошлиқлардир. Улар учун Ватаннинг гуллаб яшнаши, миллатнинг тарихий шон-шуҳрати, бугуни ва келажаги икки пул, уларга тилсиз, қулоқсиз, фикрсиз қуллар, манқуртлар керак.

Бундай ҳукумат учун яна, халқнинг қўлига солиҳлардек СЎЗ қуроли тушиб қолиши хавфи ҳар қандай қуролдан ҳам қўрқинчлироқдир. Шундай экан, фасодчилар тинимсиз фасод кавлаш билан Диктатор ҳукуматининг “СЎЗ”дан қўрқувига даво излайдилар. Афсуски, золим ҳукумат учун СЎЗ қўрқуви дарди бедаводир ва унинг умри жуда оз қолган бўлса ажабмас.

Абдуқодир КАРИМ