Демократиянинг Ислом билан имтиҳони (2)

Таржимондан: Ислом ва демократия мавзуси бугунги кунда долзарб масала эканлигини эътиборга олиб, кеча муаллифнинг ушбу мавзудаги биринчи мақоласини эълон қилгандик.

Демократиянинг Ислом билан имтиҳони (2)
84 views
29 January 2013 - 10:03

Таржимондан: Ислом ва демократия мавзуси бугунги кунда долзарб масала эканлигини эътиборга олиб, кеча муаллифнинг ушбу мавзудаги биринчи мақоласини эълон қилгандик. Бугунги мақолада мавзу давом эттирилади ва унда асосан Ислом динининг моҳояти, мусулмонларнинг шахсияти ва уларнинг демократияга бўлган муносабати масалаларига эътибор қаратилади. Н.Н

Эҳсон Доғининг ташҳиси (диагнози) тўғридир: Исломчилар демократик шароитда ўзларининг қандай мавжуд бўлиш (яъни онтологик) муаммосини ҳал қила олмаганлар. Бу асосий масала ҳал қилинмасдан сиёсат майдонига киришнинг натижаси бугун ўзимиздаги (Туркиядаги) ва муҳтамалан Тунис ва Мисрдаги аҳволнинг ўртага чиқишига сабаб бўлади.

“Исломчи” сиёсий шахсиятни ва бундай сиёсат йўлини рад қилиб, фақат “тоза имон” ёки Қуръон ва Суннат ҳукмларини кун тартибига келтирмай, фақат “мен мусулмонман”, дейиш билан кифояланадиганларнинг бундай “мавжуд бўлиш” муаммолари йўқдир. (яъни ўзини мусулмон ҳисоблайдиган, аммо Исломнинг ижтимоий сиёсий ҳукмлари кун тартибларида бўлмаган инсонларнинг демократик жамиятда яшашлари уларга муаммо туғдирмайди.

НН). Чунки булар либерал сиёсат назарияси ва бунга мос равишда демократияни ҳимоя қиладиганлар учун “маъқул диндорлардир”. Аммо ҳамма Исломнинг дунёвий ва жамиятга алоқали ҳукмларини сиёсий ва давлат идораларидан ташқарига чиқариш ҳақида ҳамфикр бўлса ҳам муаммо ҳал бўлмайди. Чунки (Исломий) ҳукмлар китобда (Қуръонда) ўрин олгандир. Кимдир ўртага чиқиб бу ҳукмларни ўқийди, бу ҳақда ўйлаб кўради ва нима учун бу ҳукмларга кўра сиёсий назария ишлаб чиқиш мумкин эмас, дея сўрайди.

Демократик шартларда мавжуд бўлиш муаммоси фақат исломчиларнинг ва диёнат (давлат диний идораси) мусулмонларининг эмас, менимча либерал тушунча ва сиёсат тарафдорларининг ҳам муаммосидир. Чунки тобора аралаш қуралаш бўлиб бораётган дунёда ўзаро низосиз бирга яшаш шаклини излайдиган тарафлар бир бирларини тушунишлари учун алоҳида ғайрат кўрсатишлари керак бўлади.

Бу нуқта назардан қаралганда ғарбга асосланиб айтилган “Исломчиларни демократия билан имтиҳон қилиш” ифодаси мусулмонларни хафа қилади. Исломчилардан аввал “дин” ўлароқ Исломнинг қадри ва ролидан баҳс этишимиз керак. Имонли бир мусулмон демократиянинг ўзини имтиҳон қилишини ўз ақидасига зарба сифатида қабул қилади. Чунки динини биладиган ва унга жиддий муносабатда бўлган ҳар мусулмон учун Ислом (қонунларнинг) асосий манбасидир. Диннинг манбаси эса ваҳийдир. Илоҳий китоблар ва пайғамбарлар илоҳий мақсадларни ўргатадилар. Дин Одам (ас) билан бошлаган, демократия эса кеча ўртага чиққандир, дин қиёматга қадар бор бўлади, демократиянинг эртага мавжуд бўлиши ёки бўлмаслигини билмаймиз. Динда фарқли изоҳлар, ижтиҳодлар ва мазҳаблар бўлсада –аслида бу кўпфикрлиликдир- бу изоҳ ва ижтиҳодларнинг ҳаммаси диннинг асосида бирлашади ва шунинг учун ҳам ҳеч бир диний изоҳ, тафсир ва мазҳаб диннинг ўзидан (Исломдан) устун бўла олмайди.

Демократия нарсаларни ( диннинг, шахсиятнинг, ижтимоий ва сиёсий жараёнларнинг моҳиятини НН) имтиҳон қилиш учун саволларни аниқлай олмайди. Чунки инсонлар ва улар қурган жамиятларнинг бу дунёда ва охиратда қутулиш йўлини дин (Ислом) белгилаб беради. Демократия эса турли тушунча ва ғояларда бўлганларнинг бирга яшаб, уларнинг муаммоларини сиёсат майдонга келтириб, уларни уруштирмасдан, бир гуруҳнинг бошқа гуруҳ устидан ўз ҳукмларини мажбуран қабул қилишига йўл қўймасдан, сайлов ва асоси розилик бўлган бир сиёсий йўл таклиф қиладиган бўлса, бу йўл динга маъқул бўлиши мумкин. Лекин “динни ва диндорларни” демократия билан имтиҳон қилсангиз, у ҳолда демократия “динга қарши дин”, яъни динга муқобил бир дин бўлади. У ҳолда бу янги “дин” (яъни демократия) асос сифатида ҳақиқат ва хурофотни, тўғри ва янглишни, яхшилик ва ёмонликни, гўзаллик ва чиркинликни, фойда ва зарарни аниқлаб берадиган ўлчовларни ўртага қўя бошлайди. Бундай демократия фақатгина сиёсат усули ёки техникаси бўлиш билан кифояланиб қолмай, инсоннинг олам тасаввури ва ҳаёт тарзига аралашадиган бир фалсафа, бир дин ҳолига келади. Демократияни сиёсий жиҳатдан халқнинг ҳукумат тузиш воситачилигидан юқори қўйиб, бир фалсафа, бир ҳаёт тарзи ва бир дин ёки теология (диншунослик) ҳолига келтирганлар ҳам йўқ эмасдир.

Аммо бу энг камида тарихий материализмга асосланган социализмдан демократияга ўтган социалистларнинг ва социал демократларнинг зеҳн йўлидир. Либералларнинг демократия назарияси бундан иборатми? Буни яхши билмайман. Мен билган нарса Исломчиларни, аслида эса Исломни имтиҳон қилишни истаган демократиянинг Мусулмонларнинг виждонида ўрни йўқлигидир. Бу мавзуда яна бир мақолам бор…
Али Булач (Ali Bulaç)

Манба: zaman.com.tr

Таржимон: Намоз Нормўмин