Демократиянинг Ислом билан имтиҳони (3)

Демократиянинг Ислом билан имтиҳони (3)
84 views
31 January 2013 - 10:15

Таржимондан: Муаллифнинг ушбу мақоласида ғарб демократиясининг иккиюзлилиги, бу мамлакатларда яшайдиган мусулмонларнинг муаммолари ва демократиянинг кўпчиликнингми ёки озчиликнингми режими эканлиги ҳақида фикрлар билдирилган. Н.Н

Фақат ўз манфаатини ўйлайдиган бир тижоратчига шундай савол берилган экан: “2×2 неча бўлади?” Олсам 3, сотсам 5, дея жавоб берибди бу тижоратчи…

Неолиберал ҳаракат билан демократия байроғини кўтарганларнинг Ислом дини ва унга кўра яшашни истаган мусулмонларга муносабатлари мана шу тижоратчининг ҳисоб китобига ўхшайди. Улар доимо демократияни Исломга қарши қўядилар. Ўз ҳақ ва ҳуқуқларига эга бўлишни истаган мусулмонларга “сиз ўзингиз яшаётган жамиятга интеграция бўлинг, яъни бу жамиятга аралашиб кетинг”, дейдилар. Яъни, ҳоким бўлган тузумга мусулмонлар мослашишлари шарт, дейдилар.Интеграцияни ассимилация (мусулмонларнинг динларидан воз кечиб, ғарб инсони бўлиши), дея таърифлайдиган Олмония ва бошқа ғарб давлатларида озчиликни ташкил қиладиган мусулмонлар шу аҳволдалар. Ғарб дунёсида ўз динларига кўра эркин яшай оладиган ягона “диндорлар” яҳудийлардир. Иккинчи дунё урушидан кейин ғарбдаги демократик тизимнинг озчиликни ташкил қиладиганларга оид қоидалари яҳудийлар учун ҳозирланганди. У пайтлар ғарб дунёсига миллионларча мусулмонларнинг келиб жойлашиши ва уларнинг яҳудийлар каби ҳақларга эга бўлиши назарда тутилмаганди. Қисқача айтадиган бўлсак, либерал демократия сиёсатга ҳукмрон бўлган ўлкаларда мусулмонлар ўзларининг баъзи ҳуқуқлари ва қадриятларидан воз кечишлари керак бўлади ва мусулмонлар сон жиҳатдан озчилик бўлганликлари учун ҳам бу табиий, дея баҳоланади.

Янги босқичда Тунис ва Мисрдан бошлаб минтақанинг бутунида мусулмонлар сиёсий ҳаётда асосий кучга айланиб бормоқдалар. Бу вазиятда демократияга янги таъриф ва шакл бериб, исломчиларни назорат остида тутишнинг йўллари изланмоқда.

Бу иш қандай амалга оширилаётгани Туркияга қараб ҳам билишимиз мумкин. АТП (Эрдўғоннинг партияси) ўртага чиқар экан, Исломга асосланмаган сиёсат ваъдаси билан ҳукуматга келди.

Бугунга қадар энг асосий сиёсий муаммоларда, масалан курд ва алавийлик масаласи, камбағаллик, иқтисодий даромадда тенгсизлик, оиланинг парчаланиши, ахлоқий бузилиш, Ўрта шарқ муаммолари масаласидаги сиёсатда бу партия Исломий асосларга кўра иш олиб бормади. Агар АТП бу муаммоларни исломий сиёсат билан “даволаганда” эди, бу муаммолар ҳал қилинган бўларди. Шунга қарамасдан, либераллик тарафдорлари АТП бошида ўз қиличларини кўтариб турдилар ва турибдилар. АТП аборт, масжидлар қуриш, исломий мактаблар очиш каби масалаларда исломий асослардан сўз очадиган бўлса, бу либерализм тарафдорлари бир овоздан “ эй сиз Исломчилар, демократия кўпчилик нима истаса қиладиган тузум эмас. Озчиликлар ҳам ҳақларини қўрийдиган, уларга сўз бериладиган, жамоат ва давлат иш жойларида эркин бўладиган режимдир ва ҳатто демократия кўпчилик ва озчилик тенг бўлган режимдир”, дея ҳайқирадилар.

Бунга энг яхши мисолни Оврупо инсон ҳақлари маҳкамасининг (ОИҲМ) ҳижобга оид ҳукмида кўрдик. Бу ҳукмда асос олинган омил, диний ёки миллий озчиликлар эмас, бошини очиб юрадиган аёллар эди. Жамият ҳаётини умумий ҳолда баҳолаганда сон жиҳатидан озчиликни ташкил қиладиган аёллар руҳий тазйиққа учрайди, дея мутлақ кўпчиликни ташкил қиладиган (яъни Туркияда ҳижобга киришни истайдиган аёллар кўпчиликни ташкил қилади) ларнинг диний вожибликни (ҳижобга киришни) ерига келтиришлари учун тўсиқ бўладиган ҳукм чиқарилди.

Бу ерда ОИҲМ 2×2=3 деди. Чунки мусулмон аёл бу маҳкамага мурожаат қилиб, ўз ҳаққига эришишни истаганди.

Агар динсиз бир аёл кўпчиликни ташкил қиладиган мусулмонларга қарши бу маҳкамага мурожаат қилганида эди, у 2×2=5, бўлади, дер эди.Бу айтилганлардан ушбу саволларга жавоб изламоқдамиз:

А) Кўпчиликнинг қарорларига тўсиқ бўладиган озчилик кимдан иборатдан, умуман озчилик дейилганда кимлар тушунилиши керак?

Б) Озчиликларнинг кўпчиликка қарши туриши нимани билдиради?

В) Дунёнинг қайси давлатида озчиликни ташкил қиладиган мусулмонлар ушбу давлатлардаги кўпчиликнинг қарорларига тўсиқ бўлмоқдалар?

Али Булач (Ali Bulaç)

Манба:
zaman.com.tr
Таржимон: Намоз Нормўмин