Сўх кетса кетсин, обрў кетмасин

Бу ишни мустақиллиқнинг илк куниданоқ қилиш керак эди! Буюк Умар Хайём “Бозорга ўхшайди аслида дунё” дегани қачон эди?

Сўх кетса кетсин, обрў кетмасин
130 views
02 February 2013 - 9:44

Ислом Абдуғаниевич Сўхни сотмоқчи?

Баракалла!

vatanketsaketsinБу ишни мустақиллиқнинг илк куниданоқ қилиш керак эди! Буюк Умар Хайём “Бозорга ўхшайди аслида дунё” дегани қачон эди?  Мана шунақа ватанфурушлардан биттаси, Россиянинг ўша дамдаги подшоси Александр II 1867 йилда Аляска ярим оролини АҚШга етти миллион долларга сотворганди. Бор-йўғи 1 500 000 квадрат метрга тенг ярим оролни. Албатта, кейинги давр руслари бундан пушаймон бўлишди, аммо Аляска кетди. Бунинг учун руслар ҳалигача  Александр II ни кечиришмайди. Екатерина II, Петр I, Иван Грозный, Николай Романовлар номи турлича эсланади, аммо Александр II фақат хоин сифатида хотирланса хотирланадики, асло яхши сифатлар билан эсланмайди.

Бироқ руслар хато қилишаяпти, ёки улар “дунёнинг ўзи бозор” эканини билишмайди. Бизнинг ҳукмдор буни тушуниб етганлардан ва шу олий тушунчасидан келиб чиқиб савдога Сўх анклавини қўйяпти.  Қизиқ, Аляска етти миллион долларга сотилганда, Ислом Абдуғаниевич шаполоқдан сал каттароқ ҳудуд учун бир ярим миллиард сўраса… Қойил, Ислом аками, ва ё, отами, ишқилиб пихини ёрганлардан, савдонинг кўзини билади-да. Шунинг учун ҳам Сўхнинг баҳоси Алясканинг баҳисидан салкам 20 баробар қиммат! Қойил! Зўр!

Аммо Ислом Абдуғаниевичнинг маслаҳатчиси нобопроқ экан. Ҳар қалай шундай туюляпти менга. Тўғри-да, нима кераги бор бош оғриғининг. Ўзбекистоннинг ўзи ҳам турган-битгани бош оғриқ-ку. Масалан, бутун мамлакатни “бор-барака” қилиб юборса бўлади-ку.  Вячеслав Голышевнинг  шунга ақли етмабдими, демак у президентимизга муносиб маслаҳатчи эмас экан.

Масалан, бутун республикани “ким ошди” савдосига қўйса ҳам бўлади, ёки ими-жимида Хитойга сотиб юбориш ҳам мумкин. Ҳар икки ҳолатда ҳам Ўзбекистон халқи мум тишлаб тураверади. Ёки “Урра, ана Хитойга қўшиларканмиз, энди яхши бўлади” деб шодланади. Бу томони тинч, биров бу савдога халал бермайди, кейин Хитой ҳозир дунёдаги энг қудратли давлатлардан биттаси. Яна бир муғомбирлик ҳам қилиш мумкин, бордию бутун Республкани Хитойга сотиш бошланса АҚШ ғимирлаб қолади. Чунки, Хитой НАТОнинг бу ердаги “Шимолий ўтиш йўли”ни ёпиб қўйиши аниқ-ку ахир. Ана шунда Ўзбекистонга АҚШ харидор чиқиб қолса-чи?

Бунда Хитой билан АҚШ орасида ким кўп тўлайди деган тортишув чиқади. Даллолликка асло Исроилни чақирмаслик керак. Исроил АҚШга ён босиб кетади. Саудия Арабистони ҳам шунақа қилади. Даллолликка бирор бетараф мамлакатни танлаш керак, масалан Швейцария, Австрияга ўхшаш. Лекин барибир АҚШ ютиб чиқади. АҚШнинг пули кўплигида эмас гап,  гап АҚШда пул аслида йўқ жойдан ясалишида. У мамлакатда ҳукумат Марказий банкдан қарз олади. Қарз берувчи битта купюрага, масалан “юз миллиард доллар” деган ёзувни ёзиб, бежирим қоғозда расмларини ҳам чизиб, чиройли шаклга келтириб беради. Кейин эмиссия банклари  юз миллиадр доллар деган пулни ҳар хил қийматда, бир доллардан юз долларгача бўлган қийматдаги чоп этади. Ўшанақа юз милиард долларлик битта кўкидан Ислом Абдуғаниевичнинг қўлига тушса борми, етти емас, етмиш авлоди ҳам туваги тиллодан бўлиб яшайди. Мана шуларни билмаган Вячеслав Голышев ҳукмдоримизга маслаҳатчи бўлиб юрганига “қойил” қолмай иложимиз ҳам йўқ.

Япония Россия билан Курил ороллари учун неча йиллардан бери торишади? Курил оролларини, ҳамда Сахалин оролининг ярмини Россия Япония билан 1904-1905 йиллардаги урушда олдириб қўйганди. Иккинчи жаҳон урушида Японияга қарши урушга кирган Совет Иттифоқи ўша ҳудудларни қайтиб олди. Руслар – мана буни миллат деса, мана буни халқ деса бўлади!  Ҳукумат Курил оролларини Японияга берамизми ё йўқми деган масала устида бош қотираётгани ҳам йўқ, лекин халқи Курилни бермаймиз дея баралла таъкидлайди. Истамайди улар ўз ерларини японларга беришни, ёки сотишни. Уларда ор бор, номус бор! Биз эса ўзбеклармиз. Еримизни Япония эмас, Қирғизистон сотиб олсаям миқ этмаймиз.

Ўзбекистон халқи ўзининг боқибеғамлиги билан танилган халқлардан бири. Унга ош бўлса, тўй бўлса бўлди. Шунинг учун ҳам бу халқ билан биров ҳисоблашиб ҳам ўтирмайди. Унинг ватанини керак бўлса уч пулга сотишлари мумкин, лекин “чурқ” этган овози чиқмайди. Демак, йўқлик сари олға!

Балки ўзаро пул йиғиб ватанимизни диктатордан сотиб олсак-чи?   Нархини тўғирлаб беринг, диктатор уни сизга ҳам сотади.

Яна бир воқеа ҳам содир бўлиши мумкин, бу ватанни кимдир босиб олса-чи? Масалан Россия! Буниси ҳам бизга маъқул! “Оллоҳнинг бизга берган қисмати шу экан”, деб қўл қовуштириб ўтираверамиз.

Сўх нима учун сотилади? Сўхни асраб қолиш учун Ислом Каримов сиёсий, дипломатик, лозим бўлса, ҳарбий куч ишлатиши кераклиги айтиляпти. Сиёсий сафарбарликни Каримов амалга ошира олмайди.  Чунки у сиёсатни мутлоқ тушунмайди, у сотиш бўлса тушунади. Ҳукмдоримиз иқтисодчи ахир.

Ҳарбий юриш қилиш мумкин-ку. Масалан, Сўх анклавига ўтиш йўлларига Ўзбекистон ҳарбийларини киритиш, жуда бўлмаса қирғизларга ўхшаб ҳарбийларни фуқаро кийимида ҳудудга йўллаши мумкин эди. Лекин бунақа ишлар Ислом Абдуғаниевичнинг қўлидан келмайди. Чунки у жуда яхши билади: унинг ҳарбийлари фақат қуролсиз одамлар олдида ботир ва қуролсизларни ота олади, холос. Аммо қуролланган душман олдида эса уларнинг тиззаси қалтирайди.

Куч ишлатар тизимлар, суд ва тергов органлари, ҳамма-ҳаммаси биргина Ислом Каримовнинг хизматида бугун. Улар ҳам мана шу халқнинг фарзандларини турмаларда қийнаб, чиритиб таскин оладилар. Гўёки уларда айб йўқ, буйруқни бажаришган.

Африкадаги Уганда диктатори Иди Амин қисматини эслаб ўтсак бўлади шу ўринда (http://www.youtube.com/watch?v=OLvh6IilrF4). Диктатор Иди Аминнинг ҳам армияси худди Ўзбекистон армияси каби қуролсиз халқ олдида ботир эди. Ўзбекона иборалар билан айтганда “хона шеру, майдонда ғариб” эди. Иди Амин армия кучи билан Угандада оммавий террор ўтказган диктатордир. Унинг ҳукмронлиги 1971 йилдан 1979 йилгача давом этди. Бу даврда 250 мингдан 300 мингача одамнинг ёстиғини қуритди. 1978 йилда Иди Амин қўшни Танзанияга ҳужум қилиши ортидан тахтидан айрилган. Юқорида айтганимиздек, унинг армияси фақат қуролсиз халқи олдида ботир бўлган. Танзанияга қарши ҳарбий юриш қиларкан, Танзания армияси нафақат агрессияни тўхтатди, балки агрессорни таъқиб қилиб, Уганда ҳудудига ҳам кириб келди. Шундагина Иди Амин тўй тугаганини тушунди. Мамлакатни ташлаб чиққан Иди Амин Саудия Арабистонидан бошпана олиб, умрининг охирига ўша ерда беркиниб ётди. У 2003 йилнинг 16 августида 75 ёшида вафот этган.

Демак, Ўзбекистон армияси ҳам қуролланган қирғиз фашистларидан қўрқади. Ахир уларда ҳам бола-чақа бор, тўй қилиши керак, орзу-ҳавас дегандай. Ватан кетса кетсин, обрў кетмасин. Ватан кетса кетсин, тахт кетмасин! Мана бу ўзбек армиясининг ва президентининг шиори. Албатта ҳозирча, вақт-соати келганда Ватан ҳам кетади, тахт ҳам. Яъни, Ўзбекистон майдалаб қўшниларга сотилганида.

Мана шунинг учун ҳам Сўх сотилади. Сўхдан кейин қолган ҳудудлар ҳам майдалаб сотиб юборилади. Ислом Абдуғаниевичнинг маслаҳатчиси Вячеслав Голышев экан, шунақа майда-майдалаб сотиш бўлади. Президентимиз бозорда қути кўтариб “сотаману-кетаман” деб айланиб юрган атторга ўхшайди. Унинг қуттисида эса майдаланган Ватан ва у Ватан парчаларини ҳали унга, ҳали бунга таклиф қилади, сотади.

Сўх бошланиши, аммо охири эмасга ўхшаяпти. Марказий Осиёнинг келажакдаги харитасида Ўзбекистон деган юрт умуман бўлмаслиги ҳам мумкин. Масалан, Сурхондарё, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларини Тожикистон сотиб олади, Фарғона водийсини Қирғизистон, Қозоғистон эса Тошкент, Жиззах, Навоий вилоятлари ва Қорақолпоғистонни харид қилади. Туркманистон эса Қашқадарё, Бухоро, ҳамда Хоразм вилоятларини олади. Ўзбеклар худди бугунги даврдаги курдлар каби беватан бир халққа айланади. Аммо курдларга ўхшаб Ватанимизни қайтиб беринг деган талабни қўймайди.

Ватанни сотиб юборгач, беватан қолган ҳукмдорни Саудия Арабистони қочқин сифатида қабул қилишига ҳам ишониш мумкин. Исроил ҳам уни қабул қила олади. Демак диктатор ҳеч нарса йўқотмайди. Булар ҳаммаси ҳали олдинда!

Лекин энг мақбул йўли, Ўзбекистонни бутунлигича сотиш эмасмикин…  Ахир айтишадику: “шаф, шаф деганча бир марта шафтоли демоқ керак” деб. Ана арзон бўлиб қолди Ватан, кеп қолинг, сотаману-кетаман! Саудиягами, ёки Исроилга кетаман!

Нурсултон Назарбоев ва Асқар Акаевларнинг Қозоғистон ва Қирғизистон ҳудудларини Хитойга сотганини эшитиб нафратлангандик. Аслида у ерлар ҳам бизга Ватан ахир. Биз Совет Иттифоқида туғилганмиз ва собиқ СССР ни бутунлигича Ватан дея эътироф эта оламиз.  Энди эса қирғизлар бизнинг Сўхни сотиб олишади.  Бизда ор борми, ёки номус бормидики, бундай савдога норозилик билдирсак.

Ҳеч қачон!

Биз норозилик билдира олмаймиз ҳам, шунчаки “қўлимиздан нима ҳам келарди” деб тошбақа косасига бошини тортгани каби, бошимизни елка орасига яширмоқчи бўламиз ва “чурқ” этмай ўтираверамиз.

Тўлқин Қораев
Швеция