“Мустақиллик ёшлари”дан нафратланаман!

Ўзбек ёшларидан қўрқа бошладим. Ҳар сафар кўча-кўйда кўрганда, улар орасида минглаб Ислом Каримовлар етишаётган илон тухумларига ўхшатдим.

“Мустақиллик ёшлари”дан нафратланаман!
86 views
03 February 2013 - 8:37

Бундан бир йил олдин Ўзбекистонда фаолият юритувчи бир жамғарманинг ташкил қилгани бир лойиҳа доирасида, бошқа журналист ҳамкасбларим қаторида, республиканинг учта вилоятига сафар уюштириб, у ердаги ўрта мактаб, лицей ва коллежларнинг битирувчи синфлари ўқувчиларига журналистика асосларидан дарс бера бошладик.

Аввалига журналистика курсларида иштирок этишни истаган ёшларни суҳбатдан ўтказиб, кейин танлаб олинганларга журналистика асосларини тушунтирдик. Ишонасизми-йўқми, уч вилоятда ўтказилган суҳбат ва дарслар давомида ёшларимиз фикрларини тинглаб, уларнинг дунёқараши бир хил даражада жирканч ва манқурт эканлигига амин бўлдим.

Бундай аянчли хулосага илк суҳбатлар давомида келганман. Мисол учун, биз ташриф буюрган илк вилоятда (номини айтмайман, чунки баъзи маҳаллийчи нодон кимсалар қуйида ёзадиган маълумотларимни ўқиб: “Ўзи фалон вилоятидагилар шундай бўлишади”, – дейишади) ўтказган суҳбатларимиз давомида журналистика дарсларида иштирок этиш истагида бўлган ёшларга: “Журналистика курсларида иштирок этишдан мақсадингиз нима?”, “Агар келажакда журналист бўлмасангиз, нима қиласиз бу курсларда қатнашиб?”, “Агар келажакда журналист бўлсангиз, вилоят ҳокими ёки республика президенти билиб ёки билмасдан хато қилишса, уларни танқид қила оласизми?” каби саволларни бердик.

Суҳбатларимизнинг биринчи кунида олдимизга Отабек исмли бир йигит кирди. У билан бўлиб ўтган савол жавобни қуйида диалог шаклида келтираман:

– Отабек, журналистика курсларида иштирок этишдан мақсадингиз нима?
– Журналистика қандай касб эканлигидан, унинг сир-асрорларини ўзим учун билиб қўймоқчиман.
– Ўзим учун билиб қўймоқчиман, дедингизми? Журналист бўлиш истаги йўқми сизда?
– Йўқ.
– Ким бўлмоқчисиз унда?
– Камида – Бош вазир, а так – президент бўлмоқчиман.
– Бош вазир ёки президент бўлишдан мақсадингиз нима?
– Юртимизнинг тинчлигини кўролмаётган ваҳҳобийларни, исломий террорчиларни ҳамда муҳтарам юртбошимизга қарши бўлган бошқа ғаламисларни дунёнинг ҳамма ерида ушлаб, қириб ташламоқчиман.
– Отабек, бу ишларни қилиш учун журналистикани ўрганишнинг умуман кераги йўқ. Мақсадларингиз шу экан, Сизни бу курсларга ололмаймиз!
– Нега энди?! Президент ҳамма нарсани билиши керак: фермерликни, ишлаб чиқаришни, иқтисодни, қишлоқ хўжалигини, сиёсатни, динни. Президент бўламан деган одам журналистикадан ҳам хабари бўлиши керак! Илтимос мени олинглар дарсларингизга!
– Хўп. Журналистиканинг сир-асрорларини ўзим учун билиб қўйишим керак, дедингиз. Журналистиканинг бир сирини айтамиз сизга: журналист ҳеч кимдан қўрқмаслиги, фақат ҳақиқатни ёзиши керак. Бу жуда оғир иш.
– Мен ҳеч кимдан қўрқмайман, ҳамиша тўғри гапни айтаман ўзи!
– Бўпти, сизга бошқача савол берамиз. Тасаввур қилинг: сизнинг орзуингиз ушалиб, Ўзбекистонга президент бўлдингиз. Президент бўлиб ишлаяпсиз. Кутилмаганда журналистлардан бири ёки кўпчилиги сиз чиқарган у ёки бу қарорни қоралаб, сизни танқид қилишди. Шунда сиз нима қиласиз?
– Шу журналистни ёки журналистларни СНБга ва Ички ишлар вазирига айтиб, қамаб ташлайман!
– Ие, нега энди?
– Жиннимисизлар? Президентни танқид қилиб бўладими?!
– Президентни танқид қилиб бўлмайдими?
– Албатта, йўқ!
– Тасаввур қилинг: журналистлар орасидан шундай “жинни” чиқиб қолди. Нима қиласиз?
– Айтдим-ку боя, қаматтираман деб.
– Агар шу танқид қилган журналист сиз билан мана шу курсларда қатнашиб, кейинчалик журналист бўлиб кетган курсдошингиз ёки мактабдошингиз бўлса-чи?
– Бўлса бўлибди курсдошим, мактабдошим. Барибир қаматаман.
– Нега каматасиз, сабаби борми?
– Айтдимку, президентни танқид қилиб бўлмайди деб.
– Президент хато қилса ҳам, уни танқид қилиб бўлмайдими?
– Президент хато қилмайди!
– Мана, бошқа давлатларда журналистлар мамлакат президентини танқид қилишади-ку. Шулардан ўрнак олсангиз бўлмайдими?
– Улардан ўрнак олиб бўлмайди, чунки улар бизнинг ота-боболаримиздан қолган урф –одатларимизга, миллий қадриятларимизга, ўзбекчилигимизга тўғри келмайди.
– Отабек, кечирасиз, келажакда журналистларни қаматиши мумкин бўлган ўқувчиларни курсларимизга ололмаймиз. Яхшиси сиз журналистика курсларида эмас, президентлик курсларида таҳсил олинг. Хайр!

Ишонасизми-йўқми, бир вилоятда ўтказган уч кунлик суҳбатларимизда жами 50-60 нафар йигит-қиз билан суҳбатлашган бўлсак, улардан 40-45 нафари мана шундай жирканч жавоблар бериб, манқурт фикрларни айтишди. Ўзбек ёшларининг аксарияти Каримов диктатураси томонидан аллақачон зомбига айланиб улгурганини кўриб, ҳаммамизни оғир бир пессимизм, енгиб бўлмас бир умидсизлик эгаллади.
Ўйлаб кўринг: эрта-индин ана шу зомбилар мамлакатнинг турли соҳаларига эгалик қила бошласа, бугунги кундан миллион чандон вахшийроқ диктатурага асос солишади! Улар фикрлар хилма-хиллиги, сўз эркинлиги, очиқлик, демократия деган тушунчалардан умуман йироқлар.

Иккинчи вилоятга уюштирган сафаримиз чоғида Мансур исмли бир йигит: “Агар юртбошимиз ҳақидаги ёмон гапларни отам ёки онам айтса, мен уларни ҳам МХХга олиб бориб топшираман!” деб, ҳаммани лол қолдирди. Шахсан ўзим шу йигитнинг юзига тупуриб юборишимга сал қолди. Мустақиллик даврларида вояга етаётган ўзбек ёшларида манқуртлик ва зомбилик қанчалик даражада илдиз отиб улгурганини тасаввур қиляпсизми?! Агар Ўзбекистонинг келажаги шу ёшларнинг қўлида бўлса, ишонаверинг: Ўзбекистон – келажаги тубан давлат!

Учинчи вилоятда журналистика курсларини ўтиш биз учун ҳақиқий азобга айланди. Чунки биз замонавий журналистика қонун-қоидаларини, журналистик материаллар тайёрлашнинг илғор усулларини қанчалик ўргатмайлик, ўқишга танлаб олинган йигит-қизлар берилган топшириқларни ҳозирги каримовча журналистика мактаби қоидалари бўйича тайёрлашдан чарчамадилар. Ёзган ҳар бир материалида улар “Муҳтарам юртбошимизнинг эътибори ва ғамхўрлиги туфайли”, “мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ва кенг ислоҳотлар самараси ўлароқ”, “мустақиллик шарофати билан”, “юртимизда минг йиллик анъаналаримиз, миллий урф-одатларимиз тикланиб бораётгани кўзларимизни қувонтириши баробарида” каби қолип ва штамп сўз бирикмаларини ишлатавериб, ҳафсаламизни пир қилишди.

Ишонасизми, ўша вилоятда ташкил қилинган журналистика курсларида қатнашган атиги 15-20 нафар ёш манқурт ва зомбиларга биз, тажрибали журналистлар, енгилдик! Бир ой давомида уларни замонавий журналистикага ҳам, сўз эркинлигига ҳам – ҳеч нарсага ўргата олмадик!
Курсларимиз сўнггида эса бир тингловчимизнинг отаси олдимизга келиб: “Қалби пахтадай оппоқ мурғак қалбларни, болаларимизни нималарга ўргатаяпсизлар ўзи? МХХнинг подвалига тушгиларинг келиб қолдими?” деб, пўписа қилганини айтмайсизми?!

Шу хизмат сафарлари ва воқеалардан кейин мен ўзбек ёшларидан қўрқа бошладим. Ҳар сафар кўча-кўйда кўрганда, улар орасида минглаб Ислом Каримовлар етишаётган илон тухумларига ўхшатдим. Узоғи билан 10-15 йилдан кейин бу тухумлар ёрилиб, уларнинг ичидан минглаб қонхўр қотиллар, еб-тўймас ҳаромхўрлар, бешафқат золимлар чиқиб, Ўзбекистонни ҳаробага айлантириши ҳеч гап эмас!

Шунинг учун мен келажакда Ўзбекистонга мустақиллик даврларида ўсиб-улғайган каримовпараст зомби ёшлар эмас, ўтган асрнинг 80 йилларида ёш бўлган, Горбачевнинг “қайта қуриш” даврларида шаклланган авлод бош бўлишини Аллоҳдан сўрайман.

Абдураҳмон САИДОВ