С.Имомов: Олим ва мутахассисларга чақириқ

С.Имомов: Олим ва мутахассисларга чақириқ
145 views
05 February 2013 - 13:32
sanjar-imamov

Санжарали Имомов

Юртимиздаги ҳозирги вазиятни ҳисобга олиб, давлат эгаларига биринчи навбатда олим-мутахассисларга таклифим бор.

Халқимиз ҳозирги кунда шунчаки юрак олдириб қўйган бўлмай, балки ўта юраксиз, Хақ сўзини айтолмайдиган ижирғанар даража нафсонияти йўқолган авомга айланиб қолгани сир эмас. Юраксизлик кўрсатгичи йилдан-йилга юксак марраларга чиқаётгани, одамлар ўзи ва оиласидан бошқани ўйламайдиган, бу кетишда ота-она, ҳатто оиласини ҳам ўйламайдиган, ўйлай ололмайдиган ўта қўрқинчли офат кўзга кўринмай бостириб келаётгани энди кўзга яққол ташланиб қолди.

Лекин бу ҳақ-ҳуқуқ ҳақида ўйлашни унутган, қўрқоқлик офати оқибатида куни келиб чидаб бўлмас қашшоқликка одамлар  беихтиёр “дод” деб юбориши муқаррар.  Унда бу вазиятни автомат билан ҳам тўхтатиб бўлмай қолади. Бир сўз билан айтганда, халқ қашшоқликдан қутуриб қолади. Сабаби итини қопағон қиладиган эгасини ўзи бўлади.

Рўйи-рост айтганда давлат аҳолига итга молга қарагандек муомала қилишига халқ кўникиб кетган. Лекин жуда бўлмаса чет элда яшаётган чет эллик хайвонларча турмуш шароити бўлмаса ҳам, чет эллик камбағал ҳайвонлардек яшаш имконияти, чет эллик ҳайвончалик ҳақ-ҳуқуқ берилиши керак-ку.

Амалдаги ҳукумат халқни қашшоқликдан чиқаришига ақли расо ҳам ақли норасо ҳам ишонмайди.

Хўш, биз мамлакат ичидаги зиёли қатлам нима қилиши керак? Зиёли қатламнинг ўзи қолганми? Холисона, қўрқмасдан мамлакатнинг ҳозирги аҳволини юрак ютиб, тилида айта оладиган жонкуярни бармоқлаб санасак, бармоғимиз ортиб қолмасмикин?

Битта-яримта тилига чечак чиқмаган оғзи ботирлар ҳам молга қўнган тасқарадай чиқиб қолар. Аммо шу оғзи ботирларимиз бу ҳукуматга нима таклиф эта биладилар.  “Коррупцияни йўқ қилиш керак, чегараларни очиш керак, мухолифатга эрк бериш керак ва ҳоказо” десангиз-у, ҳукумат “мана” деб ўрта бармоғини кўрсатиб тураверса, бундан нима маъно чиқади.

Мен мамлакатда қўлинг ўргилсин диктатура шароитидан келиб чиқиб назардан қолган (асли ким  назардан қолмаган?) кучли-кучли иқтисодчи олимларни, файласуфларни, ҳуқуқшунос мутахасисларни, чорва ва деҳқончиликнинг пирларини, айниқса ер ости бойликлари бўйича геолог олимларни тўплаш ниятидаман (бажонидил “асл дин олимларини ҳам қўшиш керак” дердим-у, аммо ҳукумат аъзоларини думбасигача учуқ тошиб кетади).

Бу мутахассислар ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, яъни айни диктаторлик режими шароитида қашшоқликдан чиқишда амалий таклифларини берсинлар. Майли у тугал фикрий таклиф бўлмай, хомхатала чала бўлса ҳам бўлаверади.   Кимдир ахлоқий ахамиятда, кимдир ҳуқуқий, кимдир иқтисодий-илмий фикр-таклифлар берар. Энг мухуми кам харж билан инқироздан чиқиш фикрини бера оладиган олим-мутахассисларимизнинг бари хали кафан киймаганлар деган умиддаман.

Энг муҳими шу командани топиш ва тузиш керак. Агарда шу таклиф маъқул келса ёки ўзини шундай кучли мутахассис деб билганлар бўлса, ё ўша мутахассисларни биладиган танийдиганлар бўлса, бу таклифимни мурожаат чақириқ, деб қабул қилиб садо берсинлар. Агар-ки, шу ишга бош қўшиб, якдил хамдам бўлсак, нимадир юзага келади-ку!

Барибир чекка-чеккада биқсиб юрибмиз. Ахир Яратган бизга  каллани фақат қатиқ ивитиш учун бермаган-ку.

Кимдир “минг зўр таклиф берма, бу хукуматга бир тийинлик қизиғи йўқ” деб айтар. Шунақа ҳам бўла қолсин. Лекин нима бўлганида ҳам, аввал ўша маънавий-иқтисодий таклифга эга бўлишимиз керак-ку.

Мазкур ҳукумат норасмий тарзда балки шу ишга бош қўшар. Ақлга тўғри келмайди-ю, ҳар қалай чиқмаган жондан умид. Жуда бўлмаса “нега тўпланяпсанлар?” деб тўсқинлик қилмасалар, шу ҳам уларнинг ёрдами бўлади.

Санжарали Имомов,
драматург,
Тошкент.