“Қу-қуғ”лаган товуқ тухум қилмай қўймайди

“Қу-қуғ”лаган товуқ тухум қилмай қўймайди
184 views
07 February 2013 - 10:57

Водийларни яёв кезганда,
Бир ажиб ҳис бор эди менда.
Чапар уриб гуллаган боғин,
Ўпар эдим Ватан тупроғин.

soxforsaleҲамид Олимжоннинг бу мисраларини билмайдиган ўзбек бўлмаса ҳам керак. Лекин бу мисралар ўтмишда қолиб кетгани ва эндиликда Ватан тупроғини ўпишга қодир ўзбек анқонинг уруғига айланганини эса ҳамма ҳам билавермаса керак. Бугунги давр ўзбекларининг кўпчилиги “Ватан – бу пул”, “Ватан – бу тўй”, “Ватан – бу ош” деб ўйлайдиган бўлиб қолишганга ўхшайди. Балки бу ошириб юборишдир, аммо айни вақтда – бу ҳақиқат ҳамдир.

Чунончи, Ислом Каримов Сўх анклавини Қирғизистонга сотмоқчи бўлаётгани ҳақида ёзгандик. Бирор расмий хабар бўлмагани ҳолда, кимлиги ҳам номаълум қолаётган Усмон Ҳақназаров мақоласи асосида. Мана, энди расмий маълумотга ҳам эга бўлдик. 7 февраль куни Қирғизистоннинг Кабар агентлиги  Қирғизистон Жуқорғи кенгаши «Ар-Намыс» фракцияси депутати Турсунбай Бакир улуга таяниб, бизнинг юртбоши шу йилнинг 19 январь кунида қирғизларга Сўх анклавини сотиб олишни таклиф қилганлигини тасдиқлади kabar.kg

Демак энди сўхликлар қирғиз паспорти олишга тайёрмикан? Ҳар қалай, Қирғизистонда улар учун осон бўлишини башорат қилиш ҳам қийин. Чунки қирғизлар бировнинг қонини тўкишни хуш кўришади ва шундан келиб чиқиб сўхликларнинг ҳам уйини куйдиришлари ҳеч гап эмас. 2010 йилнинг июнь ойида Жалолобод ва Ўшда бўлгани каби. Лекин улар Ўзбекистоннинг Жиззах, Сирдарё ва Навои вилоятларига кўчиб ўтишлари ҳам мумкин, агарда ўз уйини, ўлан тўшагини ташлаб кетишга рози бўлишса. Асло рози бўлишмаса керак! Муаммонинг ечими қайда энди?

Ўзбекларда шундай нақл бор: “Қу-қуғлаган товуқ тухум қилмай қўймайди” дейилади унда. Демак, президентимиз ҳам Сўхни сотмай қўймайди деб тушунсак бўлади. У кишига пул керак. Швейцария ва Швеция банкларида музлатилган пуллари қанча эканлигини Худонинг ўзи билмаса, бандаси аниқ билмайди. Ҳаттоки юртбошининг ўзи ҳам! Ислом Абдуғаниевич бу йўқотилган пулларнинг ўрнини нима биландир тўлдириши керак-ку. Сўхни сотиш мана шу бўшлиқни тўлдириш учун бўлса керак.

Юқорида айтганимиздек, Сўхни Қирғизистонга пуллаш сўхликлар учун маъқул эмасдек. Шундан келиб чиқиб аниқ бир стратегик план ишлаб чиқишимиз лозим. Сўх сотилади, демак уни ҳар икки томонга маъқул келадиган қилиб пуллаш керак экан. Сўхликлар ҳам куймасин, юртбоши ҳам куймасин. “Ўзбеклар ҳам” дейишга эса ҳожат йўқ. Ўзбеклар куйиб, куйиб бадани қотирма бўлиб кетган ва уларни ўт ҳам, сув ҳам олмайди энди. Сўх кимники бўлгани маъқул деган савол туғилади ва бунда анклав аҳлининг тожик миллатига мансублигидан келиб чиқиб, уни Тожикистон сотиб олгани маъқул десак бўларди. Бу ўринда Тожикистонга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатсак ҳам бўлади.

Сўх барибир сотиларкан, уни Швеция ҳукуматига сотиб олишини маслаҳат берсакчи? Агар савдо бунақа тус олса, бундан биринчи навбатда Европада яшаётган ўзбекистонликлар ютади. Айниқса Швецияда ўзбекларнинг каттагина қисми яшайди, улар учун Сўхга бориб келиш, у ерда қариндош-уруғлари билан учрашиш имкониятлари пайдо бўларди. Масалан, у ерда Сўх коммунаси пайдо бўлади. “Коммуна” – шведларда маҳаллий ижроия ҳокимияти дегани, ёки Совет давридаги атамани қўллаб қарайдиган бўлсак, “райисполком” дегани. Сўхда Европанинг бир бўлаги пайдо бўлса ҳамма учун яхши. Шведлар эса пулнинг бетига қараб ўтирадиганлардан эмас эканлиги яқинда исботини топди. Биргина TeliaSonera уялик телефон алоқалари компанияси  Ислом Абдуғаниевичнинг қизига миллаирдлаб пулни пора сифатида бериб юборганидан келиб чиқадиган бўлсак, бутун мамлакат Сўх учун анчагина маблағ тўлаб бера олишини тушуниб олиш қийин эмас. Юқорида айтганимиздек, ҳукмдоримизга пул бўлса бўлди-да.

Бунинг учун Швециядаги ўзбекистонликлар бир ёқадан бош чиқариб Стокгольмда катта намоишлар ўтказиши ва Сўхни сотиб олишни талаб қилиши зарур. Албатта келгусида Ўзбекистоннинг қолган ҳудудлари ҳам сотилишини ҳисобга олсак, Марказий Осиёда Швециянинг Ўзбекистон деган коммунаси ҳам пайдо бўлишини башорат қилиш мумкин бўлади. Йўқ! Ўзбекистон унқада Лэн бўлади. Ўзимизнинг тилда “ўлка”. Масалан, “Кроснояр ўлкаси” бўларди Совет даврида. Лэнлар эса коммуналарга бўлинади.

Бордию, Сўхни сақлаб қолишга ҳаракат қилсакчи? Масалан, Ўзбекистоннинг ўлик депутатларининг танларига қаердандир жон кириб Ислом Абдуғаниевичдан “бу нима қилганинг” деб сўрай олишармикан? Асло йўқ! Балки Ислом Каримовга инсоф битиб қолар? Игнанинг кўзидан туя ўтишига ишониш мумкину, аммо Ислом Каримовга инсоф битишига ишониб бўлмайди. Аммо олдинда кутилаётган хоинликнинг олдини олишнинг яна ҳам яхши бир йўли бор. Ўша қу-қуғлаётган товуқнинг баҳридан ўтиб юбориш керак бўлади. Шунда Сўх ҳам,  Ўзбекистон ҳам ўзбекларнинг ўзига қоларди. Лекин бу йўл биз учун жуда қалтис йўлда. Қийин!  Бошимизни бирлаштира олмайдиган ва “анву ундай қилди,  манаву бундай қилди” ларга ўрганиб қолган халқмиз ахир. Қандай бўларкин, бу сифатимиздан кечсак?

Тўлқин Қораев
Швеция