Раҳбарлар кимга душман?

Раҳбарлар кимга душман?
79 views
08 February 2013 - 10:12

images (40)“Ўроқ ва болға” бир-бирларига орқа ўгириб етмиш йил суянганча  “жаннатда“  яшаётган даврларнинг турғунлик палласида содир бўлган бир воқеа латифага айланиб, эл орасида миш-миш тарқалганди. Яъни, ғаламислар тўдаси  шаҳар бошқарувини қўлга олиб, ҳалқни мавжуд шўролар тузумига қарши огоҳлантирмоқчи бўлибдилар. Режага кўра, улар қуйидагича йўл тутадилар. Аввало юқорига хабар етмасин деб алоқа тизимини атайлаб ишдан чиқардилар.

Сўнгра сувнинг  таноби тортилади. Халқдан эса садо чиқмайди. Сўнгра газ мурватини бурайдилар, халқ тезак, ўтин билан тирикчилигини ўтказади. Иложсиз қолган нобакорлар электр  қувватини қирқадилар. Барибир одамлар ўз ишлари билан машғул бўладилар. Бошқа чора тополмай жазавага тушган кофирлар бутун халқни  бошқарув биноси олдига тўплаб, “Барчангиз эртага икки қулоч арқон билан келинглар” деб эълон қилдилар.  Шунда бир киши қўл кўтариб  “Совунни  ўзларинг берасизларми ёки ўзимиз билан олиб келайликми?” деб  сўрайди.  Бу гапни эшитган  ҳаромзодалар уларнинг бардоши ва жамиятга садоқатини кўриб, ўзлариёқ қочиб кетган эканлар.

Мен бу ибратли воқеани мисол келтиришимнинг боиси шундан иборатким,  айнан шу воқеалар ҳеч бир муболағасиз реал ҳаётда содир бўлмоқда.

Келиб чиқиши  “номаълум”,  қайси қўпорувчилик ёхуд жосуслик гуруҳи вакиллари эканлиги мавҳум бўлган шахслар Бойсун туманидаги стратегик муҳим бўлган нуқталарда раҳбарликни қўлга олиб, халқнинг мавжуд тузумга нисбатан ғазаб-нафратини кучайтиришга уринмоқдалар.

Балки улар шу йўл билан  мамлакат бошқарувини қўлга олмоқчидирлар?…

Мен вақтингизни олмаслик учун  тафсилотларга тўхталмай, аниқ мақсадга ўтмоқчиман.  Биринчидан, умумхалқ мулки ҳисобланмиш оқар сув турли найранглар  билан монополияга айлантирилиб, халққа навбат билан бор-йўғи бир соат  ичимлик суви улаштирилмоқда. Икки йил олдин бу муаммо ёритилиб “Эко ҳаёт” газетасига жўнатилганда, босилиш арафасида турган “Оби худойи” чоп этилмай қолди. Сабаби, сув монополистлари билан “Эко хаёт” рахбариятининг таниш-билишлиги айтишга хожат йўқ.. Фақат   шахматдагидек рокировка усули қўлланилиб,  бир пайтлар пора билан қамалган, телбалик гувохномаси бор одамнинг ўрнини  “расман”  бошқаси эгаллади.

Энди  “оқма”  газ ўйинлари хақида сўз  юритсак, кейинги ўн йилликда туман  газлаштириш идорасига  пойтахтгача илдиз отган одам раҳбарлик қилмоқда.  “Кўрмаганни кўргани қурсин” деганларидек, ўйин айнан шу даврдан бошланди. Ўша даврда салоҳиятли идоралар уни эгарлаб тартибга чақирмоқчи бўлганларида  “Шоир мени акам бўлади” деб телефон гўшагига ёпишган. Ташвишлардан холи  шоир халқига қўшилиб қариндош-уруғ,  ёру дўстларини бунчалик қийналаётганини билмаса керакда.  Билганида,  Абдулатифга жазо берган Улуғбек сингари, унинг номидан иш кўрган  куёвининг танобини тортиб қўярмиди… Қисқаси, шу воқеадан кейин унинг ошиғи олчи, ўзларича жадвал тузиб олган, саҳар соат 6-00 дан 8-00 гача, кечқурун соат 17-00 дан 20-00 гача газнинг мурвати очилади. Номигагина аҳолига беш соат босимсиз газ улашилади, холос.

Энди эътибор қилинг, газ ўчирилганда тумандаги ўнлаб километрлик қувват ҳаво билан тўлади. Шу беш соатнинг бир соатида халққа ҳаво сотилади. Босим йўқлигидан кўпчилик ҳисоблагичларни олдириб ташлаган. Аммо халқ режадагидек кун бўйи газдан фойдаланганидек ҳақ тўлашга мажбур. Газ хисоблагичи борлар хам ўзларидан бир соатдан хаво ўтказиб, Худо берган хаво хисобига, газ  “идорасини” бойитмоқда. Газ ўчирилганда бўш қувурлар хаво билан тўлиши тайин. Бу исбот талаб қилмайдиган аксиома. Аммо нима учундир газ идораси бошлиғининг дунёда биринчи бўлиб  хавони  сотишини  Гаагадаги ҳалқаро трибунал муносиб тақдирлаб, патентлаштирмаяпти.  Шу ўн йил мобайнида юзлаб машинага етадиган маблағга хаво сотилди шекиллик-ов…

Туман прокурори нима учундир бу янги  “ихтирони” тафтиш қилишга шошилмаяпти. Улардан бири аёл бўлганда  “дон олишаяпти” деб ўйлашимиз мумкин.  Аммо иккаласининг ҳам фамилияси ортида қўшимча  “а” харфи йўқ. Яна исбот талаб қилмайдиган аксиома. Ё моддий манфаатдорлик бор ёки бесоқол. Ёки уларнинг иккаласи ҳам халқни мавжуд тузумга қарши қўзғатувчи қўпорувчи гуруҳ аъзолари.

Одам зоти борки, бировдан мурувват кўрса,  “илоҳим чироғинг ўчмасин” деб   айтади, бунда бениҳоят катта маъно бор. Яни, яхши инсонга унинг авлодининг бардавонлигини тилайди.

Аксинча, азоб берадиган одамларга “илохим  чироғинг ўчсин” деб, унинг авлоди, шунинг баробарида ёмоликлар бархам топишини истайди. Бу мақолчиликни бизга алоқаси йўқ десам муболаға бўлмас. Чунки бир кеча-кундузда 14 соатлаб чироқ ўчса хам, одамлар кўпайишаверади. Шукрким шам бор, қора чироқ бор, қолаверса  Худо берган хилол йил ўн икки ой тунимизни равшан қилади. Одамлар янгиликларни батафсил радиодан эшитишади. Улар телевизор кўрмай қўйишган. Чунки атайлаб қилишгандек айнан давлат раҳбари гапираётганда чироқ  ўчирилади…

Давлат идоралари, банклар ишлаши керак бўлган пайтларда ҳар беш дақиқада чироқ  ўчирилиб,  мавжуд техникаларни ишдан чиқаришга, кутилмаган қувват билан тўсатдан ёқиб, уларни куйишига, ёнғин бўлишига ҳисса қўшади. Халқ улардан сабаб сўраб чарчаган, чунки жавоби аниқ  “Қарздорлар кўп, вилоятдан ўчиришган”. Халқ эса ҳайрон, ҳақини тўлаб турган бўлса, қарздорлик қаердан пайдо бўлади? Уларнинг қўлида узундан узун рўйхат, баъзиларининг қарзи миллиондан ошган, фамилияларга кўз югуртирсангиз собиқ ва амалдаги раҳбарлар. Улар олишга ўрганган, тўлашга эмас. Лавозимда турганларида ҳеч ким журъат билан дарвоза эшигини тақилатиб “тўла” дейишга ботина олмаган. Ҳеч бир амалдор ўзидан билиб тўламаган. Баъзи эҳтиёткор рахбарлар эса сўзи ўтадиган раҳбарларга тазйиқ ўтказиб, пул ўтказиш йўли билан амалга оширганлар. Яна аксиома, раҳбарнинг ўзи ўз қўли билан нақд пул тўлаб, ойма-ой паттасини  олмадими билинки, бу албатта тазйиқ йўли билан тўловни амалга оширган. Яна азоб халққа, емаган сомсасига пул тўлаш.

Жамоа ва ширкат ҳўжаликлари тугатилиб корханалар хусусийлашгач, уларнинг маблағини давлат хисобига  чиқим қилиб ўмаришни пайи қирқилди. Эндиликда “шоҳона” яшашга  ўрганган раҳбарлар маориф, коммунал хизмат, сув, газ, қурилиш идораларига эътибор қаратдилар. Тендерда  “сотиб олди” ниқоби остида ўзларича “мойил” бўлган қурилиш ташкилотларига ишни топшириб, “ҳашар” йўли билан коттежлар қурилишини бошлаб юбордилар. “Бир балоси бўлмаса шудгорда қуйруқ….” яна аксиома. Туман хокими Панжи Тангриевнинг махалларга зуғум ўтказиб, коттежлар қурилишига одам жўнатилиши талаб қилишини яна қандай тушунмоқ мумкин? Ё ҳоким ҳам давлатга қарши қўпорувчи гурух аъзосими?

Биз туман раҳбариятини халқни давлатга қарши қўзғатишга  уринаётганлиги хақидаги харакатлари рўйхатини достон даражасида ёритишимиз мумкин. Аммо бизлар хато  қилиб уларни  ноҳақдан “халқ душманлари” деб қоралаётганимиздан хулоса чиқариб, нафсини тийган холда, адолат ва эзгулик йўлини тутсалар ажабмас деган умиддамиз. Бурунги замонда халқ  дардини достончилар, бахшилар қўшиқ, куй орқали, мулойим тарзда подшоҳликка маълум этганлар. Агар биз халқ дардини қўполроқ тарзда баён этаётган бўлсак, қувурдан “оби замзам”, газчилар “мангу олов”, чироқчилар “ўчмас зиё” ато этиб, фикримизни равшан, дардлардан фориғ этсинлар. 

Зар СОБИРОВ.