Бир қамчи ёхуд келажак авлодга ёлғон тарих қолдирмайлик

Бир қамчи ёхуд келажак авлодга ёлғон тарих қолдирмайлик
51 views
08 February 2013 - 10:21

(Мавзуга қайтиб)

Халқимизда «Яхши отга бир қамчи» деган ҳикматли ибора бор. Аслида бу гапни одамларга, қолаверса, айрим раҳбарларга нисбатан ишлатишга уяламан. Аммо улар қулоқсиз бўлса, ўзини тушунчасиз тутишга уринса, нима килай? Ноилож мақол ишлатамиз-да! Уларнинг ҳатти-ҳаракатларини фақат шу ҳикмат очиб беради. Бу ёғини сўрасангиз, ҳеч бир амалдор халқдан устун эмас, аксинча, халқнинг хизматкоридир. Менимча, узримни айтиб бўлдим, энди мақсадга ўтсам ҳам бўлар…

Биз – уч-тўрт киши ўтган йили тарих фанлари доктори, профессор Сайфулла Турсунов ва тарихчи олимлик даъвосини қилувчи Қобил Рашидовларнинг ҳаммуаллифлигидаги “Бойсун” монографиясига кўз югуртириб,  ундаги хато-камчиликлардан хушимиз бошимиздан учган эди. Ғиж-ғиж хато ва ёлғонлардан иборат бу китобни тарқатиш маънавиятимизга катта зарба эканлигини далиллар билан исботлаб, маҳаллий амалдорларга хат йўллаган эдик. Бош ёрилса, дўппи тагида деганларидек, масала шу ерда ҳал бўлса-ю, муаммо туман ҳудудидан четга чиқмаса, дея шундай йўл тутган эдик.

Аммо амалдорлар пули куйган қалампир чайнабди қабилида иш тутиб, сарфланган миллионларнинг ўрнини қоплаш учунми, китобни зудлик билан сотувга чиқаришди. Унда айрим тарихий ҳақиқатлар бузиб кўрсатилганлиги ва оқибатда эртанги авлод чалкаш манбалардан фойдаланмасликларини истаб   “Сурхон ёшлари”  (2011 йил, 27 июнь), “Чагониён” ва “Бойсун” (2011 йил, июль) газеталари  билан ўз фикрларимизни  ўртоқлашдик.

Афсус, бу «қамчи»лар ҳам иш бермади. Мақола чоп этилгач, китоб амалдорларнинг босими билан ташкилот, маҳалла, билим масканларига тарқатилди. Текинга эмас, албатта…

Тарихни сохталаштирувчи олимларни “суянадиган тоғлари” ўз “паноҳи”га олгач, биз юртбошимизга хат билан мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Мактубимизни Фанлар Академиясининг махсус эксперт гуруҳи ўрганиб чиқиб, бизга жавоб хати йўллади. Унда биз келтирган далилларнинг катта қисми ўз тасдиғини топган. Келинг, ЎзР ФА Тарих институти эксперт комиссиясининг Президент девонига йўллаган хатидан парчалар келтирайлик:

“Тақризчилар ҳақли тарзда таъкидлаганидек, 390-бетда Амир Темурнинг Балхни эгаллаш санаси 1371 йил эмас, балки 1370 йилдир. Шунингдек, ҳақиқатан ҳам асарда “Абдуллахон ўзининг “Шайбоннома”  асарида”, деб кўрсатилиши хато ҳисобланади. Хатда тўғри таъкидланганидек, асарнинг номи “Шайбонийнома”, унинг муаллифи эса Абдуллахон эмас, балки Муҳаммад Солиҳ ҳисобланади. (391-бет )

Умуман олганда, тақризчилар келтирган айрим илмий ва техник хатолардан ташқари китобда қатор янглиш, ноилмий мулоҳазалар ҳамда камчиликлар учрайди. Шу боис асар тақризчилари таъкидлаган барча техник ва айрим стилистик хатоларга кўз юмган ҳолда, баъзи жиддий камчиликларга батафсил тўхталишни жоиз, деб билдик. Чунончи, ўрта асрлар тарихи юзасидан келтирилган маълумотларда бир қатор саналар, манба номлари ва уларнинг  муаллифлари борасида ноаниқликлар мавжуд. Хусусан, 35-бетда тарихчи Истахрийнинг исми “Форсий” деб берилган. Аслида эса, Форисий деб ёзилиши керак (Форис арабча исм). Форсий деб ёзиш техник хато бўлса ҳам, китобни ўқиган ўқувчи олдида ноаниқлик пайдо бўлишига сабаб бўлади.

Монографияда қатор тарихий асарлар ҳақида маълумот берилганда ҳам хронологияга эътибор қаратилиши ва Истахрий, Ибн Хавқал, Ал-Муқаддасийларнинг асарлари тарихий хронология асосида берилса мақсадга мувофиқ бўлар эди (35-бет). Шунингдек, муаллифлар айрим ҳолларда Чағониён вилоятига тегишли бўлган умумий маълумотларни зўрма-зўраки тарзда Бойсун ҳудудига тегишли деб таҳлил қилганлар (35-38 б).

Муаллифларнинг асарнинг 70-бетида “Катта сиёсий қобилиятга эга бўлган Муҳаммад Раҳимбий кучли ҳарбий интизомга эга бўлган қўшин  тузиб, Бухоро тахтини эгаллади”, деган фикрлари ҳам илмий ҳақиқатдан йироқ бўлиб, манбаларда ҳамда тадқиқотларда бу борада маълумот учрамайди…

Муаллифлар 1758 йилда Муҳаммад Раҳимхон Бойсунни ўзига бўйсундирди, деб ёзади. Ушбу фикр нотўғри бўлиб, бу даврда  Муҳаммад Раҳимхон вафот этган. Шунингдек, аграр ташкилот, деганда нима назарда тутилган? (74 бет). Ерлар неча хил шаклда бўлган, деган масала устида фикр юритар экан, муаллифлар ўзларига қарши чиқади. Қолаверса, китобда Бойсуннинг хонликлар давридаги ҳолати ҳақида сўз юритилганда фақат ХVIII-ХIХ асрдаги айрим фактлар билан чекланган. Бошқа хонлар ҳукмронлиги давридаги Бойсун тарихи эса ёритилмаган.

Шунингдек, асарда нафақат Бойсун, балки Сурхондарё воҳаси этник таркибига ҳам тааллуқли бўлмаган қурама, еттиуруғ, қоракўз, учтамғали, тўққиз, оқлар каби умумтуркий этнонимлари ҳақида материаллар келтирилади…

Шу боис ўзР ФА Тарих институтининг эксперт гуруҳи ушбу асарни буткул таъқиқлашни эмас, балки юқоридаги мулоҳазаларни инобатга  олган ҳолда қайта чоп этишни ва бунда албатта  ЎзР ФА Тарих институти ҳузуридаги “Тарихий адабиётларни чоп этиш ва янгиларини яратиш бўйича Республика эксперт коммисияси”дан тақриздан ўтказишини тавсия қилади”.

Энди, тарихчи олимлар таъсиридан бирмунча узоқроқ бўлган, салоҳиятли идора бўлмиш Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигидан бизга жўнатилган хатдан парча келтирамиз:

“Бойсун” монографияси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиш академияси Янги Тарих марказида илмий экспертизадан ўтказилди. Экспертиза хулосасига кўра, ариза муаллифлари томонидан билдирилган танқидий фикрларнинг кўп қисми тасдиқланган, жумладан, асар ёзиш услуби, мазмун-моҳияти ва илмийлиги жиҳатдан монография эмас, балки туман ҳақидаги маълумотлар тўплами, илмий-оммабоп китоб ҳисобланса-да, муаллифлар маълумотларни тарихий изчилликда баён этиш ва холис илмий таҳлил қилишда хатоларга йўл  қўйган. Кўплаб тарихий, этнографик материаллар маълум изчиллик ва кетма-кетликда ёритилмаган. Айрим ўринларда топонимлар, этнонимлар ҳамда бошқа атамалар ўз  ўрнида қўлланилмаган.   Экспертлар  асарни юқоридаги мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда  камчиликлари тузатилиб, қайта нашр этилиши мумкин, деб ҳисоблаган.

Агентлик “Академнашр” нашриёти директори ва бош  муҳарририни экспертиза хулосалари билан таништирди. “Бойсун” китобини нашрга тайёрлашда хатоликларга йўл қўйганлиги хусусида нашриётга тақдимнома киритди.

Агентлик Сиз – салоҳиятли олимларга чоп этиладиган тарихга оид адабиётларни чуқур ўрганиб, уларда йўл қўйилган камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш борасида ҳисса қўшишдаги интилишларингиз учун миннатдорлик билдиради”.

Ушбу мазмундаги жавоб хатини бизларга йўллашган. Мен фақат бир нарсага ҳайронман, 1996 йилда ёзилган “Ўзбекистон тарихи” фойдаланишдан олинган экан, уларнинг муаллифи ҳали ҳаётми? Уни чоп этиш учун қанча маблағ сарфланди? Ундаги чалкаш маълумотлар қанча ўқувчининг фикрини   чалғитди, мамлакат иқтисодиётига келтирган зиённи-ку қўятуринг.

Экспертлар гуруҳи ҳам, агентлик ҳам  китобнинг унвонли, номдор муаллифларига гард юқтирмай ундаги хато-камчиликларни нашриётнинг зиммасига юклабдилар. Ахир, нашриёт  Сайёра Қозиевани икки йил олдин туғилтириб, марҳум Нуров бобога жон ато этишга қодир бўлган сеҳргар эмас-ку! Қолаверса, китоб чиққандан кейин, муаллифлар уни кўриб чиқиб, тузатиш рўйхатини бериши керак-ку!

Бизлар давлат сиёсатига аралашмаганмиз ва аралашмаймиз ҳам, бунга фикримиз ожизлик қилади. Биз “Бойсун” китобида йўл қўйилган хатоларнинг ҳаммасини хатимизда ёзмаганмиз.

Ахир, тарих ёш болалар алданадиган эртаклар китоби эмас-ку?! Китобда Бойсун қалъасининг баландлиги 3700 метр деган маълумот келтирилган. Бу сенсация эмасми? Ўша даврнинг энг баланд иншооти – Искандар маёғи 120 метр бўлиб, ҳозиргача етти мўъжизанинг бири ҳисобланади. Яқин йилларда Дубайда қурилган дунёдаги энг баланд минора 800 метрдан зиёдроқ баландликка эга, холос. Наҳотки, китобни обдон ўрганиб чиққан экспертлар гуруҳи бу ёлғонга эътибор қаратмади? Балки уни рад этишнинг бошқа чорасини қидиргандир.

Биз ёзганларимиздан манфаат кўрмаймиз, мансабу-унвон олиш илинжида ҳам эмасмиз, ёшимизни яшаб бўлганмиз. Аммо Ватан тарихини ёлғон-яшиқлар билан сохталаштирилишига жим қараб туролмаймиз. Экспертлар гуруҳининг хулосасига кўра, китоб Бойсун тарихини очилмаган қирраларини ёритганмиш. Хўш, қани ўша қирралар? Қандай илмий кашфиёт қилинди, бирон-бир мисол келтирингчи?

Наҳотки Фанлар Академияси эксперт гуруҳи хулосаси, Матбуот ва Ахборот агетлиги хатлари китоб муаллифлари ва жойлардаги раҳбариятга юборилмаган бўлса?! Агар юборилган бўлса, бу китоб нега ҳалигача кутубхоналар, ўқув зали, билим масканлари, ташкилот ва коллежларнинг ҳурмат тахтасида турибди?

Ҳозиргача нечта фарзандимиз ёлғон тарихдан “баҳра” олиб бўлганини аниқ айта оласизми?

Ватан, хусусан Бойсун тарихини ёритувчи китобга шу қадар муҳтож эканмиз, нега уни қайта нашр этиш ҳақида ўйламаяпмиз?

Хатолар билан тўла асар учун маблағ ажратган «буюк»лар яна бир уринса бўлмасмикан?

Ёки… тағин қамчими?

Зар СОБИРОВ