Тегирмон навбат билан

Тегирмон навбат билан
55 views
08 February 2013 - 11:42

2077_98e7b61ed5a32420_maxЎзбекистондан янги хабарлар келмоқда. Энди қамалиш навбати банк раҳбарларига келибди.

Ҳар қандай диктаторлик мамлакатларида аҳвол айни шундай, бунда ҳукмдорлар атрофида гирдикапалак бўлганингиз билан, вақти келиб, ўша ҳукмдор сизнинг ҳам бошингизни ейди.

Ўзбек сиёсий мухолифати қувғин ва таъқидларга олина бошлаган 1995-96 йилларни хотирлайлик. “Бирлик” ва “Эрк” аъзолари миллатчиликда ва сиёсий экстремизмда айбланиб қамоққа ташланарди. Унда ҳам одатдагидек ҳол, яъни сиёсий мухолифатчилар наркотик олиб юргани, ёнларида наркотик модда топилгани учун қамоққа олинар, кейинроқ уларнинг “миллатчи унсурлар” эканлиги “аниқланиб қоларди”.

Биров сўрамади: “Нима қилаяпсанлар, нима ҳақларинг бор туҳмат қилишга?” деб. Лекин ҳар ким ўзи учун экан. Айтадилар-ку: ўзинг учун ўл, етим! Етим ҳолида қолган сиёсий мухолифат гуруҳлари вакилларининг тақдири бировни ташвишга солмаган экан, бу одамлар ўзини алдарди: “Мен бирликчи, ёки эркчи эмасман, нима қиламан аралашиб?”.

У даврлар ўтди. Навбатдаги қама-қамалар мавсуми 1998-99 йилларда диний уламолар устида кўланка бўлиб айлана бошлади. Одатан улар “ваҳҳобийлик”да айбланишарди. Ўзбекистон Жиноят кодексининг бирор моддасида “ваҳҳобийлик” деган модда йўқ. Бироқ ўнлаб, балкида юзлаб одамлар бунақа юқоридан ўйлаб топилган жиноятда айбланишарди. Ажабо, бу “жиноятчилар” ҳам наркотик олиб юрган ҳолда қўлга олинади ва кейинчалик уларнинг ваҳҳобий экани “аниқланиб”, турмаларга ташлана бошлади. Ўзбек мухолифати вазият ёмонликка томон кетаётганини, келгусида бундан ҳам баттар қийноқлар, қамоққа олишлар содир бўлишини баралла айта бошлади. Лекин эл сукутда бўлди ва улар учун жон куйдирмади. Ахир улар “ваҳҳобийлар” эмасди-да.

Яқин ўтмиш тарихимизга назар ташланадиган бўлса, “ваҳҳобийлар” ортидан “Ҳизбут-таҳрирчилар”, кейинчалик кимгадир Қуръон ўқишни ўргатганлар, инсон ҳақлари курашчилари, сиёсий мухолифатга аралашиб қолганлар ҳам, мустақил журналистлар, умуман кимники ҳукумат ёқтирмаса, айни ўшалар Ўзбекистон жиноят кодексининг 159-, 244-моддалари билан айбланиб жазони ўташ колонияларига юборила бошланди. Эл эса жим эди.

Милицияга, МХХ га ишга кириш учун ошиққанлар қанча бўлди? Банкларда, солиқ идораларида ишлаш учун кимларга пора бериб, югурганлар қанча бўлди? Кўпчилик қандай қилиб бўлмасин, яшаб қолишга интилди.

Бу ҳол, албатта, мамлакатдаги диктатор режимини қониқтирарди. Балки диктатор куни келиб уларнинг ўзига ҳам душман бўлиб қолиши, уларни ҳам қамоққа ташлаши мумкинлигини биров хаёлига келтирмасди. Шундай кунлар келди.

Германиядаги протестантлик черкови роҳибларидан бири  Мартин Фридрих Густав Эмиль Нимёллернинг тарихга кирган сўзларини эслаб ўтайлик. Биринчи жаҳон уруши йилларида сув ости кемаси командири бўлган Нимёллер урушдан сўнг роҳибликка ўтганди. Иккинчи жаҳон уруши даврида эса Адольф Гитлер режими Германиядаги протестантлик черковига ҳам таъқиқ қўйганда, у қамоққа олинган, турли концентрацион лагерларда бўлиб, 1945 йилда Англия-Америка қўшинлари томонидан озод этилганди.

«Нацистлар коммунистларнинг ортидан келганида мен жим эдим. Ахир мен коммунист эмасдим. Кейин улар социал-демократлар ортидан келди, мен жим эдим, ахир мен социал-демократ эмасдим. Кейин улар касаба уюшмалари фаоллари ортидан келишди ва мен жим эдим. Ахир мен касаба уюшмаси аъзоси эмасдим.  Кейин улар яҳудийларни излаб келишди.

Мен индамадим, ахир яҳудий эмасдим. Кейин, улар менинг ортимдан келганларида энди норозилик билдириш учун бирор кимса қолмаганди».

21-асрдаги ўзбеклар ва ўзбекистонликлар аҳволига бир қаранг. Униси бунисининг мушкулига аралашмади, бирининг бошига офат келганида, бошқаси тек турди. Оқибат нима? Ҳамма-ҳамманинг навбати келаяпти ва қамоқ-лагерларга юборилаяпти. Банк раҳбарлари қамалаётган эканлар, яқин орада уларнинг муовинлари ҳам қамалади. Ундан ташқари Республикада милиция идоралари раҳбарлари ҳам, прокурорлар ҳам қамалаяпти. Чунки ҳозирда навбат уларники. Навбат МХХ ходимларига ҳам келади ва алал-оқибат, маҳкумларни қийнаб, ҳузур ҳаловатда яшаётган қамоқхона раҳбарлари, уларнинг муовинлари ва хизматчилар навбати ҳам етиб келади.

Мақсад нима ўзи? Каримовнинг бир мақсади пул бўлса, яна бири – ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолиш. Ўзбекистон дунёда энг тубан кўрсаткичлари билан “машҳур” бўлди ва энди дастурхонни силкитиш даври келган кўринади. Мамлакатнинг юз фоизга коррупциялашгани, қийноқлар кўлами ортгандан ортиб бораётгани, Ўзбекистон иқтисоди инқирозга учрагани ва ҳукумат уни яширишга ҳаракат қилаётгани – булар ҳаммаси мамлакатнинг дунё саҳнасидаги обрўсига путур етказиб келаётганди. Диктаторнинг ҳаром дастурхонидан туз еб юрганлар энди ундан тўкиб юборилади. Ислом Каримов ўз қизини ҳокимиятга қўйиш истагида ва буни ҳам амалга оширади, агарки бизда бирор ўзгариш содир бўлмаса.

Шундоқ ҳам Ўзбекистонда ҳамма маҳкум. Шўрлик ўзбек ўз ватанида ғарбликларнинг ити эга бўлган ҳуқуқларга ҳам эга эмас. Лекин шунга ҳам шукроналар қилиб яшайди. Тегирмон навбат билан деганларидек, навбат билан ҳамма, ҳаммангиз диктаторнинг сизга атаб қурдирган “курортларида” бўлиб қайтасиз. Нега бизнинг имомлар  Эмиль Нимёллер каби фикр қилмайдилар? Нафақат улар, бошқалар ҳам айни шундай. “Биз ундайлардан эмасмиз” деб ўтираверамиз. Куни келади, азиз ватандош, чет эллардаги ўзбеклар ҳам Ўзбекистон турмаларига бемалол олиб кета бошланади. Унга ҳам шароит яралади ва бу тегирмонга тушиш навбати бизга ҳам келади.

Тўлқин Қораев
Швеция