“Маддоҳларнинг юзига тупроқ сочинглар!”

“Маддоҳларнинг юзига тупроқ сочинглар!”
84 views
15 February 2013 - 10:18

163703053Ўзбекистон  телевидениеси Конституцияга зид равишда (31- модда) динга қарши кўр-кўрона ва аҳмоқона кўрсатувлари билан одамларнинг нафратини қўзғатишда ва асабини ўйнатишда давом этмоқда.

11 феврал куни Ўзбекистон каналининг ҳужрада дин ўрганувчиларга бағишланган кўрсатуви инсонларнинг диний эътиқоди ва виждон эркинлигини очиқ-ошкор бўғишга қаратилди, дейди нафақадаги ўқитувчи Гулсара опа. Гапираётган гаплари, ўқиётганларга қўяётган айбномалари куракда турмайди. “Фарзандларимиз яширин таълим берувчи тайинсиз кимсалар тузоғига илиниб қолаётган” эмиш. Уйда ўқитиш мумкин эмасмиш, ким ўқишни истаса диний таълим масканларида ўқисин эмиш. Хўш, қайси таълим масканида ўқийди? Йилига 15-20 тадан ортиқ ўқувчини қабул қилолмайдиган “Хадичаи Кубро” хотин-қизлар мадрасасидами?

Мусулмонлар идорасида ишловчи, номини билдиришни истамаган ходимнинг гапига қараганда, агар хоҳишга қўйиб берилса, диний таълим олишни хоҳловчилар биргина пойтахтнинг ўзида ҳар йили бир неча мингдан кўпроқ бўлиши мумкин  экан.

Авваллари Тошкент Ислом олий маъҳади ва Ислом университети қошида уч ойлик, олти ойлик хотин-қизлар пуллик курслари фаолият олиб борарди, дейди идора ходими. Бундан ҳеч ким зарар кўргани йўқ эди, лекин ҳаммаси қискариб кетди. Одамлар диний илмга ташна. Кунига неча одам ўқимоқчи эдим, деб келади.  Манъ қилингани сари талаб ортгандан ортиб бормоқда.

– Унда нима учун талабнома билан Ҳукуматга мурожаат қилмайсизлар?

– Э, айтасиз-да. Ҳукуматнинг ўз билгани билган. Бу ношуд, куфриядан мерос раҳбарлар одамлар дин ўрганса террорист бўлади, деб қўрқишади. Халққа ислом керак, дин керак. Ислом манъ қилингани билан қанча ёшлар бошқа динларга кириб кетишяпти-ку. Ҳатто катта ёшли аёллар, эркаклар ҳам. Ишонмасангиз якшанба кунлари черковларни, хинд ибодатхоналарига борувчиларни кузатинг. Шундан маълумки, диний эҳтиёж – бу табиий ҳол. Бунга хурсанд бўлиш керак. Агар одамда диний эҳтиёж, Худони таниш бўлмаса, у бошқа ярамас нарсаларга эътиқод қилиши мумкин. Ҳамма бало хукуматда, “дин соҳасини текширувчи команда”нинг диндан йироқлигида бўлса керак.

Кўрсатувда айбланган бу устознинг номи Муҳаббат Рўзиева. Чеҳрасидан нур ёғилиб турган сокина бир аёл. Ўзи дунёвий олий маълумотли, диний билимлари туфайли ҳам одамлар орасида ҳурмат қозонган. Ота-оналар, уни таниганлар унга қизларига исломий илм, одоб  беришини сўраб мурожаат этишган. Муҳаббат опа ҳузурига келганларни савоб учун бепул ўқитаркан.

Жиззахлик ҳожи она Маърифат Зокирова неварасини диний билимга бўлган қизиқиши учун устозга бергани танқид қилинди. Севара Юсупова Қуръонга қизиққани, Лола Рисқиева Жиззах пед коллежини тугатиб, диний билим ўргангани учун айбдор қилинди.

Қорақалпоғистоннинг узоқ бир туманидан Исломни, Қуръонни ўрганиш учун Тошкентга келган Зебохол исмли қиз “Хадичаи Кубро” га киролмагач, сўраб-суриштириб устоз топгани қонунга хилоф саналди. Яна битта диний эътиқодли тижоратчи аёл “рўмол савдоси” билан шуғулланар экан ва ҳоказо. Қаранг-а, Жиноят кодексида “рўмол савдоси” банди ҳам бор экан-да.

“Жиноятчилар”ни топишда маҳалланинг фаолларидан бўлган бир аёл отин ойиларни йўлга солиб бўлмаслигидан нолинди. Отинларга гап таъсир қилмас экан. Кечқурун пойлай олишмабди… Ана халос, кундузлари пойлаб тутишолмаган экан-да. Ёши бир жойга бориб қолган аёл маҳаллада пойлоқчилик, жосуслик қилиб юрса ва бу ҳақда  бутун мамлакатга мақтаниб ўтирса?! Бу қайси қонунда кафолатланган экан?

Дин ишлари бўйича қўмитанинг манқурт ходимларидан бири эса катта дабдаба билан Ўзбекистонда Ислом институти ва Университети ва бир қанча мадрасалар борлигини таъкидлади. 30 миллион аҳолининг катта қисми ёшлар бўлган мамлакатда, камида 3-5 миллион ёш диний билимга ташна бўлиши  мумкинлиги унинг хаёлига ҳам келмагани ажабланарли бўлди. Дин ишлари бўйича “цензура ташкилоти” ходимидан бундан яхшироқ гапи чиқмаслиги ҳам маълум.

Хуллас, бири боғдан, бири тоғдан олинган ва ямаб ясалган бу кўрсатув жон-жаҳди билан фуқаронинг Қонун билан кафолатланган диний, руҳоний, маънавий эҳтиёжини қоралаб кўрсатишга ҳаракат қилди. Ниҳоят “саводхон муаллиф” “Калтафаҳм ота-оналар ўз хатоларини тушуниб етарлар” деган  тилакда терроризмдан дарак берувчи ваҳимали кўрсатувини якунлади.

Кўриниб турибдики, Диктатор Ислом Каримовга на демократия, на маърифат, на диний эътиқод, на эркин фикр, ҳақ сўз эмас, унга бир гала маддоҳлар кераклигига халқ аллақачон кўникиб кетган. Бу юртда косам оқарсин десанг, ҳамма нарсани йиғиштириб қўй-у, маддоҳ бўл, деб бежиз айтишмаган. Дин эса “Маддоҳларнинг юзига тупроқ сочинглар!” деб буюради. Шундай экан, эътиқод ва миллат душмани бўлган Президент очиб қўйган ўқув даргоҳлари ҳам унинг хоҳишига кўра иш тутишини тушунса бўлади.

А. Каримов.