Ҳўкиз ўлса гўшт, арава синса ўтин

Ҳўкиз ўлса гўшт, арава синса ўтин
78 views
17 February 2013 - 19:31

Урганчдан бўлган ишончли қўнғироққа кўра шахарини обод қилишга “киришишди”. Устабузармонлар Аэропортдан Хивагача бўлган йўл ва “режага тушган” жойларда неча йиллик манзарали ва одамларнинг турфа мевали дарахтларини ҳам аёвсиз кесишмоқда. Биров экади биров кесади. Бир пасда қаердандир пайдо бўлган шотирлар  чопилган дарахтларни  машиналарга ортиб 200000 сўмдан пуллаб ҳам ётишибди.  Бунинг отини эса аҳолининг бир қисмини ўтин, ёқилғи билан таъминлаш дейишмоқда!
Одамлар эрта-индин саратон иссиғида бир парча сояга зор бўламиз-ку, дейишмоқда. Бировнинг мулкини тортиб олиш, розилигисиз бузиш қонунга зид-ку, ахир. Агар қонуний бузиш керак бўлса, манфаатдор ташкилот ўша бузилган нарсанинг қийматини тўлаши керак-ку. Ҳокимман, бошлиқман деб кўнглига тушган ишни қилаверадими? Ўзи бу юртда қонунга амал қилиш деган нарса қолмабди.
–Нега шунда халқ дарахтини, ўз мулкини тўсиб, ётиб олмайди, ҳокимга чиқмайсиз?
— Халқ ҳам ким билади дейсиз, гарангсиб, халқ бўлмай қолган. Нима қиламиз энди, деб йиғлаб, қарғаб туришибди. Бузишнинг бошида турганлар ҳам ҳокимлар, барча амалдорлар шу ерда. Президентнинг буйруғи эмиш, Урганчни обод қилармишлар. Худди Тошкентнинг Марказий хиёбонини кесиб йўқ қилишди-ку. Ҳозирги амалдорлар дарахт кесар касалига йўлиққан бўлсалар керак-да. Ўзи, ерлар шўрлаб ётган бир замонда бир туп дарахтни ўстиришдан қийини йўқ.
Обод қиламан деса Урганчда жой, кўча истаганча топилади. Фақат ўзи обод жойни бузиш керакмикан? Албатта бузаётганлар ўз ақли билан ўзларини доно санаганлари учун кўнглига келганларини қилишмоқда.
Шу ҳар бир чопилган мевали дарахт учун одамлар қанча мехнат қилишганини улар ўйлаб ҳам кўрмайди. Бузилиш бахонасида ўша ерда ҳам ўғирликлар қилишади. Бузcа ҳам қурса ҳам ўғирлик! Бу ўғри (а)молдорлар ва юлғич ходимларга нисбатан қадимдан бор гап: қабр ёнидан ўтса, ўликдан бир парча кафан юлишни  ўйлайдиганлар бошлиқ бўлгач, халқнинг шўри шу. Халқнинг шўрида ўзининг ҳам  ҳиссаси бор. Одамларни уйғотадиган ЎХҲ сайтига ўхшаган биттагина тарғибот воситаси, эргаштирадиган бир лидер бўлмагач, кучи қарғишга, кўзи ёшга етиб, тақдирга тан бериб ўтираверишади.  Амалдорлар учун эса халқнинг мулки арава синса ўтин, ҳўкиз ўлса гўштдан бошқа нарса эмас, деб афсус билан сўзини тугатди хабарчимиз.

ЎХҲ  мухбири