Аждарҳо инстинкти, ёки ўзбекларнинг келажаги нима бўлади?

Аждарҳо инстинкти, ёки ўзбекларнинг келажаги нима бўлади?
164 views
20 February 2013 - 16:26

1-5Келажакга ишончи ўтмишдан, уни таҳлил қилишдан бошланади. 1991 йилнинг 31 августида Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини эълон қилди. Аниқроқ қилиб айтганда эса, бу ҳукмрон синф вакили бўлган Каримовлар оиласи мустақиллиги эди. Ислом Каримовнинг ўша дамда Ўзбекистон Олий Кенгаши минбаридан туриб айтган бир сўзи ҳали ҳамон ўзбекларнинг қулоғи остида жаранглайди: Ўзбекистон келажаги буюк давлат! Агар ҳозир Ислом Каримовнинг мана шу сўзини такрорлаб оламга қичқирсангиз ўзбекнинг оғилида боғлиқлик турган эшшак ҳам ҳиринг – ҳиринг кулади. Нега? Негаки, бу ҳайқириқ вақтинчалик, токи президентимиз ҳукуматни буткул ўз қўлга олиб бўлгунигача қадар ишлатилинадиган ҳийла эди. Буни вақтида тушуниб олганлар ҳам бўлди, аммо уларга Ўзбекистонда биров ишонмади.

Мамлакат келажагини башорат қилиш ва унга халқни ишонтириш азал азалдан ҳукмдорлар учун урф бўлиб келган. Бу билан ҳукмдорлар бир неча ўн йилликларда, балки асрларда ҳам халқнинг эзилган суяклари устида ўзларининг шахсий бахтлари, иқболларини қуриб келишган.

Эл озод бўлсин деган фалсафа илгари суриларкан, ҳамма вақт бир савол туғилади: кимдан, ёки нимадан озод бўлсин бу эл! Саксонинчи йиллар сўнгида бутун собиқ Иттифоқ бўйлаб халқнинг озодлиги ҳақида чақаириқлар янгай бошлаганди. Халқ Совет Иттифоқидан озод бўлишни истаётганди. Аммо бу озодлик қанчалар қимматга тушганини бугун ўз кўзимиз билан кўриб, танамизда ҳис қилиб турибмиз.

Советлар даври бошланишида ҳам халқнинг озод бўлиши ғояси илгари сурилди ўшанда ва унда халқ аввалига Чор Россиядан қутилиши, 1917 йилнинг февраль ойидан сўнг эса  Буржуазиядан озод бўлиши уқдириларди. Бугунга келиб халқ яна озод бўлишни истаяпди: бу сафар эса Ислом Каримовга ўхшаган диктаторлар зулмидан.

Союзмультфилмнинг ажойиб бир мультипликацион фильми бор. Унда қайсидир бир қасрда яшайдиган аждарҳо тасвир этилади. У ҳукуматнинг соҳиби ва халқ аждарҳога хизмат қилади, уни таъмин этади.  Аждарҳога ҳужум қилиб уни енган ҳар қандай ботир йигитнинг ўзи аждарҳога айланиб қоларди (http://www.youtube.com/watch?v=QwDfocGRN1U) ва зулм яна давом этаверади.   Қиссадан ҳисса шуки, инсоният эришаётган ҳар қандай улкан ғалабалдар ҳам қандайдир бир янги “аждарҳоларнинг” пайдо бўлишига олиб келган ва “энди оғзим ошга етди” деган бир бечоранинг ошини “ҳалол” қилиб оладиганлар ҳамма вақт топилади.

Бир қарашда кўзга ташланадиган ҳақиқат шу: элнинг озодлиги учун кураш ҳам абадий давом этадигандек! Бу қандайдир бир абадий двигатель. Олдинига бировдан халос бўлиб оламизда, кейин ортга назар ташлаб бир ҳақиқатни тушунамиз: ёмғирдан қутилиб дўлга тутилибмиз!  Яна норози бўламиз, яна халқни инқилобларга бошлаймиз.  Бу ҳол  қайсидир бир мамлакатда бир йилда такрорланиши мумкин бўлса, баъзиларида эса  неча юз йилда бир. Лекин барибир ўша Олий ҳақиқатни излайверамиз, излайверамиз. Олий ҳақиқат эса йўқ! Ўз ўзидан равшанлашдигани шуки, мутлоқ озод бўлишнинг ҳам имкони йўқ экан. Ҳамма вақт кимларгадир тобе бўлиб яшаш инсониятнинг инстингти десак кўп ҳам адашмаган бўламиз.

Карл Маркс ўзининг Капитал асарида ибтидоий жамоа даврини “онгсиз коммунизм” деб атаганди. Ҳамма бирдек меҳнат қилади ва бирга ўтириб таомланади. Ўша онгсиз коммунизм қуриб қўйганларнинг муддаоси қорин тўқлаш эди холос. Бошқача қилиб айтганда, эҳтиёж шу эди ва у қондириларди. Лекин бу бахт узоқ давом этмади. Инсоният қулдорлик формациясига кирганидан “онгсиз корммунизм”га сўнги нуқта қўйилганди ва шу билан бирга инсониятнинг эҳтиёжи ўсиб бора бошлади. Ҳаттоки инсоннинг ўзи бошқа бир инсоннинг эҳтиёжига ҳам айланди. Ҳозирда эса бутун дунёни, аниқроғи дунё буржуазиясини таҳлика солган “онглик коммунизмга” ғоясига ҳам сўнги нуқтани қўйиб бўлдик. Бу билан яна улканроқ мақсадларни кўзлаяпмиз, лекин ким билан унга эришамиз?

Муғoмбирлик одамларга бахту иқбол келтиради. Албатта шуни унутмаслик керакки, ёнгинангизда пайдо бўлган бир муғамбирнинг пайини вақтида кесмасангиз, куни келиб у катта офатларга сабаб бўлади. Собиқ Иттифоқни лаънатлаётганлар шуни билишлари керакки, уни ҳам мана шунақа йўлини қилиб яшайдиганлар, яъни коррупция, бойлик изидан қувишлар тугатди. Агар уша Иттифоқда коррупция каби иллатнининг илдизи таг томири билан қўпориб ташланганида эди, Совет давлати тугамаган ҳам бўларди.

Яна бир ҳақиқатни англаб олиш зарурдек: 1917 йилда пролетариат ҳокимиятининг яралаши дунё мамлакатларининг ҳаммасига таъсир қилганди. Шу баҳона, ишчи ва деҳқонларни аёвсиз эксплуатация қилиш, уларнинг ҳуқуқларини чеклаш каби ноинсоний муносабатлар тугалланиб борди. Тағин ёдга олингчи, собиқ СССР да миллатчилик ва ирқчилик тушунчаси қачон тугатилинган эди? 1930 йилларда, Сталин давридаги йирик қатағонлар ҳали бошланмаган кезларда миллатчилик ва ирқчилик тугатилинганди.  АҚШ ва Европада  одамларни қора танли ва оқ танлиларга, турлик миллатларга  ажратиш ўтган асрнинг эллигинчи, олмишинчи йилларида ҳам мавжуд эди.

Инсоният даҳолари ҳамма вақт инсонларга бахт келтираман деб ўйлайди, аммо унинг ўйлаб топган бахти эса офатларга сабаб бўлади. Ахир назарий томондан қарайдиган бўлсак, Совет давлати ҳам тенглик ва адолат ҳукмрон бўлган, миллионлаб одамлар хушбахт яшаётган давлат эдику. Аалиётда эса тенгсизлик кузатилинарди. Одамлар тағин бойлар ва камбағалларга ажралиб қолди. Кечанги коммунистлар ўғриларга, порахўрларга айланиб элнинг суяклари устида ўз иқболларини барпо эта бошлашди. Шу билан коммнист деган ном тавқи лаънат остига тушди. Бу каби ғояфурушлик фақат коммунистларда бўлгани йўқ, бошқа кўплаб ҳукмдорлар ҳам худди шу йўсинда ўз муқаддас ғояларини қурбон қилиб юборишган.

Масалан, Ислом Каримовни коммунист деб ёмон кўрадиганлар анчагина, лекин у ҳеч қачон коммунист бўлмаган. Партия аъзо бўлгани бор, аммо коммунист бўлмаган. Мансаб пиллапояларидан кўтарилиш учун коммунист деган партия билети зарур эди ва уни юртбошимиз қўлга киритди. Кам бўлмади, Совет давлати йўқликка кетган бўлсада, у ҳамон “доно раҳбар”,  ошиғи олчи ҳукмдор! Худди кимлардир намоз ўқиб мусулмон бўлмагани каби, Ислом Абдуғаниевич ҳам партия билетини олиб, бадалларини тўлаб, китобларини ўқиб, сайлаб, сайланиб ҳам коммнист бўла олмаган! Шунчаки, кўпчиликни лақиллатиб юрган холос.

Хозирда дунёда ирқчилик, миллатчилик тугатилиб борилмоқда. Одамларни бахтлик бўлишини келажакда сиёсатдонлар эса, банклар қурадиган. Чунки банк кортелларининг ҳукмронлиги қурилаётганлигини кўпчилик кузатиб турган бўлса ҳам керак. Йирикдан йирик банк корчалонлари бутун дунёни ўзининг томорқасига айлантириб олганида эса, дунё аҳли уларнинг хизматига ўтади. Яъни, Союзмультфильм эртагидаги аждарҳо дунёда ўз ҳукмронлигини ўрнатади.  Ўзбекларнинг эса ҳозирча ўз аждарҳоси бор ва унга талайгина одамлар тинмай хизмат қилаябди.

Ҳар қандай ҳукмрон идеология одатда тоталитаризм ва диктатурани келтириб чиқариши ўтмиш таърихдан аён.  Идеология қуроли бўлиб гоҳида дин пешволари, баъзида сиёсий партиялар чиқишади. Минбар эса ҳамма вақт Оммавий ахборот воситаларидир. Бугунга келиб қачонлардир дунёни зир титратган динлар ҳам йўқликка равона бўла бошлади, ёки шунчаки, бир миллий одат даражасига тушди. Черков инсонлар ҳаётига мутлоқ таъсир ўтказмайдиган бўлиб қолди. Сиёсий партиялар ҳозирча ўз ўрнига эга, лекин куни келади, улар ҳам худди черковлар каби сариқ чақачалик бўлсин, қадри қолмайди. Инсонлар бойлик учун черковларга интилганди, кези келганида улар бойлик топиш учун ҳам сиёсий партияларга интилишди. Бойлик келганда, ёки нафс тўйганида уларнинг ҳар иккиси ҳам ўз миссиясини бажариб бўлган  бўлади.

Келажакда дунёни банк корчалонлари сиёсатсиз бошқаради ва унда кишилар яшаб қолиш учун ким нима қилиши кераклиги ҳозирда ноаён. Яъниким, ўша мультфильмдаги каби бир аждарҳо ўрнини бошқаси эгаллайди. Бу ҳайвоний аждарҳо инстингти инсонга қайдан юқди экан, ёки унинг генларида азалдан бўлганмиди?

Чарлз Дарвиннинг инсоният эволюцияси ҳақидаги, кўпчилик томонидан инкор қилинадиган фалсафаси ёдга келади. Одам маймундан, ёки бошқа бир жонзотдан келиб чиқмаган. Уни Худо яратган! Савол туғилади: бунақа бўлса инсондаги ҳайвоний бу инстингтлар қаердан пайдо бўлди экан? Ахир инсон яратаётган роботларда, сунъий интелектларда бунақа инстингтлар йўқ-ку. Наҳотки инсон Худодан ҳам кўра ақллироқ яратгувчи бўлса? Ахир Худо яратган ақллик мавжудод аждарҳоларга хизмат қилса, унда инсоннинг ўрни қайда қолди? Бу саволга бирор фалсафачи аниқ жавоб топиб бера олмаса керак.

Инсоният келажаги, айниқса Ўзбекистон ва унинг халқининг келажаги  нима бўлади энди? Бу ҳақида ҳозирча на бир башорат ва на бир изоҳ бор! Биз билган ҳукмдормиз эса бизга ҳукмдор, аммо дунёнинг ривожланган банк кортеллари хўжайинларига учун эса шунчаки хизматкор! Шунда ҳам уларга қул бўлмаса! Бизнинг келажакни айнан ўшалар белгилайди!

Тўлқин Қораев
Швеция