Оққуш қўшиғи

Оққуш қўшиғи
150 views
21 February 2013 - 10:04

images (45)Ҳайвонот оламидаги Оққуш дунёга келиб улғайгунигача иркит ўрдакча каби кўримсизгина бўлади. Балоғат даврида эса кўркам ва товланувчан тус олади. Бутун умри давомида фақат бир бора, ўлими олдидан сайрайди. Куйлайди ва бир оздан сўнг ўлади…

Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ўтган вақтларда қилган қилмишлари ва хатолари сабабидан, уни сўнгги йилларда муаммолар гирдоби ўз домига тортмоқда. Шу вақтга қадар мамлакатнинг кўплаб номдор тадбиркорлари, ишбилармонлари, сиёсатчилар ва криминал оламининг етакчилари билан бўлган ўзаро зиддиятларида отаси туфайли Гулнора Каримова фойдасига ҳал қилинган бўлса, энди ўша қазилган чохларга ўз оёқлари билан яқинлашмоқда. “Отасининг даври ўтганда Тошкент бўйлаб яланғоч югуришига мажбур қиламан” деганлар қасамини амалга оширишига яқин.

Гулнора Каримова илгари фақатгина ички низо туфайли ўз вакиллари, ишончли ходимлари ва иш юритувчиларидан айрилган бўлса, эндиликда ташқи кучлар таъсирида ҳам маблағлардан ҳам иш юритувчиларидан айрилган ҳолда ўзининг ҳаёти ҳам боши берк кўчага кириб бормоқда. Энг асосий зарбалар эса бугунги кунда МХХ томонидан Гулнора Каримовага нисбатан яширин ҳолатда енг учидаги бошланган “ҳужум” лардир.

Сўнгги олти ой ичида айрилган иш бошқарувчиси Бекзод Ахмедов, Гаяне Авакян, Шохрух Собировларга нисбатан Швеция ҳукумати томонидан халқаро жиноий ишлар очилган бўлса, кўп йилдан буён ҳамкорликдаги вакили Баҳодир Каримжонов назоратида бўлган корхоналарига нисбатан МХХнинг буйруғи билан мажмуавий текширувлар бошланган вақтда Ўзбекистондан қочиши кутилмаган вазиятга солиб қўйди.

Тошкентнинг Хувайдо маҳалласида истиқомат қилган “Бохо шакарчи” номи билан танилган Баҳодир Каримжонов энг йирик шакар ва озиқ-овқат импорти, ҳўл ва қуруқ мева экспортини амалга ошириш билан фаолият юритган эди. Бу шахснинг корхоналари учун Ўзбекистонда ёпиқ бўлган конвертация амалиёти исталган миқдорда бажарилар эди. Шу билан бирга мамлакатдаги “обналичка” сохасида ҳам йирик пул маблағлари айланмасини амалга оширар эди.

Гулнора Каримова “бошини танасидан жудо қилган” энг яқин вакили Миродил Жалолов раҳбарлигидаги “ЗероМакс” қўшма корхонаси ўзини банкрот дея эълон қилишидан бир ҳафта илгари бу корхонанинг ҳисобида бўлган омборлар, дўконлар, юк ташиш воситалари, қурилиш техникалари, тиббий клиникалар, дам олиш пансионатлари “ЗероМакс” ҳисобидан чиқарилиб, турли шаклдаги янги корхоналарга расмийлаштирилган. Бу корхоналарнинг назорати билан ҳам Баҳодир Каримжонов шуғуллана бошлаган.

Ўтган 2012 йилда тиббий клиникаларга боғлиқ корхоналар МХХнинг буйруғига мувофиқ текширув натижасида фаолияти тўхтатилган эди.

Жорий йилнинг бошида эса Гулнора Каримованинг иш бошқарувчиси ва вакили Баходир Каримжонов назоратидаги омборлар ва дўконлар, импорт ва экспорт корхоналарига яна мажмуавий текширувлар бошланиши сабабли бу шахс мамлакатни зудлик билан тарк этиб, БАА давлатида яширинди.

Эндиликда эса Каримовлар оиласига тааллуқли бўлган, мамлакатга хориждан махсулотларни етказишда, юк ташиш сохасида монополияга айлантирилган “Абу Сахий” корхонасининг иш фаолиятини тўхтатилгани, омборлар ва ҳужжатларга нисбатан мажмуавий текширувлар бошлангани ҳам яна бир зарбадир.

Шундай қилиб Гулнора Каримовага тарафдор бўлган, молиявий ҳамкор бўлган ва улушларни баҳам кўрган шахслар қора рўйхатга олиниб, бирма-бир четлаштирилмоқда. Яқин кунларда
-Кредит стандарт банк
-АКФА корхонаси ва унинг рахбари Жаҳонгир
-ТВ Марказ телеканали
-НТТ телеканали
-Фонд Форум жамғармасига
нисбатан текширувлар бошланиб, фаолиятига чек қўйилса, Гулнора Каримова ота-онаси бор ЕТИМга айланади. Сабаби, мамлакатда яшаш унинг ҳаёти учун хатар ва таъқибларни юзага келтирса, хориж давлатларига чиқиш эса халқаро жиноятлари сабабли бошпанага эга бўлиши қийин кечади. Балки у вақтга келиб халқаро қидирувга ҳам эълон қилинар…

Жуда кўп соҳалар бўйича ном қозонишга ҳаракат қилиб кўрган Гулнора Каримова сўнгги йилларда ўзини қўшиқчилик санъати билан ҳам намоён қилишга уринди.
Оққуш фақатгина умрининг сўнгги кунларида куйлар экан…

Абдулла Алиев