Эй Халқ! Гавжумлик ичида тарқоқ хорланяпсан

Эй Халқ! Гавжумлик ичида тарқоқ хорланяпсан
66 views
21 February 2013 - 10:48

Ўзбек халқининг бошқа миллатлардан фарқли ўзига хос хусусиятлари бор. Жумладан, қадимда дунёнинг турли ерларини боғловчи Буюк Ипак Йўли карвонлариниг туташ савдо қисми ҳозирги Ўзбекистон худудида бўлгани сабабли, халқнинг қонига, феълига тадбиркорлик ва ишбилармонлик синггандир. Ҳар қандай холатда ҳам ҳар қандай вазиятда ҳам вазиятдан чиқишга уриниб, яшаш учун, мақсад учун курашда давом этаверади.

Яна бошқа бир ўзига хос хусусияти эса, ўзбекистон минтақасининг иқлим шароити, ҳар фаслларнинг ўз ўрнида (қиш совуқ, ёзда иссиқ) бўлиши сабабидан халқ жисмонан табиий равишда ҳамиша мослашувчан ва кўникувчандир.

Эҳтимол ана шу икки энг муҳим омиллар туфайли ҳам миллат бугунги кунда хор холатга келгандир. Одамлар билмайдики, хукумат:

– Болажон халқ деб айтилади. Шунинг учун болаларини маънавий қолоқлаштириш, руҳан синиқ, жисмонан заиф қилишга уринилмоқда. Хаттоки оналарини стерилизация қилишни оммавийлаштириб, ошкора ва очиқ аборт билан қиришга уринишмоқда.

Халқ қабул қилди, кўнди, яшашяпти.

– Ўзбек қизларини иболи, хаёли дея таъриф этиларди. Аммо муҳитда шу даражада жирканчликни уюштирилмоқдаки, ўзбек қизи йил сайин маънан саёз, енгил фикрли, иффатсиз бўлаётгани билан бирга, дунёда бўйлаб фоҳишалик соҳасида кенг миқёсда хизмат қилмоқда.

Ота-онаси қаторида халқ ҳам кўнди, оддий холдек қарашяпти.

– Ўзбек йигити мард, номусли ва ғурурли дея мақталар эди. Бугунги кунда эса хамиятсиз, масъулиятсиз, ориятсиз бўлиш билан бирга ҳар турли давлатларда арзон ишчи кучи бўлиб ишлаяпти. Эрнинг бели, сўзи синди.

Ҳамма кўникди. Мослашиб, вазиятдан келиб чиқиб яшамоқда.

– Меҳнаткаш халқ дея қулоқлари ёғланган одамлар, чорам йўқ, яшаш учун кураш дея меҳнат қиляпти. Меҳнат эвазига эса заҳмат, маломат…

Нега?! Бу холатларни юқоридаги айтилган омилларга боғладигу, аммо бу халқ тарихда зулмга қандай бўлган?

Тарихдан бу юртда форс хукмдорлари, мўғуллар, руслар ва бошқа кўплаб хукм юргазган давлатлар бўлган. Зулм кўрган вақтида эса халқ оёққа туриб бирдамликда бунга барҳам берган.

Хаттоки яқин ўтмишга қарасак, милтиқли золимларга қарши халқ қўлида кетмон, белкураклар билан хужум қилишган. Халқ бу қадар мардларча шиддаткор бўлишига сабаб фақатгина ортиқча бож ва солиқлар эди. У вақтда боболаримиз бугунги кунгидек ҳам иқтисодий ҳам ижтимоий ҳам маънавий ботқоқда қолган тирик мурда каби эмасди. Фақатгина иқтисодий ночор холатнинг ўзи халқни жунбушга келтирганди холос. Қизларини номусларига, йигитларнинг ҳамиятига тегадиган зулм бўлмаган эди.

Аммо нега бугун Халқ мустақиллик дея алдаб мустаҳкам қуллик, хор қуллик шароитига кўниб, кўникиб мослашиб яшамоқда?

Тарих сахифаларини варақлар эканмиз, халқни зулмга қарши бирлаштирган бир неча баҳодир шахслар бўлган. Шулардан бири Соҳибқирон Амир Темур. Қонхўр мўғуллар хукмронлик қилган даврда улғайган Амир Темур, вояга етгач Мўғул салтанатининг аскари бўлиб хизмат қилади. Аммо қалбида халқи учун қилинаётган зулм учун нафрати бор эди. Амир Темур аскар бўлиб хизмат қилиш давомида ўзи билан ҳамфикр бўлган, зулмга қарши бўлган юрагида ўти борларни ёнида тўплаб, Сарбадорлар гуруҳини ташкил қилади ва зулмга қарши жанг қилади.

Тез орада Мўғул салтанатига барҳам беради. Бугун эса Амир Темурни ҳамма эҳтиром ва фахр билан тилга олади.

Эй Халқ! Табиий газинг бўлиб тезак-ўтин ёқяпсан, Пахтани ўзинг териб синтетик кийим кийяпсан. Олтинларинг бўлиб, қора терга ботиб ишлаяпсан. Шунча серқуёш ўлкада неъматлар бўла туриб, рўзғоринг фақат ими-жими нарсалар билан яшаяпсан. Гавжумлик ичида тарқоқ хорланяпсан.

Балки бундан баттарига ҳам кўниб, кўникиб яшаш учун ўз йўлингда давом этарсан?!
Хулоса ўрнида тарихда энг золим дея ном қолдирган Фиръавн хақидаги воқеани эслатишни маъқул кўрдим. Фиръавн тахтни эгаллаганида, сен ҳар кун кўчада, ишхонада кўрадиган оддий раҳбар каби эди. Орадан бир мунча вақт ўтиб, назоратни тизгинга олгач, барча мулозимларини қаттиқ итоат қилдирди. Кейин халқига солиқларни оширди. Халқ индамади, тўлади, кўнди.

Кейин баъзи одамларнинг мулкини нохақ мусодара қилди. Халқ яна жим, бизга тегмаса бўлди, деди. Сўнг яна-да шижоатланган Фиръавн бир нечта одамларни нохақ қатл қилдирди. Халқдан ҳануз садо чиқмасди. Ундан сўнг болаларни, вояга етмаган йигитларни оммавий қатл қилди.

Халқ жим яшашда давом этди. Бора-бора ўзини Худо деб эълон қилди. Халқ кўниб, унга сиғина бошлади. Фиръавн энди нимани хохласа, нимаики хаёлига келса, шуни амалга оширишда давом этарди, халқ эса кўниб, кўникиб, шу бир золим кишига итоат қилиб яшарди.

Фиръавн ва унга итоат этган қавмнинг қандай оқибат топгани эса ҳаммамизга маълум.

Абдуллоҳ Алиев