Қирғизистонда ҳукумат сайтлари хакерлар ҳужумига учраган

Қирғизистонда ҳукумат сайтлари хакерлар ҳужумига учраган
69 views
21 February 2013 - 16:09

130220143743_hackers_304x171_reuters_nocredit“Clone Security”номи остидаги хакерлар 20 февралда қатор қирғиз сайтлари, жумладан Ички ишлар вазирлиги ва терроризмга қарши марказ сайтига ҳужум уюштирганлар.

Хакерлар ўзларининг ҳаракатларини Қирғизистонда ўзбекларнинг ҳуқуқлари топталаётганлиги билан изоҳлашган.

Хакерларнинг Twitterдаги блогида юқоридаги сайтларга ҳужум қилингани ҳақида хабар қилинган.

Ҳужумга учраган барча сайтларнинг бош саҳифаларида “Биз ирқчиликка қаршимиз” “Clone Security”деган ёзув пайдо бўлган.

Шунингдек, саҳифаларда қизил кўзли от ва Ўзбекистон давлат байроғининг расми ҳам жойлаштирилган.

“Clone Security” хакерлар гуруҳи бу ҳаракат Қирғизистондаги ўзбекларнинг ҳимоясига эътибор қаратиш учун амалга оширилганини билдирган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги вакили хакерлар сайтга унча катта зарар етказа олмагани, веб сайт ўз фаолиятини давом эттираётганини маълум қилган.

Интернет олами мутахассисларига кўра, профессионал даражада амалга оширилган хакерликлар ҳужум қаердан ва ким томонидан амалга оширилганини аниқлашга имкон бермайди.

Шу сабабли хакерлик ҳужумида айнан Ўзбек байроғининг акс этиши бу ҳаракат ўзбеклар томонидан қилинганига шубҳа туғдиради.

Кузатувчиларнинг айтишича, расмий Тошкент Қирғизистонда ўзбекларга бўлаётган адолатсизликларга ҳеч қачон расман муносабат билдирмаган.

Қирғизистондаги ўзбеклар эса ўзларини қўшни Ўзбекистонга боғлиқликда намоён этишмаган.

Шу боисдан, дейишади мутахассислар бу қадар аниқ ишора бериш ўзбек ва қирғизни ёки расмий Бишкек ва Тошкентни бир-бирига гиж-гижлаш, ўзбекларга қарши кайфиятни қайтадан кучайтириш мақсадини кўзлаган бўлиши мумкин, деган фикр уйғотади.

bbc.co.uk/uzbek