Мурод Човуш. «Ҳеч» (3)

Мурод Човуш. «Ҳеч» (3)
122 views
23 February 2013 - 11:06

murod_karimМен кеча концертга кирдим-ми? Эслай олмайман, қаёққадир бордим, маст эдим. Ёмғир ёғарди, консерватория биноси — хоч шаклида, Исо бинони кўтармоқчи бўлди, мен кулдим, кейин йиқилдим, яна турдим, Исо хоч — бино атрофидан айланди, мен унинг орқасидан қадамимни санаб юрдим. Кейин нима бўлди? Исо чакмонини ечиб ерга отди, мен миямдан фикрларни қувиб юбормоқчи бўлдим. Исога тақлид қилдим. Йўқ, бу ҳар кунги машғулот — ҳолат, Исо чакмонини ечгани — кейин мен миямдан ҳамма ўйларни қувиб юбормоқчи бўлганим тасодиф.

Балки, аслида бундай бўлган эмас. Исони кўрганим ва у хоч шаклида қурилган консерватория биносини кўтармоқчи бўлгани аслида миямда (хаёлда эмас) мен билан содир бўлган ҳолатда — яъни ичимдаги жараён шундай тасаввурни юзага олиб чиқди. Кейин нима бўлди, қачон уйга келдим — эслай олмайман.

Яна уйқудан уйғониб тўшакдан туриш керак. Яна тўрт йилдан кейин Ойхонни кўчада кўриб қолган куним худди ҳозиргидай эрталаб соат саккизу йигирмада уйқудан уйғониб, тўшакдан туриб, юз-қўлимни ювиб, кейин кўчага — қаёққадир бориш учун ўзимдан куч қидира бошлайман. Куч ўз-ўзимга берган саволимнинг жавобида бўлади. Гоҳида саволга савол билан жавоб қайтараман. Гоҳида эса миямда ялт этиб ажойиб фикр пайдо бўлади ва тўшакдан сапчиб тураман. “Яшаш — гўзал ҳаракат”. Яна тўрт йилдан кейин ҳам шундай бўлди. Бугун ҳам. Аввал Исо ҳақда ўйладим. Кейин. Кеча концертга киролмадим. Бугун, албатта кираман. Кейин-чи.

Бўшашиб кетаман. Кўзимни юмаман. Юпанч излаб кетаман. Дўзахдан қайтиб келаман. Жаннат қизиқтирмайди. Бирдан дўзах рекламаси ҳақдаги латифа эсимга тушди. Кулгили ва ажойиб. “Бир одам ўлибди. Нариги дунёда — унга аввал жаннатни кўрсатишибди. Жаннатда одамлар юзида кулгу, ҳаммаёқ кўм-кўк, ариқлар тўла асал, хуллас бир хил ҳолат. Кейин дўзахни кўрсатишибди. У ер худди ердаги ҳаётга ўхшармиш. Кафе, бар, ресторан, кўча тўла одам, ким-кимнидир туртган, ғала-ғовур, йиғи, ҳар жойда маст-аластлар ва шунга ўхшаш.

Қайси бирини танлайсан, хоҳиш ўзингда, дейишибди. Одам ўйлабди. Жаннат зерикарли, жаннатда абадий яшаш — зулм, дўзах унга маъқул бўлибди. Дўзах ҳар ҳолда ердаги ҳаётга ўхшайди. “Дўзахга кетаман” дейиши билан атрофни қоронғулик босиб иккита дев пайдо бўлибди. Девлар уни қўлидан маҳкам ушлаб катталиги денгиз кенглигидай қозонга ташлашибди. Одам қайноқ сув азобидан бақирармиш — йиғлармиш. Девларга “Сизларга дўзах менга керак, девдим деса. Девлар “бояги кўрсатганимиз дўзахнинг рекламаси эди” дейишган экан.”

Фикр ўзгариб бораверади, бу ожизлик олти йил олдин ҳам масалан, сигарет излаган куним ёмғир ёғарди (яна ёмғир) у менга таъсир қилмайди, аксинча, унга менинг таъсирим ўтади, ўшанда Бешёғочда ҳали янги кўприк қурилмаганди, эски ва қўрқинчли кўприкдан ўтиб миллий хиёбон томон кетдим. Чунки олдимда бир одам ёши қирқларда қачон оғзидаги сигаретни ерга ташлайди.

Бошим оғрийди, ҳозир ҳам лекин одам чекилган сигаретни ерга ташлаганда мен икки метрлар орқада эдим, қарама-қарши тарафдан келаётган жувонлар яқинлашиб қолди мен ерда ётган чўғи намланиб ўчаётган ярми чекилган сигарет қолдиғидан кўзимни узмай “ҳали ҳаммаси олдинда” дедим ҳозир ва яна тўққиз йилдан кейин мен ётган палатага (касалхонада) Ойхон мени кўргани келганида қувонаман ҳозир яна тўққиз йилдан кейин ҳам лекин ўшанда ва ҳозир “бу картина, бунинг ичидан чиқиб кетолмайман”, аммо Ойхон қўлимни ушлаганда қалтироқ сезаман “Майли, яшаш — гўзал ҳаракат” ўйлаб кўр шунда ва ҳозир ҳам олти йил аввал ўша миллий хиёбон ичида юриб сигарет қолдиғи излаганимда ҳали умримнинг сигаретини чекиб бўлмовдим ҳар ҳолда ўшанда шундай ўйлардим.

Мен фикрдан кучли бўлмоғим шарт, олти йил олдин фикр — сигарет чекишим керак, кейин кўзимни юмаман, юммасам ҳам бўлади, ҳали севаман, шунда ҳаётимни англаб етаман, исми Ойхон энди билдим, аниқроғи, икки йил аввал. Ўшанда китоб ёзаман, мақсад агар Ойхонни учратмасам, ўйлардим, энди ҳам лекин ҳозир фикр измидан юришни хоҳламайман у менинг орқамдан юрсин худди ёмғирга таъсир қилганимдек, тўққиз йилдан кейин бундай бўлмайди, ютилдим, дейман оғзимдан кетма-кет сон-саноқсиз “тавба” сўз чиқади, ўшанда ҳам илинж қидираман яна фикрнинг орқасидан юриб кетаман уни қувиб етолмаганимдан сўка бошлайман “жаннат ҳам, дўзах ҳам картинанинг ичида, бу — зерикарли”. Юзимда табассум югуради. Ойхон “тузалади” ўйлайди, ғамхўр эканини биламан “мен ғалаба қилдим” дейман, овоз чиқариб у сал кулади, ичида “жинни бўлиб қолибди” ўйлайди, орқасидан “тавба, тавба” ичида айтади.

“Хор бўлиб ўлиб кетяпти” ўйлайди, биламан мен яна дўзахда ёки жаннатда хор бўлиб яшашим мумкин, ёки… Ҳозирдан олти йил муқаддам “ҳаммаси ҳали олдинда” девдим, “алдаш керак эди ўзимни” ҳозир шундай айтдим яна тўққиз йилдан кейин бундай демайман, “ҳаммаси жой-жойида, картина ажойиб” дейман. Бир ҳафта олдин менга нима деди уйида етмиш мингга китоби бор М.Қидиров, у ҳам шу. Мияси айниган чол. Менга нима дейди. Ҳа, “Китоб. Ундаги фикр мен билан ёзувчини боғлайди”.

“Мени бу қизиқтирмайди” ичимда айтиб унга бошни силкиллатдим у эса, “менинг аурам кенгайиб ахбор олиш имкони ошади” дейди, яна ўнг кўрсаткич бармоғини мен томон қимирлатиб “Сиз, дўстим”, “сенинг дўстинг эмасман”, дўстлик фикрлар параллел бўлишига қурилади, мен фикр юритишни хоҳламайман, аксинча, у “дўстим фикрлаш йўл юришга ўхшайди, манзил томон албатта”, “мияси айниган чол” унга гап айтмайман нуқул бош қимирлатаман, чунки биламан “фикрлаш ҳеч қандай манзилга олиб бормайди, у мияхонада бор-йўғи битта фильм яратади, холос” балки фильмнинг ўзи манзилдир, йўқ бундай эмас, бу — хаёл, ўшанда ҳам “фикрнинг ибтидоси ҳам интиҳоси ҳам хаёл” ўйладим, “Мен уйимдаги китобларим билан манзилга етолмайман, бу кам” хаёлим бўлинади, чол гапида давом этади, “манзилга етолмасам ҳам керак” ҳеч қандай манзил — панзил йўқ.

“Биз картинанинг ичида” ичимда нуқул шу гапни такрорловдим, ҳозир ҳам, аммо тўрт йилдан кейин шу йили Абдухолиқ Қалқоннинг хотини заҳар ичади. Ойхонни учратганимдан бир ой олдин картинадан чиқиб кетиш мумкинлигини фараз қиламан «борлиқдан ташқарига нима элтиши мумкин» фикр эмас. «Фикрлаш аксинча борлиқда муқим туриб қолишни белгилайди» лекин у М.Қидиров айтгандай манзил томон олиб боради «йўқ», дейман, «борлиқдан ташқари мавжуд эмас» адашаётгандирман, шунда Ойхонни кафега таклиф қиламан аввалига рози бўлмайди «эрим» дейди «Дунёдаги энг ажойиб нарса ҳис, фикрлаш ҳам, хаёл ҳам, ўй ҳам, туш ҳам унга тенг келолмайди» кофе ичамиз миямга фикр келади «ҳис — борлиқ, ҳолат ҳис ишлаб чиқаради», менга яхши «қанийди Ойхонга тикилиб турганим, у ёнимда, шу ҳолат абадий давом этса, тугамаса, музлаб қолса» афсус, яқинда у эрга тегди, бир ярим йилдан кейин фарзанд кўришади қиз — Қундузхон исми «фикрда манфаат бор, ўйда ҳам, хаёлда ҳам тушда ҳам, ҳисда манфаат йўқ, чунки унинг ўзи сўнгги манзил» ўтираверамиз-ўтираверамиз ярим соат, қирқ беш минут, бир соат кейин хайр ҳисларим бунга яна тўрт йил бор гўё тўрт йилдан кейин шундай ҳолатни бошдан кечираман «шунгача қанча фикрларни бошдан ўтказдим» Ойхоннинг кўзига тикиламан «бу сувратни хаёлимда асраб қолмоғим керак» учрашувдан сўнг бир ҳафта ўтар-ўтмас ўша кафега кираман, унга тикиламан «суврат асқотди-ку» хаёлимда у, тикиламан ва фикрлар ёрдамида ҳисни қаеримдандир чақириб оламан «йўқ, бундай эмас» ҳозир шундай фикрга келдим «аслида, мия тўқийди, бор йўғи — шу» бу гапни олдин ҳам тўққиз йилдан кейин ҳам айтаман чунки фикрдан олдинга ўтиб кетолмайман, уни мен туғяпман, менга бўйсунмайди, неча марта ўзимга айтганман «бўлди, бас қил, ўйлама», йўқ, у мендан озодликка чиққан, менга қул эмас, бор эркалигини қилмоқда, ҳатто, «худога ишонмайман» айта олади, худо бор, дейман, жавоб: «нима қипти» ва мен бутун эътиборимни фикримга қаратаман, натижада ҳар хил хаёл пайдо бўлади. Бас. Картинадан чиқиб кетиш керак. Фикр бўёқ, у ҳаётимга ранг беради, лекин бу рангдан ва ҳосил бўлган-бўладиган картинадан қониқмайман, қизиғи йўқ. Бас. Бошқа йўл бор, бўлиши керак! Шу йўл мени қутқариши керак!

Сигарет чекким келди. Гугурт ёқиб сигаретни тутатдим ва ёнаётган гугурт чўпини ўчириб кулдонга ташламоқчи эдим, гилам устида (дунёга келганига уч-тўрт кун бўлган бўлса керак) суваракни кўриб қолдим. Ёнаётган гугурт чўпини унинг танасига тегизиб олдим. У қочди. Оловни яна тегиздим. Яна оғриқни сезди. Суварак бахтли. Лекин у бахтли эканини билмайди ва ҳис қилмайди. «Суваракжон, сиз бахтлисиз». Чунки одам — мен ҳис қилиш учун ҳатто йилларни босиб ўтаман, айтишга осон, балки, йўқ шундай. Суваракжон, билсангиз эди. Билмайсиз-да, ҳис қилиш учун, яъни юрагимда бир нималарни қўзғаш учун мен шоирларнинг шеърини ўқийман. Улар менга ўхшаганларга маҳсулот етказиб беради. Бировлари бу маҳсулот эмас, мутлақо ўзим учун ёзганман, дейишади. Ишонса бўлади, ишонмаса ҳам.

Иккала вазиятда ҳам касал эканликлари билиниб қолади. Ҳей, шоирлар яширишнинг ҳожати йўқ. Нима қипти. Касал бўлсангиз. Ҳаммамиз касал. Суварак, шошманг, қаёққа қочяпсиз. Яна «ҳис» қилинг. Оғриқни ҳам ҳис қилиш бахт. Одам каби тушунсангиз эди, шеър ўқиб берардим, биргалашиб оғринардик — эзилардик, начора, танангизга олов теккизаман. Мен бу ишимдан роҳат олмаяпман, асло, ишонинг. Бор-йўғи одам табиатини, табиатимни тушуниб олмоқчиман, холос. Суваракжон, сизга азоб бериш орқали ўзимни фош қилмоқчи эмасман. Бу таъқиқланади. Сиз бу дунёга келиб азоб-уқубат тортаётганингизни билсангиз эди. Арзимас нон ушоғи деб.

Билмайсиз-да. Янги гугурт чўпини ёқиб танангизга теккизай, шошманг, югурманг, қайга боряпсиз, қайга қочяпсиз? Билмайсиз-да. Агар билсангиз эди. Эй, суварак — шоир, эй, суварак — ёзувчи, эй, суварак — деҳқон, эй, суварак — олим ва ҳоказога айланар эдингиз. Суваракжон!

Шошманг, мени тингланг. Ёвузлик — маъно. Яхши ҳам у бор, бўлмаса яшаш зерикарли бўларди. Ҳаётдан мазмун йўқоларди. Мана, сизга ёвузлик қиляпман, қочяпсиз — яшаш, тирик қолиш учун ҳаракат қиляпсиз. Сизга ҳавас қиламан. Сиз гилам устида зулмдан қочиб эзгулик истаб кетяпсиз. Лекин менинг ёққан оловим сизнинг танангизга таъсир қилмай қолса, бундан даҳшати йўқ. Агар таъсирсиз бўлиб қолсангиз, менга ўхшаб. Унда сизга ачинаман.

Шунда шунча умрни қандай сарфлайсиз? Шунда умр сарфлашдай оғир вазифа чекингизга тушганини «билардингиз». Мана, мен ҳатто сизнинг насиҳатингизга зорман. Сиздан йўл кўрсатишингизни, маслаҳат беришингизни сўраяпман. Сизга жавоб. Сизни қийнамай. Менинг ўзим ҳам эртанги кунимни қандай сарфлаш, нима машғулот билан ўтказишни билмайман.

Эртам менинг бошқарувимсиз ўтиб кетади. Ҳозир шундай деяпман-у ўзимни алдаяпман. Алдаш сўзи унчалик тўғри келмас, агар ҳолатимни чуқур тадқиқ қилсам ҳар кун келадиган эртани мияхонамда ҳозирга айлантираётган бўлиб чиқаман, ва бу ҳозирда ичимдаги фикрлаш жараёни келажакни тўқиб қўйиб ҳозирнинг ғамини истасам-истамасам ейди, бу ҳаракат эмас, жараён, ҳаракатда мақсад бўлади, жараён ўз-ўзидан ҳаракатланади, у табиат қонунини бажаради. Машғулотим — китоб ёзиш эди. Эди. Энди ёзишда маъно йўқдай.

Мақсад бор — умр сермазмун ўтади ва инсониятга хизмат қиламан. Ҳамма ёзувчилар каби. Инсоннинг орзу-армонлари, изтироблари, эҳ-ҳе. Мен тўқийман, аввал ўйлаб оламан, атрофга баҳо бериб оламан; Маҳмуд Қидиров, О, яхши қаҳрамон чиқади — мулоҳазали одам, кўп ўқиган, кейин унга, уни, йўқ, у бош қаҳрамон бўлади, унга, унинг миясига ҳар хил қизиқарли ва ғайриоддий фикрлар кийгизаман, қарабсизки, роман, бошланиши чакки эмас, асар ривожланаверади, унда яна бошқа одамлар — образлар пайдо бўлади. Бири — гуманист, бири — динчи, бири — атеист, бири — фоҳиша, бири — қоровул, бири — алламбало. Китоб ёзилаверади-ёзилаверади.

Мен тўқийвераман-тўқийвераман. Нимага? Нима учун? Одамни алдашнинг нима кераги бор? Унинг миясига бўлмағур китобни жойлашни кимга керак бор? Унинг мияси бу китобни ейди ва бошқа китобларни ейверади, охир-оқибат бу заҳарланган мия, билмайман нима бўлади? Маҳмуд Қидиров мияси айнимаган, меники айниган. У фақат китоб ўқийди, ўқиган нарсасига ёш боладек ишонади. У фикрламайди.

Ўн яшарлигидан китоб ўқишни бошлаган. Мен ҳам ёзувчи бўламан, деб ният қилган. Китоб ёзишни илоҳий иш, деб билади. Шунинг учундир саксон ёшга боряпти бирорта китоб, ҳатто икки бетдан иборат ҳикоя ёзгани йўқ. Нега? Ёзгани йўқ. Сўраганман.

(Давоми)