Ўзбекистоннинг штатсиз хўжайинлари

Ўзбекистоннинг штатсиз хўжайинлари
25 views
26 February 2013 - 11:03

big_1475Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига шу йил 21 октябрда 24 йил тўлар экан. Қизиқ. “Мустақиллигимиз шарофати” билан сал кам чорак асрки, давлат тили ҳали ҳам ўзининг давлат мақомига кўтарилгани йўқ!

Ҳали ҳам кўп корхоналарда рус тилини билмаган кишининг сўзи, арзи тингланмайди. Ҳали ҳам русийзабон битта ходим учун бутун бошли ишхона арз-ҳолини ўрисча ифодалаши керак!  Битта мисол, “Ўзбекистон ҳаво йўллари “ миллий авиакомпаниясида  ишловчи ишончли ходимнинг ачиниш ва таассуф ила билдиришича компаниянинг русийзабон масъуллари, айниқса бухгалтерия ходимлари маҳаллий ишчи-хизматчиларнинг ўзбекча саволларига жавоб беришмас экан. Яъни русийзабонлар маҳаллий хизматчилардан рус тилида гапиришни талаб қилишлари Давлат тилига ошкора ҳурматсизликкина эмас, балки Қонунга хилофлигини ўйлаб ҳам кўришмайди. Тўғри-да, мамлакатнинг туб миллати ва унинг раҳбарлари ёдига тушмаган қадриятнинг бошқалар учун икки пуллик аҳамияти йўқ.

Бундай мисолларга пойтахтнинг нуфузли ҳар бир идорасида гувоҳ бўлишингиз мумкин. Бу ер Ўзбекистонми ёки Россия?!  Лекин ҳеч ким на бундай саволни беради, на унга журъат қилади. Агар шундай бўлган тақдирда ҳам шубҳасиз шўрлик маҳаллий фуқаро ўзининг миллатчи ё террорчи сифатида айбланишига кўзи етади. Бу ҳақиқат. Бу шундай ҳақиқатки, у асрлар давомида маҳаллий халқнинг “кўзини жойига солиб қўйиш” жараёнида дунёга келган ва Ўзбекистонни ўзининг абадий мулкига айлантирган. Бугунда бу мулкка диктаторлиги ва миллат душмани тамғаси билан оламга машҳур ғайри миллат Ислом Каримов раҳбарлик қилмоқда!

Тўғрисини айтганда, бугунги авлод Ўзбекистон учун янги аср- миллий уйғониш даврига асос солган 90- йиллар воқеаларига бир эртак деб қарайди. Энг ёмони, бугунги  ўсмир ёшлар орасида ўз тилида сўзлашиш, миллий руҳда кийинишдан ор қилувчилар кўпаймоқда. Ҳатто кўча-кўйда бир-бирларига ўзбекча гапирма, ўрисча гапир, деб танбеҳ бергувчиларни эшитасиз. Эртани “ўйловчи” ота-оналар эса болаларини худди совет давридагидек рус синфларига бермоқдалар.

Пойтахтнинг ўзбек, рус аралаш мактабларида рус синфларига бўлган талабнинг ошиб бориши кузатилмоқда. Бунинг устига ўзбек тилини суриб чиқарувчи яна бир тил– инглиз тили қўшилиши баъзи мунозаларларга ҳам сабаб бўлмоқда. Бу келажакда Ўзбекистон тепасида қайси тил хўжайин бўлишини аниқлаш масаласи. Чунки бундай штатсиз хўжайинлар ҳар доим штатли ҳўжайинлардан устун бўлиб келгандир. Фарзандим салтанатга аралашсин, униб-ўссин, бой яшасин, дейдиган ота-оналарнинг ишонишларича Ўзбекистоннинг соф Ўзбекистон бўлишига ҳали эрта эмиш…  Афсуски, ота-оналарнинг бу хулосаси Ислом Каримов сиёсатидан келиб чиққан ҳақиқатдир. Бу эса ўз ўрнида Каримов сиёсати миллатни синдириш, йўқ қилиб юбориш, ўзбекларни фақат манқурт қулларга айлантиришга қаратилган сиёсатлигини ҳам кўрсатади.

Абдуқодир КАРИМ