Бир расм тарихи

Бир расм тарихи
26 views
27 February 2013 - 17:22

540805_145156895649153_1095304972_nБу расмни чизган пайтимда “Шарқ юлдузи”да Қуръони карим чоп қилинаëтган эди. Мен бир оятдан муттасир бўлиб¸туйғуларимни матога мой бўëқда акс эттирдим.
Ойнинг иккига бўлиниши ҳақидаги билги менга илхом берган эди.
Ислом манбаларида “Шаққи қамар” ёхуд “Иншиқоқи қамар” дея ифодаланган “Ойнинг иккига бўлиниши” мўъжизасини имконим қдар тасвирладим.

МЎЪЖИЗА ҚАНДАЙ РЎЙ БЕРДИ?

Шаққи қамар мўъжизаси Сарвари Олам (с.а.в.) пайғамбарлик билан вазифалантирилганларидан сўнг воқеъ бўлди. Қурайш қабиласининг пешволаридан бир гуруҳ мушриклар Аллоҳнинг расулидан пайғамбарлигини исботлайдиган бир мўъжиза кўрсатишларини сўрашга келишиб олиб, бир жойга тўпланишди.

Кечанинг илк соатлари эди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) порлоқ ойнинг ёруғи остида Ҳазрати Али, Ҳузайфа ибн Ямон, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Анас ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Аббос, Жубайр ибн Мутъим ва Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) каби саҳобалар даврасида суҳбат қуриб ўтирар эдилар. Мушриклар нурли ҳалқа атрофини ўраб олиб, пайғамбаримиздан мўъжиза кўрсатишларини қайта-қайта талаб этишди.

Ниҳоят, Фахри Коинот (са.в.) ўринларидан туриб, муборак қўлларини осмонда олтин товоқ бўлиб нур сочаётган ойга қаратдилар. Яратилганидан бери вазифасидан бир сония ҳам адашмаган ой коинотнинг яратилишига сабаб бўлган у Зотнинг (са.в.) бир ишоратлари ила шу заҳоти иккига бўлинди. Мино тоғи ойнинг икки парчаси ўртасида қолиб, муҳташам бир манзара юзага келди.

Сарвари Коинот (с.а.в.) атрофларидаги саҳобаларига “Шоҳид бўлинглар! Шоҳид бўлинглар!” дея такрорлар эканлар, Қурайш кофирлари ҳайронлик билан бир-бирига қарар, “Муҳаммад бизни сеҳрлаб қўйди”, дер эди. Мушриклардан бири: “Муҳаммад (с.а.в.) бизни сеҳрлаб қўйди, холос: У кўзимизга ойни икки парча қилиб кўрсатди. Бу ҳодисани атрофдан келаётган қобила ва карвонлардан сўраш керак”, деди. Табиийки, бу таклиф бошқаларга ҳам маъқул бўлди.

Эртаси куни эрталаб Яман ва бошқа тарафлардан келган карвонларга саволлар ёмғирдек ёғилди. Карвонлар асосан кечалари йўл юргани учун Ойнинг иккига бўлинганига улар ҳам гувоҳ бўлган эди. Қайсар маккалик мушриклар энди: “Абу Толибнинг асрандиси кўрсатган сеҳр самога ҳам таъсирини ўтказди”, дея бошлашди. Ва гарчи Саййидул Башарнинг (с.а.в.) ёнларида ҳозир бўлишларига қарамай, бу мўъжизани кўрган бошқа мушриклар каби, куфрларида собит қолдилар. Уша аснода Аллоҳнинг каломи нозил бўлди:

” (Киёмат) соати яқинлашиб колди ва ой ҳам бўлинди. Агар улар (Қурайш кофирлари Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақ пайғамбар эканликларига далолат қиладиган) бирон оят-мўъжиза кўрсалар (ҳам, у пайғамбарга иймон келтириш ўрнига) юз ўгирурлар ва “(Бу) ҳар доимги сеҳр-ку!” дерлар. Улар (пайғамбарни) ёлғонги қилдилар ва ҳавойи нафсларига эргашдилар. Ҳар бир иш ўз жойини топгувчидир (яъни, гарчи кофирлар юз ўгирсалар-да, бу ҳақ дин Ер юзида қарор топур)” (Қамар сураси, 1—3 – оятлар).

Шухрат Бобожонов.