Мурод Човуш. «Ҳеч» (6)

Мурод Човуш. «Ҳеч» (6)
28 views
28 February 2013 - 11:04

murod_karimИкки юз учинчи қадам… Вақтни тўхтатиш керак. Вақт ичида вақтдан ташқарига бир киши чиққан, холос. Вақт ичида вақтдан ташқарига чиқиб бўлмайди. Ташқаридан вақт ичига бир киши кирган, холос. Мен эса вақтни тўхтатишим керак. Шундагина ундан ташқарига чиқа оламан. Вақтни тўхтатиш керак. Бир, икки, уч… У ҳеч тўхтамайди. Тўрт, беш, олти… Фақат хаёл ишлайди. “Хаёл — учқур от” — ёзган бир шоир. Хаёл гўристонгача олиб боради. Мени вақтдан ташқарига олиб чиқишига кучи йўқ. Хаёлда кучнинг сояси бор. Вақт бу — бўшлиқ.

Бўшлиқда хаёл ишламайди. Фикр ишлайди. Фикргина бўшлиқни босиб ўтади. Чунки у моддийлашади. Моддий нарсагина бўшлиқни тўлдириши мумкин. Хаёл ҳеч қачон, хаёл нари борса фикрга айланиши бор. Фикр мени бошқаради, демак, моддийлашади. Лекин у вақтдан ўзиб кетолмайди. Ҳали-бери. Вақт керак. Вақтнинг душмани фикр. Вақтни ўлдириш учун фикрга балки яна милён йил керак. Билмадим? Етти, саккиз… Вақт одамга беминнат берилган.

“Текинга” айтарди Абдуҳолиқ Қалқон, “шунчаки эмас”, дерди Собит Маҳмудий ва кўрсаткич бармоғини ўнг қулоғи ёнида уч-тўрт марта қимирлатарди, агар, агар, мен вақтни тўхтатганимда “ширин хаёлингни буздимми” айтилганидек, ҳеч ким ҳеч қачон чунки ҳеч ким ҳеч қачон менинг сен билан ўртамиздаги бўшлиқда туриб олиб сенинг ва ўзининг келажаги — бўшлиғи ҳақида фикрлашни бошлаб юбормасди. Фолбин қулоғингга “ўзи шундай бўлади”, деб секин шипшимасди, радио карнайидан об-ҳаво синоптигининг “эртага ёмғир ёғади” деган овози эшитилмасди. Маҳмуд Қидиров кафега кириб кофе ичарди. Мен адашдим. Бир. Ёлғиз Бир. Бир.

Икки-пикки йўқ. Бир. Тўхта. Бир. Илон пўстини ташлагандай… Фикрлаш илон ўрмалашига ўхшайди. Ҳеч ками йўқ. Фикрлаш ўнгга-чапга лекин тўғрига қараб ўрмалайди. Олдинда нима бор? Олдинда мақсад бўлиш керак, дейди файласуфлар. Диндорлар луқмаси ҳаммага маълум.

Одамда ғоя ва мақсад бўлмасагина, бунга файласуфларнинг ўзлари унчалик ишонишмаса-да, вақтдан ташқарига чиқиш илон пўстини қуёш иссиғида ечгандек, улар айнан шундай ёзишмаган ва ҳеч қаерда айтишмаган бўлишса-да, диндорлар бундан фарқли бунга қарама-қарши келишади.

Мен кейин эсловдим «хотира уйғонса гўзалдир», йўқ хотира-тубсиз чоҳ, унга қулайсан, қулаб кетаверасан, қулашнинг чеки кўринмайди, худди шунингдек келажак ҳам тубсиз-маъносиз, аммо яшамоқ маъносиз эмас, бирдан-бир ҳозир ахир, куй ёлғиз, ягона ва айни дақиқа айни дақиқани музлатиб қўяди, ундан ҳатлаб ўтади, девордан сакраб ўтган одамдек, ахир ҳозир — куй маконни босиб олади, холос, хотира уйғонса мени топтаб ташлайди, сенинг миянгни эзғилаб ташлайди, яна сен «бу — гўзал» дейсан, айтардинг. Ҳозир — куй айни дақиқадан сакраб яна шу айни дақиқага келиб тушади. Айни дақиқа ўз кучини, ўзини йўқотади ва унинг ўрнини куй эгаллаган бўлади. Куй, яхлит куй вақтдан ташқарига чиқади, сен мени «у аҳмоқ» дейсан, дегандинг, келажакни ўйлайсан, ўйлардинг.

Собит Маҳмудийга “мен жинни бўлиб қолаяпман» деганимда у билинтирмасдан, яъни алламбалоларни менга гапира туриб кўзимга синчков боқади; жиннининг жиннилигини кўзига қараб аниқлаш мумкинлигини билишимни билади, «томи кетганлар мендан бошқа ҳамманинг «томи» кетиб қолган, ўйлашиб шунга яраша ҳаракат қилади, Собит, менда эса бошқача — менинг миямда ҳамма аҳмоқона, нима десам, ҳм, ҳм, мен буни ҳеч кимга билинтирмаяпман, лекин охир-оқибат бундан чарчаб қолсам, кейин нима бўлади», у кулади — гапни бошқа мавзуга бурмоқчи бўлади, биламан, Собитнинг қулоғи атрофида «билинтирмаяпман»им қотиб қолади, шундай. Аммо ҳозирда яшаш жуда қўрқинчли, буни ким қандай тушунади.

Маҳмуд Қидиров «тимсолда чегара йўқ» деб ҳадеб такрорлаганда кулсам, у, албатта, мени аҳмоққа чиқармайди, лекин мени даволаётган доктор «ҳар қандай гапга кулади» деб ташхис қўйганда… тимсол кучини йўқотиб бўлди, ахир, тимсол одамларни вақтга ипсиз-занжирсиз боғлайдиган шиорга айланди.

(Давоми бор)