Мурод Човуш. «Ҳеч» (7)

Мурод Човуш. «Ҳеч» (7)
87 views
01 March 2013 - 15:29

murod_karimСобит! Босган қадамимни санаб кетаётувдим. Сизга ваъда бердим; эшитингда, майли, Абдухолиқ кетса кетаверсин. Менга пиво олиб берасизми? Пулим қолмапти. Сигарет ҳам йўқ. Қадамимни санаб кетаётувдим…”

“Буни айтувдингиз, илтимос, иложи бўлса қисқа ва лўнда тушунтиринг”.

“Собит, нимани тушунтирай? Мен сизга тушунтириш учун айтмаяпман. Ёки шундайми? Ҳечам. Хоҳласангиз эшитинг. Илтимос, пиво буюринг. Раҳмат! Боя айтдим, юришимни санаб бораётувдим. Бир юзу эллик тўққизинчи қадамда йўлнинг охирига келиб қолибман. Аниқроғи йўл иккига бўлиниб кетган. Қайси тарафга юришни билмай қолдим. Чапгами ўнгами? Орқага қайтишни мўлжал қилувдим ҳам кўзим ёзувга тушди, аввал ўнг тарафдагисини ўқидимми ёки чапдагисини, эсимда йўқ, бу муҳиммас. Муҳими нима ёзилгани. Ўнг тарафга кетадиган йўлнинг ўнгида хоч шаклига ўхшаш манзил кўрсатгичида катта ҳарфлар билан Борса-келар, чапдаги йўлнинг худди шундай жойида эса “Борса-келмас” деб ёзилганди. “Борса-келар” томонга юрдим. Собит, ишонасизми-йўқми, ўнг тарафга юришимни ўйлаб ўтирганим йўқ”.

“Назаримда, ўйлагансиз: борса-келарга бориб келаман, деб ўйлагансиз”.

“Йўқ, унақа эмас. Қайси тарафга қараб юришнинг мен учун қизиғи йўқдай эди. Ўнг тарафга шунчаки юрдим. Қайсидир томонга кетишим керак эди-ку? Собит, мен кейин ўйладим; борса-келарга бориб келиб борса-келмасга кетаман, энди қадамимни санамаётган бўлсам-да, бунақа хаёл қилганимда чамамда ўн-ўн беш қадам йўл босувдим. Собит, кўзингиз княз Мишкинникига ўхшаб олайиб кетди. Мен сизни мажбурлаб ишонтираётгандай. Эриш туюлаётган бўлса, марҳамат, пивони ичайлик, турамиз-кетамиз. Ҳа, майли, эшитасизми-йўқми, рости чарчаб бораётувдим, энг ёмони одам тўқигани, нега одам тўқийди-а, Собит ва шундан чарчайди, илтимос, безрайиб қараманг, мен ҳозир тўқиётганим йўқ, айтганча буни Қалқонга айтдим; тўқиб бичмайман, дедим, ҳеч қачон, гапимга ишонмасангиз ҳам розиман, бунинг нимаси ёмон, яъни ишонмасликнинг. Бўпти-бўпти, бурнингизни жийирманг. Бир вақт қарама-қарши тарафдан Рауф Турсунқул келяпти, юриши нимани эслатади, биласизми, ҳозир эсимда йўқ, ниманийди-я, эсимга келса-куласиз, балки кулмассиз, нимага тиржаясиз. “Биз қайтаяпмиз”, дейди Рауф Турсунқул. “Сиз ҳам қайтинг”, дейди. Ўзим биламан нима қилишимни, унга жавоб қайтармадим — гапирмай туравердим. У ҳам шу — жим. Нимани гаплашамиз йўлда. “Ажралишдек йўл ёқасида.” Боряпман-боряпман, ўйлайман, қайтсам бўларди, “қайтсам қайтмасам барибир эмасми” деб кейин яна ўйладим, олдинда нима бор, “орқада ҳам пишириб қўйибдими?” деб юравердим. Одам тўқимаса бўлди, ҳаммаси яхши бўлади, Собит, ҳали бунга ўзим ишонганим йўқ, сизни ишонтирмоқчиман”.

“Нимага?”

“Нимага? Нимага? Ойхон парига. Сиз у ҳақда эшитмоқчи эдингиз, чоҚи. Хаёлингиз жойидами? Ёки сизни ҳам жин урдими? Пиво ичмаслигим керак эди. Ҳожат чиқараман деб Ойхон паридан юз қадамча узоқлашувдим, ғира-шира ҳар ҳолда, қайтиб келаётсам, унинг олдида бир шарпа, яқинлашавердим, менга ўхшайди, ёки менми у, билмайман, қўрқиб кетиб калима қайтарувдим иккови бирданига йўқолиб қолди. Нега Ойхон пари кўздан ғойиб бўлади? Ёнидаги ким? Ҳалигача билмайман. Кўзингиз яна жўлайиб кетди. Ўзингизни мажбурлаб ишонтирманг, илтимос. Бу менга далда бўлолмайди. Аксинча сиз мени йўлдан оздиряпсиз. Ҳей бир куни ичиб ўтирганимизда Рауф Турсунқулнинг айтган гапини эслайсизми: “зулматда чироқ ёруғи ҳеч бўлмаса шовқин ташийди, сукунатни бузади, бус-бутун зулматнинг ўзи эса қўрқитишдан бўлак ҳеч нима иш қилмайди” деганини. Калима қайтарганимда ҳамма ёқ қоп-қора зулмат ичида йўқолди-қолди. Бу яхши эмасми?”

“Рости нима дейишни билмайман. Каллам ачиб кетди. Яшаш, демак калла ачишига йўл қўймаслик. Зўрми? Ўша куни Рауф Турсунқул айтувди: “яшаб-яшолмайсан, ўлиб-ўлолмайсан”, эслайсизми, у киши шуни гапириб бўлувди-ям Абдуҳолиқ Қалқон ўтирган жойидан ерга йиқилувди, оёққа туролмай “кўзни юмиб яшаш керак” дегани-чи? У кўп ичганди. Биз кулувдик.”

“Борса-келарга кетаётувдим, Собит, Ойхон пари билан гаплашиб. У “нега ҳадеб куласиз”, дейди, “кўнглим тўқ” дейман унга, “гапимга кулмаяпсизми?” дейди менга…”

“Парингиз қаёқдан яна пайдо бўлиб қолди? Борса-келарингиз нима? Буни-ки тушундим — кафега бораётгансиз, йўлда Рауф Турсунқулни учратгансиз, чунки сал кейин мен унга қарама-қарши келдим. У “Наимов кафега боряпти. У ерда Қалқон ичиб ўтирибди” ва шунга ўхшаш яна нималардир деди. Эсда йўқ. Йўқ, эсда бор, фақат гапиргим келмаяпти. Сиз мени ҳозир роса лақиллатиб ўтирибсиз. Янглишмасам пиво ичишда шерик ролини ўйнаб беряпман, ҳозир. Шундайми? У сизнинг бир ўзингизни кўрганини айтувди.”

“Ойхон у кишини кўриб яширинувди. Дарахт панасига, эътиборингиз учун, жаноб”.

“Эй, менга қаранг! Парингиз билан қаерда танишгансиз? Ким у? Рости, миямнинг қатиғи чиқиб кетди”

“Метрода танишганман. Метродайди? Қаерда ва қачон? Эслолмаяпман, Собит, эслолмаяпман. Ундан исмингиз нима” деганим эсимда. “Сизникичи?” Кейин “қаерда ишлайсиз, касбингиз” сўраган. “Бекорчилар мамлакатининг президентиман” деб жавоб қайтарганман. Аввалига ишонмаган. Кейин “ҳазиллашди” ўйлаб кулган, яна кейин хўмрайган. “Жиддий сўраяпман” деган. “Жиддий.” “Қизиқ.” “Рост”. “Ўлай агар… денг”. Ва ҳоказо. Собит, агар эшитмоқчи бўлсангиз, жим эшитинг. Ойхонга эртак айтиб бораётувдим. Бир болакайнинг қандай қилиб тангрини алдамоқчи бўлгани ҳақида. У эртакнинг бошини қизиқиш билан тинглаётувди, назаримда. Аниқ билмайман. Кейин қизиқиши сўндими? Билмайман.”

“Денгиз, парингизнинг қизиқиши сўнган-сўнмаганини билмайман-у, лекин мен сизнинг гапларингизни эшитиб… Тавба қилдим. Тавба қилдим. Шунга яқинроқ”.

“Собит Маҳмудий, бу зўр-ку! Сўзларга ишонмоқ. Гапга. Чиндай! Нимаси яхши бунинг! Нимаси зўр!? Рауф Турсунқулнинг “менда фақат товушлар” деганини эслайсиз-а? Давомини ҳам эслайсиз-а? Айтувди: “Сўзлар — бу нарсалар. Ахир сўзлар тасаввур уйғотади. Агар аслида ҳам шундай бўлса худо йўқ! Лекин бундай эмас”. Собит! Эшитамизми, йўқми? “Борса-келарга бораётувдим. Йўлда бир болакайни кўрдим. Қўлида танга. Беш тийинлик. Собит эшитинг! “Тангани беш марта ерга ташлайман” дейди болакай осмонга қараб, “агар юзи — беш тийин ёзилган тарафи ер устига кўпроқ тушса сен ютасан, акси бўлса мен ютаман. Мен ютсам момом ўлмайди-я. Келишдикми?” Сўрайди. Кўзи эса шу чоқ ҳам осмондан узилмаганди. Кейин нафас ростлаб кўзини осмондан узиб юмади. Тангани ердан бир қулочича чиқадиган баландликдан ташлайди. Кўзини очади. Ерда танганинг орқа тарафини кўради. “Раҳмат” дейди осмонга қараб. Танга ташлашни такрорлайди. Биру бир. Иккию бир. Иккию икки. Бошини ердан кўтаради. Мени кўради. Мен тиржайиб турибман. У эса қайғу аралаш ҳайрон ҳолатда менга боқади. “Болакай сени танийман, — гапира бошлайман унга, — исминг Денгиз, мактабда ўқийсан. Момонг отангнинг онаси ойда яшашини ҳам у ҳар кечаси сочини тарашини ҳам биламан. Унинг энди касал эканлигини ҳам. Қайғурма, у барибир… Танганинг қайси тарафи ер устига тушишини биласанми? Сен ҳозирча билмайсан, мен биламан. Биз икковни бир-биримиздан сенинг ойда ўлаёткан момонг ва менинг ойда яшаётган парим ажратиб туради. Бошқа ҳеч қандай тўсиқ йўқ.” Собит, болакайнинг кўзидан ёш оқади, танга қўлидан ерга тушади. Бола ютилади. Лекин “мен ютдим” деб туриб олиб худони алдамоқчи бўлади. “Одамзот биргина хотирасидагина худони алдаши мумкин” деб болакайнинг қулоғига шипшийман. У менинг гапимни эшитиб кўздан ғойиб бўлади. Мен эса кўзимни осмонга қадаб бақираман: “Ойхон”. “Лаббай” деган овоз келгандай бўлади. “Ахир, сен йўқсан” деб яна бақираман. “Ҳа, шундай — мен йўқман” деган овоз эшитилгандай бўлади. “Унда нега сен борсан” деб охирги марта бақираман…”

“Наимов, Рауф Турсунқулнинг гапларини яхши эслайман. “Сўзлар-кўринмас занжир одамни маҳкам боғлаб олиб ўзини ўзига қамаб қўяди”, девди, “яна ҳар қандай фикр, ҳар қандай тасаввур нотўғри, нотўғри деб ўйлашимизнинг ўзи ҳам нотўғри” дегани ҳам худди ҳозир айтаётгандай аниқ эсимда турибди. Лекин сиз нималар ҳақда алжираяпсиз, тушунмаяпман, валдираяпсиз-валдираяпсиз, у қулоғимдан кириб бунисидан чиқиб кетяпти. Маст деса мастга ўхшамайсиз, кечирасиз-у, “томи кетиб қолган” деса бу-да нотўғри. Парк атрофида осмонга қараб бақираётганингизни Абдухолиқ кафедан қайтаётганда кўрган. У сиз билан яна ичгани қайтган. Мен ишимни битириб кафега келганимда соат тўққиз атрофида эди. Абдухолиқ сизни боя-боягина кетганингизни ва қайтиб келишингизни ҳам башорат қилувди. Эй, Наимов, борса-қайтмасингиз нима?!”

“Мана, ҳозир гаплашиб ўтирибмиз, шу — борса-қайтмас. Абдухолиққа ҳам шундай дейман. У эса кўзимга мўлтираб қарайди. Кейин “дунёда, дунё ҳам эмас, коинот ичида айнан ҳозир ва эртага, ўн йилдан сўнг ҳам нафас олишимдан  хурсанд бўлишим керакми”, дейди, яна менга ўқрайиб “Наимов, мен ҳар куни ўзим билан ўзим урушаман. Бундан бахтиёр бўлишим керакми?”, дейди. Мен жавоб қайтармайман. Нима дейман? “Ўл” дейманми. Собит, гапни бурмоқчи бўламан. “Абдухолиқ борса-келарга бораётувдим” дейман. У “нима?” дейди. Борса-келарга бораётувдим. Йўлда бир болага кўзим тушди. Кимгадир гапиряпти. Лекин олдида ҳеч ким йўқ. “Менгами?” деб ўйладим. Абдухолиқ “қанақа бола?” дейди. “Бир бола-да, ёши ўн-ўн иккиларда” жавоб қайтараман унга. “Хўш, нима” дейди”.

“Ким?”

“Ким”, дейсизми, Собит. Абдухолиқ-да. Ўша бола ўзига-ўзи гапираётипти. “Нима бўпти”, дейди Абдухолиқ. “Сиз аввал эшитинг” дейман. “Хўш”, дейди…”

“Абдуҳолиқ буни менга айтиб берди”.

“Яъни, нимани айтиб берди?”

“Бола “эй, художон момомга умримдан бир йилини бер”, деган, кейин ўзининг зиқналигидан-ми уялиб, “икки йил, икки йилмас, умримнинг ўн йилини момомга улаш, у ўлмасин”, шунақа гаплар. Шундайми? Сиз эса унинг олдига келиб “бу кунингдан ўл” дегансиз. Бола қўрқиб қолиб кўздан йўқолган. Шундайми?”

“Шунга яқинроқ, Собит, ўшанда жаҳлим чиқиб кетганди. “Эй, бола, момонг сочини аслида битлардан тозалаш учун тарайди”, деб бақириб бермоқчи эдим. Абдухолиқ кўзини лўқ қилади;  менга олайиб қарайди. “Ойхон парининг миясида битлар ўрмалаб юрса керак” дейман унга. У “қанақа битлар” дейди. “Мен буни сезаман”. “Қандай сезасиз?” дейди. “У бошининг қичиғини қолдириш учун доим сочини тарайди”. Абдухолиқ кулади ва “ҳа-я, сиз романингиздан парча айтиб беряпсиз-ку” дейди. Мен “ҳеч қандай роман-поман ёзганим йўқ ва ҳеч қачон ёзмайман” деб зарда билан унга гапираман. У менга кулиш билан жавоб беради. Гапирмайди.”

“Наимов, ростдан ҳам бу романдан парча эмасми? Роман ёзмоқчи эмасмисиз? Ниятингиз шу эдику? Сизни умуман тушунолмаяпман”.

“Ҳатто миттигина ҳикоя ҳам ёзмайман. Уни ўқиган одам маҳлуққа айланади. Камдан-кам одамларгина ўзини сақлаб қолади. Абдухолиққа ҳам шунақа гапирувдим. У бурнини жийиради: “ўзингиз биласиз” дейди. Собит, миямда ҳар замон, нима десам, бир бало — чунки унинг қиёфаси йўқ, ўша ярқ этиб ўтиб кетади. Йўқ, йўқ, маҳлуқ яшайди, демоқчи эмасман. Ўша балони тушунтириб бўлмайди, у сўзга айланмайди. Чунки, у — ҳеч  …”