Юсуф яна нималарни алжираяпти?

Қуйидаги фикрларимни ҳар ким ўзича изоҳлаши мумкин, лекин мен Юсуфнинг сўнгги мақоласидаги иддаоларни, юмшоққина қилиб туш кўриб босинқираш, ёки алжираш дея атадим.

Юсуф яна нималарни алжираяпти?
190 views
02 March 2013 - 18:29

Қуйидаги фикрларимни ҳар ким ўзича изоҳлаши мумкин, лекин мен Юсуфнинг сўнгги мақоласидаги иддаоларни, юмшоққина қилиб туш кўриб босинқираш, ёки алжираш дея атадим. “Юмшоққина” деганимнинг боиси, у ерда ҳеч бир асоссиз кимдир ўғрига, кимдир киши ҳақидан ҳазар қилмайдиганга чиқарилган, кимдир уларга яқиндан ёрдам берганликда айбланган.

Ҳуллас, ўзини “Янги дунё асосчиси” деб биладиган Юсуф Расулов Интернетда “Мусулмонлик ўғирлик деганими” деган мақоласини эълон қилди. Унда “бировни ҳаққидан ҳазар қилмайдиган ака- ука Бобожоновлар” дея мени ҳақорат қилган.

Мақоладаги иддаоларга ишонадиган бўлсак, “бу саҳифани Швецияда яшовчи журналист Қудрат Бобожонов ”Озодлик” радиосида ишловчи акаси Шуҳрат Бобожонов билан ҳамкорликда юритмоқда экан”.
Шунингдек, Юсуф “уларга Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Муассислар Кенгаши мувофиқлаштирувчиси Намоз Нормўмин яқиндан ёрдам бериб турганини” ёзади.

Бу Юсуфга хос бўлган қип қизил туҳмат. Мен ҳеч шу сайтни ўғирлаш, қолаверса уни юргизиш, бунинг учун кимлар биландир ҳамкорлик қилиш ниятидан узоқ бўлганман. Чунки бунинг учун менинг вақтим йўқ. Мен ўз ёзган мақолаларимга, фикрларимга ҳар ерда жавоб бера оламан. Алоҳида бир сайт очиш мен учун унча бир қийин иш эмаслигини ҳеч ким билмаса ҳам Юсуф яхши билади.

Ишонмагин дўстингга…

Бу воқеа, менга Швецияга энди келган пайтимиз, 2007 йили очган илк “Исёнкор” сайтини эслатди. Бу сайтни уйда тайёрлаб, кейин уни Тўлқин Қораевнинг уйида намойиш қилган эдим. Кейин унда бир қанча модераторлик калитлари тайёрлаб, Тўлқин, Юсуф ва Ҳайитбой ака учун алоҳида блоглар очиш режасини таклиф қилган эдим.

Кейин ҳар ким, ўз калити билан кирадиган бўлиб бу сайтган ўз мақолалари билан иштирок қиладиган бўлди. Икки уч йилда сайтга анча оригинал материаллар қўйилди. Айниқса ўзига “Андрей Кочегаров” лақабини қўйиб олган Юсуф Расулов жонбозлик кўрсатди.

Бироз вақт ўтгач, Юсуф мендан, сайтда фаолроқ бўлишни истаётганини айтиб кўпроқ ваколат (яъни админ катитини) беришимни сўрай бошлади. Ният ҳолис эди, унинг ваколатини админ даражасига кўтариб қўйдим… Сайтда иккита рул пайдо бўлди. Сайт админида бошқа ҳамма ҳуқуқлардан ташқари сайт модераторларини бекор қилиш ҳуқуқи ҳам бор эди.

Шу кундан бошлаб, у қитмирликни бошлади. У менга тааллуқли админ калитига тўсиқ қўйди, кейин эса бу админ калитини умуман ўчириб ташлади. Мен аввалига ҳеч нарса тушунмадим.
Кейин, мақолалар мазмуни ўзгара бошлаганидан қандай хато қилганимни англадим…

Сайт жойлашган хостингда асосий талаб админлик паролини хеч кимга бермаслик эди. Мен Ucoz.ru маъмурларидан одатий жавобни олдим. Яъни юқоридаги шарт бузилганди.

Рўйҳатларда йўқ…

Мен ўзимга дўст санаган Юсуфнинг қилғилиқларини эсласам, ҳамкасбларим ҳар сафар менга бир ҳил зардани қилишади: “Унинг Швецияга келишига ўзинг сабабчи бўлгансан!”

Бу воқеа яна ҳам аввалроқ, Қирғизистонда бўлган эди. Андижон воқеаларидан кейин Британия медиа хизмати ҳаётига ҳавф бўлиши мумкин бўлган айрим журналистларни бир неча ҳафтага мамлакатдан чиқиб туришига имкон яратди. Биз бир қанча журналистлар Қирғизистонга чиқдик. Лекин бу рўйҳатда Юсуф Расуловнинг исми йўқ эди. У менинг имейлимга, Тошкентдан туриб, прокурор унга қарши иш қўзғагани ҳақида хатлар ёза бошлади.

Мен унга “агар ҳаётингизга чиндан ҳавф бўлса, Бишкекка чиқиб келинг” деган мазмунда жавоб ёздим. У Бишкекка етиб келгач, координаторлардан яшаш учун пул талаб қила бошлади.

Уни бу ерга ҳеч ким таклиф қилмаганини айтишди. У эса мени кўрсатди. Бизни таклиф қилган ташкилот маъмурлари билан менинг ўртамда бир ёқимсиз суҳбат бўлди.

У ерда менга, 2005 йил май ойидан ҳам илгари Юсуфнинг ўз ишига лоқайдлиги боис IWPR ишдан бўшатганини, Андижон воқеаларининг унга мутлақо тааллуқи йўқлиги, мен эса уни чақириб олганимни айтиб юзимни шувут қилишди.

Шу зайл Юсуф менинг шахсий таклифим билан Бишкекда яна бир бир йилча қолди.

“Ўғрини қароқчи урдими?”

Юқоридаги воқеалардан кейин мен бу боладан астойдил узоқроқ бўлишга ҳаракат қилдим.

Лекин у қинғирликларини қўймади. Сўнггиси, унинг Канадалик Фаҳриддин Худойқуловга тегишли домен остида мухолифатга қарши олиб борган фитналари бўлди. Менга Фаҳриддин ака чиқиб, “Сайтни олиб қўймоқчиман Юсуфдан”, деганида ҳам мен, “шу бола турган жойда мен йўқман” дея жавоб берганман.

Лекин ҳар сафар Фаҳриддин ака Юсуфни мен орқали танишини айтиб, унинг Муҳаммад Солиҳни ҳақорат қилувчи материаллари ёқмаётганини айтган.

Шунинг учун ҳам Юсуфнинг ҳар кимни ўзи каби ўғри гумон қилиши ҳеч бир куракка сиғмайди. Юқорида қўштирноқ ичида келтирилган ибора мутлақо ўринсиз – Юсуфнинг “Исёнкор” сайтини ўғирлаши билан, унинг “Янги дунё”дан четлатиши ўртасида ер билан осмонча фарқ бор.

Гапимнинг исботи учун, сайтда кўрсатилган Фаҳриддин Худойқуловнинг “Янги дунё” сайтида осиғлиқ қуйидаги гапларини келтираман:

“Бу домен ўғирлангани йўқ, асл эгаси қайтиб олишга қарор берди ва қайтариб олди. Мен бу исмни 2007 йил февралида сотиб олганман ва Юсуфга сайт қуриб, боғлаб берганман. Доменни сотиб олиш учун ундан пул олганим йўқ, кейин эса фойдалангани ва веб-хостинг учун йилига жузъий 50 доллар атрофида пул тўлаб турган.”

Қудрат Бобожон,
Журналист, Швеция

yangidunyo.com