Дўст бўлмасанг, душман ҳам бўлма

Дўст бўлмасанг, душман ҳам бўлма
45 views
03 March 2013 - 12:55

(Юсуф Расуловга очиқ хат)

Ҳурматли Юсуф! “Замондош” сайтига махсус юборган бир билдиришингизни ўқиб сизга “қойил қолмай” иложим қолмади. Бу сайтнинг кўпроқ ёлғон маълумотлар беришидан келиб чиқиб, унга ёлғон ёзиш ҳам мумкин деб ўйлагандирсиз албатта. Лекин ёлғоннинг умри қанча бўлишини биласиз.

“Баъзи дўстларимиз бу қитмир Юсуф содда Қудратни алдаб, “Исёнкор” сайтини эгаллаб олган экан, деб ўйламасликлари учун бир оғиз билдириш…” – деб бошлабсиз бу чиқишингизни. Юсуф, яхши биласизки, Ўзбекистонлик қочқин журналистлари орасида ўз сайтига эга бўлмаган яккаю-ягона журналист мен бўлсам керак. Ҳар ҳолда шундай фикрдаман. Уни қуришни ҳам билмайман ва сайт қуришни ўрганишга ҳам интилганим йўқ. Сабаби оддий: сайт “жониворни” янгилаб туриш керак, боз устига унга текинга мақола бериб турадиганларни топиш керак. Иккинчиси айниқса қийин иш. Бу масъулиятларни зиммамга олишни истамайман. Демак, менда ҳеч қачон сайт бўлмаган, ўйлашимча, бундан кейин ҳам бўлмайди. Албатта сиз ҳам қатъий оҳангда менга “Тегирмон” насиб этганлигини ёзаётганингиз йўқ, лекин эслатиб қўйишни лозим топдим.

Дарҳақиқат, “Исёнкор” номини сиз берган эдингиз. Сайт менинг квартирамда қурилганди. Қудрат билан иккингиз қурдингиз, бу вақтда кундуз бўлса-да, мен ухлаб қолгандим. Қудрат ҳеч қачон Солиҳ акага нисбатан туҳматона қарашлар нарироқда турсин, танқидий қарашларни ҳам кўтара олмайди. Буни сиз ҳам, мен ҳам биламиз. Ёдимда йўқ, нималарни олиб ташлагани, ёки нималар унга маъқул келмагани, лекин сиз ҳам ўша Жаҳонгир Маматов билан “Исёнкор” сайтидан туриб жанжал қилганингиз кам эмасди. Айниқса бизга турли туман туҳмат тошларини отаётган Ризо Обид билан  Жаҳонгир Маматовнинг иттифоқ қилгани, ҳақли равишда, ғазабингизни келтирганди. Жаҳонгир Маматовга атаб менинг номимдан битилган шеър муаллифларидан бири ҳам ўзингиз экани ёдингизда бўлса керак. Бугун эса ўша Ризо Обид, ўша Жаҳонгир Муҳаммад билан апоқ-чапоқсиз. Албатта бу менинг ишим эмас, ким билан дўст бўлишни ўзингиз ҳал қиласиз.

Энди Қирғизистонга “қайтсак”.   Ҳақиқатан ҳам Анддижон воқеаларига алоқангиз йўқ. Уни ёритганингиз ҳам йўқ. Худди шундай мен ҳам унга алоқадор бўлмасам-да, лекин ундан жабр кўрганлардан бири бўлдим. Яъни, шу воқеа ортидан тарки Ватан қилдим.   IWPR да таржимон эмас, журналист эдингиз. Галима билан ораларингизда қандай ола мушук ўтди, билмайман, аммо сиз бу ташкилотдан кетиб бўлган эдингиз.

Мен Ўзбекистондан Қозоғистонга ўтиб кетаётган вақтимда, биз  бирга чиқаётгандик. Сизнинг паспортингиз Фуқаролиги йўқ шахс паспорти бўлгани учун ҳам сизни чегарадан ўтказишмади. Виза керак экан.

Қирғизистонга эса  IWPR нинг тренингига келдингиз. Биз унда аллақачон  Бишкекда эдик. Тренинг 2005 йилнинг 24 июлида бошланди. Ажратилган 1000 долларнинг 500ини олгандингиз. Лекин аслида бу пул ҳозир АҚШ да яшаётган Ёдгор Турлибеков учун эди. Шунинг ярмини олганингизни унутманг!

Тренинг тугагач сиз Бишкекда қолдингиз. Жойингиз йўқ эди, Қудрат ва менга ажратилган уч хонали квартирада қолгандингиз. Кейин жуда ҳам қийналган жойингиз йўқ эди. Нимадан қийналгансиз ўзи? Ҳаттоки  “Адилет” ташкилоти бизга бераётган бир ойлик озиқ овқатлар чириб кетди-ку. Егулигимиз кафе ва  ресторанларда бўларди. Ёрдамга бериладиган озиқ-овқатларни бошқа қочқинларга тарқатганимиз ҳам ёдингизда бўлса керак. Сотмаганмиз ҳам, тарқатардик!

Сизга илк ёрдам, минг доллар пул АҚШ даги Инсон ҳуқуқлари фондидан келди. Уни ҳам мен тавсия қилгандим. Худди ўша фонддан Қудрат ҳам, мен ҳам минг доллар олдик. Биринчи ой учун кетди бу маблағ. Кейинчалик ҳар ойда халқаро журналистлар фондидан 1000 – 1500 доллар келиб турди. Сизга, менга ва Қудратга. Бу Галиманинг ғайрати билан бўлганди.

Юсуф, қийналиб яшаган жойингиз йўқ. Умуман биз уч журналист моддий томондан асло қийналмадик. Қолганларни билмадим-у, аммо менда бир қийинчилик бор эди. Бу ҳам бўлса муҳожирликка кетаётганим учун тортаётган руҳий азобим эди.

“Мен энди муллаларнинг айтган ҳар бир гапидан шубҳа қиламан…” – бу нима деганингиз? Қудратми у мулла? Ёки “Замондош” билан ҳамфикр бўлиб Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини “диний экстремистлар”, “ваҳҳобийлар”, “террорчилар” деяпсизми? Тушуниб бўлмаяпти сизни. Қудратдан қандай мулла чиқиши мумкин ўзи? Умуман чиқадими ўзи? Дўстликни тугатган бўлсангиз, ҳар ҳолда душман бўлманг!

Тўлқин Қораев