Ватанпарвар зомбилар

Ватанпарвар зомбилар
83 views
05 March 2013 - 15:46

1217633457islamophobia_shadowБугун ишхонамизда бир воқеа юз берди, бу воқеагача хамкасбларим ҳақида фикрларим ижобий эди. Лекин энди бу ижобийлик ўрнини нафрат эгаллади.

Телефонимда ҳар хил мусиқалар қатори Фозил қори, Қобилжон қори ҳамда Хайрулла Ҳамидовнинг “Холислик Сари” дастуридан кўплаб мавъизалар бор эди. Иш вақтида шерикларимнинг гапларига аралашишни истамаганим учун кўпинча шуларни тингларди ва шу билан бирга ўзим учун илм олардим.

Бугун бир фаррош қиз савол бериб қолди: “Ўзи тел.изда нималарни эшитасиз?” Шунда гапга унинг онаси ва кассир аёл аралашди: “Маърузаларни эшитади”.

У эса “ман ҳам эшитай, берип туринг” деди. Шу он унинг онаси ва кассир аёлнинг шоша-пиша айтган гапларидан шокка тушиб қолдим:

– Сан нима ваҳҳобиймисан маъруза эшитасан?!

Қулоқларимгача қизиб кетдим. Нима, демак жумъада маъруза қилувчи имомлар ва маъруза тингловчи намозхонлар барчаси ваҳҳобий экан-да.

Кассир аёлнинг берган жавобидан эса кулгим қистарди:

– Уларнинг қилган маърузаси бошқача, сиз эшитейдигон бошқача. Ваҳҳобийлар телефонда эшитади, намозхонлар мачитда эшитади.

– Опа, унда айтинг-чи, нега Фозил қорини давлат ваҳҳобий деб эълон қилмаган, у кишини эшитганларни ҳукумат таъқиб қилмаган, нега ҳалигача Қобил қори масжидда имомликда турибди? Нега маъруза қиляпсан? деб олиб ташламаяпти?

Иккинчи жавоб эса умуман мусулмоннинг гапига ўхшамасди:

– Фозил қори? Ким ўзи у Фозил қори?

Ўзимга Ўзим савол бердим: Демак давлат кўпларни дин ҳақида тушунчасини тубдан ўзгартириб бўлипти. Одамлар шу даражада диндан узоқлашиб кетганки, ҳатто маъруза тинглаган киши ваҳҳобий бўлиб кетаверса, унда уларнинг кузи олдида намоз ўқиганим учун қайси тўқима оқимларнинг бирига аъзо қилишди экан?..

Мухаммад Феруз.