Женевадаги ўзбек дипломатлари Мўътабар Тожибоева устидан полицияга шикоят қилган

Бир неча кун муқаддам Тожибоева Швейцариянинг Колонья шаҳрида, аниқроғи, Гулнора Каримованинг уйи олдида бўлган.

Женевадаги ўзбек дипломатлари Мўътабар Тожибоева устидан полицияга шикоят қилган
70 views
06 March 2013 - 16:52

7e64c4d2a4a242251ffdaa790b21fa01_XLШвейцарияда француз тилида чиқадиган машҳур Le Temps газетаси 5 март куни БМТнинг Женева бўлими қошидаги Ўзбекистон дипломатик миссияси таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева ва яна бир неча шахс Гулнора Каримованинг уйига ноқонуний бостириб киришга уринганини билдириб, полицияга шикоятнома топширгани ҳақида ёзди.

Le Temps газетасининг ёзишича, Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова бошқарган БМТнинг Женева бўлими қошидаги Ўзбекистон миссияси маҳаллий полицияга шикоят қилган. Шикоятномада “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева ва яна бир неча шахс дипломатик мақомга эга бўлган кишиларнинг шахсий ҳудуди ва мулкига тажовуз қилиб, ноқонуний равишда уларнинг уйига киришга уринганликда айбланади.

Бир неча кун муқаддам Тожибоева Швейцариянинг Колонья шаҳрида, аниқроғи, Гулнора Каримованинг уйи олдида бўлган.

“Мен режим томонидан ўзбекистонлик фуқаролардан ўғирланган пул қаёққа кетганини кўрмоқчи эдим”, – дея иқтибос келтиради Мўътабар Тожибоева сўзларидан Le Temps.

“У уйни суратга олиб, “ўзбек маликаси” билан кўришиш учун рухсат сўраган, рад жавоби берилгандан кейин ташрифчилар почта қутисига ўз ташриф қоғозларини ташлаб келганлар. Пировардида Ўзбекистон миссияси улар (яъни Мўътабар Тожибоева ва у билан бирга келган кишилар) шахсий ҳудуд ва мулкка тажовуз қилган ҳолда дипломатик мақомга эга бўлган шахслар яшаётган уйга ноқонуний равишда киришга уринганини билдириб полицияга шикоят қилган”, деб ёзади Le Temps.

Нашр Ўзбекистоннинг Женевадаги миссиясидан электрон почта орқали мактуб ҳам олган. Мактубда дипломат эшикни очган пайтда бу одамлар камера орқали тасвирга олган ҳолда шахсий мулк бўлган жойга киришга урингани айтилади.

“Ўзбекистон Республикасининг доимий ваколатхонаси бу хатти-ҳаракатлар дипломатик мақомга эга бўлган шахслар яшовчи хусусий ҳудуд ва мулкка хавф солишини таъкидлашни истарди”, – деб ёзилади Ўзбекистон дипломатик миссияси мактубининг Le Temps газетаси томонидан келтирилган парчасида.

Мўътабар Тожибоеванинг ўзи эса Женевада содир бўлган воқеалар ҳақида “Жараён”га қуйидагиларни айтиб берди:

“Бизга маълум булишича, Гулнора Каримова БМТнинг Ўзбекистон миссиясини бошқараётган палладан бошлаб БМТнинг Ўзбекистонга алоқадор йиғинларида бирор марта ҳам иштирок этмаган ва уни ҳеч ким БМТда кўрмаган экан. Бизга: “Қаердадир БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бор, унинг қаердалигини ҳеч ким билмайди”, деб айтишди. Бу ваколатхонанинг телефон рақами аниқ экан, лекин ўша рақамга қачон қўнғироқ қилинмасин, “автоответчик” жавоб бераркан.

1 март куни Ўзбекистоннинг БМТдаги ваколатхонаси идорасини топа олмагач, кечки соат 19 да кинофестивалнинг очилиш маросимида катнашдик. Кейин Ўзбекистонга бағишланган давра суҳбатида Каримовлар оиласи вакилларининг жиноятлари ҳақида мулоҳазалар баён килинди. 2 март куни эса эрталабки 11 да мен, даниялик журналист Майкл Андерсен, собиқ элчи Крейг Мюррей, “Хьюман Райтс Вотч”нинг собиқ вакили Игорь Воронцов ҳамда женевалик журналист Андре Лорш Швейцариянинг ўта бой кишилар истиқомат қилувчи Колонья шаҳрига кетдик. Биз у ерда Гулнора Каримованинг қашшоқ эл пулига, ўзбек болаларининг оғир меҳнатлари билан териб олинадиган пахта савдосидан Каримовлар чўнтагига тушган пуллар эвазига сотиб олинган уйини кўрмоқчи эдик. Биз унинг манзилини интернетдан қидириб топдик, уйнинг ўзини узоқ қидирдик ва ниҳоят топдик. Биз у билан Ўзбекистондаги вазият, мамлакатда инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ муаммолар ҳақида мулоқот қилиш ниятида эканимизни билдирмоқчи эдик”, – дейди Мўътабар Тожибоева.

Айни пайтда ҳуқуқ фаоли Ўзбекистоннинг БМТ Женева бўлими ҳузуридаги  миссияси билдиргани каби “ўзбек дипломатлари яшаётган уйга ноқонуний бостириб киришга уринганлик” айбловини рад этади.

“Эшик очилган пайтда Майкл Андерсен мендан интервью олаётганди. Эшик очилиб, у ердан бир эркак чиқиб келиб, биз билан гаплашгани тасвирга тушган. У билан мулоқотимиз тўлалигича видеога олинган, яъни биз ҳеч канақа қонунни бузмаганлигимизни исботловчи видео борлигини айтмоқчиман”, – дейди Мўътабар Тожибоева.

Ҳуқуқ фаоли шу кунда Женева полициясида ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун адвокат ёллаганини айтади.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 1 март куни “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева ўн кунлик Халқаро кинофестиваль ва Инсон ҳуқуқлари бўйича форумда (FIFDH) иштирок этиш учун Швейцарияга жўнаб кетганди. 3 март куни Тожибоева “Жараён” журналистларига уни Женева полицияси қидираётгани ҳақида телефон орқали хабар қилган.

Унинг айтишича, полиция ходимлари Мўътабар Тожибоева иштирок этаётган Халқаро кинофестиваль ташкилотчиларига Швейцария ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячисини нима сабабдан қидираётганларини айтишни истамаганлар.

Ҳуқуқ фаоли Женева полицияси вакиллари билан учрашишни истамаган ва ўша куннинг ўзидаёқ ўзи истиқомат қилиб турган Париж шаҳрига хавф-хатарсиз жўнаб кетишга муваффақ бўлган.

Айни пайтда мухолиф қарашдаги кишилар ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларининг кўплаб вакиллари Женева полицияси хатти-ҳаракатларини танқид қилмоқда.

“Бу кўплаб ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларининг қароргоҳлари жойлашган Женева шаҳри ва Швейцария учун шармандаликдир, – дея билдирган Le Temps газетасига Крейг Мюррей.– Ҳеч бир сиёсий мухолифатчи Швейцария расмийлари томонидан таъқиб қилинмаслиги лозим. Женева полицияси узр сўраши шарт”.

Бироқ Женевадаги БМТ полицияси вакили Эрик Гранжан Швейцария газетасига берган интервьюсида “амалдаги келишувларга мувофиқ, полиция халқаро институтлар қошида аккредитациядан ўтган дипломатларнинг шикоятларини ҳам бошқа шикоят ўрганилгани каби кўриб чиқиши лозим”лигини билдирган.

Le Temps Швейцария Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари ҳам “Женева полицияси шикоятларнинг мақбул-номақбуллиги тўғрисида мустақил қарор қабул қилиши”ни қайд этганларини ёзади.

Ўзбекистонда ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева мамлакат расмийларини қаттиқ танқид қилиб, кўп чиқишлар қилган. Бунга жавобан у 2006 йили қатор айбловлар билан 8 йилга озодликдан маҳрум этилган. Ҳуқуқ фаоли иши юзасидан маҳкама қўпол қонунбузарликлар билан ўтказилгани айтилади.

Халқаро ҳамжамият босими остида 2008 йил ёзида озод бўлган Тожибоева хоним кейинроқ жаҳон афкор оммасига Ўзбекистон қамоқхоналаридаги аёвсиз қийноқ ва таҳқирлашлар ҳақида сўзлаб берган.

jarayon.com