Имоми ёлғон айтган эл

Имоми ёлғон айтган эл
67 views
09 March 2013 - 12:43

indexЎзбекистон матбуотида рост гап анқони уруғи. Гарчи мамлакатлари сўз ва фикр эркинлигини, уларни эркин ифода ҳуқуқлари кафолатласада – аҳвол эса бунинг мутлоқ тескариси. Журналистлар ҳам, уларга интервью берадиган каттадан кичиккача барча баробар ёлғон гапиради. Президентни-ку қуяверинг, у узи шунақа эскидан ёлғончи, чунки унинг оддий мусулмончиликдан ҳам хабари йўқ. Мусулмонлар-чи? Ўзини “мусулмонман” дейдиган одам ёлғон гапириши у ёлғонни тинглаб турган бошқа одамга қандайдир эриш туюларкан. Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсуновни ёлғон гапиришичи?

Бу киши бутун бир шаҳарни мусулмонларини бошкараётган шахс бўлса, уни ёлғон гапларни гапириши деганда ўзаро ошна оғайнисига эмас, бутун бир давлатнинг марказий нашрларидан бири бўлган “Ўзбекистон овози” газетасига берган интервьюсида  айтган сўзларини назарда тутмоқдаман. Келинг, у киши мазкур газетанинг ёлғончи журналистларидан бири Бардамбек Саъдуллаевга  2-март куни берган сухбатларини бир таҳлил қилиб курайлик-чи.
http://uzxalqharakati.com/wp-content/uploads/2013/03/IMG-1.pdf
http://uzxalqharakati.com/wp-content/uploads/2013/03/IMG_0002.pdf

“Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим”, – дея ўз сўзини Оллоҳнинг номи билан бошлайди имом ва давом этади. – “Тинчлик — энг улуғ неъмат. Буни англамоқ, учун дунёда содир бўлаётган нотинчликларни, қанчадан-қанча одам унинг курбонига айланаётгани, шаҳар ва қишлоқлар вайрон этилаётганини эслаш кифоя. Муҳтарам Ислом Каримов Ўзбекистан раҳбари бўлиб иш бошлаган биринчи кундан буён юрт тинчлиги, минтақа осойиштлиги учун курашиб келмокдалар”.

Тинчлик — энг улуғ неъматлигини келтириб, дунёда содир бўлаётган инкилобларни, ўз озодлиги учун курашаётган халқларнинг амалга ошираётган ишларини бу киши “нотуғри” деб, ўзи хизмат қилаётган режим раҳбари Ислом Каримовни диктаторлик сиёсатини оқлашга уринаётганлиги кўзга яққол ташланиб турибди. Хўш, нотинч бўлаётган давлатларда ҳам Ўзбекистонга ўхшаган диктоторлар тахтда ўтирганидан имомнинг хабари йўқмикин? Аслида халқлар тинчлик истайдилар, ҳеч ким урушни хоҳламайди, лекин ўз озодлиги, эркинлиги учун кўчага чиқган қуролсиз халқни ўша нотинч бўлаётган давлатларда ким қириб ташлаяпди? Кўриб турганимиздек, ўша ҳукуматлар раҳбарлари қуролсиз халққа қарши қурол билан курашаяпти.

Демак, урушни халқлар эмас, балки  диктаторлар хоҳлар экан, шаҳар ва қишлоқларни ҳам ўшалар вайрон қилишмоқда. Бу фикримизга далил излашга ҳам ҳожат йўқ, яқин ўтмишга,  2005 йилги Андижон воқеъаларига назар ташлашнинг ўзи кифоя. Ўшанда қуролсиз халққа қарата ким ўқ узганлигини бугун дунё билиб турибди!

Тошкентнинг машҳур имоми шундай давом этади: “Ёвуз кучлар муътабар динимиз номидан кўплаб қабиҳ, ишларни қилиб, муқддас динимизни обрўсизлантирмокда”.

Ўша “ёвуз кучлар” ким экан? Улар қандай қабиҳ ишларни амалга оширишди экан? Балки улар ўзбек халқидир, балки ҳозирги Ўзбекистоннинг ночор, тушкунлик ҳолатига бефарқ қарай олмаётган мухолифатчилардир? Қандай килиб улар муқаддас динимизни обрусизлантирибди экан? Булар ҳақида имом ҳаттоки оғиз очишни ҳам истамабди.

“Террорчилар ва бузғунчилар тилида «жиҳод» сўзи кўп ишлатилади. Баъзан ўйланиб қоласан, наҳотки тинч аҳолини ўлдириш жиҳод бўлса? Ёки Ватанга ва ўзинг мансуб бўлган халққа қарши жиҳод қилиш мумкинми?” – дея савол беради мухбир.

Жуда кулгилик савол. “Ҳурматли” журналист қаерда ва қачон, кайси террорчи жиҳод ҳақида гапирганини ва тинч аҳолини ўлдиришни, ёки Ватанга,  халққа қарши жиҳод қилиш керак деган даъватини ўша террорчининг ўз  тилидан эшитди экан? Ёки Ўзбекистон Оммавий Ахборот Воситаларида террорчилар, ҳамда экстримистларнинг чиқишлари бўлиб турармикан? Имом берган интервьюсида ўзига маълум бўлган Қуроъни карим оятларидан, Ҳадиси шарифдан иқтибослар келтириб ўзи хизмат килаётган режимни оқламокчи бўлган. У ўзини, фақат ўзини ҳукмрон режимга яхши инсон сифатида кўрсатиб, сўзида давом этади:

“Мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталик туфайли қандай кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Хорижликлар юртимиздаги муҳташам биноларни, тезюрар поездларни кўриб, ҳайратга тушганига ўзим кўп бор гувоҳ бўлганман”. –  таъкидлайди у.

Имом Анвар қори Турсунов “кенг кўламли бунёдкорлик ишлари” деганида нимани назарда тутаяпти экан? Балки Ўзбекистон бўйлаб кесиб ташланган юз йиллик азим чинорларни, ўкитувчилар дарсларини ташлаб қураётган сифатсиз коттежларни, бузиб ташланаётган ва қайта қуриб тадбиркорларга юз баробарига қимматига сотилаётган савдо дўконлари, тадбиркорлар мулкларига тажовуз қилаётган қора маскалиларни, порахўрларни назарда тутмаётганмикан? Хорижликлар юртимиздаги муҳташам биноларни, тезюрар поездларни кўриб  ҳайратга тушганига ўзи кўп бор гувоҳ бўлганмиш.

Имом “ҳазратлари” билмасалар керакда, ўша биноларни хорижликлар келиб қуриб, пулини ҳам ололмай кетганини. Ёки ўша поездларни ҳам ўша хориж мамлакатларидан келтирилганини? Ёки Ўзбекистонда поезд ишлаб чикарадиган завод бормиди? Нега энди хорижликлар ҳар куни ўзи унданда зур поездларда юриб, Ўзбекистонга келиб поезд борлигига хайратланиши керак? Балки имом айтаётган уша хорижлик мехмонлар колок Африка мамлакатларидан келганмикин, балки бир неча ўн йилдан бери урушлар алангасидан чиқа олмаётган Афғонистоннинг гадой топмас бирор қишлоғидандир?

“Ҳар йили беш мингдан зиёд ватандошимиз Ҳаж зиёратини адо этмокда. Булар тинчлик неъматидан, юртимиздаги фаровонлик ва хотиржамликдан, бунёдкорликдан нишона ҳисобланади”.- дея таъкидлайди имом.

Статистика маълумотларига қараганда Озарбайжон Республикасининг беш миллион аҳолиси бор экан. Ҳаж зиёратига борувчиларга Саудия Арабистони ҳар бир миллион киши ҳисобига беш мингдан чегараланган жой ажратади. Демак Озарбайжоннинг ўзидан йигирма беш минг киши муқаддас ҳаж зиёратига бориши мумкин, лекин у ердан ўшанча мусулмон зиёратга бормайди ва давлат ҳам бу муқаддас зиёратга боришни на таъқиқлайди ва на қўллаб-қувватлайди. Сўнги статистик маълумотларга қарайдиган бўлсак, Ўзбекистон аҳолиси сони ўттиз миллионга етиб қолибди. Демак, ҳар миллион одамдан беш минги ҳажга борса ҳам, Саудия Арабистони Ўзбекистондан бораётган 150 минг мусулмоннинг ҳаж қилишига бирор монеълик кўрсата олмайди.

Имом “ҳазратлари” билиб қўйсалар ёмон бўлмас, ҳаж зиёратига юртдошларимизнинг фақат беш минг нафари бораётганлиги –  бу тинчлик неъматидан, юртимиздаги фаровонлик ва хотиржамликдан, бунёдкорликдан нишона эмас. Балки бу муқаддас зиёратга борувчилар сонининг чегараланганлиги, пора олиш учун замин таёрланганлигидан далолатдир! Балки бу зиёратга сафар қилмоқлик учун эркинлик берилса ҳам,   ўн мингдан ошиқ одам бормас, лекин унда диний идора порасиз қолиши аник!

“Хабарингиз бор, бугун «оммавий маданият» деган бало-қазо терроризмдан кам хавф туғдираётгани йўқ. Енгил-елпиликни, ҳаёсизлик ва носоғлом турмуш тарзини тарбиялаб келувчи бундай иллатларга қарши курашиш, ёшларимизни улар таъсиридан сақлаш учун нималарга эътибор қаратиш зарур деб уйлайсиз”? – савол қўйибди “Ўзбекистон Овози” журналисти.

Мухбирнинг саволи ажойиб, қанақа оммавий маданият ҳақида гап юритилаяпди? Балки аксинча, оммавий маданиятсизликдир! Енгил-елпиликни, ҳаёсизликни тарбиялаётган аслида  ким?

Ислом дини ва унинг намоёндаларини таъқиб қилаётган, бу билан халқни иймонлик, этиқодлик бўлиб тарбия топишига тўсқинлик қилаётган ким бўлиши мумкин бизнинг бу ватанда? Мухбир тили билан айтилган ўша «оммавий маданият»нинг етакчиси Гугуша эмасмикин? Имомимиз бу саволга рост жавоб берибди:

“Ҳазрат Навоийнинг ижодини билган, Абдулла Қодирийни мутоъла қилган, Чўлпон ва Фитратдан маърифат олган ёш авлод ҳар мақомга йўрғаламайди, бундай одам ҳақ йўлда собит бўлади”.

“Ҳазрат” билмасалар керак, ўша у киши айтаётган ёш авлод бугун Навоий, Кодирий, Чўлпон, Фитратларни ўкимай тирикчилик ғамида Россия ва дунёни бошқа ўлкаларида юрибди. Оч қолган одам китоб ўқирмиди? Имом жаноблари бошқа яна бир қанча тарбиявий масалалар билан бир қаторда, ишсизлик масаласига ҳам тўхталиб шундай гапларни айтибди: “Бизда, кўриб турибсиз, ёшларга иш ўринлари яратиш давлатимиз сиёсатининг негизига айланган. Ҳар йили минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда. Биргина 2012 йилда 967 мингдан ортик, иш ўрни очилди”.

“Ҳазратнинг” кайфи бўлган чоғи. Унинг ёлғончилиги шусиз ҳам маълум эди. Буниси эса ҳамма исбот-далиллардан ҳам ўзиб кетибди. 967 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилганлигини даъво қилади имом. Бу эса сал кам бир миллион иш ўрни демакдир. Балки аслида 967 тадир, ёки 9,67 бўлса керак.

Келинг, бир лаҳзага бўлсада Анвар қори Турсуновни рост айтаяпди деб тасаввур қилайлик.  Демак 2012-йилда 967 минг, ундан аввалги йили бундан сал камрок бўлса керак. Чунки Ўзбекистон борган сари кўрсаткичлари фақат ошиб, ривожланиб келаяпдику. Агар охирги ўн йилликда ҳар йили у киши айтганларидан икки баробар кам иш ўринлари яратилган борилганида ҳам, ўзбек йигитлари Ватанини тарк этиб мардикорчиликка кетмаган бўлишарди.

Мақоламизда имом-хатиб Анвар қори Турсуновнинг ҳамма айтганига изоҳ ёзиб ўтирмадик. У кишининг аслида  ким эканликлари шундоқ ҳам маълум! Элимизда шундай нақл бор: “қози туҳматчи бўлса дардингни худога айт” дейдилар. Имоми ёлғончи бўлган элчи, у дардини кимга айтиши керак?

Илхом Мамедов
Наманган шаҳри