Тошкентда ушланган ЎХҲ фаоллари озод қилинди

Тошкентда ушланган ЎХҲ фаоллари озод қилинди
31 views
10 March 2013 - 14:55

Тошкентнинг Учтепа туман ички ишлар бўлимида кеча 12 соат тутиб тутилган ҳуқуқ фаоллари Абдулла Тожибой ўғли ва Нуриддин Жуманиёзов кечки соат 22.30 ларда қўйиб юборилган. 

Ҳуқуқ фаоли Абдулла Тожибой ўғли яқин кунларда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги биноси олдида норозилик акцияси ўтказмоқчи.

Бу ҳақда Озодлик радиосига ҳуқуқ ҳимоячиси Абдулла Тожибой ўғли маълум қилди.
Унинг айтишича, 9 март куни у Нуриддин Жуманиёзов билан биргаликда Ўрикзор мардикор бозорига милиционерлар жарима ундирган мардикорлар арзини тинглаш учун борганлар. У ердан қайтаётган пайтларида фаолларни ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари Учтепа туман ички ишлар бўлимига олиб кетганлар.
– Соат 12 ларда ҳуқуқ ҳимоячиси Владимир Ҳусаинов билан телефонда гаплашиб турган пайтимда бир милиция ходими келиб, қўлимдаги телефонни тортиб олди. Лекин, тўғрисини айтиш керак, бундан бошқа қўполлик қилишмади бизларга, – дейди Абдулла Тожибой ўғли.
Нуриддин Жуманиёзовнинг айтишича, у ва Абдулла Тожибой ўғлини бир муддат бирга ушлаб турган милиционерлар кейинроқ уларни алоҳида-алоҳида жойда сақлаганлар.
– Менимча, улар бизни бир-биримизга қайраб, ўртамизда адоват қўзғамоқчи бўлдилар, – дейди рўйхатга олинмаган Мардикорлар касаба уюшмаси раҳбари Нуриддин Жуманиёзов.
Фаолларга кўра, улар Учтепа туман ички ишлар бўлимида бўлган пайтда бўлимга 20 чоғли мардикорларни гувоҳлик кўрсатмаси бериш учун олиб келганлар.
Кеч соат 22 ларда суд бўлиб, Абдулла Тожибой ўғли ва Нуриддин Жуманиёзов Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 194-моддаси (Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаганлик) бўйича энг кам иш ҳақининг уч баробари (тақрибан 220 минг сўм) миқдорида жаримага тортилган.
Ҳали суд қарорини қўлларига олмаганларини билдирган фаоллар қарор қўлларига тегиши билан бу борада юқори инстанцияларга апелляция тартибида ариза киритажакларини қайд этдилар.
Абдулла Тожибой ўғли эса милиция ходимларининг қўпол хатти-ҳаракатига норозилик ифодаси ўлароқ яқин кунларда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги биноси олдида акция ўтказиш нияти борлигини маълум қилди.
2012 йил сентябр ойида Абдулла Тожибой ўғли, Фахриддин Тиллаев ва Нуриддин Жуманиёзовлар Тошкент шаҳар Қўйлиқ мавзесида жойлашган меҳнат биржасида милиция ходимлари тарафидан ушлаб олиб кетилиб, кейинроқ қўйиб юборилган эди.
Уч нафар ҳуқуқ ҳимоячиси иш топиш илинжида пойтахт меҳнат бозорига келган ўзбекистонликларга “Мардикорлар касаба уюшмаси”га кириш учун варақалар тарқатгани учун қўлга олингани айтилган эди.
23 сентябр куни Тошкент шаҳар Ҳамза тумани суди ҳукмига кўра, Фахриддин Тиллаев, Нуриддин Жуманиёзов ва Абдулла Тожибой ўғли бу ҳаракати учун ноқонуний фаолиятда айбланиб, ҳар бири юз минимал иш ҳақи (7.235.500 сўм)  миқдорида жаримага тортилган эди.
Мавзу тафсилотлари билан кун давомида таништирамиз.

ozodlik.org