Аслида сиз ва биз хўжайинмиз ўз шаҳримизга, ҳоким ё президент эмас!

Аслида сиз ва биз хўжайинмиз ўз шаҳримизга, ҳоким ё президент эмас!
57 views
12 March 2013 - 12:30

images (53)Ўзбекистон давлати ва унинг ҳалки ҳозирги кунларга келиб жуда чуқур инкирозга юз тутган. Бу ҳолни давлатимиз расман тан олмайди. Йигирма йилдан бери бу юрт аҳлининг ҳаёти кун сайин, ойдан ойгача ва йилдан йилга яхшиланиш ўрнига,  тобора ёмонлашиб бормоқда. Бу орқага кетишни ҳукумат яшириш мақсадида, давлатни ривожланаётгандек қилиб кўрсатиш мақсадида, сўз эркинлигига расман рухсат бергани билан, амалда унга таъқиқ ўрнатган.

Оммавий Ахборот Воситалари вазиятни таҳлил килиш, иқтисодий ислоҳотлар учун ечимлар излаш ўрнига ҳукумат тепасида ўтирган президентни кўкларга кўтариб мақташ билан овора. Хўш, бу билан нимага эришилмоқчи ва наҳотки ўз давлатини бошқариб келаётган президент Ислом Каримов ўз обрўсини ўзи тўкиб давлатни инқирозини истаётган бўлса?  Бу саволга “йўқ” деб жавоб берсак тўғри бўлади. Биз бу ерда президентни мақтамоқчи эмасмиз. Вазиятга оқилона жавоб излашга ҳаракат қилаяпмиз холос.

Аввалам бор президент ҳукумат тепасига алдов усулларини қўллаб келди. У ўзини иқтидорда қолдириш учун сўз эркинлигини чеклади. Оммавий Ахборот Воситаларига цензура ўрнатди, у юрғизиётган сиёсатни танқид қила оладиган халқимиз вакилларини таъқиб қила бошлади, мухолифат вакилларини, унинг лидерларини турмаларга ташлади, Ватандан қувғин килди. Ўзбекистонда эркин сўз батамом чекланди.

Сайловлар бўлди ва унда ҳукуматга, унинг сиёсатига қарши бирор сўз айта олмайдиган савияси паст, амалпараст одамлар танланди, ҳамда уларга овоз беришга халқ мажбурланди. Овоз берилмаганда эса, овозларни сохталаштириш амалиётлари қўлланилди. Шу аснода президент ўз позициясини мустаҳкамлаб олиб, энди унга қарши гапирадиган, ишига тўсқинлик қила оладиган одамлар йўқ ҳисобига келтирилди. Унинг командасида эса ўзига ўхшаган йиртқичларгина қолмоқда холос.

Ҳозирги Ўзбекистонни барча йирик тармоқларини президентнинг одамлари бошқариб келаяпди, ким бўлишидан қатъий назар президентга яқин ёки узоқ, қайси йирик тармоқни олманг, у ҳукуматга қарайди. Яъни президентга ва унинг атрофида айланаётган “сунъий йўлдошларига”, ҳамда кланларга. Агар тармоқлар шу структурага хизмат қилмаса, у мажбуран эгасидан тортиб олиниб мулки мусодара этилади. Бунда асосий жонбозликни сўнги йилларда президентнинг тўнғич қизи Гугуша кўрсатмокда. Тортиб олиш ва эгалик қилиш унинг асосий юмушига айланган.

Юқорида “давлатни инкирозга юз тутишини президент истамаган эди” дедик. Ҳа, у инқироз бўлишини бошида истамаган эди, лекин унинг юргизаётган сиёсатини таҳлил қиладиган, унга Ватанимизда бўлаётган ишларни рўйи-рост айтадиган структураларни йўқ қилинганлиги шундай шароитни юзага келтирдики, энди бу шароитни ўзгартириб бўлмаслигига ва Каримов ўзи қурган бу система номақбул эканлигига ҳам ақли етиб қолди. Шу билан бирга бу вазиятни келгусида ҳам ўнглаб бўлмаслигини у тушуниб турибди.  Ўзи қўйган тузоққа ўзи тушиб қолганлигини секин-аста Ислом Каримовнинг ўзига ҳам маълум бўла бошлади.

Бундай шароитда қандай йўл тутилаяпти? Албатта йигирма йилдан бери бўлиб келаётган ишларни бажаришда давом этилади ва у янада кучайтириб борилади. Яъни давлатни табиий бойликларини ўзлаштириш, халқимиз пешона тери билан топаётган моддий неъматларни тортиб олиш, Ватанимизни талон-тарож қилиш. Кўриб турганимиздек давлатимиз талон-тарож қилиб бўлинди, ишлаётган заводлар майдалаб сотилди, йўқ қилинди ва энди эса навбат дарахтларга келди. Юз йиллик чинор дарахтларимиз кесилиб қаерларга олиб кетилгани ва кимларга сотилгани ҳозиргача маълум эмас.

Баъзи кишиларимиз “Ватанимиз ривожланаяпти, мана масалан автомобиль заводимиз бор, дунё андозаларидаги автомобиллар ишлаб чикарилаяпти, шунга ўхшаш яна бошка қўшма корхоналар қурилаяпти” дея Каримов сиёсатини оқлашлари мумкиндир балки, лекин бундай фикрдаги кишиларга айтмоқчиманки, шу қурилаяпган корхоналар ва унда ишлаб чикарилаёган маҳсулотлар аввалам бор ҳалқимиз учун сифатсиз қилиб ва нархи дунё биржа бозорларидаги нархларидан икки баробар қиммат нархда ҳалкимизга сотилаётганини инкор килиб кўрингчи.

Мисол учун ўзимизни автомобиль заводимизда ишлаб чиқарилаётган “Нексия” автомобили Ўзбекистонда сифати қанақа ва неча пул туради ва худди шу автомобиль Россия бозорида қандай сифатга эга ва қиммати қанча. Тафовут: бизда улар икки баробарига қиммат!  Россиядан ёки бошқа мамлакатларнинг арзон сифатли маҳсулотларини у автомобиль бўладими ёки бошка маҳсулот бўладими,  уларни Ўзбекистонга олиб кириш таъқиқланган ёки божхона тўловлари мисли кўрилмаган даражада баланд. Бу ҳалқимизни тўнашнинг яна бир усули. Ватанимиз табиий бойликлари ўзимизга берилмасдан, чет элларга сотилмоқда, ваҳоланки ушбу бойликларда мамлакатимиз фуқароларининг ҳар бирининг ўз улуши бор. Бу талон-тарож механизмлари давлат структуралари орқали бошқарилади, яъни халқаро банк муносабатлари билан маблағлари президентнинг айтган ҳисоб рақамига тушади. Энди ҳалкимизни янгича тўнаш механизмларига алоҳида тўхталишга ҳаракат қиламиз.

Бу механизмлар борган сари такомиллаштириб бориляпти. Мана, масалан: 2009 йилнинг июль ойида Наманган шаҳрига борган И.Каримов ваъз айтиб “Наманган шаҳрини Фарғона водийсини пойтахтига айлантирамиз” дея вазифалар белгилади ва Тошкентда 2009 йил 6 август санаси билан ПК-1170-сонли карорни имзолади. Қарор матни фақат рус тилида бўлиб қуйидаги линкларда танишишингиз мумкин lex.uz

Ушбу қарорда белгиланган вазифалар Наманган шаҳри кўринишини тубдан янгилаш, ижтимоий инфратузилмаларни, шаҳар муҳандислик комуникация тармоқларини ривожлантириш ва шулар асосида ҳалқимизга муносиб турмуш даражасини яратишни кузда тутган бўлиб, албатта юзаки қараганда, бу ҳалкимизни эзгу ниятларини амалга ошишини кўзда тутган қарор деб қараш мумкин бўларди. Амалда нима бўлди? Биринчи навбатда шаҳримиз кўркига кўрк қўшиб турган, Советлар даврида малакали муҳандислар иштирокида қурилган бинолар бузила бошланди. Булардан бири Наманган шаҳри марказида жойлашган “Наманган” меҳмонхонаси, Чорсу мавзесида жойлашган “Сафо-марва” савдо уйи, Нодим Намангоний кўчасида жойлашган Совет даврида курилган ҳозирги “Ўзбекистон Миллий банки” биноси, ва шунга ўхшаш бинолар йўқ қилинаяпти. Бундан ташқари Бобуршоҳ кўчасида жойлашган одамлар истиқомат қилаёган уйлар бузилиб, уларда яшаб турган аҳоли далаларга кўчирилиб, ўрнига сифатсиз тўрт қаватлик уйлар ва икки қаватли коттежлар барпо этилди.

Ҳозирги кунда ушбу турт қаватли уйлардаги квартираларни баҳоси юз миллион сўмдан ошиқроқ нархда мажбуран сотилмоқда. Сифатсиз коттежларни кандай қурилганидан хабари йўқ фуқароларимиз баъзилари сотиб олганларига пушаймон бўлаётганлари ҳам йўқ эмас. Бундан ташқари, бу уйлар катта-катта маблағи бор одамларга, давлат ташкилотларининг катта амалдорлари учун “мажбурий-ихтиёрий” деган атама чиқарилган. Бундай шахслар бизнинг Ўзбекистонда шу атама билан сотиб олишга, ихтиёр қилишга мажбурланмоқда.  Шунингдек, дастур буйича бундай коттежлар коммуникациялар билан таъминланган бўлиши керак эди. Коммуникациялар бор, лекин улардан фойдаланиб бўлмайди, баъзисида газ йўқ, баъзисида канализация, охирги кунларда электр энергияси таъминотида мисли кўрилмаган даражада узилишлар содир бўлмоқда.

Президент ташрифидан кейин асосий кўзга ташланган ўзгаришлар бу шаҳримиз кўркига кўрк қўшиб турган юз йиллик, таъкидлаб ўтаман, икки-уч одамни қулочига сиғмайдиган ЮЗ ЙИЛЛИК чинор дарахтлари таг-томири кесиб йўқ қилинди. Шу билан бирга шаҳримиз марказида жойлашган Бобур номли маданият ва истироҳат боғидаги азим чинорлар йўқ қилиниб (боғни ўзи ҳам такрорланмас чиройга эга эди) янгича усулда қурилишлар амалга оширилиб қайта таъмирланди. Ўзи шундоқ ҳам яхши турган нарсаларни “яхшилашга” нима ҳожат эди? Аслида бунинг замирида бошқа сисёат ётади. Ушбу янгиланишлар қарорда зикр қилинганидек, вилоят ҳокими лавозимини вақтинча эгаллаб турган Б.Т. Юсупов ва шаҳар ҳокими И.Д.Ботировлар бошчилигида амалга оширилди.

Дарахтлар кесиб ташлангандан сўнг И.Д.Ботировга нисбатан жиноий иш қўзғатилди, бу ҳақида шаҳарда анча миш-мишлар тарқалди. Гуёки дарахтлар кесилишида фақатгина шу ҳоким айбдордек.  Айни кунларда Наманган шаҳри марказида жойлашган “марказий Чорсу деҳқон бозори” ҳам бузиб ташланган, ўрнига архитектурада саводи йўқ мутахассислар тузган проектлар асосида бир-икки бино қад кўтармоқда, ташқарида моябон тагида жойлашган савдо ўринлари ҳам бузиб ташланиб, уларнинг ўрнига тўртта усти  ёпиқ соябон – бостирма қурилиб, ёмғир, қор ёғса бостирма четларида ўтирган савдогарларга ноқулайликлар туғдиряпти.  Савдогарларнинг кўпи эса бу бозорда деҳқончилик маҳсулотлари билан савдо қилади ва улар кўчаларда, ерда савдо қилишга мажбур бўлишмоқда, уларни милиция ходимлари ҳоли-жонига қуймай рейд ўтказиб ҳайдаб ҳам туришади.

Юқорида таъкидлаганимиздек, бу ишларни замирида бошқа сиёсат ётибди.  Хўш бу қандай сиёсат? Сиёсат бўлиб одамлар манфаатини кўзлайдиган сиёсат ҳам эмас, балки уларни таъқиб қиладиган сиёсатдир. Фарғона водийси бўйича Наманган вилояти энг бой одамлар яшайдиган вилоят ҳисобланар экан. Бунга бошқа вилоятдан келган меҳмонлар кўп иқрор бўлишади. Биргина мисол,  Фарғона видийсидаги бошқа вилоятлари  кўчаларида камроқ учрайдиган, яқин ўтган даврда чиққан “Малибу” русумли автомобиль Наманган шаҳрида кўпроқ экан. Вилоятимизнинг бойлиги, ҳалқнинг қўлида йиғилиб қолган пулни сарф этшга мажбурлаш сиёсатидир бу!

Асосий қурилиш материалларини: цемент, шифер, ойна, ишлаб чиқарувчи заводлар президент “сулоласига” қарайди. Уларга савдоси юриши учун кўпроқ қурилишлар бўлиши керак, янги қурилган қурилган бинолар эса мажбуран бўлса ҳам катта пулларга сотилиши лозим.  Мана сизга бўлаётган сиёсат-даромад манбаи! Кишиларимиз бу бўлаётган ўзгаришларни давлатимиз ривожланишига йўйишади. Уларнинг фикрлашича: “Мана қурилишлар бўлаяпти, давлатимиз кучли, бундан кейин ҳаётимиз янада яхши бўлиб кетади!”

Шундай фикрли кишиларимизга таъкидлаб айтаманки: бу бўлаётган ўзгаришлар сизларнинг манфаатингиз учун бўлмаяпти! Шаҳрингизни улар “обод қилаётганида”, биноларингизни бузаётганда, дарахтларингизни кесаётганда, шаҳардаги барча биноларни бир ҳил қилиб, сариқ рангга бўяётганда сиздан сўрашдими? Аслида сиз ва биз хўжайинмиз бизнинг шаҳарларимизга, ҳокимлар ёки президент эмас!

Илҳом Мамедов
Наманган шаҳри.