“Дин ниқоби остида” динга қарши кураш

“Дин ниқоби остида” динга қарши кураш
66 views
12 March 2013 - 15:20

images (54)Ўзбекистон телевидениесининг хабаридан маълум бўлишича, Тошкент Ислом университетида шарқшунос олимлар, таниқли дин «уламолари», мазкур ўқув даргоҳининг ўқитувчилари, талабалари ҳамда бошларига бир парчадан шарф ташлаб олган аллақандай «олима» аёллар иштирокида «Ислом динида мазҳаблар» мавзуидаги илмий-назарий семинар бўлиб ўтган.

Анжуманда Ислом динидаги мазҳаблар, диний бағрикенглик масалалари, суннийлик ва шиаликнинг тарихий илдизлари, ҳанафийликнинг мўътадил мазҳаб эканлиги мавзуларида маърузалар тингланган.

Худди шу куни ўзбек телевидениеси «Зиё» деб номланувчи яна бошқа бир кўрсатувни ҳам намойиш этди. Бу кўрсатув ҳам мазкур анжуманга бағишланган бўлиб, унда яна мазҳаблар масаласи, ҳанафийлик ягона энг улуғ мазҳаб экани асосий мавзу қилиб олинган. Ҳар икки кўрсатувни кузатар эканмиз, мазкур семинардан кўзланган мақсад нимадан иборат бўлганини аниқ айтиш мумкин бўлади. Лўнда қилиб гапирадиган бўлсак, бу тадбир Исломни динга қарши сиёсат занжирлари билан яна ҳам қаттиқроқ ўраб ташлаш, жамиятда мавжуд ҳар қандай фикр, куч ва ҳаракатни битта нуқтага – Каримов фикрига бўйсундириш йўлидаги навбатдаги уринишлардан бири бўлди.

Семинар иштирокчиларининг сўзларига бир оз қулоқ берамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Анвар Турсунов гапиради:
«Ер юзидаги асосий мусулмонларнинг қарийиб ярми имоми Аъзам Ҳанафий мазҳабларида эътиқодда бўладилар. Мустақиллигимизни илк йилларида хорижий мамлакатлардан келган баъзи бир шахслар ва шу жумладан хорижий мамлакатлардан келган адабиётлар мўмин-мусулмонларимизни ўрталарида, хусусан, энди дин тушунчасини олаётган ёшларимизга катта таъсири бўлди».

Дарҳақиқат, муфтий бошлиқ диний идора ходимларининг хайбаракалласи остида орган ходимлари жуда кўп тафсир, ҳадис ва бошқа диний китобларни ваҳҳобийликка даъват қилади, деган баҳона билан ўқишдан манъ қилдилар, мусулмонларнинг уйларидан олиб кетиб, мусодара этдилар. Ҳолбуки, бу китобларнинг жуда кўпчилигини диний идора ходимларининг ўзлари четдан келтириб, халққа сотганлар ёки тарқатганлар. Хозирда эса, чегаралардан исломий китобларнинг хар қандай турини ўтказиш таъқиқланган.

«Мана шуларни эътиборга олиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолар кенгаши барча жомеъ масжидларимизда имом-хатиблар орқали диёримиздаги мўмин-мусулмонларга узоқ асрлардан буён давом этиб келаётган имоми Аъзам Ханафий мазҳабларида бўлишлари кераклигини, шаръий масалаларда шу бағри кенг мазҳабга амал қилишлари лозимлигини, шунда ота-боболаримизни тўғри йўлларидан юрган бўлишимизни тушунтирдилар».

Муфтий ҳанафийликнинг бағрикенглигини айтиб рост сўзлади. Бироқ, афсусланарли ери шундаки, у ҳам, ҳукумат ҳам бу мазҳабнинг бағри кенглигидан ўрнак ола билишмади. Аксинча, на динни ва на мазҳабни яхши тушунадиган одамлар наздида ҳанафийликни ҳам худди Каримовнинг зўравонлик сиёсатига ўхшаган муросасиз бир мазҳаб экан-да, ўзидан бошқа мазҳабларга кун бермас экан-да, деган тасаввурга олиб келиб қўйишди. Қисқаси, бу буюк мазҳабни ҳам бузиб юборишди, оёқ ости қилишди, унда йўқ бидъатларни ҳаётга жорий килишди (масалан, мозорпарастлик), у буюрган суннат ва фарз амалларни (соқол, хижоб, ишораи саббоба) ваҳҳобийлик дея қоралашди.

Ўзбекистон масжидларида ханафий мазҳабидан сал бошкачарок ибодат килган кишилар, масалан «рафъул-ядайн» (намоз такбирларида икки қўлни елкага қадар кўтариш) қилган инсонлар эса экстремист, фундаменталист, деб тухмат қилинди, масжиддан хайдаб чиқарилди, қамоқларга ташланди.

Энди кўрсатувни олиб бораётган мухбирнинг мана бу сўзларига ахамият берсангиз, ўтказилган семинарнинг фитна йиғини эканига ўзингиз хам иқрор бўласиз:
«Халқимизни миллий истиқлол мафкураси руҳида тарбиялашда умуминсоний қадриятлар қатори Ислом ахлоқи асосларини замон талаблари даражасида тушунтириш ва айрим ғайриисломий оқимлар ғояларининг зарарли оқибатларини фош этувчи нашрларни халқимизга етказиш шу куннинг долзарб мавзуси».

Мухбир биринчидан, Ислом динининг қадрини ерга уриб, уни умуминсоний қадриятлар қаторида турувчи бир таълимот, дея тушунтирмоқда. «Умуминсоний қадрият», деган нарсанинг доираси эса шунақа поёнсизки, унинг боши қаердаю охири қаерда эканини хеч ким аниқ айтиб бера олмайди. Сиёсат майдонига келиб-кетаётган зўравон дохийлар ўйлаб топаётган ҳар қандай зарарли таълимот «умуминсоний қадриятлар» хазинасига қўшилган улкан ҳисса, деб талқин этилавериши оддий ҳол. «Умуминсоний қадриятларнинг» ичига яҳудийлигу буддавийлик ҳам, даҳрийлигу атеизм ҳам кириб кетаверади. Иккинчидан, мухбир ғайриисломий оқимлар, деган иборани мутлақо ноўрин ва нохолислик билан қўлламоқда. Чунки, бу кўрсатувда гап ҳанафий мазҳабининг устунлиги ва афзаллиги ҳақида кетаётган экан, демак ундан бошқа мазҳабларни журналист ғайриисломий оқимлар, деб атамоқда. Ёки бошқачароқ айтиладиган бўлса, динда Ислом Каримов белгилаб берган чегарадан ташқаридан ўтадиган ҳар қандай исломий йўл ёки фикр жоҳил мухбирнинг даъвосига кўра ғайриисломийдир. Агар кўрсатувда мусулмон ёшларни йўлдан уриб, ўз домига тортиб кетаётган «Иегова шоҳидлари» ёки кришнавийлик ҳақида ҳам бир оғиз сўз айтилганда эди, мухбирнинг ғайриисломий оқимлар, деган сўзини тушунса бўларди.

Яна жоҳилият мухбири гапиради: «Диний мутаассиблик билан курашиш чораларидан бири оммага зарур билимларни етказиш хисобланади. Диний жаҳолатга қарши кураш тажрибаларини шакллантириш, бу орқали эса динни ўзларига ниқоб қилиб олган баъзи гуруҳларнинг салбий таъсирини олдини олиш бугунги кун талабидир».

Демак, бугун ўтказилаётган йиғиннинг вазифаси ҳам «динни ўзларига ниқоб килиб олганлар»га карши курашишдан иборат. Диний идора «уламолар» кенгашининг қарори билан Ўзбекистон масжидларида фақат ҳанафий мазҳаби бўйича ибодат қилишга буйруқ бўлган экан, демак ундан бошқа мазҳабларга амал қилмоқчи бўлганлар ёки Имом Бухорий хадисларида тарғиб қилинган «рафъул-ядайн»ни бажо қилишни хоҳлаганлар «динни ўзларига ниқоб қилиб олганлар» тоифасига кирар экан.

Семинарда иштирок этган «олима»лардан бири Ўзбекистон мусулмонлар идораси мутахассиси Муҳиба Хамидовадир. Унинг антиқа фикрлари мана бундай:
«Мазҳабимиздаги ахлоқ, одоб арконларига, ахкомларига итоат қилган холда, мана шуни қалбига жо этган ҳолда амал қилса яхши бўларди».

Бошида на рўмоли ва на хижоби бўлган бу ғалати хотиннинг сўзларини эшитиб куласизми, куясизми? Бунинг назарида дин ва мазҳаб номидан насиҳат ўқиш учун телевизорга чиқаётган вақтда бошига бир парча оқ шарфни ташлаб олиш катта ахлоқ-одоб саналар экан. Хижоб кийишни-ку бир четга қўйиб турайлик, аммо бу кишининг ақли бўйича, сал ўзбекча қилиб рўмол ўраш ё эса авратларини беркитиб юриш ҳам одоб ахлоққа зид бўлса керак. Семинарда иштирок этаётган «исломий олима» аёлларнинг кўпи ана шундай энсақотар олифталик билан бошларига шарф ташлаб олишибди. Кўча-кўйда юрганда, ҳатто мана шу семинар тугаши биланоқ шу шарф ҳам улар учун оғирлик қилиб қолади. Таъбир жоиз бўлса, бу «урғочи шайтонлар» Анвар қори, Рахматилла қорилар билан бир даврага кириб олиб, Исломдан дарс беришмоқда. Ҳа, Каримов ўзи суянган «уламолар»нинг кучлари ҳеч нарсага етмаслигини билганидан, майдонга бу аскар хотинларини ҳам туширган-да!

Шу куни семинар тугаганидан кейин телевидениеда бу тадбир ҳақида яна бир кўрсатув уюштирилди. Бу кўрсатувнинг номи «Зиё» деб аталса-да, у инсон қалбига анча-мунча қоронғуликни олиб киради.

Кўрсатув асосан мазҳаблар ҳақида бўлади. Унда турли оқимлар пайдо бўлгани ҳақида гапирилади, тўрт мазҳаб тан олингани ҳақида айтилади. Мотуридий ва Ашъарий талимотлари ҳақида хабарлар берилиб, улар хам аҳли суннадан эканлиги уктирилади.

Эслаб ўтиш лозимки, охирги йилларда ҳукумат ва имомлар фақат ханафий мазҳабини тан олишларини айтиб, бошқаларга қарши уруш олиб борганлари оқибатида ўн минглаб мусулмон қамоқларга ташланди, юзлаб инсонлар ўлдирилди. Бу жиноятлар жахон хамжамиятида қаттиқ акс садолар берди, турли танқидларга сабаб бўлди. Шунинг учун бўлса керак ҳукумат мана шундай семинарлар уюштириш йўли билан гўёки ҳанафийликдан бошқа мазҳабларни хам тан олишини расман билдираётгандек.

Шу маънода ушбу кўрсатувда Абдулазиз Мансур фикр билдиради: «Ахли сунна вал жамоъанинг эътиқодий масалаларида бу мазҳабларда ихтилоф йўқ. Аммо ояти каримада аниқ кўрсатилмаган, ёки хадиси шарифларда аниқ белгилаб берилмаган баъзи масалалар хам борки, унда бизни шариатимиз шундай кенгчилик берганки, инсонда ақли, илми, тафаккурига ҳам мажол берган. Эрк, имкон берилганки, шуни ҳам ишга солсин».

Бироқ, бу сўзлар қанийди давлат сиёсатида ҳам заррача акс этса. Бундай сўзлар фақат экранлар ва катта оғизлар учун мўлжалланган бўлиб, хаётда эса уларга бир кунга хам ўрин йўқ. «Ахли сунна вал жамоанинг эътиқодий масалаларида бу мазҳабларда ихтилоф йўқ», бўлса нима учун амалда бошқа мазахабларга ўрин йўқ? Нима учун ҳали ҳам мусулмонларни ўзларининг хоҳишларига зид равишда ваҳҳобий, фундаменталист, экстремист деган сунъий фирқаларга ажратган ҳолда уларга қарши конли кураш давом этмоқда?

«Зиё» кўрсатувида айтилган ғаройиб сўзлардан яна бири Ислом университетининг 2-курс талабаси Шокир Шавкат ўғлига тегишли бўлди. У «Нисо» сурасининг 59-оятини ўқиб, уни янгича тафсир килади. Талабанинг бу оятга берган «тафсирини» эътиборингизга хавола қилишдан олдин мазкур оят маъноларининг таржимасини келтирамиз. Аллоҳ айтадики, «Эй иймон келтирган инсонлар, Аллохга итоат қилинглар, Расулга итоат қилинглар, ўзларингиздан бўлган раҳбарларга ҳам итоат қилинглар…»

Энди янги муфассирнинг сўзларига қулоқ тутинг:

«Ушбу оятнинг ҳукмига кўра ҳам диний, ҳам дунёвий раҳбарларга итоат этиш вожиб бўлади. Мусулмон киши бирор диний масала хусусида Куръони Карим ва хадиси шариф илмларини мукаммал билган мужтаҳид олимларга, янада очиқроқ айтадиган бўлсак, мазҳабга амал қилишлиги вожиб бўлади».

Бу янги «муфассирчанинг» даъвосига кўра, халқ ва дин ҳақида заррача кайғурмайдиган Ислом Каримовга ва унинг порахўр ҳокимларига итоат этиш фарз экан, Каримов чизиб берган янги тахрирдаги ханафий мазҳабида юришга хам Куръон буюрган экан. Бироқ, бу талаба Аллохнинг «ўзларингиздан бўлган раҳбарларга», деган сўзидан мурод мусулмонлардан бўлган раҳбарлар эканини назарга илмаяпти. Бу оятнинг мазмуни аслида ўзи Исломга итоат килган ҳолда жамият ва давлатни Аллох ва Расулнинг сўзлари билан бошқараётган раҳбарларга итоат қилинглар, деганидир. Мусулмонларни қамаб-ўлдираётган, Аллоҳ буюрган ҳижобга қарши қонун чиқарган, дин аҳлини ўқиш ва иш жойларидан, уй ва ватанларидан маҳрум қилаётган, «Мен раҳбар эканман, Ўзбекистонда ҳеч қачон исломий тартиб амал қилмайди!», деб очиқ айтадиган, уч мингдан ортиқ масжидни ёпган инсон қандай қилиб биздан бўла олади? Бу инсоннинг яҳудийларга кенг имкониятлар яратиб қўйгани ҳолда Ислом ва мусулмонларга қарши душманлик сиёсатини юргизаётгани бутун дунё ахлига маълум-ку!

Давлат амалга ошираётган жиноятларни яшириш ва хукмрон табақага мутеъликни мустаҳкамлаш учун ҳар турли йиғин ва кўрсатувлар уюштирилиши табиий. Бўлиб ўтган семинарнинг мазмун-моҳияти ҳам мана шу талаба айтаётган охирги иккита жумлада ўз ифодасини топган. Бунча ҳаракатлару шунча казо-казоларнинг узундан-узоқ маърузаларидан кўзланган мақсадни бу талаба қийналиб ўтирмасдан оппа-осон ва лўндагина қилиб айтиб қўя қолди. Бироқ, иш бу талаба айтганчалик ва давлат ўйлаётганчалик осон ва жўн эмас.

Абдуллоҳ Алиев.