“Озодлик”га эътирозим бор

“Озодлик”га эътирозим бор
94 views
13 March 2013 - 12:43

ozodlikМен душанба куни кечқурун “Озодлик” радиоси ўзбек хизматининг “Ўзбекистон ҳукумати мафияга қарши кураш бошладими?” (ozodlik.org) дастурига иштирок этиш учун деярли 2 соат кутиб ўтирдим. Дастур муаллифларига кутиб ўтирганимни ва мухолифат вакили сифатида иштирок этишимни билдирдим, аммо на қатнашишасиз ёки қатнашмайсиз деган жавоб олмадим. Баҳонада дастурни тўлиқ эшидим, умуман олганда яхши дастур бўлди. Дастур олиб борувчиларининг қайта қайта Ўзбекистонда мафия борми, дея сўрашларига унда иштирок этганлар диктатор Каримовни назарда тутиб “Отамиз”, “Бобой”, “Президент Каримов ва қизи Гулнора”, дея жавоб бердилар. Умуман бу тўғри хулоса эди. Мени ҳайратга солган гапни сиёсий шарҳловчи Камолиддин Роббимов айтди: Гуё Каримов Бош Вазир Мирзиёевга буйруқ берган эмиш қизим Гулноранинг атрофидаги жиноятчиларни тозала, деб.

Ҳатто Гулнора Каримова ҳам МХХ да терговга рози бўлган эмиш. Буни дастурнинг оддий қатнашчилари айтса индамай қўйсак ҳам бўлаверарди, аммо К Раббимов буни жиддий гап дея айтди. Дейлик бу гап тўғри МХХ Гулнора Каримовани подвалида сўроқ қилади ва унга Швецариядаги 1 миллиард долларни қаердан олгансиз, деб сўрайди. Гулнора Каримова нима деб жавоб беради бу саволга? Отам берган дейдими ёки ўғирлаганман, дейдими? Ўзи ғарб матбуотига берган баёнотида мен дипломатман, бу мақом менга бизнес билан шуғулланишга имкон бермайди, деб турган бўлса, МХХ га нима деб жавоб берарди? Гаплари билан Ўзбекистонда гўё адолатли тергов бораяпти деган таассурот уйғотишга уринган К Раббимов бу ҳақда ўйлаб кўриши керак менимча…

Мафия масаласига келадиган бўлсак, иқтисодий соҳа жиноий гуруҳларнинг, шу жумладан диктатор Каримов ва оиласининг шахсий томорқасига айлангани рост гап. Бунинг сабаби Ўзбекистонда қонун устунлиги йўқли тўғрироғи коституцион режимнинг йўқлигидир. Шунинг учун ҳам ватанимизда бирор соҳада эркинлик ва адолатни таъминлашнинг имкони йўқ. Мен дастурда қатнашсам шу гапларни айтмоқчи эдим афсуски қатнаша олмадим. Бундай дастурларда мухолифат вакилларининг қатнашишлари мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Бу ерда ўзимни эмас умуман мухолифат вакилларини назарда тутаяпман. Зеро бу Озодликнинг эркин минбар эканлигини кучлантирувчи далил ҳам бўлади…

Намоз Нормўмин
13.03.2013