Йўлбошчи ва издошлар

Йўлбошчи ва издошлар
18 views
18 March 2013 - 12:01

20130110_201138Ҳар бир йўлбошчи  юртбоши бўла олмагани каби, ҳар бир юртбоши ҳам йўлбошчи, чин раҳнамо  бўлавермайди. Бу маънода барча буюк шахслар йўлбошчи бўлвермагани каби, ҳамма лидердан буюк шахс чиқавермас экан.

Юртбошининг асл  нияти фақат тахт “ачомлаши” қанчалик кулгилик бўлса, ҳар бир даъвогар йўлбошчи фақат тахт илинжида сўлак оқизиши ундан-да  кулгиликдир.

Ҳар бир йўлбошчи деб урғу беришга  асос бор.

Агар-ки мухолифат бирлашиши ҳақида ҳеч бир сўзга ўрин қолмаган тақдирда ҳам, бирлашиш ҳақида сўз энди энса қотар даража маънисиз кўринмасин, ҳамиша қачондир  ҳал қилиш лозим бўлган бош муаммо сифатида қолаверади. Буни қандай бўлмасин ҳал қилиш шарт. Акс холда бундан чекиниш ёки воз кечиш, ўзимизга мағлубият ҳисобини аввалдан ёзиб қўйиш  дегани.

Айирмачилик уруғи қаерлардан униб чиқади? Мухолифатчилар  бир-бири билан ҳеч муроса қила билмайдиган, ҳар қандай тартиб, уюшқоқлик ёт бўлиб кетган, ҳар ким ўз бошича иш қилаверадиган  бошбошдоқликка шу вазиятда барҳам бериш учун нималар қилиш керак?

Келинг, шу оддий саволларга оддий жавоб берайликда, шу  муаммога тўсиқ бўлаётган майда икир-чикирларни очиб қарайлик.

Тўғри инсон пайти келганда ўз-ўзи билан келиша олмайди. Шундай экан бу дамларда  биров билан қандай келиша билсин?

Мухолифатчи билиб-билмай бир-бирига оғир ботадиган гап қилиб қўяди дунёчиликда. Билиб, билмай нафсониятига тегиб қўяди, билиб-билмай бир-бирига панд бериб қўяди ё бир-бирига эътиборсиз бўлиб қолар, ёки қўллаш лозим бўлган ерда лоқайд ё имконсиз ёки англашилмовчилик бўлар. Ўша онларда зиғирдек қалбий зарба олган киши  нафсонияти озорланиб, шеригига худди шу муносабатда жавоб қилади. Қарабсизки, бу ёғи к-е-е-етди!  Киши билмас орқаваротдан кутилмаган тарафдан зарба беришлар, мағзава ағдаришлар, арзимас нарсага тўн бичишлар, майдакашлик секин аста униб-ўсиб парваришланиб ғийбатга, ғийбатлар эъзозланиб туҳматларга ва охир-оқибат бориб мухолифатчилар бир-бирига ёвуз душманга айланади.

Юртдан қувғинга учраган мухолифатчиларга қўйиш мумкин бўлган ягона айб фақат шу. Бу қувғиндаги мухолифатчиларнинг ягона ва энг катта хатоси ва айбидир. Чунки юртдан айрилиқ, юрт ичидагиларга қараганда уларни вазмин, феъли кенг қилиши керак.

Бизнинг шароитда аслида ичкарида ҳам, ташқарида ҳам бутун мухолифатчилар бир-бирларига туғишган жигар каби азиз ва мўътабар бўлиши керак эмасми? Ака-укачилик жигарчиликда ҳам кези келса бир-бирлари билан ит-мушук даражасига бориш холлари бўлади. Лекин яқин жигарлар буни кўчага олиб чиқмайдилар-ку. Камдан-кам кўчага олиб чиққанларга орқаваротдан айтиладиган гап “Э ўл… Яхши бўлсанг уйдаги гапни кўчага чиқарасанми? Ака-ука мажоросини юртга ошкор қиласанми ҳайф сенга” деб ерга ишқалашади.

Кечирувчан, бағри кенг бўлиш ҳақида сўзлаймиз-у амалда эса ҳаминқадар. Агарки  номуссиз ва каззоб бўлмаса бас, ҳар қандай шу икки қусурдан бошқа айб ва камчиликни кечириш мумкин. Мумкин эмас, балки  кечиришга мажбурмиз! Бизни эса нафсониятимиз ўта нозиклашиб қилтиллаб кетган. Нари борса  вақтинча пўм чиқиб аразлаб юрадиган хол юзага келса, биз “айбдордан” юз ўгириб кетамиз. Дўсти-маслакдошдан воз кечилгани майликуя, ёвуз душманга айланиш нимаси энди?

Мусофирликда юрган мухолифатчи йигитларга биттаю битта қўйишга арзигулик айб шу.

Юртда ичкарисида риёсиз холис ҳақ сўз айтиш, аллақачон ниҳоятда ноёб ҳолат ҳисобланади. Қимтиниб қўполгина айтсак ҳақ сўз айтувчини хали жони узилмай туриб барвақт ўликхонага  келтириб қўйилган, тирик аммо салгина чалажон одамга ўхшатсак ҳам бўлаверади.

Бироқ бир қарашда тирикка ўхшаш атроф тўла тахланган мурдалар бўлса-да уларни доимо кўриб турамизку… Ҳеч бўлмаса жонсиз жасадларга қараб ”Нега ўлиб қолдинг? Нега тирилмайсан? Нега яшамайсан? Нега курашмайсан? Кўзингни  о-о-о-ч… О-о-о-ч…Атрофга қарасанг-чи… Юрак тафтинг нега муздак? Нега кўзларингда чўғ йўқ? Қўзларингни очсанг-чи… Қачонгача ўлик бўлиб ётасан? Э Оллох буларга жон ато этсангчи!!! Буларга чин инсоний ҳаёт бера қолгин?” –  деб оҳ-нола қилиш имкониятига эгамиз…

Чунки бу миллатдош, бу ватандошларимизнинг бари ёнимизда ётишибди… Улардан садо чиқмасада, уларга юзланиб бўзлаш имконимиз бор. Уларнинг ҳиссиз юраксиз, ёнидаги тирикни сеза олмайдиган жасадлари кўз олдимизда бекафан  ётаверадилар. Шунда ўзимизга-ўзимиз “ўлик бўлишса ҳам ёнимизда ётибдилар-ку. Устларига ҳали тупроқ тортилмаган-ку”- деб ўзимизга таскин бера оламиз.

Қувғиндаги тирикларимиз эса ғимирлай оладиган шу ўлик ватандошларининг рангсиз ва совуган юз-чеҳраларини кўришдан ҳам маҳрумлар.

Биз эса уларга фақат дашном бераверамиз.” Бирлашмайдилар!”- деб.

Бу пайтларда энг катта айб, энг илғор лидерга қўйилади.” Лидер лидердек бўлиши керак… Ичкаридагиларни ҳолидан хабар олмайди… Лоақал қўнғироқ  ҳам қилмайди… Молиялаштирмаса нима-ям иш қилиш мумкин? Уни қилмайди… Буни қилмайди… Бу ерда хато гапиради… Буни менсимайди… Буни  ҳам дарди тахтда…” – қаранг қанчадан қанча камчилик. Афсуски улар ҳам биз каби оддий бир инсон экани унутиб қўямиз.

Тўғри ҳақиқий лидер фавқулотда қобилият эгаси бўлиши керак. Нафақат жасур, чапдаст, оқил бўлиши,балки халқни ортидан эргаштира билиш учун ҳеч кимнинг хаёлига келмаган фикр усуллар қўллай билиши керак. Кутилмаган ажойиб антиқа йўналишлар кўрсатиб ҳаммани қойил қолдира олиши керак. Ва яна биз билмаган бошқа хислатлар соҳиби бўлиши ҳам керак.

Хўш,шунақа лидер борми?

Бунақаси йўқ… Яна такрор айта қолай. Бунақаси  ЙЎҚ… Унда нима қилиш керак?

Унда борига шукур қилишимиз керак.

Ўша борига шукур қиладиганимиз қанақа бўлади?

У шунақа-ки… Биздан кўра у ақллироқ… Биздан кўра ортиқроқ зулм кўрган бўлиши керак. Мухими кўп хато қилган бўлса-да, зулмга қарши яловбардор бўлган инсон бўлиши керак. Шунақалар борми? Албатта бор… Шундай экан Ўша йўлбошчига издош бўлайлик?

Пўм чиққанмисиз, юз кўрмас бўлганмисиз, нима бўлишидан қатъий назар ҳаққоният ишида, эътиқод масаласида юраклар бир-бирини ҳис этиб туриши керак…

Шуниси аниқ-ки юракларни ҳамоҳанг уришида чегара ва масофа тўсиқ бўлолмайди. Буни тажрибадан ўтказган яхши билади.

Юртдагилар яна бир нарсани аниқ билиб олишлари зарур…

Қувғинга учраб юртни тарк этганлар бор-ки Оллоҳ уларни бу дунёда-ям энг афзал неъмати билан сийлаган… Яъни уларнинг иймони янада чиниқиб мустаҳкамланган… Янада собит янада руҳан кучли, янада диёнатли бўлганларига тўлиқ ишониш мумкин. Айни дамда улар болатабиат ҳам бўлиб қолганлар. Ҳаддан ортиқ юрт соғинчи, ватандошлардан айрилиқ уларни шу кўйга солган. Шу кўйга тушишлари ҳам табиий… Агар-ки мен шу ахволда бўлганимда бардошим етишига очиғи ишонмайман. Шунинг учун моргда вайсаб ётганим мен учун қулай. Кафангадо бўлгандан Ватангадо бўлиш нақадар оғир эканини фақат танасидан ўтказган билади.

Демоқчиманки, қувғиндаги биродарларимизга ҳақ бўла туриб ҳам қалбларига озор бериш инсофдан эмас экан.

Санжарали Имомов.