Наврўз арафасида ватандошлар билан суҳбатлар…

Наврўз арафасида ватандошлар билан суҳбатлар…
41 views
19 March 2013 - 14:40

 Соҳиба опа, нафақадаги ўқитувчи:  “Бир ёлғонда қирқ ёлғон”

…Боғча ва мактаблар иш кунини «Ватан мадҳияси» билан бошлашга ўтганларида қувонгандик. Аммо болаларнинг “кўча тили”ни кузатганингизда Ватан мадҳиясини куйловчи тилнинг нутқ маданиятидан таажжубга тушасиз. Нега шундай бўляпти? Нима учун тил бошқа-ю, дил бошқа одамларга айланиб бормоқдамиз? Маърифатга қанчалик интилсак, шунчалик иллатларга ботиб қолмоқдамиз.  Ўзимиздан ташқари бир куч измида бошқарилаётганга ўхшаймиз. Айниқса, бир нарса демоқчи бўлсак, худди журналистларга ўхшаб, ичимизга ўрнашиб олган “цензура”нинг раъйига қараймиз. Шу даврадагилардан бири “Қулоқ” ё “Кўз” эмасмикан? Нинадан туя ясаб бошимизга бало ёғдирмасмикан, деган хавотир ҳамма жойда сизни таъқиб қилади.

Ҳозирда бир ёлғончилик замони авж олди, ўзи. Тавба дейсан, ҳаммамиз ёлғон гапирамиз. Мактабда ўқувчини алдаймиз. Уйда болаларни, кўчада бир-бировни. Кечқурун эса ишдан келиб ТВни очсангиз, у бутун Ўзбекистонни алдаб ётган бўлади. Шундай ёлғонлайдики, ишонмай иложингиз қолмайди.

Мана ҳозир кўклам, дарахт экиш, ободончилик ҳақида  ёлғонлар авж олган. Ўтган йилги дарахтларнинг қанчаси кўкарди, қанчаси қуриб қолди, қанчаси қиш ўчоғига ёниб кул бўлди, деб ҳеч ким сўрамайди. Ҳаммадан ҳам қатор-қатор тутларнинг кесилиб йўқ бўлганини айтинг, эрта-индин ипак қуртини нима деб алдашаркин? Мана, сизга масала. Ёлғонларсиз яшайдиган кун бормикан, ўзи? деб сўзини савол билан тугатган  суҳбатдошимиз биздан жавоб кутарди.

– Ёлғоннинг умри қисқа. “Бир ёлғонда қирқ ёлғон” деган эртак бўларди. Президентнинг диктаторлиги ва ёлғончи-мунофиқлигига ишонч ҳосил қилиши учун халқимизнинг кам деганда йигирма йил умри кетди. Шу йиллар давомида Диктатор ваъда қилган  “Келажаги буюк давлат”нинг донғи-ю, чанги кўкка етди. Диктаторимиз бўлсалар, бир ёлғонини 40 ёлғон билан ёпиб ҳам яширолмаяпти, аммо таслим бўлгиси, тахтдан кетгиси йўқ. Демак, энди ҳам ишониш ўлим, йўқлик демакдир. Битта йўл қолди: Халқимиз хориждаги “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати”га бирлашган Мустақиллик курашчиларини қўллаб-қувватлаши ва ўзлари ҳам бу курашга бел боғласаларгина мустабид зулмидан қутилишимиз мумкин.

* * *

Хайрулло (“Талабалар” жамоаси аъзоси):  “Ўзбекистоннинг №1 рақамли лўлиси”

Ошкоралик, ошкоралик деймиз. Ошкоралик нима ўзи? Демократияси бу яна нима дегани бўлди? Бу бизнинг қадимги “Бошингга қилич келса ҳам рост гапир” ақидамиздан олинган бўлса керак. Мен ўзбегимнинг ўз зарарига тўқилган баъзи мақолларига қаршиман. Тўқилган ҳадисларга ўхшаб, бундай мақоллар ҳам халқнинг шаштини қайтаради, эркини бўғади. Яқинда тўқилган ҳадислар ҳақида ўқиб, ҳайрон қолдим. Динимизни бошидан бошлаб мунофиқлар бузган экан-да, дедим. Хўп, чалғимайлик, мақолларга қайтсак:

«Қўл синса енг ичида» иш тутиш, “Ёмонимизни яшириб, яхшимизни ошириш”, “Шавла кетса кетсин, обрў кетмасин”, “Лўлининг эшагини суғор, пулини ол…”, “Гапирган кумуш, жим турган тилла”, “Оч қорним – тинч қулоғим”, “Кирар эшигингни қаттиқ ёпма”, “Ўзга элда хон бўлгандан ўз элингда қул бўл”, каби мақолларимиз борки, инсонни мутеъликка тортади, ҳақ сўз зарур бўлганида  “ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича” қолишини уқтириб туради.

Масалан, “Ўзбекнинг ўзига беклиги”ни олинг. Нима дегани у “ўзбек ўзига бек” дегани? Бир чет эллик меҳмон бу мақолга шундай шарх берган эди: “Яъни ўзбеклар мажлис қилиб бир нарсани маъқуллайдилар. Тарқалишгач эса, ҳар ким ўз билганича иш тутади. Чунки ўзбек – ўзига бек. Ваъдасида турмаса, аҳдини бузса, сўзидан қайтса, келишилган жойга кечикиб келса ёки келмаса айб эмас, чунки у ўзига бек…” Бу шарҳни берган киши чет эллик тадбиркор эди. Мана қаранг, иллатларимиз қай ерлардан бошланиб, қай ерларда тугаяпти.

Мана шундай бошимиз бирикмаганлиги, “ҳар ким ўзига ўзи беклиги”, аравани  биров кўкка, биров ерга, биров яна бир томонга тортгани учун ҳам ўтган асрнинг 80-90-йилларида шаклланган халқ ҳаракатларини душманлар осонгина парчаладилар ва бу ҳол ҳозирда ҳам давом этмоқда. Бундай оломон давлатини ўзидан чиққан бошлиқ эмас, албатта миллатнинг, исломий эътиқоднинг ашаддий душманлари бўлган яҳудийлар ва бошқа ғайрлар осонгина бошқармоқдалар.

“Дарахт бир жойда кўкаради”, деб шўр ерда қуриб тамом бўлсак ҳам  жойимиздан жилиш хаёлга келмайди.  Яна шу шўр пешонани текширгани юқоридан вакиллар келса, арзимизни айтиш, ҳукуматга талаблар қўйиш ўрнига, худди айбимиз бордай ялтоқланиб, пойига поёндоз ёзамиз, тишимизнинг кавагида бир қаро кунларга асраб қўйган ушоғимизни олиб хонлардек яшаб турган комиссиянинг чўнтагига солиб қўямиз. Шуни айтар экан-да, “бой ҳам бойга гадой ҳам бойга” деб. Хуллас, ой сайин хабаримизни олиб турувчи комиссияларга ва ўзимизга ўзимизни «бекаму кўст» кўрсатишни қотириб ҳал қиламиз. Комиссиялар ҳам томоғи бор (нозик кўнгил одамлар), гапга тушунади, ўзимиз билган ёмонимизни ўзимиздан яшира олганларидан хурсанд. Бу жуда ҳам қизиқ эмасми?

Ҳа, яна бир қизиқ томони, қизиқчилар айтганидай “бизда ҳамма нарса қизиқ”. Сен муаммолар ичида ўламан деб турганда, ҳукуматнинг ялтоқи матбуоти ва шайтанат ТВлари камбағалнинг кўзини ўйнатишдан уялмайди. Ойда бир кило гўшт емайдиган хонадонлар ош базмлари-ю, эротик усуллардан иборат беҳаё, маънавий бузуқ қўшиқлар билан авралади, гўё ҳамма бахтиёр. Оғзида бир тиши йўқ қариялар, мункиллаган кампирлар даврада селкиллаб ўйнаб, томоша кўрсатади (буям уят). Диктатор Президент ҳаққига ёш-у қари дуо қилиши урфга кирган. Эмишки, гир атрофда уруш, Ўзбекистонда тинчлик. Бу қандай тинчликки, болангнинг кўзига ёш, томоғига тош тиқилиб турса?!  Шу чол ва кампир ёки оқсоқол ҳам ўзининг дуоси ёлғону-сохта эканини яхши билади. Аммо у “лўлининг эшагини суғор, пулини ол” мақолига амал қилади.

Ёлғон мақтовлардан кўриниб турибдики, Ўзбекистонимизнинг энг катта лўлиси, лўлибошиси Диктатор Каримовдир. Аммо бу лўлининг эшаги сув ичавериб бўкиб кетмадимикан?

Эй қўрқув юрагини олиб қўйган юртдошларимиз, қачонгача лўлининг эшагини суғориб, тинчлик сақлаймиз. Ундан кўра ақлни ишлатайлик, бир йўла унинг ўзини ҳам, эшагини ҳам йўқотиб, бошқа халқларга ўхшаб, тинч-омон яшашнинг ҳаракатини қилайлик. “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати”ни қўллаб-қувватлайлик, ўз мулкимизга ўзимиз эга бўлайлик.

Кези келганида яна бир гап: бу (яҳудий) диктаторимиз ҳақиқатан лўлилар лўлиси чиқиб қолди, ўзи. Одамларни аврашда лўлиларни чангида қолдириб кетди. Мана қаранг, ўзи етар-етмас халқ бўлсак-да, юртимизда йилнинг олти, етти ойи зўраки байрамлардан иборат.  НАВРЎЗ келишидан бир ой олдин бошланган байрам апрелни охирлаб нафасини ростлайди. Орадан икки ой ўтмай “Мустақиллик”нинг ҳаракати бошланиши, сайл томошалари, ҳисоботлари билан уч ойни эгаллайди. Кейин Қорбобони кутишлар бошланади. Бу ҳам камлик қилгандай, Диктаторнинг эрка қизи Гулнора хоним халқнинг оғзидаги сўнги луқмасини тортиб олиб “Асрлар садоси” номли халқаро кайфу-сафосига сарфлайди. Мана сизга профессорнинг сиёсат ва иқтисодни тушуниш даражаси… Бу энди алоҳида мавзу…

Яна орада одамларнинг шахсий тўй-маъракалари, туғилган кунлар, ишхоналарда комиссиялар шарафига зиёфатлар, бошлиқларнинг кўнглини топишлар ва ўзингизни ҳам хурсанд қилишлар… Одамлар шу қадар чалғитиладики, сиёсат, эрк, ҳақ-ҳуқуқ ҳақида ўйлашга ўзларидан ортмайдилар.

Бундан ташқари бизда ҳар бир йил туғилмасидан олдин Юртбоши унга исм қўйиб беради: “Болалар йили”, “Саломатлик йили”, “Хотин-қизлар йили”, “Оила йили” ва ҳоказо. Ҳозирча адашмаган бўлсак, Мустақилликдан бери 22 та йилга 22 та “ақиқа” ўтказибмиз. Йиллар мучал йилларига ўхшаб ҳар ўн икки йилдан такрорланмайди. Ҳеч бир йилни хафа қилганимиз йўқ. Ёзарлар-у, чизарлар қудратимиз етганича йилларни ва Президентни олқишладик, ёздик, мақтадик ва мақтандик.

Гуруч курмаксиз бўлмас деганларидек, шундай бахтли замонда кимга нима етишмаяптики, ўз юртидан қувғинди, аллақайси оқимлар фаровон ҳаётимизга  сассиқ буринларини тиқадилар, соддадил, ғўр, тўғрироғи сиёсий хом ёшларимизни йўлдан оздирмоқчи бўладилар!? Шундай бир нозик вазиятда ОАВнинг масъулияти яна-да ошади. Махсус кўрсатув ва эшиттиришлар орқали Фуқаролик институтларини яратиш ўрнига уни издан чиқараётган Маҳалла ва унинг фаоллари, хотин-қизлар ташкилотларига эскича услублардан воз кечиб, ҳаётга яна-да чуқурроқ кириб боришлари, одамларнинг фикру-ўйи билан қизиқишлари бугуннинг айни вазифаси сифатида қаттиқроқ уқтирилади…

Тан олайлик, бугунги кунимиз учун шифобахш аччиқ ҳақиқатлар ғоят муҳим бўлиб қолди. Қачонгача буюк бобокалонларимиз панасига ўтиб, «фалончиларнинг авлодларимиз» дея кўксимизга урганимиз ҳолда “лўлининг эшагини суғориб” аждодларимиз руҳини хижолатга қўямиз. Зеро, аждодларимиз «насабингиз билан эмас, ҳасабингиз, мансабингиз  (муносиб фаолиятингиз) билан фахрланинг», дея марҳамат қилганлар…

Суҳбатдош Абдуқодир Карим