Қозоғистон Мусулмонлари идораси ҳижоб масаласида президентга эътироз билдирди

Қозоғистон Мусулмонлари идораси ҳижоб масаласида президентга эътироз билдирди
23 views
21 March 2013 - 16:17

hijob-3-Қозоғистон Мусулмонлари идораси муслима аёлларнинг ҳижоб ўраб юриши ҳуқуқини асослаб берувчи фатво чиқарди ҳамда ҳижоблар мамлакат қонунларига мувофиқ келишини асослаб берди, дея хабар берадиТengriNews.

Фатвонинг биринчи қисмида муслима аёллар юзи ва кафтидан ташқари бутун баданларини ёпиб юришига диний асосларни келтирилади. Қайд этилишича, бу нарса “қозоқ аёллари учун ҳеч қачон ёт бўлмаган, ҳижоб душманларининг ушбу фактни қозоқ халқининг тарихидан ўчиришга барча уринишларига қарамай”, қозоқ аёллари доим бошини ўраб юрганлар ва одми, ёпиқ либос кийиб юрганлар.

Мусулмонлар диний идорасига кўра, Қозоғистонда исломнинг ижобий сиймосини яратиш учун шариатга мувофиқ либосларни ниқобсиз кийиб юриш тўғри бўларди. “Қозоқларнинг маданияти ўзига ҳос, шунинг учун қозоқларнинг анъанавий либослари доим шариат тамойилларига тўғри келган. Шунинг учун араб ёки покистон либосларига тақлид қилишга зарурият йўқ. Энг асосийси – сатри аврат бўлиши шарт”, – дейилади фатвода.

Қозоғистон Мусулмонлари диний идораси “Диний фаолият ва диний ташкилотлар тўғрисида” қонунига таяниб шуни қайд этадики, “аёлларнинг бош кийимини ечишга мажбурлаш, ҳамда рўмол ўраб келгани учун дарсларга қўймаслик қонун билан рухсат берилган диний фаолиятга тўсқинлик қилиш, жисмоний шахсларнинг диний сабабларга кўра фуқаролик ҳуқуқларини поймол этиш ва уларнинг диний ҳис-туйғуларини ҳақоратлашдир”.

Ушбу фатвони ҳижобга қарши мунтазам равишда чиқаётган президент Нурсултон Назарбаевга жавоб, дея ҳисоблаш мумкин. Мисол учун, 2011 йилда Назарбаев Туркистон шаҳрида жамоатчилик вакиллари билан учрашувда: “Мен паранжига қатъий қаршиман. Айниқса талабалар, ўқувчи ёшларнинг ҳижоб ва паранжи кийиб юришларига қаршиман. Тарихимизда бизнинг динимиз ҳеч қачон бунақа анъаналарга эга бўлмаган. Ҳақиқий диннинг фарқига бориш керак”, – деганди Назарбаев “Новости-Казахстан” АА келтирган иқтибосда.

2012 йилнинг декабрида чоп этилган Қозоғистон халқига президентлик номасида: “Оналаримиз, опа-сингилларимиз, қизларимиз ўзга халқларнинг либосларини кийишлари, рўмолларга бурканиб юришлари бизга керакми? Биз билан битта дастурхонда ўтиришмасинми? Автмобиль ҳайдашмасинми? Буларнинг бари ўзга халқларнинг урф-одатидир, бизнинг даштларимизда ҳеч қачон бунақа удумлар бўлмаган. Биз мусулмон умматининг бир қисми эканлигимиздан ғурурланамиз. Аммо Қозоғистон даҳрий давлат эканини унутмаслигимиз лозим. Биз мамлакатимиз анъаналари ва маданий меъёрларига мос келадиган диний онг шакллантиришимиз зарур. Биз энг яхши ахлоқ моделларини ўзлаштиришимиз керак. Мен эълон қилаётган стратегия халқимизни ўрта асрда эмас, XXI асрда яшашга тайёрлайди”, деган сўзлар айтилган.

fergananews.com