Ногиронлар учун янги этик, ёки ҳуқуқбоннинг хорижга чиқиши ҳуқуқи

Ногиронлар учун янги этик, ёки ҳуқуқбоннинг хорижга чиқиши ҳуқуқи
98 views
21 March 2013 - 17:08

Апрель ойининг бошида Швеция пойтахти Стокгольмда Халқаро Хелсинки гуруҳи ўтказишни мўлжаллаган конфиренцияга таклифнома олдим. Конфиренция ҳуқуқбонлар фаолияти учун хавф мавжуд бўлган мамлакатлардаги фаолият хусусида ўтказилиниши режаланган.

Бу ташкилотга конфиренцияда иштрок этишим учун менда чиқиш визаси  йўқлигини билдирдим. Европа мамлакатларига кириш учун атайдан виза бермаслик ҳолатлари учрамайди, шу сабабли сира тушунтира олмадим. Конфиренция ташкилотчилари менга виза беришлари, ёки бермасликлларидан қатъий назар ҳужжатларимни топширишимни маслаҳат беришди. Майли дедиму, 11 март кунида паспорт столи томон ўтдим. Қаршилик ҳуқуқбон Нодир Ахатов ҳам менга ҳамроҳлик қилди.

Паспорт столга бордик, виза учун қандай ҳужжатлар топширилиши билан қизиқдик. Менинг паспортимнинг амал қилиш муддатининг 11 йили ўтган экан. Хорижга чиқа олмаслигимни тушунтиришди. Бошқа паспорт олишим  зарур эди. Паспорт столи бўлимида Қарши шахар ИИБ бошқармасининг бошлиқларидан бирини учратиб қолдим ва унга вазиятни тушунтирдим. Паспортимни янгилашим кераклигини билдирди у ва уни янгилаш учун топширдим. Менга тезликда паспортимни алмаштириб беришларини, вақтни кўпга чўзмасликларини илтимос қилдим. Сабаби эса оддий эди: ногирон боламга
паспотимсиз берилмайдиган медикаментларни ҳам олиб туришим керак, бунинг учун ҳам менга паспорт зарур.

Менга икки, уч кун ичида тахтлаб беришларини ваъда қилишди. Бунинг учун ҳам маҳалладан маьлумотнома ва муҳр боситириб келишим керак экан. Ишондим ва паспортни топшириб ортга қайтдик. Шундай қилиб икки, уч кунни кута бошладим. Ногирон боламга дори олишим керак эди. Паспорт столга   боравериб, келавериб чарчадим.

”Тошкент жавоб бермаяпти, жавоб беришсин кейин сизга паспорт берамиз” – деб қолишди паспорт столидаги масъуллар. Нима учун Тошкент жавоб бериши керак ва нега у жавоб беришишини бунчалар қийин бўлиб қолди, булар ҳаммаси тушунарсиз эди. Ахир мен Ўзбекистон фуқаросиман ва бунга бирор шубҳа йўқ-ку! Ва ниҳоят Тошкент ҳам жавоб берди.

15 март куни жавоб берилган экан ва шу куни паспортимни  олдим.  Пропискага қўйдирдим. Мен билмас эдим, хорижга чиқиш учун ҳам прописка жойига муҳр босишар экан. Униям босиб беришди:”сизга бу керак” – деб. Хурсанд бўлиб паспорт столдан чиқдим. Зудликда бошқа ишни ташлаб фарзандимга психотроб дори олиш учун кетдим. Бу дорини олишим учун шифокордан рецепт ҳам олишим зарур эди. Уни ҳам олдим ва дорихонадан бориб кераклик дорини сотиб олдим. Кўнглим анча таскин топганди.

Уйга келиб паспортни обдон кўздан кечирдим, не кўз билан кўрайки ҳамма нарса тўғри ёзилган, фақат паспортимдаги суратнинг пастидаги махсус жойида исмим  Гулшан ўрнига Улшан бўлиб қолган экан. Зудликда паспорт столда ишлайдиган ходимларнинг бирига қўнғироқ қилдим.

“Эртага олиб келинг кўрайлик-чи”- жавоб берди ходим.

Мен  16 март куни зудликда етиб бордим ва паспортни қайта топширдим.

“Сиз кетаверинг, кечқурун хабар қиламиз, олиб кетасиз”. – дея таскин беришди менга. Барака топинглар деб яна қайтдим. Кечга яқин қўнғироқ қилгандим,  душанба куни олиб кетишимни айтишди. Душанба куни, яъни  18 март тағин паспорт столга бордим.

“Бугун хамма байрамга кетган”. – дейди қорвул бўлиб турган тоға.

“Қанақа байрам?” – саволга  тутаман.

“Навруз  байрами бўлаяпти паркда”. – жавоб берди қоровул тоға.

Паспорт стол атрофида йиғилиб турган одамларни кўрсангиз, ишлаяпти деб ўйлайсиз. 30 нафарга яқин одамлар йиғилиб қолган экан. Баьзилар тонги соат 5.00 дан келганликларини айтишарди. Кўплари эса  зарур ишлари қолиб кетаётганлигини, аммо ҳамма нарса паспортга бориб тақалаётганини, шусиз ишларини битмаслигини билдиришарди.

Кўпчилик Тошкентдан келишган экан, ҳаттоки Намангандан келиб туришганликларини айтганлар  ҳам бўлди. Қарасам мендек овора бир ўзим эмас эканман. Гапларини эшитиб қўлоқ тутиб туравердим. Инсонни тафтини инсон оладида азизлар, тўғрими? Мендан ҳам нега келганимни сўрашди ва паспортим масаласида муаммо борлигини тушунтирган  бўлдим.

“Шундай бўлиши мумкинми?” – савол берди навбатда турган аёллардан бири. Паспортимни нусхалаб олгандим, шуни кўрсатгандим, ҳайрон қолишди. Нега ҳайрон қолишганини сабаби биласизми? Бу хатони мен сезиб қолганимга ва зудликда
қайтариб олиб келганимга хайрон қолишаётганди.

“Масалан, мен эьтибор қилмаган бўлардим, сиз кўзимни очдингиз. Бундан сўнг мен ҳам эьтиборлироқ бўламан”. – деди суҳбатдошим.

Шу ўринда оддий  инсонларга нега эьтиборли эканлигимни ҳикоя қилиб ўтиришга ўзимда зарурат сезмадим. Менинг тахминимча, бу иш атайлабдан қилинган эди. Яъни, менга хорижга чиқиш учун виза бермаслик мақсади билан. 18 март куни кечга яқин яна паспорт столдаги ходимга қўнғироқ қилдим.

“Тайёр бўлган, келинг!”- деди ходим. Соат кечки 18 лар атрофида бориб паспортимни олдим. Эртага келиб пропискага киришимни ҳам уқдиришди. Миннатдорчилигимни билдириб кетдим. Албатта  улар ўз хатоларини вақтида тўғирлаб беришди, бу
томондан кўнглим тўқ эди. 15 март куни паспорт столга бориб паспортимни олишимни айтишганди ИИБ дагилар.

Бундан ташқари Қашқадарё вилоят ИИБ нинг “терроризм ва экстримизмга қарши кураш бўлими” суҳбатидан ҳам ўтишим лозим эди. Айтилган кунда боргандим. “Профилактика ҳар пайшанбада” деб ёзилган экан. Дархол телефон қилдим. Бугун ишламас экан-ку, нега мени сарсон қилишди?

“Гулшан, анаву таклифномадан бир нусха берсангиз ҳозир ходимлардан бирини юбораман”.- дейди экстримизм ва терроизмга қарши кураш бўлимининг  энг катта  маьсул ходими.

“Юборинг олиб кетсин”- дедим.

15 минут ичида Дилшод исмли ходим келди. Мен таклифномадан олинган нусхани бериб юбордим. Яширадиган жойи йуқ-ку? Барибир ОВИР га чиқиш визасини олишим учун ҳам топширишим керак-да. Анкета тўлдирганимда ҳам сабабини айнан кўрсатгандим. Дилшод исмли бу ходимни мен ўтган 2012 йилнинг октябрь ойида, уйимиздан босиб кириб мени олиб кетишганидан бери танийман. У ходимни кекса момом хам жуда яхши эслаб қолганлар.

Нима бўлган тақдирда ҳам менга паспортимни беришди. Прописка масаласи қолганди. Эртаси, 18 март куни паспорт столга бордим, маҳалладан маьлумотнома ва муҳр ҳам бостириб олдим. Тумонат одам навбат кутарди, бир амаллаб кирдим. Пропискани ҳам босишди.

“Хорижга чиқиш учун печатни ҳам босинг”. – дейман фамилияси Амирқулов бўлган нозимга юзланиб.

“Сиз визага топширинг, кейинроқ босиб бераман. Ҳозир бўлмайди”. – жавоб беради у.

“Вой, бузиб берган паспортларингга босиб бергандингиз, тўғри паспортга босиб бермайсизми? Нега?”- дейман ҳайратланиб.

Атайлаб менинг паспортимни бузишган экан деган хулосага келдим. У хонага кирдим, нариги хонасига ўтдим. Сабабини суриштира бошладим. Қўлимдаги паспортни олишдида, кераклик муҳрни ҳам босиб беришди. Шундан сўнг ОВИР визаси учун анкета тўлдирадиган қизларнинг ёнига ўтдим.

“Яна қандай ҳужжат тайёрлашим керак?” – дейман қизлардан бирига.
“Суҳбатдан ўтдингизми УВДинг экстеримиз ва терроимз бўлимидан. Одам
савдосига қарши суҳбатидан ўтишиннгиз керак эди, айтгандимку”. – дейди
қизлардан бири.

“15 март куни боргандим паспортимни кўтариб, суҳбат келаси ҳафта чоршанба кунига қолдирилибди.  20 март куни бўлар экан”. – тушунтирган бўлдим.
“Унда сиз хорижга чиқиб келгансиз.  ОИТ(СПИД) марказидан ўтишингиз керак”.

18 март куни СПИДга қон топширдим ва менда ОИТС вируси йўқлиги ҳақида ҳам сертификатлик бўлиб олдим. Энди мен суҳбатдан ўтишим қолди. 20 март куни нонушта қилмай Қашқадарё вилоят ИИБ томонга кетдим. Паспорт столда одам тумонат эди, бу ерда ҳам худди шу ҳолат. Эртароқ борай деган умидда эдим. Соат 9.00 да ўша ерда эдим. Навбатга турганлар эса мендан ҳам олдин келишган экан. Дарди яқинларнинг сирлари ҳам бўлмайди. Улар ўз анкеталарини кўрсатишди. Менда хатолик йуқмикан деб қизиқсинган бўлдим. Камчилик чиқди, участка профилактика инспекторининг имзосини олмаган эканман. Энди эса “қайдасан, участковой” деб сафарга кетдим.

Имзо қўйдиришим унча қийин кечмади. Осонгина қўйиб беришди барака топгурлар!
Вилоят Ички Ишлар Бошқармасига қайтиб келдим. Менинг навбатим ўтиб кетган
экан. Тағин янгитдан навбат олиб кута бошладим. Ахийри кирдим. Санжар Умаров исмлик шахс маьсул ва яна бир ходим ўтирган эди. Анкетамни сўрашди, бердим. Паспортимни ҳам олишди. Обдон кўздан кечиришди. Нима сабабдан хорижга чиқмоқчилигимни тушунтирдим. Анкетамда ёзилгану, аммо тушунтириб беришим ҳам керак экан. Таклифномани ҳам кўришди. Мени вилоят ҳокимлигидаги маьсул шахс Шомурод акани ёнига боришимни айтишди.

“У кишидан ўтишингиз керак.”- дейди Санжар ака Умаров. Сабримга ҳам беш кетдим  аммо! Охиригача боришим керак эди нима бўлган тақдирда ҳам. Қийинчиликлар нима билан якун топиши менга ҳам қизиқ эди.

“Топалармиканман?” –  менга қолганда дарёдаги сув ҳам тўхтаб қолишини яхши билганим учун савол билан юзландим.

“Гулшан опа, топасиз. Ҳозир гаплашдик”.- Мени тинчлантирган бўлди Санжар Умаров.

Қашқадарё вилоят ҳокимлигига осонгина кириб бордим. Шомурод ака деган кишини мен ёши ўлуғ инсон деб ўйлагандим, аммо мендан ҳам анча ёш кўринар экан.

“Сизга юборишди”. – дедим норози оҳангда. Ахир хорижга чиқиш менинг ҳуқуқим бўлгани ҳолда, бир қанча бюрократик тўсиқларни айланиб ўтишим ҳам зарур экан ва сўнгида улар рухсат беришсагина чиқшга рухсат оламан. Аксида улар мени бу ҳуқуқимдан маҳрум этишга ҳам қодирлар.

“Яхши, ўтиринг қани”. – мулозамат қилади Шомурод ака.

“Халқаро ташкилот таклиф қилган экан, боришим керак. Менга чиқиш визаси зарур”. –тушунтирган бўлдим.

“Таклифнома борми сизда? Кўрсам бўладими?” – савол беради у. Таклиномани тутқаздим.
“Ҳамма мамлакатда инсон ҳуқуқлари биринчи навбатда туради, бизда ҳам худди шундай.
Мана бир мисол, бизнинг мамлакатимизда 500 дан ортиқроқ қонун қабул қилинган. Қайси мамлакатда шундай қонунлар  қабул қилинган”? – таклифномани кузатиб туриб, савол ҳам ташлаб ўтади Шомурод ака.

“Тўғри қонунларимиз жуда яхши қабул қилинган, аммо амалда ҳам кўлланилаяптими ўшалар? Бир уй қурсангиз ҳам аввал пойдевори мустахкам қўйилмайдими? Ана ундан сўнг уй кўтарилмайдими?”- саволига савол билдан жавоб қайтардим мен. – “Масалан, оддий аҳолининг яшаш тарзи билан қизиққанмисизлар?”- тағин юзландим унга.

“Масалан нимани назарда тутаяпсиз?”- савол беради Шомурод ака.
“Қиш ойида жуда кўпчилик электрсиз, газсиз, иссиқ сувсиз яшаб чиқади. Кўп қаватлик  уйларда ҳам шароитлар мутлоқ  йуқ-ку”- дейман.

“Аҳоли свет ва газга тўловларни амалга оширадими шуларни тайёрлаб берсак?”- давом этди сўров.

“Албатта”, – дейман бўш келмай, – “сомсани егандан сўнг пулини ҳам тўлайдида”!

Иккаламиз ҳам сукут сақладик. Бир озда бошқа мавзуга ўтдик, Ватанимни севишимни ва унда арзийдиган ҳолларини хам келтириб ўтдим.

“Бу мени ватаним, уни жуда ҳам яхши кўраман”!

Аммол шу топда ўйловга тушаман: бу Ватан ҳам мени севармикан? Кейин, ватанни севиш, ёки севмасликнинг фуқаро хорижга чиқиш, чиқмаслигига нима алоқаси бор экан? Бу менинг ҳуқуқим-ку ахир. Балки ватанни севмаслигим “аниқланиб” қолса, чиқариб юбориб, кейин қайтиб киргани қўйишмайдими?

Ҳокимиятнинг маьсул ходими нодавлат, нотижорат ташкилотларни руйхатга олиш ва маслахат бериш бўйича куратор эканлар. У кишини айтишлари бўйича, адвокатларга ҳам кураторлик қилган эканлар. Мен эса  қаршимдаги инсон ҳокимият ходими эмас, балки Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) ходими эканлигини тезда фаҳмлаб олдим. Майли,  суҳбатни давом эттирдик.

“Мана биз яқинда 1000 га яқин ногиронга этик бердик, мана ишонмасангиз”. – дея қўлимга битта этик тутқаздилар у киши.

“Бу қаерда ишлаб чиқилган?” – қизиқсиндим мен.

“Ўзбекистонда”!

“Қизиқ, ҳамма ногиронларга берибсизлар, нега мени ўғлимга бермадинглар? Бунга қандай ишонишим мумкин?” – қарши савол қўядим.

“Маҳаллангиз билади, руйхатда бўлмагандирсиз балки”-  жавобни лўнда қила қолди масъул.

“Руйхатку бор, аммо этик йўқ-да”. – қизиқсинаман мен.

“Сиз билан шуғулланишимиз керак экан, сизни обектив қарашинингиз қизиқитириб қўйди мени”- дедилар “маьсул шахс”. Гап адвокатлар фаолиятига томон бурилиб кетди.

“Адвокатлардан кимларни танийсиз?”- саволга ўтди у.

Қаршилик адвокатларнинг кўпчиликни таниганим боис, баьзиларни фамилиси эсимдан чиққан эди. Шундай бўлсада бир нечитасини айта олдим.

“Сиз яхшисини  танимас экансиз, билимликлари жуда кўп”.

“Адвокатлар устидан назорат қилмасаларингиз, сиз писанд қилмаётган адвокатлар ҳам ҳар қандай ишни ипидан игнасигача ажратиб бера олади”. – тағин қўрсликни давом этирдим мен.

“Шундай деб ўйласизми?”- эзмаланади “масъул”.

“Ўйламайман,  бу факт!” – мавзуни узил-кесил ҳал қилиб қўя қолдим мен.

Яна сукутга чўмдик. Афтидан “масъул” мени Ватанни севмасликда, ёки яна нималардадир айблаб важ топиш учун имконини қидираётганди. Балки кераклик важни ҳам топгандир. Аммо менга бу кабинетда ўтиришимга ортиқ наф йуқлиги аён бўлганди. Хайр маъзур қилдимда, туришимни билдирдим. Орқамдан чиқиб келдилар, паспортимни кўздан кечиришларии айтдилар.

“Бемалол кўраверинг, бу сизга кўрсатган бузилган паспорт эмас, балки тўғрилгани” – дейман паспортни кўрсатиб. Паспорт столдаги ҳолатни бир бошидан ҳикоя қилиб ҳам ўтгандим.

“Сиз нималарни ўзгаришини истардиннгиз, шу билан қизиқаяпман.”- деб қолди Шомурод ака. Мен ривожланган давлатларда мана бундай қоғозбозлик, бюракратия йўқлигини, одамлар ҳамма ҳужжатларининг ортидан югурмасдан, интернет орқали ҳал қилса бўлшини, айнан шуни йўлга қўйиш кераклигини тушунтиришга уриндим. 9 кун ичида “энамни уч қурғонда кўрганимни” ҳам эслатиб ўтдим. Ҳокимиятни тарк этиб тағин Қашқадарё вилоят ИИБ томон йўл олдим. Борсам мени суҳбатдан ўтказадиган маьсул шахслар хоналарини ёпиб чиқиб  кетишган экан. Келгуси суҳбат 22 март кунига белгиланлиги ёзилган эди. Визани бериш ниятлари йуқлиги кундай равшан эди. Қорним оч, ҳалиги “суҳбатдан” сўнг  бошим ҳам гаранг ҳолимда уйга қайтдим.

Уйга яқинлашган вақтим, невараси анча йиллардан буён  ногирон бўлган қўшнимни учратдим. Кўчада стулча қўйиб ўтирган эканлар.

“Хола, Одилга ҳокимият томондан этик беришдими?” – савол бердим.
“Қаердан? Бир неча йил илгари 2 та носки олиб келиб беришганди горсабездан.”- жавоб бердилар қўшним.

“Қизиқ”, – дейман ажабланиб, – “сизнинг невараннгизга беришмаган бўлишса, менинг ўғлимга беришмаган бўлишса,  унда у этикларни кимга беришди экан?”. – юзландим қўшнимга. – “Мана шу ногиронларга аталган этиклар, эгасига етиб бордими ёки йўқми,
бу саволга ҳокимият жавоб бера олармикан? Кимлар олган ўзи?”

Кўчамизда 2 кишини ногирон фарзанди бор, аммо биз ҳокимият томонидан ногиронларга ажратилган этикни олганимиз йўқ. Биз бу сўзимизни қатьий айта оламиз! Бу масалага ойдинлик киритиш ҳокимиятни вазифасига киради менимча?

Қолаверса, мен хорижга чиқишим учун ҳокимият кимга этик берганининг ҳам нима алоқаси бор ўзи? Ёки чиқмаслигим учун? Ажаб савдолар бўлади бизнинг ҳокимиятларда. Агар тўғри тушунган бўлсам, ҳокимлик менинг ногирон ўғлим ва қўшнимнинг ногирон фарзанди учун этик бермаган бўлса бунга мен айбдорман ва шунинг учун ҳам хорижга чиқиш рухсатномасини олмайман. Тамом-вассалом!

Гулшан Қорева
Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти
Қашқадарё вилоят бўлими раиси.