Тошкентдан мактуб: “Бирлашган ўзар”

Тошкентдан мактуб: “Бирлашган ўзар”
116 views
26 March 2013 - 13:57

googoosariБиз муҳолифатчилар, мухолиф партиялар деганда нимани тушунамиз? Албатта, кўпчилик мухолифатчилар деганда, маълум бир диктатура режимига, демократияга, диний (исломий, христиан, буддизм), коммунизм режимларига қарши бўлган бошқа бир томон вакилларини тушунадилар. Ушбу мухолифатчиларни қўллайдиган, идеологияларини имкон даражасида оммага татбиқ эта оладиган, яъни издошлари бўлади ва булар купайгани сайин катта бир кучга айланиш даражасигача боради. Мухолифатни асосан ким қуллайди? Агар унинг мақсадларини тўғри, қонуний ва адолатли деб билса мухолифатни асосий қўлловчи куч – бу ҳалқир, оддий ҳалқ!

Мен бежизга гапни узоқдан бошлаганим йўқ. Балки кимларгадир бу ғалати туюлар, балки кўпчилик буни янгилик эмас деб атар. Тўғри, бу бўлмаса, айнан мана шу “эскиликни” ҳалқимиз унутган кўринади. Биз мухолифатни кўпинча қўллаб-қувватлаш ўрнига, улардан кўп нарсаларни талаб қиламиз. Бир неча юз минг кишини диктатура қулига айлантириб, ҳалқни бу золимлардан қутқаришни бор-йўғи бир неча юз кишидангина иборат  мухолифат аъзоларидан талаб қиламиз. Бажариш мушкул бўлган ишни қилолмаган инсонлардан ҳафа булиб, тағин  ҳақоратга ҳам ўтиб олишлар кузатилади. Урушамиз ва охирида жиққа-мушт даражасигача олиб бориладиган ҳолатга ҳам етказиб ҳам қўямиз.

Ўзбекистонда диктатура режими ҳукмронлигини сал кам бутун дунё билади. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, ҳалқаро ташкилотлар, журналистлар, муҳолифатчилар бу ҳақдиа гапириб чарчамаяпти. Лекин нима учун жаҳон ҳамжамияти бу масалага етарлик даражада эътибор қаратмайди? Чунки ҳалқ жим! Ўзбек ҳалқи жим ва мудом сукутдамиз! Ўзбекистон ичкарисида қийноқлар остида қирилиб кетаётган ёш йигитларимиз, фоҳишагаларга айланиб бораётган қизларимиз ва барча азоб чекаётган мазлумларимизнинг яқинлари сукутда. Бизга ҳеч ким ёрдам бермаяпти, чунки Америка ва Европага ҳарбий база керак, яна кимгадир нимадир керак деган баҳоналар билан ўзимизни овутиб қуя қоламиз. Ваҳоланки, ўзимизнинг  доимий сукутдалигимиз бизнинг азобимизнинг асосий сабабчиси эканлигини билмаймиз, балки билсак ҳам тан олгимиз йўқ. Кўпгина мусулмонлар АҚШ ва Европа мусулмонларни, Исломни қўлламайди дейишади. Балки гаплари туғридир!  Лекин чуқурроқ уйлаб мулоҳаза қиладиган бўлсак, “Араб баҳори” революцияларини қўллаб қувватлаган асосий ташқи кучлар бу  – АҚШ ва Европа бўлдику.

Ҳаётимиз давомида бир неча давлатларда турлича йўллар билан диктатура тузумини ағдаришга муваффақ бўлган бошқа ҳалқ вакилларини курдик ва кўрмоқдамиз. Ҳозирги кунда  купгина араб мамлакатларида диктатура тузумларига қарши кураш олиб борилмоқда. Ўзбекистонда бундай инқилоб бўладими ёки йўқ  деб уйлаб юраверсак, кейинги 20 йилда ҳам бу тузумдан қутула олмаймиз. Бунинг учун ҳаракат қилмоқ керак!

Фақат мухолифатчи, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси эмас, бутун узбек ҳалқи  ҳаракат қилмоғи лозим. Бу дегани, эртага қўлингизга қурол кўтариб чиқиб, бир бирингизни ўлдиринг дегани эмас. Ҳозирги Ўзбекистон шароитида курашиш мумкин булган йўларни излаб топиб, амалга оширмоқ керак.

Европада барча ҳукумат идоралари “қоғозбозликни” хуш кўришади. Америкада ҳам ҳудди шундай. Агар бизнинг мушкулимиз шу қоғозлар билан озгина бўлсада осонлашса нима учун фойдаланмаслигимиз керак? БМТ, ЕИ, АҚШ Конгресси, Европарламентларни тўлдириб ташлайлик ўшанақа қоғозлар билан. Юз минглаб бегуноҳ инсонлар қамоқда, азобда яшамоқдалар. Наҳотки шуларнинг яқинлари бир парча қоғоз ва қалам олиб, дардини ёзиб, шу ташкилотларга жуната олмаса?  Фойдаси йўқ, бир нечтаси ёзди, ҳеч нарса ўзгармади – дейишингиз мумкин. Лекин ўша бир нечтани қўллаб бир неча минг ҳатлар, мурожаатномалар, аризалар ёзилсачи?  Кунига Ўзбекистондан ўнлаб мактубларни почта, факс, электрон почталар орқалик олсалар бизда ҳам ҳалқни ўйлайдиган реал кучлар пайдо бўлади. Мен бунга ишонаман.

Россияда биргина Магнитскийни ўлими орқасидан АҚШда бир неча минг имзо, яъни айтганимдек қоғозлар тўпланилиб, бутун бошли Магнитский актини қабул қилдилар. Бизда неча минг одам улиб кетаяптику ахир!

Кўчага чиқиб ҳаққимизни талаб қилолмасак, бу дегани ҳеч нарса қила олмаймиз дегани ҳам эмас. Собиқ Югославияда мусулмонларни Милошевич ҳукумати қиришни бошлаганида нима учун АҚШ ва Европа мусулмонлар тарафида бўлди. Чунки оддий ҳалқ кунига  БМТга, ЕИ, АҚШ ва бутун мавжуд булган ташкилотларга минглаб ҳатлар жўнатганди. БМТнинг ваколатҳоналарию, асосий қароргоҳи бундай мурожаатларга тўлиб кетди. Мана шундан кейингина озодлик учун, ҳақиқат учун кураш бошланди.

Бизчи, аҳволимиз оғир, диктатура ҳукмрон, бегуноҳлар қийноқлардан ўлмоқда деймизу, аммо фактларни келтириб беролмаяпмиз. Фактлар берилмоқда, бироқ етарли даражада эмас. Бунинг учун ҳалқимиз ҳам ҳаракат қилмоғи, қайси усулда курашиш имкони бўлса шу усуллардан фойдаланмоги керакдир. Мен фақатгина биргина усулни айтиб ўтдим, лекин амалга ошира оладиган жуда куп имкониятларимиз ҳали ҳам бор. Фақатгина қўрқмасдан, ўзимизга, Ватанимиз келажагига ишониб биргаликда ҳаракат қилишимиз зарур. Бирлашган ўзади дейдилар азалдан. Шундай экан, бир оиланинг бошига оғир кун тушдими, уни ҳамма бир бўлиб ҳимоя қила бошласа диктатор ҳукумати ҳеч иш қила олмай қолади.

Лобар Оллоберди қизи
Тошкент