Каримов инфарктининг сабаби

Каримов инфарктининг сабаби
20 views
27 March 2013 - 20:52

Бугун Ислом Каримовни инфарктга гирифтор қилган омилни  ўрганишга муваффақ бўлдик. Маълум бўлишича, 19 март куни, Наврўз тантаналаридан кейин, кечқурун Каримов ва унинг қизи Гулнора орасида жанжал чиққан.  Жанжалнинг сабаби: Ўзбекистон махсус хизматлари президентга Гулноранинг шаҳвоний кечинмаларини фош қилувчи фото ва видео-маълумотларни етказган. “Бу иш Гулнорани қоралаш учун эмас, балки унинг номусини душманлар ҳужумидан ҳимоя қилиш мақсадида”, дея изоҳ берилган.

Гап шундаки, бу фош қилувчи маълумотларни гўё кимлардир Россия матбуотида нашр қилишга тайёргарлик кўраётган бўлган, ўзбек махсус хизматлари эса бу шармандаликнинг “олдини олмоқчи” бўлган.

Каримов қизини чақириб, унга бақира бошлайди ва шу билан навбатдаги жанжал бошланади. Аммо бу сафар эса 75 ёшлик чолнинг юраги дош бера олмайди. Ва инфарктга учрайди.

Ўзбекистон диктатори инфарктининг қисқача тарихи шу.

Булар ҳаммаси Каримовдан кейин ҳокимиятни олиш учун интилаётган турли кланлар орасидаги курашнинг кучайиб бораётганини кўрсатмоқда.

Ҳозирда МХХнинг икки генерали – Ҳаёт Шарифхўжаев ва Шуҳрат Ғуломовлар бошқараётган  икки гуруҳ орасида ҳаёт-момот жанги бораяпти.

Ҳаёт Шарифхўжаев Ўзбекистон Республикаси бош вазири, ўзини “беш минути кам президент” кўраётган Шавкат Мирзиёевнинг манфаатларини ҳимоя қилаяпти.

Ёш генерал Шуҳрат Ғуломов эса И.Каримовнинг қизи, Гулнора Каримова тарафдоридир.

Маълумки, сўнг икки ой мобайнида “Гугуша”нинг президент лавозимига кўтарилиш учун олиб борган сиёсий рекламаси бирор-бир ижобий натижага олиб келмади, балки аксинча, бу кампания Гугушанинг мамлакат ичкарисида ва ташқарисидаги душманларининг бирлашувига сабаб бўлди.

Шундан келиб чиқиб, Гулнорага тарафдор бўлмаганлар унинг жиноятлари ҳамда коррупция бўлган алоқаларини фош этиш кампаниясини бошлаб юборишди.

Унинг пўстагини  қоққан нафақат ўзбек мухолиф нашрлари, балки дунёда юксак рейтингга эга бўлган Ғарб матбуоти ҳам бўлди.

И.Каримов вақтни танлашда янглишди, унинг “пиар”чилари шошқалоқлик қилиб, бу кампанияни жуда эрта бошлаб юборишди.

Ўзбек ҳукмдори жамоатчиликдан бундай қаттиқ зарба келишини кутмаган эди.

Ҳар ҳолда, кеча ўзбек футболчиларининг Ливан терма жамоаси устидан ғалабаси билан табриклаш учун Каримов эмас, балки унинг қизи, яна ўша Гулнора чиқди. У стадионда ўзини “беш минути кам президент” эмас, худди “аллақачон президент”дек тутди.

Хуллас, ўртада янги бир вазият юзага келди.

Каримов инфаркт бўлгани учун эмас, балки Гулнорани жинидан бешбаттар ёмон кўрадиган юқори лавозимли кўплаб мансабдорларни ҳам инфаркт этадиган бир шароит юзага келмоқда.  Бу мансабдорлар ҳаммаси бир бўлиб, бир-бирига шивирлашмoқда: “Гугуша отасининг ўрнига ўтириб қолишидан бизни Худо асрасин!”

ЎХҲ хабар маркази