ЎХҲнинг соғломлиги ва диктаторнинг (диктатуранинг) хасталиги

ЎХҲнинг соғломлиги ва диктаторнинг (диктатуранинг) хасталиги
23 views
29 March 2013 - 6:03

Бундан бир неча ой олдин диктатор Каримов ҳукумати ҳаракатимиз борасида анча хотиржам эди. Чунки ҳаракатнинг расмий сайти синдирилган ва қайта куч тўплай олмаган, бунинг устига бу диктаторнинг малайлари ЎХҲни қуршовга олганди. Аммо қисқа муддатда сайтимиз қайта кучга кирди, “Однокласники” гуруҳимиз аъзоларининг сони 26 мингдан ошиб кетди. Бу эса ЎХҲ нинг хориждан туриб бўлса ҳам халқимиз билан қайта бирлашганини билдирарди. Ҳаракатнинг бундай ҳужумга ўтиши режимни саросимага солиб қўйди ва қайта зарба кечикмади: “Однокласники” гуруҳимиз йўққа чиқарилди…

Аммо кураш қизигандан қизиди. Биз “Файсбокда” “Каримов кет” номи билан янги гуруҳ очдик ва тез орада аъзолар сони 8 мингга яқинлашиб қолди. ЎХҲ сайтида  Усмон Ҳақназаров тахаллуси билан долзарб мақолалар, шу жумладан МХХ билан ҳамкорлик қилаётган сохта мухолифатчилар рўйхати эълон қилинди. Ва ниҳоят диктатор Каримовнинг юрак инфарктига чалингани ҳақидаги хабарлар туфайли Ўзбекистон режими ҳақида ахборот тўс тўполони бошланди. Табиийки, ЎХҲ ва унинг раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг довруғи худди 1990 йиллар, яъни мустақилликнинг илк йилларида каби Ўзбекистон халқи ва халқаро жамоатчилик назарига тушди. Бу билан ЎХҲнинг ҳақиқий мухолиф ҳаракат эканлигини яна бир марта ўз тасдиғини топди.

ЎХҲдан бундай ҳужумни кутмаган Ислом Каримов ва малайлари қарши ҳужумга ўтишга мажбур бўлдилар. Биз Каримовнинг 19 март куни инфаркт бўлганини хабар қилган эдик. Орадан 8 кун ўтиб Каримовнинг Қозоғистон Ташқи Ишлар Вазирини қабул қилгани ўзбек телевидениесидан кўрсатилди. Кейин маълум бўлишича бу учрашув режалаштирилмаган ва қозоқ вазир унга ўзи истамаса ҳам ўзбек томонининг қўяр қўймас илтимосларига биноан борган экан.

28 мартда Ўзбекистон парламентининг умумий мажлисида ҳам Ислом Каримов қатнашмади. Бу билан унинг бетоблиги ҳақидаги шубҳалар янада кучайди…

Аслида Ўзбекистон диктаторининг соғлигини узоқ муҳокама қилишга ҳам ҳожат йўқ. Ёши 75 га етган бутун кекса инсонлар каби Каримов ҳам турли касалликларга йўлиққани бир ҳақиқатдир. Ўзбекча таъбир билан айтганда унинг “бир оёғи тўрда, бир оёғи гўрдадир…”

Муҳокама қилиниши керак бўлган асосий масала диктатор Каримовнинг оғир соғлиқ аҳволи эмас, унинг диктатурасининг унданда баттар “хаста” эканлигидир. Каримов инфаркт бўлибди хабари аслида у асос солган золимано режим туфайли Ўзбекистонда ва дунёда ахборот тўс тўполонига сабаб бўлди. Чунки Каримовнинг диктатураси унинг ўзи каби бир кунда дунёга алвидо демаслиги ўз ўзидан тушунарлидир. Шу ўриндан айтиш керакки, сохта мухолифатчиларни Ўзбекистондаги ваҳший режим ва унинг қурбонлари, диктатура жаллодларининг жиноятлари кўп ҳам қизиқтирмайди. Улар онда сонда мухолиф бўлиб кўриниш учун режимнинг жиноятларидан сўз очиб қўядилар. Аммо Каримов инфаркт бўлмаган экан, деган хулосага келишлари билан бир овоздан ЎХҲ ва унинг раҳбарини қоралаш сафарбарлигини бошлаб юбордилар. Ҳолбуки диктатор Каримовнинг соғломлигини исботлайдиган тиббий хулоса эълон қилинмади. Бундай хулоса у ёқда турсин, ҳукумат манбалари бу ҳақда чурқ этмадилар. Аҳвол шундай экан, бунинг устига диктатура ўз жиноятларини давом эттираётган экан, бу сохта мухолифлар нимани байрам қилмоқдалар? ЎХҲ нинг халқ ва давлат келажагини ўйлаб мамлакат раҳбарининг (унинг ноқонуний раҳбарлиги бошқа масала) соғлигини кун тартибига келтириши муҳим иш эмасми? Бунинг устига Ўзбекистонда Конституциявий тузум ишдан чиқарилган, ҳукумат алмашувининг қонунийлиги ва узвийлиги таъминланмаган бўлса? Бундай пайтда халқини, ватанини, давлатини ўйлаган, бунинг устига мухолифман, деганлар масаланинг бу томонига эътибор қаратсалар бўлмайдими? Начора, савия шу даражада, инсонийлик ва масъулият тушунчаси, эркинлик ва адолат истаги шу даражада?! Истардикки, Каримов диктатурасига ҳақиқий мухолиф бўлган ЎХҲ га тиш тирноғи билан қарши бўлганларни, бу орқали Ўзбекистондаги золим режимни қўллаб қувватлаётганларни инсонларимиз яхши таниб олсинлар. Инсонлар билмаганда ҳам золимнинг ёнини олиб, унга қарсак чалаётганларни, эркинлик ва адолат тарафдорларига тош отаёганларни Аллоҳ таоло билиб, кўриб турибди…

ЎХҲ келадиган бўлсак, ҳаракатимиз кучайишда давом этмоқда. Ҳамюртларимизнинг унга эътибори кун ўтган сайин ортмоқда, ўзимизнинг оммавий ахборот воситаларимизда бўлгани каби, ўзбек тилида ахборот тарқатадиган хорижий оммавий ахборот воситалари, Русия, Туркия, Ўрта Осиё давлатларидаги ахборот воситалари сўнгги кунларда ЎХҲ ва унинг лидери Муҳаммад Солиҳнинг фаолиятига катта эътибор қаратдилар.

ЎХҲ нинг кучи унинг Каримов асос солган қуллик ва зулм режимига қарши эркинлик ва адолат шиорини байроқ қилиб олганлигидир. Шунингдек, биз халқимизнинг миллий ва эътиқодий қадриятларини, бугунги илм ва техника тараққиётига асос бўлган инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, фуқаровий жамият шароитида сўз, фикр, эътиқод, сайлаш, сайланиш эркинликлари, иқтисодий ва ижтимоий адолат, маънавий ва маданий тараққиёт қоидаларини ўзимизга байроқ қилиб олганмиз. Яъни, ЎХҲнинг дастурида ўзбек халқининг қадриятлари ўрин олгани каби, умуминсоний тараққиётнинг ижобий қадриятлари ҳам ўрин олгандир. Каримов диктатурасининг ва сохта мухолифларнинг ЎХҲга бу қадар душманлик қилишининг асосий сабаби ҳам ҳаракатимиз раҳбарияти ва аъзоларининг миллий ва эътиқодий қадриятларимизга эга эканлиги, тўғрироғи бизнинг мусулмонлигимизни яширмаслигимиз, унга амал қилишимиздир. Атеизм жонига ва қонига сингиб кетган диктатор Каримов ва унинг малайлари учун Ислом динига амал қилган ҳар қандай Ўзбекистон фуқароси “террорист, радикал” эканлиги маълум. Ҳолбуки эътиқодли кишилар ўзларининг тўғрилиги, маърифатпарварлиги, яхши ахлоқи билан жамиятнинг тараққиётига ижобий ҳисса қўшадилар. Аммо ҳозирги золим тузум инсонларимизнинг бундай хусусиятларга эга бўлишини истамайди. Чунки бу ҳолда яхшилик ёмонликни енгиши, бу билан Каримов диктатурасига барҳам берилиши мумкин. Аммо ҳақиқат шундан иборатки,  золимлар истамасалар ҳам адолат албатта тантаъна қилади…

 Намоз Нормўмин

29 март 2013 йил