Гулнора Каримова ўзига дор тўқимоқда (ми?)

Гулнора Каримова ўзига дор тўқимоқда (ми?)
463 views
30 March 2013 - 13:38

Ўзбекистон диктатори Ислом Каримовнинг инфаркт касаллигига йўлиққанлиги яна икки билвосита йўл билан тасдиқланди. Булардан биринчиси, Каримов Ўзбекистон Сенатининг қўшма йиғилишига қатнашмади. Иккинчиси ва муҳимроғи эса, ўзини отасининг тахтини эгаллашга ҳозирлаётган Гулнора Каримованинг Бош вазир Ўринбосари Рустам Азимовга очиқ ҳужумни бошлаганидир.

karisalikh

Бу ҳақда “Озодлик” радиосидаги мақолада жумладан шундай дейилади:

“Президент тўнғичигина эмас¸ балки ҳамон расмий мақоми Ўзбекистон Республикасининг Женевадаги БМТ идораларидаги доимий намояндаси бўлиб қолаëтган Гулнора Каримованинг Twitterда вице-премъер Рустам Азимов фаолиятини муҳокама этишни давом эттириб¸ унинг коррупцияга алоқадорлигига очиқ ишоратлар қилаëтгани бу ëзишмаларнинг шунчаки оний танқид эмаслигидан далолат сифатида кўрилмоқда.

Хўш¸ Ўзбекистон Бош вазирининг 1-ўринбосари¸ Молия вазири Рустам Азимов ким ва нима учун 2013 йилнинг март ойи охирига келиб¸ ўзбек иқтисодининг аксар соҳаларини ўз назоратига олиб¸ энди сиëсий ҳокимиятга интилаëтган шахс сифатида талқин этилаëтган Гулнора Каримова танқидига дучор бўлмоқда.”  (ozodlik.org)

Ушбу мавзуда айтиладиган асосий гаплар шулардан иборат, деб ўйлайман.

1.Ҳозир Ўзбекистонда қонуний (Конституциявий) тузум йўқ. Диктатор Каримовнинг Президентлик муддатлари у икки марта бу вазифани ўтаган 2000 йилда тугаганди. Яъни, деярли 15 йилдан бери Каримов ноқонуний Президент ҳисобланади.

2. Ҳозир Ўзбекистон давлати диктатор Каримов бошчилигидаги жиноий тўдалар тарафидан бошқарилмоқда. Каримовнинг асосий жинояти Ўзбекистон халқини барча ҳақ ва ҳуқуқлардан маҳрум қилиб, ватанимизда диктаторлик режимини ўрнатгани, бу билан Ўзбекистоннинг ижтимоий сиёсий ҳаётини йўлдан чиқаргани, иқтисодини вайрон қилгани, халқимизнинг барча тоифаларига мислсиз зулмлар ўтказгани ва халқ мол мулкини талон тарож қилишга йўл очиб берганидир.

3. Ислом Каримовнинг жиноий тўдалари маҳаллий кланлар ва уларнинг югурдаклари ҳисобланадилар. Бу асосан Бош вазир Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги Самарқанд клани ва Бош Вазир ўринбосари Рустам Азимов бошчилигидаги Тошкент кланларидир. Бу икки клан Ўзбекистон халқининг бойлигини диктатор Каримов оиласидан кейин ўз билганича талон тарож қилмоқдалар.

4. Гулнора Каримова Ўзбекистон ҳукуматида ҳеч қандай расмий мақомга эга эмас. Шунинг учун ҳам унинг давлатимизни бошқаришда қонуний ва ҳуқуқий салоҳиятлари йўқдир. Демак, унинг давлат бошқарувига аралашувининг ўзи катта жиноятдир. Шу бирга Гулнора Каримова жиддий сиёсий иқтидорга (сиёсий кучга) ҳам эга эмас. Унинг ягона сиёсий таянчи отаси Ислом Каримовдир. Каримов ҳокимиятдан кетиши билан Гулнора Каримова сиёсат майдонида ёлғиз қолади ва ҳозир унинг зўровонлигига дучор бўлаётган кланлар Ислом Каримов тахттан кетиши билан Гулнора Каримова ҳозир кланларга қарши тўқиётган дорга унинг ўзини осишлари мумкин….

5. Гулнора Каримованинг Бош Вазир ўринбосари Рустам Азимов ва унинг кланига ҳужуми Ислом Каримовнинг давлат бошқарувини қўлдан чиқарганига ва унинг тахти учун очиқ кураш бошлаганига ишоратдир. Бундай вазиятда диктатор Каримовнинг у ёки бу шаклда ҳокмиятдан кетиши билан давлат ҳокимиятининг қонуний йўл билан алмашувини, яъни ҳокимиятининг қонуний узлуксизлигини таъминлашнинг имкони бўлмайди.

6. Жиноятчи кланлар ва Гулнора Каримованинг ноқонуний йўл билан ҳокимиятни эгаллаш ташаббуслари натижасида Ўзбекистонда давлат ҳокимияти коллапси (давлат ҳокимиятининг йиқилиши ва йўққа чиқиши) эҳтимоли каттадир.

7. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда сиёсий ҳокимиятни бошқарадиган, жамиятимиз ва мамлакатимизни миллий, эътиқодий ва умумиинсоний тараққиётнинг ижобий хусусиятларга кўра ривожлантира оладиган ягона сиёсий ташкилот Ўзбекистон Халқ Ҳаракатидир. Ислом Каримов диктатурасидан кейин Ўзбекистонда эркинлик ва адолат асосида янги жамиятни ва давлат ҳокимиятини бошқара оладиган сиёсатчи эса ЎХҲ раҳбари Муҳаммад Солиҳдир. Чунки Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон халқи ва халқаро жамоатчилик наздида ўзининг сиёсий обрўси, Каримов диктатурасига қарши кураши ва халқимизнинг барча қадриятларини ўз шахсида мажуссамлаштиргани билан танилгандир.

8. Инсоний жиҳатдан Ўзбекистон халқи мамлакатимиз бойлигининг ва давлатимизнинг асосий эгасидир. Шунинг учун ҳам давлат тепасига чиқиб олган ҳозирги жинояткор тўдаларнинг яна давлат ҳокимиятини қўлга киритишларига асло йўл қўйиб бўлмайди. Бу масалада барча ҳамюртларимиз сергак бўлишлари ва давлат ҳокимияти учун урушишга ҳозирланаётган жиноятчи клан ва тўдаларнинг бу уринишларини йўққа чиқариш учун ижтимоий ва сиёсий фаоликка ва фидокорликка тайёр туришлари керак, деб ўйлайман.

Намоз Нормўмин
29 март 2013 йил