Бизга етадиган мусибат ўз қилмишимиз сабаблидир!

Бизга етадиган мусибат ўз қилмишимиз сабаблидир!
61 views
31 March 2013 - 14:17

Бу мақолани диний тазъийиқлар сабаблик, Ватанни ташлаб ҳижратда яшаётган биродарларим учун ёздим. Мусулмонлар ҳозирда хамма жойда муаммолар гирдобида қолишган, лекин эътиборни Ўзбекистонга қаратмоқчиман. Чунки, у бизнинг Ватанимиз, у ердаги мазлум халқдан зулмни аритиш учун қўлдан келганча ҳаракат қилиш ҳаммамизнинг мусулмонлик бурчимиздир!

almanyada_muslumanlara_esitlik_hakki13435046080_h908115

Хатолари учун узр, Аллоҳ таоло ҳаммамизни яхшиликка бошласин!

Гулнора Каримова отасидан кейин президент бўлиш учун жон-жаҳди билан кураш олиб бормоқда. Унинг имкониятлари жуда кенг: пули кўп, отасининг қўллови бор…. У ўз рақибларини синдиришни эса ҳозирдан бошлаб юборган. Шу билан бирга, ундан бошқа номзодлар ҳам тараддудга тушишган. Уларнинг ҳаммаси ўз имконларича ҳокимиятга томон интиляптилар. Гулноранинг очкўз, ўзидан бошқа ҳеч кимни ўйламaган худбин, Ислом динига нисбатан тоқатсиз, отасидан ҳам баттар золим эканлиги ҳаммамизга маълум. Қолган даъвогарлар ҳам ундан кам эмас…

Каримовдан кейин қизи ёки шунга ўхшаган бирортаси президент бўлса, кейин аҳволни бир тасаввур килинг!  Унда бизку бу мусофир юртларда яна узоқ йиллар қолиб кетамиз ва болаларимизнинг ҳам юртга қайтиб боришлари гумон остида қолади. Қамоқлардаги минглаб биродарларимиз эса бу яқин йилларда ёруғ дунёни кўришмайди, балки уларнинг фарзандлари ҳам ўз оталари орқасидан панжара ортига кириб боришаверади ёки динсиз, иймонсиз бўлиб тарбияланишади (Аллох сакласин). Мазлум ота-оналар, опа-сингиллар, ожиз-заифaлар яна чирқиллаб, баттар зулм остида қолишади…..

Буларнинг рўй бериши деярли кундай равшан (Аллох билувчирок)…. Энди шу мусибатлар рўй берганида, бунинг ҳикмати, бу мусибатларнинг сабаблари нима бўлар экан-a?  Аллоҳнинг хоҳиши билан бўладиган бу мусибатлар бизнинг қилмишларимиз меваси бўлмасмикан? Бир золимнинг қўл остида йиллар давомида хўрланиб яшаяпмизу, тағин ундан ҳам золимроқ бошқа бир кишининг бошларимиз устига келишига индамай қараб турибмиз. Унга на қаршилик қиляпмиз, на унинг ўрнига ўзимиз адолатни ўрнатишга ҳаракат киляпмиз. Кучимиз етганича нусратга олиб борувчи ҳаракатларни ҳам қилмаяпмиз. Жамиятни золимларга ташлаб, таркидунё қилгандек, шахсий ибодатлар билангина машғулмиз.

Нима қилиш керак?

1. Уюшиб ҳаммамиз битта муштга айланайлик (аравани ҳар ёққа тортмасдан, ҳар биримиз ўзимизча мен ҳақ демасдан).

2. Кучларимизни, имкониятларимизни жамлаб тартиблаштирайлик (қўлимиздан нима келади, ресурсларимизни ҳисоб-китоб қилайлик).

3. Ҳолатни яхши ўрганиб ва таҳлил қилиб, шу асосида кураш механизми (стратегиясини) ишлаб чиқайлик.

4. Чиройлик итоат билан ҳар биримиз тоқатимизга яраша тегишли хизматимизни қилайлик.

Kимдир айтар: биз ташқарида бўлсак, Ўзбекистон хабарларга ёпиқ давлат, нима ҳам қила оламиз. – деб. Унда ишни бу ваакумни очишдан бошлаш керaкдир. Масалан facebook, twitter, хар хил форумлар, радио, тв ва бошқа воситалар орқали.

Аллоҳ наздида яхши амалларнинг катта-кичиклигининг аҳамияти йўқ. Уюшиб, фидоийлик билан қўлимиздан келганини қилсак, Аллоҳ албатта нусрат беради. Лекин ҳозир биз адолат учун курашмасак, золимларни тўхтатмасак  келажaкдаги мусибатларимиз учун  биз ўзимизнинг бепарволигимиз сабаб масъул бўлиб қоламиз. “Сизга қайси бир мусибат етса, бас, ўзингиз қилган касб сабаблидир”….(Шуро-30)

Эй, биродарлар! Эсингда бўлсин,  золим ҳеч қачон ўз-ўзидан зулм қилишдан тўхтамайди, балки y тўхтатилади. Биз тўхтатсаккина у тўхтайди. Бу эса кураш ва фидоийликлар билан амалга оширилади. Мусулмонлар ҳеч қачон ҳамма нарсани золимларга, аҳли дунёларга топшириб қўйиб ўзлари Аллохдан ёрдам сўраб, яхшилик умид килиб ўтиришмаган, балки улар қўлдан келганича ғалаба сабабларини қилишиб, кейин Аллохдан ёрдам сўрашган. Каримовдан кейин бирор яхшироғи келар, бизга раҳм қилар деб ўтирилмайди, балки Аллоҳнинг ёрдами билан  адолатни биз келтирамиз, деб ҳаракат қилинади. Расулуллох (САВ) айтдилар: “Агар деҳконларингиз ерга ёпишиб олса, савдогарларингиз савдони ортидан қувиб кетса ва чорвадорларингиз сигирни думини тутиб кетса Аллох сизларга хорликни туширади, токи динларингизга(курашга) қайтмагунларингизча уни бошингиздан кўтармайди.(Мазмунан) Ҳадис шунга далолат қиладики: ҳамма фақат ўз иши, мусулмонлар шахсий ишлари билан машғул бўлиб қолса, жамият золим-душманлар қўлида қолади ва Аллоҳ ўшалар орқалик хорлик келтиради ва токи мусулмонлар курашга қайтмагунларича Аллоҳ бу хорликни кетказмайди.

Демак, бу хорликнинг сабаби мусулмонларнинг ўзлари бўлишади, хорлик кетишининг сабаби ҳам яна мусулмонларнинг ўзларини ўнглашларидан келиб чиқади. Ўнгланиш – бу фақатгина шахсий ибодатларда маҳкам бўлиш эмас (тўғри, бу ҳам солиҳ амалларга киради), балки ўзаро жам бўлиб курашиш, адолатни ўрнатишга интилишдир. Каримовнинг қизими, бошқасими тепамизга келишига индамай қараб турмайлик, биз курашчан бўлайлик Аллоҳ бошимизга шунга яраша раҳбарни келтиради. Акс ҳолда бунинг жазосини нафакат ўзимиз, балки бола-чақаларимиз ҳам узоқ йиллар тортишади. Кейинги пушаймонлар эса фойда бермайди. Келгусида хор бўлишимизга ҳам, ёки иззатлик бўлишимизга ҳам ўзимиз сабабчимиз!

Хасан Темир ўғли
Швеция
31 март 2013 йил