Тавба эшиклари доимо очиқ

Тавба эшиклари доимо очиқ
53 views
02 April 2013 - 11:06

dua_Ҳар ишнинг охири бўлганидек, Диктатура ҳам ўзининг халқни алдаш лойиҳасининг энг юқори чўққисига чиқиб бўлди. Энди у ўша чўққидан қулашга маҳкум. Диктаторнинг юрак хуружи сабаб аввало диктатор атрофидагилар, ҳаммадан ҳам тахтга даъвогар Гулнора хоним қўққисдан рақибларини эслаб қолганидек, халқ ҳам бир сесканиш ила сеҳрдан халос бўлди, гўё.

Одамлар кимирлаб қолишди. Халқ чекаётган хорликларнинг бошида ҳукуматнинг ўзи турганини авваллари шивирлаб айтишарди, энди бўлса одамлар четдаги мухолифатга қизиқишмоқда. Оғиздан оғизга ўтаётган ахборот, муҳожиротдан эсаётган “Ўзхалқҳаракати”нинг шабадаси шу ёйилишда давом этса кутилган баҳор ерни ҳам элни ҳам уйғотажаги башорат қилинмоқда. Эҳтиёткор халқмиз-да, орада “Секинроқ, деворнинг ҳам қулоғи бор”, дегувчилар ҳам йўқ эмас.

Ҳа, тўғри, на фақат девор, оёқ тагидаги ернинг ҳам қулоғи бор. Ҳар биримизда иккитадан эмас, балки тўрттадан қулоқ бор. Ҳатто нима ўйлаётганингизни ҳам суғириб олиб эшитадиган қулоқлар бор, деган эди бир домла-отахон. Ўша қулоқлар ҳам бегона эмас, МХХ, ИИБда ишлаётганлар ҳам ўзимизнинг болаларимиз. Лекин кўплари адашаётганликларини билишмайди. Билишганида эди, тавбага қайтиб, “юз кишини ўлдирган қотил” каби ҳақиқат ва яхшилик томон бор кучи билан йиғлаб интилган бўларди.

Ривоят шундай мазмунда эди.
“… бир юртга бир мунофик подшо бўлибди. Подшонинг хулқ-атвори, феъли-табиати аста-секин атрофидагиларга юқиб, ундан сўнг бу касал халқ орасида ёйилибди. Ёлғончилик авж олибди, кейин-кейин турли фасод ишлар, қотилликлар кўпайгандан кўпайибди. Бир қотил ахири бир кун ўз ҳаёти жонига тегиб, яхши одам бўлгиси келиб қолибди. Кимдан маслаҳат олсам экан деб кетаётса, олдидан бир руҳоний чиқибди. Қотил руҳонийни тўхтатиб, мен жуда катта гуноҳлар қилганман, тавба қилсам, Худо кечирармикан, деб сўрабди.

– Қандай гуноҳлар қилгансан?– деб сўрабди руҳоний.

– Мен тўқсон тўққизта одамни ўлдирганман,– дебди қотил.

Руҳоний қўрқиб кетибди ва сенинг жойинг жаҳаннам экан, деб юборибди. Ундай бўлса, деб қотил руҳонийни ҳам ўлдириб йўлида давом этибди. Юриб-юриб яна бир соқоли кўксига тушган отахонга дуч келибди, сўрабди:

– Мен жуда ёмон гуноҳ ишлар қилганман. Худо кечиришини, яхши одам бўлишни хоҳлайман, дебди қотил ва бошидан ўтганларини чолга гапириб берибди. Чол унга, сен бу мунофиқлар юртидан кетишинг керак. Бу шаҳар ҳокими-ю, одамлари фисқ-фасодга ружу қўйганлар. Биздан қанча ҳам юрсанг олдингдан бир шаҳар чиқади, одамлари ростгўй, бир-бирига меҳр-оқибатли. Ана ўшалар ёнига борсанг, улар қилган ишни қилсанг, албатта Аллоҳнинг раҳмати чексиз, кечиради, дебди. Қотил шамолдек учибди. Жон-жаҳди билан югириб кетаётиб, йиқилибди ва ўша заҳоти жон берибди.

Ўша замони жаннат ва дўзах фаришталари пайдо бўлиб, ҳар бири жасад устида “бу меники”, “бу меники” дея тортишибдилар. Дўзах фариштаси, бу одам юзта одамни ўлдирган, бунинг жойи дўзахдир, дебди. Шунда ғойибдан “ўликнинг ётган жойини ўлчанглар, жасад агар яхшилар юртида ётган бўлса у жаннатийдир, агар ёлғончилар, фосиқлар юртида бўлса дўзахийдир”, деган овоз келибди. Қотил икки юрт чегарасида йиқилган бўлиб, жасадининг катта қисми ростгўйлар, яхшилар юртига тўғри келган экан, унга жаннат фаришталари эга чиқибди.
Қиссадан ҳисса, ҳозирда МХХ-ю, ИИБда ишлаётганларга таъна тошлари тинимсиз отилмоқда. Улар орасида адашганлар, пушаймонга тушганлар ҳам кўпдир. Чунки улар ҳам ҳаммамиз каби шу халқнинг, ота-буваси мўмин-мусулмон ўтган инсонларнинг фарзандларидирлар. Айбсиз Парвардигор, хато қилган бўлишлари мумкин, аммо ўзини қандай қутқарсам, дея боши қотаётганлар қанчадир. Сиёсатчи Усмон Ҳақназаров ҳам, Ўзбекистон Ҳалқ Ҳаракати лидери Муҳаммад Солиҳ ҳам МХХ ичидаги ўзимизникилар ҳақида ҳурмат билан ёзишмоқда-ку. Шундай экан, улар битта иккита эмас, ўнта, юзта, мингта… бўлиши мумкин. ИИБда ҳам соф виждонли йигитлар кўп. Маҳаллада, кўча-кўйда “боринг, мен сизни кўрмадим”, дея қанча одамларни ноҳақ жазоланишдан сақлаб қолувчи милиционерлар ҳақида эшитамиз. Ундайлар ҳеч қачон халққа қарши қўл кўтармайдилар.

Бугунги вазият шуни кўрсатмоқдаки, чорак асрлик зулм ва ситам салтанати Диктатор зурриёдлари томонидан ва бошқа мафиявий кучлар томонидан давом этиши на диктатура шотирлари, на МХХ, ИИБ масъуллари томонидан қўллаб-қувватланишига ишонч йўқ. Ўзбекистон танлаши мумкин бўлган тўғри йўл эса битта– ҳақиқат йўли, халқни бахт-саодатга элтувчи, Аллоҳ розилиги, халқ иродасини ўзида акс эттиришга қодир йўл, ҳозирча Ўзбекистон Халқ Харакати тутган йўлдир.

Миллат ватанпарвар шоири ва мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳ эзгу ният билан тилга олган “инқилоб” сўзи миллатнинг сал кам 1,5 асрлик мустақиллик орзуси амалга ошган бир кун– ҳақиқий миллий инқилоб рўй берган кун сифатида тарихга кирар, инша Аллоҳ…

Абдуқодир КАРИМ