Мусулмон дунёсидаги баъзи ўзгаришлар ҳақида

Мусулмон дунёсидаги баъзи ўзгаришлар ҳақида
74 views
02 April 2013 - 12:59

(Ўқувчидан мактуб)

b-205770-zynp1979 йил Ислом динининг қайта оёққа туришида муҳим сана ҳисобланади. Шу давргача Фаластиндаги ёки Мисрдаги урушлар антиимпериалистик аҳамиятга эга бўлган бўлса, эндиликда сиёсий Ислом очиқдан очиқ мафкура сифатида ўз ўрнини талаб қила бошлади. Айнан 1979 йилда дунёдаги сиёсий ўзгаришларда Ислом дини тарафдорларининг қайта саҳнага келганини таъкидлаш лозим, бу ҳолат Эрондаги революциядан тортиб, Саудия Арабистонидаги Ал-Ҳарам масжидининг гаровга олинишига ҳам тегишлидир.

Яқин Шарқда Исроил ҳукуматининг тобора кучайиши ва айниқса “олти кунлик” урушдан сўнг Араб дунёсида Ғарб дунёсига қарши норозиликлар кучая борди. Саудия Арабистонида Каъба жойлашган масжиднинг бир гуруҳ қуролланган талабалар томонидан гаровга олиниши ва уни озод қилинишида француз махсус қўшинларининг ишлатилиши (эслатиб ўтамиз, Макка шаҳрига мусулмонлардан ташқари ҳеч қандай дин вакиллари киритилиши мумкин эмас) мусулмон дунёсида катта норозиликни келтириб чиқарди.

Боз устига, Эрон раҳбари Ҳумайний бу фитнанинг АҚШ томонидан уюштирилганлигини эълон қилиши норозиликларни яна-да кучайтирди. Покистон ва Ливанда АҚШнинг элчихоналарига ўт қўйилиб бутунлай кули кўкка совурилди. Афғонистонга СССР интервенцияси ҳам АҚШ ва араб мамлакатлари учун жуда қўл келди.

АҚШ бу “жиҳоддан” икки стратегик мақсадни кўзлаган эди.

Биринчиси, Совет Иттифоқи учун Афғонистонда аянчли “Вьетнам” ҳолатини яратиш, иккинчиси – Революцион Эроннинг таъсири остида бутун дунёда Исломий қўзғолишнинг ёйилишининг олдини олиш. Бунинг учун Ислом дунёси эътиборини бошқа масалаларга йўналтириш.

Бу икки мақсад ҳам тўлалигича амалга ошди. 1989 йилда Қизил Армия Афғонистонни ташлаб чиқди, бу ҳолат ўз навбатида Коммунистик тизимнинг емирилиши, Берлин деворининг қулаши ва Совет Иттифоқининг парчаланишида ҳам катта рол ўйнади.

Эронга келсак, у ўзининг Исломий революциясини четга экспорт қилишни уддасидан чиқа олмади (Жанубий Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” бундан истисно). Эроннинг кўзлагани асосий мамлакат бўлмиш Ироқ унинг энг хавфли душманига айланди, ва икки давлат орасида кечган саккиз йиллик уруш Эроннинг силласини қуритди ва икки давлат муносабатларини узоқ йилларга музлатиб қўяди.

Ғарб билан иттифоқдош бўлган мусулмон мамлакатлари учун Афғонистон Исломий радикализмни “экспорт” қилиш учун катта имконият яратди. Америка томонидан “Ёвуз Империя”га ва “худосизлар” босқинига қарши жиҳод пропагандаси барча мусулмон мамлакатларидаги норозилик кайфиятидаги аҳоли учун ниҳоят “Кофирларга қарши” қуролли кураш имконини яратган эди. Мағриб ва Машриқдан келган минглаб кўнгиллилар Афғонистондаги Совет қўшинларига қарши “жиҳод”га келиб қўшилдилар. Вашингтон наздида Афғон уруши икки томонлама ғалаба ва, қисқа қилиб айтганда, тенги йўқ ишбилармонлик бўлиб туюларди.

Вьетнам урушидан фарқли равишда бу уруш АҚШнинг ўша даврдаги ички ва ташқи сиёсатига ҳеч қандай зарар етказмаганди. Чунки бу урушда АҚШ кузатувчи ва мусулмонларни қўллаб-қувватловчи ролини олганди. Вьетнам урушида бўлгани каби, Америка солдатларининг ўлими, уруш давомида қарор қабул қилишдаги иккиланишлар ва АҚШ ичкарисидаги қаршиликлар бу урушда кузатилмади.

Буларнинг ўрнига Афғонистон урушида ўз-ўзидан “эркин жангчи” байроғи остида қўлига қурол олиб “ёвуз империяга” қарши уруш олиб борувчи, айни пайтда Америкага бегона соқоллилар жанг қилар эди. Улар ҳеч қандай сиёсий аҳамиятга эга эмас эди, АҚШ учун уларнинг тақдирининг ҳеч қизиғи йўқ эди, урушдаги йўқотишлар учун ҳеч ташвиш қилмайди, аксинча бу урушда ўлганларни мусулмонлар уларнинг жаннатга тушишига ишониб хурсандчилик ила охиратга кузатадилар.

Бундай лоқайдлик асносида АҚШ томонидан бир нечта кўнгиллиларни ўзига жалб қилувчи марказлар очилади, АҚШнинг ҳарбий лоббилари бу марказларга улкан маблағлар ажратади, уларга Эрондаги шиаликнинг кучайишидан ва Форс кўрфазида ҳокимиятни бой беришдан чўчиган шайхлар ҳам келиб қўшилади.

Бу марказлар Яқин Шарқ ва бошқа Араб мамлакатларининг Исломий университетларидаги талабаларни ўзига жалб қилиб, Афғонистонга жўнатишда жуда катта рол ўйнайди. Совет Иттифоқига қарши олиб борилган бу уруш АҚШ учун арзимаган пулга амалга оширилди. Умумий ҳисобда бу маблағ йилига ўртача 1,2 миллиард доллар сарфланиб, бу маблағнинг ярми Форс кўрфази мамлакатлари томонидан ажратилгани айтилади.

Бундай ажойиб геостратегик тактика ўша пайтда АҚШ учун ҳеч қандай хавфга эга эмас эди.

АҚШ режасига кўра, Совет Иттифоқи бутунлай мағлуб этилгач, жиҳодчиларни молиялаштиришни тўхтатиш уларнинг йўқ бўлишига олиб келиши керак эди. Лекин АҚШнинг жиҳод мафкурасини инструмент сифатида ишлатиши бир пайтнинг ўзида Ислом дунёсига янги умидни, яъни Ҳалифаликни қайта қуриш амбициясини баҳш этган эди. Шундай қилиб, АҚШнинг бепарволиги оқибатида макон ва марказга эга бўлмаган янги бир хавфли душман пайдо бўлди ва бундай бирёқлама стратегия бадалини АҚШ 2001 йил 11 сентябр воқеалари ва Афғон, Ироқ урушлари давомида тўлашга мажбур бўлди ва ҳозирги кунда ҳам тўлашда давом этмоқда.

Исломий радикал гуруҳларнинг Совет Иттифоқига қарши жиҳоддан сўнг АҚШга қарши жиҳодчиларга айланиши жараёни ўта мураккабдир. Бу ўз вақтида Ислом доктринаси ҳамда мамлакатлар геостратегияси билан узвий боғлиқ бўлиб, бу жараёнда махфий ҳизматлар асосий воситачилик ролини ўйнаганлар, деб ҳисобланади. Албатта бу билан боғлиқ маълумотларга эга бўлиш қийин масала, лекин сўнгги пайтларда матбуотда омма эътиборига ҳавола қилинган маълумотларга таянган ҳолда, ҳолис таҳлил олиб боришнинг имкони мавжуддир.

Tarixli Xalq uzbek