Албатта, тонг отажак

Албатта, тонг отажак
14 views
04 April 2013 - 5:57

Ўзбекистоннинг ноқонуний президенти Каримовнинг юрак хуружига чалингани хабари  халқимизда   ғамгинлик уйғотмади. Негаки халқ ноқонуний президентга аллақачон ишонмайди. Президентнинг халқ ғамидин мутлақо хабари йўқ эканини ҳамма билади. Диктатор Каримов ўзбек халқига бегона.

Ўзбекистондай тарихи ва келажаги Буюк давлат нега бугун,  бунчалар маънавий ва иқтисодий инқирозга юз тутди?.  Сабаби  Каримовнинг мамлакатда юритаётган ўзбошимча  ички ва ташқи сиёсатидадир. Диктатор  сиёсатининг асосида ўзининг ва оиласининг шахсий манфаатлари ётибди.

Юрак хуружи (инфаркт миокард) касалига  чалинган одам, ишга ёроқсиз ҳисобланиб, иш фаолиятини тўхтатади . Чунки у ўзини асраши керак. Яъни, унинг ортиқча эмоционал ҳолати касални зўрайтириб, юракнинг фаолиятини батамом тўхтатиши мумкин. Каримов  бу ҳолатда нима қилади?   Албатта, у  президентлик фаолиятини тўхтатмайди.  Лавозимидан ўз ҳохиши билан кетиши учун, унинг иродаси мутлақо йўқ.   Сабаби у халққа ишонмайди. Халқ унга ишонмайди ва Каримов ўзбек халқидан қўрқади.

Каримов диктатурасининг моҳияти шундан иборатки, буйруқбознинг буйруғини бажариш жараёнида амалдор йўл қўйган  жиноятлар унинг меҳнат фаолиятига таъсир қилмайди. Амалдор  буйруқни астойдил бажаришга ҳаракат қилади. Чунки иш жараёни,  амалдор жиноят қилса ҳам унга катта даромад келтиради. Агар буйруқ бажарувчи, ўз ишида “каттанинг” кўргазмасидан четроққа чиқса, зудлик билан расмий кодексларнинг моддалари ишга тушади. Амалдор айбланади. Яъни,  амалдор ноқонуний  буйруқни бажармагани учун “қонуний” айбланади.  Ишдан бўшатилади. Диктатуранинг бу хусусияти Каримовнинг  тахтда ноқонуний  ва  узоқ вақтлардан бери  ўтиришини таъминлаяпти.

Каримов диктатурасининг яна бир хусусияти мехнаткаш халқ учун, шундай шароит мавжудки, амалдорга  пора бермаса  иш битмайди.  Бу шароит амалдор  учун хизмат қилсада  аммо жамият тарақиётини орқага сураяпти. Миллатимиз топган даромадининг  бир қисмини порага сарф қилаяпти. Пора олгани ёки бергани учун жамиятимизда,  ҳалигача бирор  амалдор шахс жиддийроқ  жазога тортилмаган.

Ислом маданияти катта салоҳият билан, дунё сиёсатида  ўзининг муносиб ўрнини эгалламоқда. Кўпгина мусулмон давлатлари бугун у ёки бу кўринишдаги диктатура зулмида яшамоқда. “Араб баҳори” сингари  инқилобий ўзгаришлар эса, энди  ҳар қандай диктатуранинг  ҳам узоққа чўзилмаслигини кўрсатаяпти.  Бизнинг мазлум  халқимиз  ҳам  яқин кунларда Каримов диктатурасининг тугатилишини ва адолатни талаб қилиб, кўчага чиқажак, инша Аллоҳ.

Каримовнинг давлат сиёсати чуқур кризисда. Диктатуранинг бошқарув системаси, “каттанинг” талабига яраша фаолият кўрсатаяпти. Мустабид тузумнинг  тинкаси қуриган. Каримовнинг давлат сиёсати халққа зулм ўтказишга ва куч ишлатар тизимларнинг диктатор  ноқонуниий буйруқларини бажаравериш хусусиятига асосланган.

Бугун замон ўзгараяпти. Европада кечаётган, изига қайтмас инқирознинг асосий сабаби цивилизациялар тўқнашувидадир. Яратганга иймони кучли бўлган шарқ  миллатлари ишлаб чиқаришнинг  юксак технологиялари  воситасида мамлакатлари  иқтисодини кескин  ривожлантираяптилар. Ўтмишда  машина усули технологиясининг асосчиси бўлган ғарб бугун шарқ жамият тузуми олдида ўз ожизлигини кўрсатаяпти.  Яъни, ғарб  махсулот ишлаб чиқаришнинг  рентабиллиги, ҳажми ва сифати бўйича шарқдан орқада қола бошлади.

8-14 асрларда инсоният тарихида  жамият тараққиётнинг юксак чўққиларини намоён қилган Ислом цивилизацияси бугунги кунда ҳам ўзининг  улкан имкониятларини ишга солиш арафасида турибди.  Бунинг учун, дунёнинг Ислом мамлакатларида ўрнашиб олган, “ўзига хос ва ўзига мос” диктаторлар давлат бошқарувидан кетишлари керак.  Ёки уларни кетказиш керак. Бу тажриба албатта амалга ошадиган давр талабидир.

Мамлакатимизда шу пайтгача,  куч ишлатар  идоралари тепадан келган буйруқбозлик элементларига асосланиб, зулм билан Каримовнинг шахсий манфаати учун, мустабид  тузумни ушлаб турдилар. Бугун  халқ  Каримов ваъда қилаётган келажакка ишонмайди. Куч ишлатар тизими раҳбарлари ҳам буни тан олган кўринади. Уларнинг ҳатти ҳаракатларида ҳам демократия элементлари кўрина бошлади.  Очкўзлик билан ҳокимиятга ёпишиб олган президентнинг, ҳокимиятни ушлаб туриш имкони кундан кунга сустлашаяпти. Бунинг устига у бугун инвалидлик даражасида касалдир.

Давлат бошқаруви зулмни ортирган сайин мухолифат бош кўтаради. Қачондир Каримовнинг назарига тушган, шу тузумнинг махсули бўлмиш Шавкат Мирзиёев президентликка номзод эмиш. Унинг биринчи ўринбосори Рустам Азимов ҳам ўз номзодини кўрсатар эмиш.

Технологик тараққиёт  бошқарув идеалогияси юксак манавиятга, урф одатга ва миллий маданиятга асосланган  давлатлардагина иқтисодий ва ижтимоий  ривож тўлалигича  таъминланаяпти. Бизнинг мамлакатимизда, юксак манавият масаласи Ислом  таълимоти билан ечилажак. Инша Аллоҳ!

Халқимиз турли қийинчилик даврларини бошидан кечирди. Чор Россияси ҳукмронлиги даври ” халқлар қамоқхонаси” деб номланар эди.  Коммунизм даврини,  “Во имя народа, для благо людей” деган бақириқ билан кўкларга кўтариб мақталган. Каримов тузумида эса “Азиздир инсон, бу муқаддас Ватанда” шиори билан кўчалар  тўлдириб ташланган. Лекин ҳеч бир даврда, чиройли шиорлар билан чиройли жамият қурилмаган.

Коинотни, борлиқни, табиатни,  одамни, ҳайвонат дунёсини яратган ягона Аллоҳдир. Унинг қудрати тенгсиз, иродаси чексиз. У кўргувчидир, У билгувчидир, У бергувчидир. Бизни яратган Аллоҳ одамзот жамиятининг ривожланиш конунларини ҳам яратди. Яратганга беадад шукрлар   бўлсин.  Миллатимиз ер юзидаги  Ислом тараққиётига ўз ҳиссасини қўшган. Диёримиз  буюк Ислом цивилизациясининг ажралмас қисми ҳисобланган. Шунга қарамасдан бугун  юртимизда Исломни ва мусулмонларни камситиш  давом этааяпти.

ЎХҲ Ўзбекистон халқини ҳақ йўл билан адолатли жамиятга бошловчи ягона сиёсий ҳаракатдир. Агар ЎХҲ вакиллари ҳукумат бошига келсалар, жамиятимизда  инсонларимизнинг муккарамлик мақомига эришувига тўла шароит барпо қилажаклар. Ана шундагина  жамиятимиз ўзининг адолатли ва баракатли мақомига эришади.

Бугунги  давлат сиёсатидан мадори қуриган халқ зулмга қарши исён кўтаришга тайёр  турибди. Каримовлар оиласининг алдов ва чўпчаклари халқнинг ғазабини баттар қўзғатаяпти. Бу вазиятда ҳар бир инсон кимга ҳизмат қилишни чуқур ўйлаб, уни танлаши  керак. Каримовлар оиласига хизмат қилиш керак- ми?  Ёки кўпдан бери алданиб келаётган, кўҳна ва навқирон халқимизга-ми? Албатта халқимизга хизмат қилайлик.

Зиёлиларнинг катта қисми ва президент атрофидаги баъзи амалдорлар ҳам тўғри йўлни, яъни  конституциявий йўлни танлайди, деб ўйлайман.  Бизнинг конституциямизнинг моддаларига биноан иш тутиб ҳам, мамлакатда адолат сиёсатини амалга ошириш мумкин. Негаки Каримов ва каримовлар оиласи конституция кўргазмаларига амал қилмаслиги фуқароларимизга маълум.  Бу оилабошини ва оила аъзоларини, оддий фуқаролик кодекси билан хибсга олиб, жиноий жавобгарликка тортса   бўлади.

Мен ҳуқуқ тартибот идораларини, куч ишлатар тизими ходимларини, мамлакатдаги  жорий қонун қоидаларга биноан ишлашга чақирардим. Ана шунда биз халқ томонда турган бўламиз. Ана шунда биз  адолатли келажак томон  қадам ташлаймиз.

Жуманиёзов Нураддин
ЭРК ДП аъзоси
Мустақил мардикорлар ташкилоти (Касаба уюшмаси) раҳбари
Тошкент 30.03.13.