Шуҳратжон Ахмаджонов Оминаҳон Шерматовага

Шуҳратжон Ахмаджонов Оминаҳон Шерматовага
94 views
05 April 2013 - 13:06

shuhrataka (1)Агар сенга пул керак бўлса бегоналарга бор; агар сенга маслаҳат керак бўлса дўстларингга бор; агарда сенга ҳеч нарса керак бўлмаса қариндошларингга бор. [1]

МАРК ТВЕН (СЭМЮЭЛ ЛЕНГХОРН КЛЕМЕНС, 1835.30.11-1910.21.04)

Фото 1. Шуҳратжон Аҳмаджонов. Вашингтон шаҳри. 2013 йил 19 январ.

Усмон Ҳақназаров тахаллусли шахснинг Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига доир иккита муҳим мақоласи www.uzxalqharakati.com  сайтида 2013 йил 20 ва 21 март кунлари чоп этилди ([2]-[3]). Шунга жавобан мен шу сайтда 28 март куни “Ҳақназаров рўйхатига доир” номли мақоламни чоп эттиргандим ([4]). Мақолам иловасида Қўқондаги  «Аёл эрки» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мустақил ташкилотининг раиси Оминахон Шерматованинг 2005 йил 27 июн куни сайтларда чоп эттирган “Васила Иноятова кимга хизмат қилмоқда?” мақоласини келтиргандим ([4]-[5]-га қаранг).

“Озодлик”  радиосининг 2013 йил 2 апрел эрталаб соат 7:00 даги эшиттиришида “Эркин микрофон” орқали қўқонлик Оминахон Шерматова бундай деди.

“Ман Қўқон шаҳридан Оминахон Шерматоваман. Ман ҳозир ноқонуний ишлардан жуда жонимдан тўйиб кетдим. “Баркамол авлод” марказида раҳбар бўлиб ишлайман. Раҳбарлик лавозимимдан ҳозир ноқонуний четлаштиришаяпти. Тазйиқлар кучайиб, милиция, прокуратура томонидан, раҳбарият томонидан кучли нималар (тазйиқлар, А.Ш.) бўлиб ўтаяпти. Шунақа ноқонуний қилиб ишдан бўшатиб қўйди мани. Ўшанга очлик эълон қилганман.

Очлик эълон қилганим сабаби шу қонунни, нимани жойига қўйиш мақсадим, қонуний иш олиб бориш. Ўшанга бутун дунё нималаридан, халқаро ташкилотларидан ёрдам сўрайман.

Апрел ойининг охирларига бориб, агар манинг талабларим бажарилмаса очлик эълон қиламан. Мани қўриқлаб, мани ҳимоя қилишларини сўрайман. Талабларим ўша мани тазйиққа олган раҳбариятдан, манга тазйиқ ўтказган ўша ички ишлар ходимлари, милиция ходимларини талаб қилганман. Ўша талабларимни ёзиб, бутун вазирликларга тарқатиб чиққанман. Шунинг учун ман халқаро ташкилотлардан ёрдам сўраяпман. Тазйиқлар уюштиришлар кучайиб боради бизда. Қонун яхши обормайди. Қонун йўқ ҳисоби.

Битта ман кам таъминланган аёл. Ҳозир ишсиз, боқувчим йўқ. Пулсиз, нимасиз ўтирибман. Шунинг учун очлик эълон қилганман. Апрел ойининг 20 ларигача, 20-нчи куни чиқаман, агар талабларим бажарилмаса.

Бутун халқаро ташкилотлардан ёрдам сўрайман. Манга ёрдам беришларингизни сўрайман. Илтимос, қўриқлаб ўша Тошкентнинг нимасида чиқаман. Шу ишни қиламан.

45 га кирдим. Ёшим 45 да. Энди ўрта махсус маълумотлиман. Ўрта махсус маълумотлиларни умуман назар-писанд қилмай “Маълумотинг паст табақасан” деб қаерга борсам мана шу ўрта махсус маълумотингга эгасан, деб шунақанги тазйиқларга, шунақанги нималарга учраяпман” [6]

Оминахонга 120 доллар ёрдам пулини 2013 йил 3 апрел куни жўнатиб юбордим. Бу ҳақда батафсилроқ мақолам охирида ёздим.

Оминахонга бўлаётган тазйиқлар сабабини билиш учун ўша муҳим мақолани яна бир бор келтирай.

“Васила Иноятова кимга хизмат қилмоқда?

«Бирлик» партиясининг бош котиби Васила Иноятова кимга хизмат қилади: мухолифатгами ёки Ислом Каримов ҳукуматигами?

Яқинда содир бўлган бир воқеадан кейин мен ва фарғоналик бошқа инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари: «Шубҳасиз, Васила Иноятова ҳукуматга, диктатурага хизмат қилади!» – деб жавоб берадиган бўлдик.

2005 йил 29 май куни биз, «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамиятининг фарғоналик аъзолари, ушбу жамият раҳбари, «Бирлик» партияси бош котиби Васила Иноятованинг таклифига кўра, «Бирлик» партияси ташкиллаштираётган пикетда қатнашиш мақсадида Тошкентга бордик.

Пикетдан бир кун олдин Васила Иноятова бизни пойтахтдаги бир кафега тўплаб, йиғилиш ўтказди. Қизиғи шундаки, ушбу йиғилишда «Бирлик»нинг бошқа биронта лидери қатнашмади. Йиғилиш ва ундан кейинги пикетда қатнашиш учун чақирилганларнинг деярли ҳаммаси «Эзгулик» ва «Бирлик»ка энди кириб келаётган одамлар эди.

Йиғилишдан сўнг Васила Иноятова бизни пойтахтнинг «Олимпия» меҳмонхонасига жойлаштирди. Кечга бориб, тахминан соат 21.00 да меҳмонхона атрофини қандайдир шубҳали кимсалар ўраб ола бошлади. Биз дарҳол Васила Иноятовани чақирдик, телефонда унга вазиятни тушинтирдик.

Шунда Васила Иноятова бизга: «Ҳеч бирингизнинг тола сочингиз ҳам тўкилмайди!» – деб ваъда берди ва бизни акасининг хонадонига олиб борди. Бизга ҳовлига кираверишда, дарвозанинг ёнида жой қилиб беришди.

Тунги соат 01.30-02.00 ларда Васила Иноятованинг қўл телефонига бир қўнғирок келди. Қўнғироқ қилган одам билан гаплашгач, Васила Иноятова секингина ҳовлидан чиқиб кетди. Қизиғи шундаки, тунда чиқиб кетаётиб, у ҳовлига кирадиган дарвозани очиқ қолдириб кетди.

Орадан 10-15 дақиқа ўтгач, ҳовлига қуролланган, юзига қора ниқоб тақиб олган баҳайбат ҳарбийлар кириб келиб, ҳаммамизни ваҳшийларча калтаклаб кетишди. Қора ниқобли ваҳшийлар дўстларимизнинг ҳаммасини яланғоч ҳолда олиб чиқиб кетишди.

Ҳукуматнинг қуролланган ҳарбийлари фақатгина мени сезмай қолишди, чунки мен ҳовлининг ичкарироғида ётгандим: улар кириб келганда мен, дарҳол ошхонага яшириниб олгандим. Тунги воқеаларнинг ҳаммасини ошхонага беркиниб, кузатдим.

Ҳарбийлар Фарғонадан келган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мухолифатчиларни олиб чиқиб кетгач, Васила Иноятова ҳовлига кириб келди ва акасидан: «Ҳаммасини олиб кетишдими?» – деб сўради. Акаси: «Ҳа», – деб жавоб бергач, Васила Иноятова: «Улар биттаси йўқ дейишяпти», – деди.

Шунда мен ошхонадан чиқиб келдим ва: «Мени олиб кетишмади. Мен ошхонада беркиниб олгандим», – дедим. Шунда Васила Иноятова: «Илтимос, буни ҳеч кимга айтманг! Мен шарманда бўламан. Илтимос, сизларни сотганимизни ҳеч кимга айтакўрманг!» – деб, менга ялина бошлади.

Бувайда туманилик кекса «бирлик»чи, «Эзгулик» жамиятининг туман раиси Турғунбой амаки: «Бизни олиб калтаклаб, олиб кетишгандан сўнг, Васила Иноятова ҳам, «Бирлик»нинг бошқа раҳбарлари ҳам ҳолимиздан хабар олишмади», – деди. Бу сўзларни ўша куни калтакланган Йўлдошали ҳам тасдиқлади. Мана шу ҳолат Васила Иноятова Каримов ҳукуматининг мухолифат ичидаги одами эканлигидан дарак бермайдими? Шундай воқеалардан сўнг Васила Иноятова ўзининг сотқин эмаслигига ишонтира оладими?

Афсуски, бизда «Бирлик» партиясининг қолган раҳбарларига ҳам ишонч қолмади. Васила Иноятовадек сотқинни, диктатура малайини «Бирлик»ка раҳбар қилиб тайинлаган кишиларга қандай ишониш мумкин?!

Демак, «Бирлик»даги барча раҳбарларнинг муддаоси битта – «мухолифатчи» деган ниқобни кийиб, мухолифатчиларни Каримов ҳукуматига сотиб юриш, калтаклатиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоялашга энди киришган ниҳолларни синдириш.

Албатта, бу кимсалар нафақат оддий мухолифатчиларни, балки бутун ўзбек халқини алдаб юрганлари учун ҳали жавоб беришади!

Оминахон Шерматова, «Аёл эрки» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мустақил ташкилотининг раиси

2005 йил 27 июн,
Қўқон шаҳри, Фарғона вилояти

Манба: Эркин юрт” [5]

Менинг фикримча, бу тазйиқлар ортида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) турибди. Оминахон [5]-мақоласида ўзи билиб-билмай МХХнинг ўзбек мухолифати орасидаги кучли имзолисини фош этганди.

Савол туғилади: [5]-мақоладан деярли саккиз йил ўтиб, Қўқонда “Баркамол авлод” ташкилотида тинчгина ишлаб юрган 45 ёшли оддий ўзбек аёли Оминахон Шерматовани МХХ қаттиқ тазйиқ қилишдан мақсади нима?

Бир томондан, МХХ билан алоқадор шахсни ҳимоя қилиш ва унинг сохта обрўйини тиклашдир. Бунга эришишнинг оддий йўли – [5]-мақола муаллифи Оминахон Шерматова имзоси билан раддия беришдир. Бундай дейишимга айрим асосларим бор.

Мен [4]-мақоламда Васила Иноятова (1956.26.04) ва унинг айрим қинғир ишлари ҳақида 2007 йил июн ойида учта катта мақола ёзиб, www.turonzamin.org сайтига жўнатганим ([7]-[9]) ва Жаҳонгир Маматов учта мақоламни битта мақола қилиб сайтда чоп этгани ҳақида ёзгандим.

2007 йил июнда, яъни [4]-мақолам чоп этилгандан бир-икки кун ўтгач Васила ижарадаги хонадонимга телефон қилди ва мени ўзининг “Эзгулик” офисига чақирди (Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 24-уй). Негадир оёғим тортмади ва олдинига банд эканлигимни айтиб рад жавобини бердим. Васила мен учун қизиқарли материал борлиги, буни телефонда айтиб бўлмаслиги ҳақида гапирди. Мен: “Ундай бўлса эртага эрталаб бораман” дедим.

Эрталаб бордим. “Эзгулик” хонасида Янгийўл туманидан келган тўрт нафар бобой бор экан. Улар яшаш жойидаги масжидда бир имомни асоссиз равишда ишдан олингани ва тайинланган бошқа имом устидан шикоят тайёрлаб келишган экан. Шуни муҳокама қилишди. Менинг ҳаёлимдан ўтди: “Бу шикоят ҳокимият органларига жўнатилгач, бечора қариялар тазйиқда қолади”. (Кейинчалик “Озодлик” радиосида ёйинланган хабарларга кўра бобойларни туҳмат қилганликда айблашибди ва тазйиқ қилишибди.)

Бобойлар кетгач Васила мени ўзи ўтирган столга таклиф қилди. Бордим. У менинг охирги мақолам ҳақида гапириб, норози эканлигини айтди. Мен унга: “Ўз норозилигингизни ва мақоламдаги камчиликлар ҳақида мақола ёзиб, сайтда чоп этсангиз бўлади” дедим. У жуда бандлигини баҳона қилди.

Васила мақоламда келтирилган Оминахон Шерматова ёзган воқеа ҳақида гапириб, бундай бўлмаганлигини айтди. Мен унга “Сизнингча воқеа қандай бўлганлиги ҳақида мақола ёзиб чоп этсангиз яхши бўларди” дедим. У бунга: “Оминахон Шерматова бу ҳақда раддия ёзиб берган” деди. Мен унга: “Оминахон Шерматованинг шу раддиясини ҳам мақолангизда келтирсангиз бўларди” дедим. Василанинг шундан кейин гапирган гапларида менга қарши таҳдид оҳанглари янгради. Мен бу гапларига ҳам “Жавоб мақолангизда бу гапларингизни ҳам келтиришингиз мумкин” деб жавоб бердим.

Алал-оқибат Васила жавоб мақола ёзмади ва сайтларда чоп этмади.

Бугунги кун – 2013 йил 4 апрел куни маълум бўлишича, шу кунга қадар Оминахоннинг бирорта раддияси бўлмаган.

[4]-мақолам www.uzxalqharakati.com  сайтида 2013 йил 28 март куни чоп этилгач, Оминахон Шерматовадан шундай раддияни тазйиқ қилиш орқали олишга МХХ киришган, деб ҳисоблайман.

Бошқа томондан, Оминахон ёзган мақоласидан деярли саккиз йил ўтиб МХХ бошқа органлар орқали қаттиқ тазйиқ қилишдан мақсади 2005 йил 29 май провокациясида қатнашганларни химоя қилишдир.

Фараз қилайлик, бир куни келиб Ўзбекистонда диктаторлик режими ўзгариб, демрократияга ўтиш жараёнлари бошланди. Ўша 2005 йил 29 май кечаси бир гуруҳ фуқароларни калтаклаш ноқонуний бўлганлиги боис шу ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилади. Натижада Васила Иноятова ва у билан боғлиқ шахслар, жумладан ўша операцияни режалаштирган, буйруқ берганларни терговчилар чақириб сўроқлай бошлайди. Алал-оқибат Оминахон Шерматова ёзганидек “Албатта, бу кимсалар нафақат оддий мухолифатчиларни, балки бутун ўзбек халқини алдаб юрганлари учун жавоб беришади!” [5]

Буни МХХчилар жуда яхши тушунишади. Шу сабабли  Оминахон Шерматовага қарши милиция, прокуратура органлари орқали қаттиқ тазйиқлар кўрсатиб, ишдан ҳайдаб, роса овораи сарсон қилгач, тазйиқлар ортида турган МХХ зобити ҳалоскор сифатида чиқиб келади ва Оминахонга ёрдам таклиф қилади. Ушбу ёрдам эвазига [5]-мақоладаги фактларга раддия беришни таклиф ва талаб қилади. Ҳатто олдиндан тайёрлаб қўйилган мақола матнини беришлари мумкин ва Оминахон фақат имзо чекишини талаб қилишади, деб ҳисоблайман.

Мен [4]-мақоламда қуйидагича ёзгандим.

“Усмон Ҳақназаров тахаллусли шахс рўйхатни “Фаол мухолиф гуруҳларни бузиш учун Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) тарафидан 1990 январь ва 2005 йил декабрь мобайнида ўзбек мухолифати сафларига киритилган шахслар” деб номлабди. Рўйхатдагиларнинг кўпчилиги аслида “Бирлик”, “Эрк” ва бошқа демократик ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига ўз хоҳишлари билан келган. Улар кейинчалик Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарлигида Ўзбекистон милицияси, суди, прокуратураси, солиқ хизматининг тазйиқи, провокацияси ва махсус операциялари ёрдамида синдирилган, деб ҳисоблайман” [4]

Бу гапларнинг ўринли эканлигини бугунги кунда МХХ раҳбарлигида милиция, прокуратура органлари орқали Оминахон Шерматовага қарши қаттиқ тазйиқлар кўрсатиб, ишдан ҳайдаб, овораи сарсон қилишаётганида кўришимиз мумкин. Шу йўл билан навбатдаги имзолига эга бўлишга киришилган, деб ҳисоблайман.

Ушбу ноҳақ тазйиқларга қарши Оминахон Шерматова 2013 йил 20 апрелдан очлик акцияси бошлаши ва Тошкентга бориб норозилик акцияси (пикет) ўтказишни режалаганлиги ҳақида 2013 йил 2 апрел куни айтди ([6]).

Менимча, очлик акциясини ўтказиш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Чунки бу акцияга мавжуд диктаторлик режими амалдорларидан хеч бири, жумладан Президент Ислом Каримов эътибор бермайди. Оминахон шундай пикет ўтказган тақдирда уни ушлаб суд қилишади ва бир неча миллион сўмдан иборат катта жарима солишади.

Бунга ёрқин мисол Тошкентда жасур журналистлар Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқулова 2011 йил 27 июндан 12 июл кунигача очлик акциясини ўтказишидир. “Ёшлар” телеканалининг собиқ ходималари Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова президент Ислом Каримов қабулига кириш учун 56 та жавобсиз хат ёзганларидан сўнг очлик эълон қилдилар. Мен бу ҳақда “Саодат ва Малоҳатга маслаҳатим” номли катта таҳлилий мақоламда ёзгандим ([10]).

Фото 2. Журналист Малоҳат Эшонқулова 2011 йил 27 июн кунги акция пайтида [11].

“27 июн – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни Ўзбекистон президенти девони олдида ушланган Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқулова тушдан сўнг маъмурий жавобгарликка тортилди – Яккасарой туман суди очлик эълон қилиб чиққан икки журналистга жарима белгилади.

– Бизга энг кам ойлик иш ҳақининг 60 баробарида жарима солишди. Энг кам ойлик иш ҳақи бизда 49 минг сўм. Бу рақамни 60 га кўпайтирдик, 2 миллион 940 минг сўм чиқди. Демак, 10 кун ичида аппеляцияга беришимиз мумкинлигини айтишди. Эътирозларимизни ҳисобга олишмади. Мен олдиндан ҳаммаси келишилган, деб ўйлайман. Гарчи кўрсатмаларни алдаб-авраб олган бўлса-да, бу қарор олдиндан келишилган, – деди журналист Саодат Омонова” [12]

Хўп, пикет қилиш мумкин эмас экан. У ҳолда Оминахон нима қилиши керак?

Менимча, шундай таҳликали шароитда Оминахон Шерматова учун битта йўл бор – сиёсий очлик амалиётини қилмасдан, хорижга муҳожирликка кетиш ва Ўзбекистонда демократик эркинликларга эришиш учун ўз курашини янги босқичда давом эттиришдир.

P.S. Мен Ўзбекистонга бир неча сафдошларимга, жумладан Оминахон Шерматовага пулни Money Gram орқали жўнатдим. Бугун – 2013 йил 4 апрел куни “Озодлик” радиосидаги “Эркин микрофон”га қўнғироқ қилиб, бу ҳақда айтмоқчи ва Оминахонга маслаҳат бермоқчи эдим. Лекин негадир боғланиб бўлмади. Уч марта телефон қилдим. Рақамларни тергач узун қўнғироқ борди, лекин у томонда алоқага чиқишмади. Одатда “Эркин микрофон”га қўнғироқ қилгач, “Озодлик” бошловчиларидан бири шу телефонга, яъни менинг телефонимга қайтиб қўнғироқ қилишлари керак эди. Лекин негадир қўнғироқ бўлмади.

Умуман олганда, сафдошларимга юборган пулим ҳақидаги хабарни телефон ёки бошқа йўл билан айтишимга махсус хизматлар қаршилик қилмоқда. Шу сабабли қуйида 4 та пул жўнатмамга доир маълумотни мақолам охирида келтираяпман.

Мақолам орқали яхши кишилардан илтимос қилмоқчиман: ушбу пул жўнатмаларим ҳақидаги хабарни тегишли фуқарога айтиб қўйсангиз. Хабар берганларга олдиндан миннатдорчилигимни билдираман. Хабар берган киши ушбу мақола охирига бу ҳақда ёзиб қўйса яхши бўларди.

Пулни олувчи киши албатта пул Вашингтон шаҳри, яъни Колумбия округи (Washington District of Columbia)дан жўнатилганини айтиши керак. Чунки АҚШнинг бошқа четида Вашингтон штати бор.

1. Оминахон Шерматовага (Қўқонга) 2013 йил 3 апрел куни Money Gram орқали 120 (бир юз йигирма) доллар жўнатдим. Жўнатма коди: 94 34 78 74.

2. Атаназар Арифовга (Тошкентга) 2013 йил 20 март куни 100 (юз) доллар жўнатдим. Коди: 80 27 74 10.

“Эрк” Демократик партияси Бош котиби Атаназар Арифов 2013 йил 16 март куни 75 ёшга тўлди (менинг блокнотимда 26 март деб ёзилган экан).

Мен Атаназар акани 1990 йилдан бери биламан. Атаназар ака ҳақида [13] (параграф 8) ва [14]-мақолаларимда (параграф 4) ёзганман.

Атаназар ака 75 ёшга тўлиши муносабати билан 20 март куни табрик сифатида 100 доллар жўнатгандим. Унинг мобил ва уй телефонига беш марта телефон қилдим. Махсус хизматлар боғланишга имкон бермади.

3. Ҳамдам Сулаймоновга (Қўқонга) 2013 йил 27 март куни 100 (юз) доллар жўнатдим. Коди: 20 65 81 94.

2008 йил май ойида Шерали Жўраевга доир китобимнинг учинчи нашрига қўшимча матералларни топиш ва водийдаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳолидан хабар олиш учун Тошкентдан Фарғона водийсига боргандим. Сафар охирроғида пулим камайиб қолди. Қарз излай бошладим. Шунда қўнғироқ қилиб сўраган танишларимдан Ҳамдам Сулаймонов ёрдам бериши мумкинлигини айтди. Қўқонга бориб учрашиб суҳбатлашдим. У менга 20 минг сўм (бу тахминан 15 доллар) берди. Шу пулни миннатдорчилик билан қайтармоқдаман. Бу – бир томондан.

Иккинчи томондан, Ҳамдам Сулаймонов 2011 йил март ойида геморогик инсультни бошдан кечирган ва тўшакка михланиб қолганди [15]. Ҳозир соғлигини анчайин тиклаб олгандир. Ҳамдам ака бутунлай соғайиб кетишини тилайман.

4. Бахтиёр Ҳамроевга (Жиззахга) 2013 йил 30 март куни 100 (юз) доллар жўнатдим. Коди: 34 26 67 70.

Мен Бахтиёр Ҳамроев уйида бир неча марта бўлганман ва суҳбатлашганман. У 2013 йил 7 март куни чоп этган [16]-мақоласида ёзишича касал экан. Тезроқ соғайиб кетишини тилаб қоламан.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

1. Афоризмы про советы (Маслаҳатлар ҳақида афоризмлар). – letter.com.ua  (letter.com.ua ).

Марк Твен (асли исми Сэ́мюэл Лэ́нгхорн Кле́менс, 1835.30.11-1910.21.04) – АҚШ ёзувчиси, журналисти ва жамоат арбоби.

2. У.Ҳақназаров: Ўзбек мухолифатидаги “имзолилар” ҳақида (1). – http://uzxalqharakati.com/archives/17352  (www.uzxalqharakati.com  2013.20.03).

3. У.Ҳақназаров: Ўзбек мухолифатидаги “имзолилар” ҳақида (2). – http://uzxalqharakati.com/archives/17398  (www.uzxalqharakati.com  2013.21.03).

4. АҲМАДЖОНОВ Ш. Ҳақназаров рўйхатига доир. – uzxalqharakati.com/archives/17617  (www.uzxalqharakati.com  2013.28.03).

5. ШЕРМАТОВА О. Васила Иноятова кимга хизмат қилмоқда? – isyonkor.ucoz.ru (isyonkor.ucoz.ru  2005.27.06).

6. “ОЗОДЛИК” радиоси. Хайрли тонг¸ Ўзбекистон! –  ozodlik.org (ozodlik.org  2013.02.04).

7. АҲМАДЖОНОВ Ш. Профессор Олим Каримов 2001 йилда ёзган “Нима қилмоқ керак (Орзў)” мақоласи ва унга Васила Иноятованинг муносабати. – turonzamin.org   (turonzamin.org  2007.05.06).

8. АҲМАДЖОНОВ Ш. В.Иноятова хатоларини очиб берувчи таққослама мақола. – turonzamin.org   (turonzamin.org  2007.05.06 (ушбу мақола 92-сондаги мақола давомида чоп этилган)).

9. АҲМАДЖОНОВ Ш. Васила Иноятова, айрим воқеалар ва 2007 йил 23 декабрдаги Президентлик сайлови. – turonzamin.org   (turonzamin.org  2007.05.06).

10. АҲМАДЖОНОВ Ш. Саодат ва Малоҳатга маслаҳатим. –

turonzamin.org (turonzamin.org  July 12th, 2011 at 4:03 pm, лотин алифбосида).

muvozanat.info (muvozanat.info  12 July 2011 09:52, кирил алифбосида).

yangidunyo.com (www.yangidunyo.com  2011.13.07).

11. МЕҲРИБОН. Журналистлар очлик акциясини тўхтатмоқчи эмас. – ozodlik.org (www.ozodlik.org  2011.29.06).

12. БАСИРА. Тошкентда тележурналистлар жаримага тортилди. – ozodlik.org  (www.ozodlik.org  2011.27.06).

13. АҲМАДЖОНОВ Ш. Яқин тарихимизга назар. Ўзбекистон Озод Деҳқонлар партияси асосчиси, профессор Олимжон Каримов – 80 ёшда. (Биринчи қисм: 1988-1993 йилларда Ўзбекистонда рўй берган айрим тарихий воқеаларнинг проф. О.Каримов тақдири мисолида таҳлили). – turonzamin.org   (turonzamin.org  ); turonzamin.org (turonzamin.org  “Turonzamin” журнали, 2005 йил декабр, 12-сон).

14. АХМАДЖОНОВ Ш. Суд над «Миллий Мажлисом» 1992 года и история создания Партии свободных дехкан Узбекистана (“Миллий Мажлис” устидан 1992 йилдаги суд иши ва Ўзбекистон Озод Деҳқонлар партияси ташкил этиш тарихи). – centrasia.ru   (centrasia.ru  24.09.2007   12:45).

15. “Бирлик”нинг Фарғона водийси бўйича лидери Ҳамдам Сулаймоннинг соғлиғи тикланмоқда. – http://www.harakat.net/el_news.php?id=8712&from=150  (www.harakat.net  2011.29.06).

16. ҲАМРАЕВ Б. Мени болалар йиғлатган кун. –

jarayon.com 2013.07.03);

yangidunyo.org 2013.23.03).

E-mail: jiz54@mail.ru , ergash1955@yahoo.com , maqsadsh54@gmail.com

2013 йил 4 апрел.

АҚШ, Вашингтон шаҳри.