Cанъатни кимлар саситаяпти ?

Cанъатни кимлар саситаяпти ?
76 views
11 April 2013 - 17:42

Кимдир санъат ва сунъийлик сўзларининг илдизи бирдир, демак санъат сунъийликдир, шунинг учун ҳам у сасишга маҳкумдир, дейиши мумкин. Мен бундай иддоага сўз бошида аммо, дейиш билан жавоб берган бўлардим…
Санъат нима ўзи, дея энциклопедияларга, луғатларга қарадим. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида: “Санъат бадиий ижодиёт ва унинг ҳар бир соҳаси”, дейилган. Русча Википедияда санъат шундай таъриф этилади:
Иску́cство (от церк.-слав. искусьство (лат. eхperimentum — опыт, проба); ст.-слав.искоусъ — опыт, реже истязание, пытка) — образное осмысление действительности; процесс или итог выражения внутреннего или внешнего мира творца в (художественном) образе; творчество, направленное таким образом, что оно отражает интересующее не только самого автора, но и других людей.

Искусство (наряду с наукой) — один из способов познания реальности и взаимодействия с нею. (ru.wikipedia.org)
“Санъат ҳақиқатни рамзий ифодалашдир. Бу ижодкорнинг ўз ички дунёси ёки ташқи дунёни ифодалаш жараёни ёки бу жараён хотимасининг рамзидир. Бу рамз ижодкорнинг ўзига ҳам, бошқа кишиларда ҳам қизиқиш уйғотади. Санъат (илм каби) ҳақиқатни ва унга муносабатда бўлишни ўрганишнинг бир усулидир”.

Бундай фалсафий изоҳлардан маълум бўладики, санъат ижод, ижодкор, рамз, тимсол (образ), уларга қизиқиш (уларни севиш, улардан қониқиш) каби мавзуларни ўз ичига олади. Бошқа ифода билан айтганда санъат ижодкорлар ва бошқа инсонларнинг ақллари, қалблари ва нафсларининг эҳтиёжлари ва бу турли эҳтиёжларни тўлдириш истаги ва талаби билан ўртага чиқадиган ижтимоий соҳадир…

Оддийроқ айтадиган бўлсак, инсонда бандалик, яъни кимнингдир ва ниманингдир ёрдамига, кимгадир ёки нимагадир эҳтиёжли бўлиш сифати бор. Яъни, ҳар бир инсон Абдусомад (Ас Сомад Аллоҳдир, яъни ҳеч кимнинг ёрламига ва ҳеч нимага эҳтиёжи бўлмагандир)дир ва бутун инсонлар Ибодуссомаддирлар. Эҳтиёж эгаси бўлиш ва фоний бўлиш инсоннинг аввалги таърифларидир, десак хато бўлмайди…

Инсоннинг оддий эҳтиёжлари нафас олиш, ейиш, ичиш, кийиниш каби моддий эҳтиёжларидир…

Бу оддий эҳтиёжлари билан кифояланмаган инсонда мураккаб эҳтиёжлар бошланади. Буларни шахсий ва ижтимоий, дея иккига ажратиш мумкин. Оддий эхтиёжлардан мураккаб эҳтиёжлар, шахсий эҳтиёжлардан эса ижтимоий эҳтиёжлар келиб чиқади. Масалан, еб ичишга бўлган оддий эҳтиёж инсонни моддани ва табиатни тадбиқ қилиш каби мураккаб эҳтиёжга, ўқиш, ўрганиш, бошқа инсонлар билан турли муносабатлар каби шахсий эҳтиёжлардан эса иқтисодий, ижтимоий, сиёсий эҳтиёжлар келиб чиқади.

Санъат мавзусида эҳтиёжларга тўхталишимнинг сабаби санъатнинг юқорида таъкидлангани каби бир эҳтиёж натижасида ўртага чиқишидир. Инсоннинг эҳтиёжларини нафсининг (моддий эҳтиёжлари), ақлининг (ўқиб ўрганиш, фикрий эҳтиёжлари), қалбининг (эътиқод қилиш, севиш, севилиш каби) эҳтиёжларига ҳам ажратиш мумкиндир.

Аммо булар ифодалашдагина алоҳида таърифланадиган, инсоннинг борлиғида эса ўзаро чамбарчас боғланиб кетган, инсоннинг ўзини ва ўзгаларни ифодалаши учун зарур бўлган эҳтиёжларидир. Зеро, ўрганиш инсоннинг бутун эҳтиёжларини тўлдиришда асос бўлади. Масалан, илоҳий илм ( Қуръони Карим оятларининг ҳақиқати) инсон қалбидаги имон уруғини суғоради ва шу шаклда Аллоҳ насиб қилган бўлса, инсон мўминлик сифатига эришади.

Санъатга алоқадар бўлган эҳтиёжни масалан, қалбнинг татмин бўлиш эҳтиёжи билан изоҳлаш мумкин. Қалбнинг татмин бўлиши таом еган меъданинг ёки жинсий эҳтиёжи ўрнига келган нафснинг (бу нафс мутмаин ёки аммора ҳолида бўлиши ҳам мумкин) татмин бўлишидан (рози ва хушнуд бўлишидан) шубҳасиз устундир. Аммо бу ҳолда санъат яхшилик ва гўзалликни ўзида жамлаган бўлиши керак. Буни мисол сифатида Иброҳим (ас) ва Мусо (ас) қалбининг мутмаин бўлиш истагида кўришимиз мумкин. Иброҳим (ас) Парвардигорига илтижо қилиб, У Улуғ Зотдан ўликларни қандай қайта тирилтиришини ўзига кўрсатишини сўради. Жавоб шартли эди, яъни бу шарт ўрнига келтирилмасдан бир пайғамбарнинг қалби мутмаин бўла олмасди. Бу ҳам бўлса Исброҳим (ас) аввал Аллоҳ таолонинг ўликларни қайта тирилтиришга ишониши лозимлиги эди. Аввал сен бунга имон келтир, деди Аллоҳ таоло. Шубҳасиз ишонман, деди у пайғамбар, “фақат қалбим мутмаин бўлишни истайди”. Шунда Аллоҳ таоло Иброҳим (ас) гатўрт қушни қўлига олиб, сўнгра уларни парча парча қилиб ўлдиришни, кейин қуш парчаларини тоғларнинг чўққиларига қўйишни, кейин Аллоҳнинг бу ўлдирилган қушларни қандай томоша қилишини кўришини амр қилади. (Бақара сураси 260 ояти ва тафсирига қаранг). Бу бир банда (пайғамбарлар ҳам аввало Аллоҳнинг бандаларидир) қалбининг мутмаин бўлиш истагига илоҳий санъат эгасининг жавоби эди. “Эй Иброҳим билгилки, мен ўликларни шундай тирилтираман ва Мен шундай Буюк кучнинг эгасиман”. Айни пайтда Аллоҳнинг ўлик қушларни бундай қайта тирилтирилиши бу дунёда ўлган инсонларнинг охиратда қайта тирилишларининг рамзи, тимсоли, бошқа сўз билан айтганда санъати, ўрнаги эди…

Мусо (ас)нинг қалби ҳам мутмаин бўлишни истади, аммо унинг истаги Иброҳим (ас)никидан ҳам шиддатлироқ ва каттароқ эди. “Эй Роббим, деди Мусо (ас) жамолингни менга бир кўрсат”. “Ҳаргиз кўрломайсан эй Мусо” (яъни сенинг инсоний фитратинг бу дунёда Мени кўришга қодир эмасдир”. “Истасанг тоғга қара, мен унга кўринай, агар у ўрнида қолса, у ҳолда мени кўришинг мумкин. Аллоҳ тоққа ўзини кўрсатганда, у парча парча бўлиб кетди ва бу ҳолдан Мусо (ас) ҳушсиз ҳолда ерга йиқилди…(Аъроф сураси 143 ояти ва тафсирига қаранг)…

Демак, ҳақиқий санъат ижодкорнинг ўзини ва ўзгаларни сўз, ҳаракат ёки бошқа ижод усуллари билан тушуниши ва тушунтиришининг, бу орқали қалбнинг мутмаин бўлишининг воситаси экан. Инсоннинг бундай яхшилик ва гўзалликка, яъни ҳақиқий санъатга эҳтиёжи албатта бордир. Бундай санъат асарларидан мен аввал болалигимда, халқ оғзаки ижодининг маҳсули бўлган “Алпомиш”, “Гўрўғли” достонларини ўқиб, фойдаланган ва таъсирланган эдим. Бугун Илоҳий Китобимиз Қуръони Карим ва у улуғ зот Муҳаммад (сав)нинг ҳадисларидаги ўзгармас ҳақиқатлардан ўзимга яраша воқиф бўлганим ҳолда, болалагимда таъсирланганим ушбу санъат асарлари менда севимли хотиралар қолдирганини эътироф этишим керак. Худди Абдулла Қодирийнинг ва Чингиз Айтматовнинг машҳур романларидаги қаҳрамонларнинг рамзлари ва воқеаларнинг тимсолий ифодалари (бу санъаткорлар таъриф қилган гўзаллик ва яхшилик манзаралари) бир умр борлиғимга муҳрлангани каби…

Санъат озғаки ижод, кейинчалик расм чизиш шаклида инсон яратилгандан кейин кўп вақт ўтмай пайдо бўлгани ҳам бир ҳақиқатдир. Нуҳ (ас)нинг қавми ўзларидан олдин ўтган солиҳларни яхши хотиралар ва турли ривоятлар билан эслаб юришарди. Кейин улар бу марҳумларга бўлган севгиларини (албатта қалбларини мутмаин қилиш учун) уларнинг расмларини чизиш билан ифода қилмоқчи бўлдилар. Бу санъатнинг бошланиши қалб орзуси ва талаби сифатида ўртага чиққанди, кейин орага нафси амморанинг (қутурган нафснинг) тўполони кирди, натижада асл санъат қабиҳ санъатга айланди, яъни инсон расмини чизиш унинг ҳайкалини ясаш билан, кейин инсонларнинг ўзлари ижод қилган бутларга ибодат қилиши билан тугади ва инсонлар бутпараст мушрикларга айланиб кетдилар…
Демак, иш масаланинг аслини инкор қилишда эмас, бу аслни ҳавойи нафсларига эргашиб сохта ва қабиҳ ҳолга келтирганларни фош ва рад қилишдадир…

Ҳақиқий санъатга инсон қалби қанчалик иштиёқ сезса, сохта ва риё тўла санъатга нафси аммора (қутурган нафс) ҳам шу даражада, булки унданда кўра кўпроқ ва шиддатлироқ иштиёқ ва талаб ҳис қилади. Натижада инсонни ялонғоч ҳолда улуғлашнинг адабий (сўз воситасида), расм ва ҳайкал ҳолида тасвирлаш каби эски, турли шаҳвоний саҳналар ўрин олган кино, эротик ва парно каби “санъат”нинг янги шакллари ўртага чиқади.

Санъат ўқувчи ва томошабиннинг эҳтиёжи ва талаби эмас, аввало ижодкорнинг (унинг қалби ёки нафсининг) эҳтиёжи ва талабининг асаридир. Бу маънода ҳақиқий санъат (масалан, адабиёт) инсонни ўзига ром қилади, ҳаяжонлантиради, бундай санъатнинг қаҳромонлари ўқувчи ва томошабинлар учун ўрнакка айланади. Қайси ўзбек ўқувчиси ёки томошабини Отабек ва Кумуш, Анвар ва Раънога ўхшашни хохламайди, дейсиз.

Аммо бугун санъат, дея инсонларга “сервис” қилинаётган Гулнора Каримова ва Юлдуз Усмонованинг “асарлари”дан бутун бошли халқнинг кўнгли айниётгани ҳам бир ҳақиқатку! “Лаълихон ҳайда қўйингни боқаман”, каби маъносиз бақиришлар, бу бақир чақирларга раққосаларнинг ўзларини у ёқдан бу ёққа отиб дикиллашлари шуми санъат, шуми қалбнинг истаги ва орзуси? Ушбу савол даҳшатли бўлиши мумкин, аммо хулоса чиқариш маъносида ўртага қўйилса арзийди менимча: Инсонлар учун майман ўйнатишми ёки аёл ўйнатиш фойдалироқми? Ахир аёл дейилганда биз Кумушларни, Раъноларни, шоира Зулфияларни, Гулчеҳра Нуруллаеваларни, эътиқоди учун, ҳаёси учун ваҳшийлик жамиятидан четлатилиб, бундай жамият ижодкорлари тарафидан ҳақоратланаётган ва жазолантирилаётган мўмина ва мухлисаларни тушунамиз. Қачондан бери ўзбек аёлининг рамзи ҳаё нималигини билмайдиган Гулнора Каримова ва Юлдуз Усмонова (ишонмасиангиз бу қўшиқчининг ўз илоҳчаси учун ҳозирлаган клипини кўринг), саҳнадан тушмайдиган ярим ялонғоч “артискалар” ва раққосаликни касб қилиб олган ва ҳаёт бировнинг намғасига қилпиллашдан иборат, деб биладиган “санъаткорлардан” иборат бўлиб қолди? Ёки кино дея, шаҳвату исён аралаш саҳналарни пул топиш учун томошабинга ҳавола қилаётганлар қачондан бери санъатчи бўлиб қолди?

Буларга сенга ҳам, санъатингга ҳам тупурдим, дейиш оздир. Буларга тупурик ҳам хайфдир. Инсон, айниқса аёл шаънини ерга ураётган, беҳаёликни касб, ҳаром пул ва сохта шуҳратни мулк қилиб олган, бу орқали ўз халқини масхара қилиб устидан кулаётганлар фош қилиниши ва инсонлар улардан алҳазар, минг ва миллион ҳазарга даъват қилиниши керак…

Намоз Нормўмин
10.04.2013 йил.