Бировнинг кўзидаги хасни пайқаб, ўзининг кўзидаги ходани кўрмаётган “журналистлар”

Бировнинг кўзидаги хасни пайқаб, ўзининг кўзидаги ходани кўрмаётган “журналистлар”
104 views
16 April 2013 - 12:39

Бугун “Наманган ҳакиқати” газетасини варақлаб, мени энг хайрон қолдирган икки маколага Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг азиз хайрхоҳларининг ҳам  этиборингизни қаратмоқчиман.  Унда интернетдан олинган хабарлар келтирилиб, уларнинг бирида қисқача қилиб айтадиган бўлсак, Қирғизистон энергокомпанияларда чуқур илдиз отган корруция, иккинчисида эса хорижда ишлаётган Тожикистон мардикорларининг қисматлари, ҳамда биргина Россиянинг 2012‑йилда 1055 та жасад солинган тобутлари Ватанга олиб келинганлиги ҳақидаги ёзишибди.

Шу ўринда бир мақол эсимга тушиб кетди: “Аввал ўзинга боқ, кейин ноғора қоқ”!  Нима, Ўзбекистонда коррупция йўқми, ёки ўзимизни меҳнат мухожирларимиз чет элларда, хусусан Россияда сарсон‑саргардорликда, қийинчиликда зўрға кун кўраётганлари йуқми? Нега бошқа давлатлар фожеасини ёритган газета, ўзимиздаги камчиликларни ёритмайди. Хайф сизларга Ўзбекистон журналистлари! Сизлар бир бурда нон учун ҳалқимизни алдаб,  диктатор режимига хизмат қилаётганингизни ўзингиз ҳам жуда яхши биласиз. Бундай мунофиқликдан воз кечганингиз ҳалқимизни, жумладан сизларнинг ҳам келажагингизга, фарзандларингизга ижобий таъсир қилмай қолмайди. Рост гапира олмасангиз, бу ишдан кетганингиз афзал эди. Шундай йўл тутсангиз, бу ерда сизларнинг ўрнинларингизни тўлдиришга ҳаракат қилган бўлардик.

namangan1Қирғизистондаги энергокомпанияларидаги коррупцияни эмас, балки Ўзбекистондаги энерго ресурсларнинг талон тарожи, давлатимизни жар ёқасига олиб кетаётган коррупцион амалиётларга, Давлатимизни деградацияси (чириши) қай даражада эканлигига, ўз имконимиз даражасида, қисқа шаклда бўлсин, тўхталиб ўтамиз.

Мана масалан: аҳолига табиий газ етказиб бериш бўйича жойлардаги газ етказиб берувчи ташкилотлар нега ўз масулиятларини аҳоли олдида бажармаяптилар? Мисол учун: бир ойда бир туманга беш юз минг куб газ ажратилган бўлса, ҳокимликлар томонидан газ етказиб берувчи ташкилотга буйруқ келади:  “Уч минг кубини ахолига берасан, икки юз минг кубини автомобилларга газ дамлаш шаҳобчаларига жўнат” – дейилади унда. Аҳолига газ сотиш нархи билан автомобилларга дамлаш нархида тафовут беш‑олти баробар бўлганлиги учун бир пасда жуда катта фойда кўрилади. Шунингдек аҳолига етказиб берилмай қолган ўша икки юз минг кубни яна аҳоли зиммасига ҳар ҳил уйдирмалар билан юклашга ҳаракат қилинади. Эл газ таъминотидан узилиб қўйилган бўлсада, одамларнинг газ идораларидан қарздорлиги ошиб бораверади.

Ўзбекистонда тўртинчи ҳокимият бўлган ОАВларга цензура ўрнатилгани, уларнинг ҳуқуқи мислсиз даражада чекланганлиги сабаб бундай коррупцион амалиётлар мустақил равишда текширилмайди.  Қирғизистонга ўхшаб иловада келтирилган, интернетдан кўчириб “Наманган ҳақиқати” газетасида чоп этилган  хабарда айтилишича, энергокомпаниялардаги коррупция давлат миқёсида, яъни Қирғизистон Республикаси президенти аппарати мутахасислари томонидан текширилаяпти. Бизда ҳам президент аппарати мутахасислари бундай коррупцияни текширишармикин?

Ўзбекистонда матбуот, ОАВлар эркин ишламаса коррупция барча соҳаларни забт этганлигини Ўзбекистон президентига ва унинг аппаратига қайси йўл билан етказилади?  Барча соҳаларни коррупция забт этганлигини ҳикоя қилишда давом этиб шуни айтиб ўтмоқчиманки, бу ерда келтирилаётган мисоллар тегишли органлар томонидан чуқур ўрганилиб таҳлил қилиниши лозимдир.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳам чириб бораяпди. Унда ҳам  ўғирликлар авж олганлигини икки, ёки уч мисол тариқасида келитириш мумкин. Фермер хўжаликлари давлат тарафидан ажратиб берилиб, кейин уларга сотилган турли минерал ўғитларни ердан, тағин уни бошқа хусусий ер эгаларига сотишади. Ҳаттоки фермерлар учун зарур бўлган сувни ҳам бошқа “ўзанга” буриб, ундан ҳам қўшимча даромадлар олишга ҳаракат қилишади.

Минерал ўғитларни ерга керакли даражада ишлатмасдан,  ярмини сотиб юборишлари фермерларни давлат тарафидан мажбуран эктирилаётган пахтага бўлган муносабатлари қай даражада эканлигани кўрсатади. Пахта эса ривожланмай, керакли ҳосил ундирилмай қолаверади. Давлат ўз навбатида ола олмаётган режадаги пахтасини кўпайтириш мақсадида пахта экиш майдонларини янада кенгайтиришга ҳаракат қилаверади.

Сувни қандай қилиб ўғирлаш мумкин? Масалан, юз гектарга ажратилган сув микдори билан уч юз гектар ерни суғориш мумкин экан. Ер сувга қонмайди, экин эса ривожланмайди. Гектарларга кетадиган сувни электр насосларда тортишга мажбур бўлган фермер, ажратилган пулни тўла сарфламай учдан икки қисмини ён чўнтагига уради қўяди. Ким текшириб ўтирарди, масалан ерга қаралса хамма ёқ нам‑хўл, уч кун суғориб ўтирармиди. Бир кунда ҳал бўладиган ишку бошқа соҳаларда бўлгани каби.  Ўзбекистонда қишлоқ ҳўжалиги мутахасислари ҳам Россияга ҳижрат қилишган. Аҳмоқона сиёсат жонига текгандан кейин нима қилсин? Қишлоқ хўжалиги ҳам ёқилғи энергия манбаларисиз юрмайди. Тракторга плуг уланади, солярка қуйилади, соляркани ҳам тежаш керак, нефт махсулотларини тежашни давлат сиёсати даражасига кўтарилган ахир. Нега бу тежамкорликка фермерлар амал қилмасинлар?  Амал қилганда ҳам ошиғи билан амал қилишади ва бу жуда ҳам катта фойда манбаику ахир. Ажратилган соляркани ҳам ярмини сотиб юборишадида, ерни ҳайдаётганда плугни ерга тўла ботиришмайди. Бунда ҳам уч кунлик ишни бир кунда якунлашади, қўйишади. Ер тўла ағдарилмайди, юза қисми таталанади холос. Тракторга куч келмайди ва иш тезда битади.  Қоп кўтарган одам билан, кичик бир тўрхалта кўтарган одамни таққосланг,  қайси бири тез юради, қайсиси кўп қувват сарфлайди?

namangan2Ўзбекистон матбуотида бошқа юртлардаги салбий жиҳатлар кенг ёритилаверади. Россиядан келган 1055 та Тожикистон фуқароларининг жасадлари ҳақида сўз юритилган мақолани интернетдан олиб чоп қилиши билган газетанинг ёлғончи мухбирлари ўзларининг давлатларига оид ахборотни топишга ҳаракат қилиб кўришмадимикин? Ҳаракат қилишган ва билишади ҳам!  Ўқимишли одамнинг фаросати шу нарсага етмаслигини тасаввур қилиш қийин. Лекин Ўзбекистонга таалуқли бундай объектив ахборотни газеталарига чиқара олишмайди. Бундай қилишса ишдан нафақат ўзлари маҳрум бўлишади, балки “Наманган ҳақиқати” газетасининг бош мухаррири Махмуджон Парпиев ҳам орқасига қаттиқ тепки еб қутилиб қолса қолди, йўқса ўзини панжара ортида кўриши ҳам ҳеч гап эмас.

Ўзбекистонда меҳнат муҳожирлари ҳақида давлат тарафидан олиб борилаётган статистик маълумоти йўқ, бундай статистик маълумотлар бордир ҳам, аммо у аҳолидан давлат сири сифатида муҳофаза этилади.  Мустақил манбалар томоидан тарқатилаётган хабарларга кўра, Ўзбекистондан чиқиб кетиб хорижий юртларда меҳнат қилаётган “гастербайтерларнинг” адади беш миллиондан саккиз миллионгача. Айни шу сабаб, Ватанда – оналари қўлида қолиб, ота тарбиясидан мосуво бўлган фарзандлар қанча?  Оталарини беш‑ўн йиллаб кўрмай тарбия топган фарзандлар, оталари қайтгандан сўнг уларни ота дейишга ҳам тиллари бормай қийналаётганлари қанча экан?

Оталар қайтиб, оилаларига психологик жиҳатдан кириша олмай қийналаётганларичи?  Кўп йиллар давомида оиладан айри тушиб, ўзга эл орасида яшаб қайтган ва  ўз фарзандларига ота,  қолаверса жуфти ҳалолларига эр бўлишга психологик  жиҳатдан ҳам, шариат тарафидан ҳам ҳақлимикинлар?  Мана шу масалалар чиришни кучайтириши, тарбияни сустлашишига олиб келмаяптимикан?

Илгарилари, биз мактабда ўқиган вақтларда устозларимизга катта ҳурмат кўрсатардик. Ҳатто муаллимларимиз билан рўбарў келиб қолсак, тисарилиб, саломлашиб ўтардик. Ҳеч қачон ўқитувчиларимиз билан ошна оғайнилар каби қўл олишиб сўрашишни хаёлимизга ҳам келтирмаганмиз. Ҳозирги болаларнинг тарбиясини сустлигини шу ердан билиш мумкин. Ўз ўқитувчиларига болалар  қўл узатиб сўрашишади. Бизни ота‑онамиз тарбиялашганда кичиклар аввал сўрашгани қўл узатмайди, қачонки катталар қўл узатсагина, шунда қўл узатинглар дея тарбиялашган.  Катталар келаётганда четланиб туринглар, кўча супираётган бўлсангиз супиргингизни ташлаб, катталар ўтишларини кутиб турингиз. Аёллар эркаклар ўтиб кетаётганда биринчи бўлиб йўл беришади, ҳеч қачон эр кишини йўлини тўсиб чиқманг дея ўғил‑қизларини қулоғларига қуйишарди. Ҳозиргиларни на ота‑онасида ва на боласида тарбия бор.

Ўқув тарбия даргоҳлари коррупция маконидир. Бу бало болалар боғчаларидан тортиб токи олий ўқув юртларигача илдиз отган. Биргина болалар боғчаларига мисол келтираман. Ота оналар боғчага тўлаган пулларини боғча ходимлари болаларга тўла ишлатишмасдан, ярмини уриб қолиш ҳоллари учрайди. Бу пулларни болалар боғчаси мудири, хўжалик ишлари мудири (завхоз) ва тиббиёт ҳамшираси ўртасида хал қилинар экан. Мудир бошчилигида завхоз ҳисоб-китоб амалиётини бажарса, тиббиёт ҳамширасига таомномани тузиш топширилган бўлиб, таомномага киритилиши керак бўлган маҳсулотларга харажат пули уриб қолинади. Бу муаммоли масалани кўтариш учун ота‑оналарда журъат, ҳуқуқий билимлар йўқлиги, болаларини келажакда тарбияланишлари учун бундай даргоҳларнинг камлиги тўсқинлик қилади. Агарда текшириштиришга жазм қилишса, болаларига ўша ерда ёмон муносабатда бўлишларидан хайиқишади. Болаларини бошқа бирор шу каби даргоҳларга олиб боришса, унда ҳам барибир айни шу каби муносабатларга рўбарў келишади.

Давлат тарафидан мустақил равишда бу каби муаммоларни текшириб ечиш механизмлари ҳали бери ишга солинмагани, бундай салбий тенденцияларнинг урчиб ктишига олиб келаяпди.  “Ҳурматли” Ўзбекистон ОАВ вакиллари бошқа ҳукуматларнинг кўзидаги хасни кўришади, аммо ўз ҳукуматлари кўзидаги ходани пайқашмайди. Ахир ўзимизда ҳам муаммолар талай ва керак бўлса, Тожикистон, ҳамда Қирғизистондагидан кўра оғирроқку!  Шу муаммолар ўз ечимини кутаяпди бугун.

Сиздан журъат, қолаверса ҳозирги вазиятни ҳисобга олиб қахрамонлик талаб қилинаяпти. Агарда бундай қахрамонликка бел боғлай олмасангиз, мунофиқлигингизни давом эттираверишга мажбур қолаётган бўлсангиз, яхшиси ўз ишингизни ташланг.  ОАВ бўлмаса сиёсат ҳам бўлмайди!

Агар Ўзбекистондаги жорий ОАВлардаги журналистлар ишдан кетишни оммавий равишда тус олдира олсалар,  Ўзбекистонимизни ҳозирги диктатура вазиятидан чиқиб кетишини таъминлаган бўлар эдилар. Келажакда будай журатли ОАВ вакилларини навбатдаги демократик ҳукумат муносиб тақдирлайди.

Илҳом Мамедов
Наманган